muslim.uz

muslim.uz

Субота, 11 августь 2018 00:00

Тинчлик неъматининг қадри

Масжидда аср намозини адо этаётган эдик. Дафъатан, кўча тарафдан ғала-ғовур, бақир-чақир овозлар эшитила бошлади. Шовқиннинг тобора кучайиб келаётганидан жанжаллашаётган кишиларнинг масжид томон яқинлашаётганини англаш мумкин эди.  Ҳаммамизнинг хаёлимиз бўлиниб, қалбимизга ваҳима ва қўрқув оралади. Минг ҳаёллар билан намозни адо қилдик. Бақир-чақирларнинг кучлилигидан намоздан сўнг айтиладиган тасбеҳлар ва тиловати Қуръон шу намозда қолдирилди. Чунки ваҳиманинг кучидан бу нафл ибодатлар ҳеч кимнинг юрагига сиғмади. Жамоат шошилганча ташқарига чиқиб кета бошлади. Ташқарига чиққач эса бир тўда маст-аласт ёшларнинг бир-бири билан жанжаллашиб муштлашаётганига гувоҳ бўлдик. Кимдир милицияга қўнғироқ қилди, яна кимдир уларни ажратишга ҳаракат қилди. Хуллас,  қисқа фурсат  ичида бу жанжаллар бартараф этилди ва ҳамма ўз йўлига тарқалди.

Бу воқеа кимга қанақа таъсир қилди билмадим-у, лекин мен учун катта дарс бўлди. Бир умрга унутилмас сабоқ бўлди. Чунки бу қисқа фурсатда мен тинчлик деган неъматнинг қадри нақадар баландлигини ҳис этдим. Сабаби, шу чоқда мен ибодат лаззатини, ҳаловатини унутган эдим. Нафақат мен, балки бутун бошли жамоатнинг қалбига намоздан кейинги зикрларнинг лаззати, тиловати Қуръонларнинг лаззати сиғмай қолди.

Беихтиёр хаёлимга Асри саодатдаги ўша машҳур “Ҳудайбия сулҳи” кела бошлади. Ўшанда мусулмонлар ва Макка мушриклари ўртасида ўн йил муддатга тузилган бу тинчлик шартномасини ёзаётганларида маккаликлар вакили бўлган Суҳайл ибн Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Муҳаммад, сен айтаётган бу “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм ва Муҳаммадур Расулуллоҳ” калималарини қоғозга ёзмаймиз, дея ушбу икки жумлани ўчиришни талаб қилган эди. Бу ҳолатни кузатаётган саҳобаларнинг жахли чиққанича, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан мушрикларнинг бу шартига кўнмасликларини сўрашган эди.  Расулуллоҳ (с.а.в.) эса набавий ахлоқ ила, тинчликка бўлган харисликлари сабабли уларнинг бу шартига кўниб, бу икки муборак жумлани ўз қўллари ила ўчирган эдилар. Ўшанда Сарвари коинотнинг бу амаллари баъзи бир саҳобаларда норозилик кайфиятини уйғотган эди. Улар ўз фикр доираларидан келиб чиқиб, бу икки муборак калиманинг ўчирилишини гўёки катта бир мусибатдек қабул қилиб, ҳаттоки Расулуллоҳга (с.а.в.) уруш таклифини ҳам билдирган эдилар.

Бироқ Росули акрам (с.а.в.) илоҳий таълимотга эга эдилар. У зотнинг бирор амаллари беҳикмат эмас эди. У зотинг ушбу тинчлик сулҳини имзолаш учун қилган барча ҳаракатларининг самараси сулҳдан кейинги тинчлик замонида яққол билина бошлади. Гарчи бу сулҳ бор-йўғи икки йил давом этган бўлса-да, ушбу икки йилда Ислом динининг ривожи учун катта йўл очилди. Мусулмонлар ўз ахлоқи ва гўзал турмуш тарзи билан ўзгаларга ибрат бўлиб, одамларда Исломга рағбат уйғотди. Расулуллоҳдан (с.а.в.) илм ва Қуръон ўрганиб,  ўзгаларга таълим бера бошлади. Натижа эса жудаям сезиларли даражада ўзгарди. Ҳижратнинг олтинчи йилида бўлган бу тинчлик сулҳи тузилаётган пайтда атиги бир ярим ёки икки мингга яқин мусулмон бор эди. Икки йилдан сўнг эса Росулуллоҳ (с.а.в.) Макка фатҳига ўн мингта мусулмон билан кириб келдилар. Уруш ва жанжаллар билан ўтган йилларда то Ҳудайбия сулҳигача икки минг атрофида мусулмон омон етиб келган бўлса, тинчлик сулҳи тузилгандан сўнг бу кўрсатгич икки йилда беш баробар ўсди. Гарчи, саҳобалар наздида Расулуллоҳ (с.а.в.) зоҳиран икки калимани ўчириш эвазига тинчлик сулҳини тузган бўлсалар-да, бироқ айнан шу сулҳ бу икки муборак калиманинг олий бўлишига хизмат қилди. 

Демак, тинчлик энг аввало мусулмонлар учун, илм олишни ният қилганлар учун, Аллоҳнинг фарзларини ўз вақтида хушу ва ҳаловат билан адо этмоқчи бўлганлар учун зарур. Аллоҳ таолонинг фарзларидан бири бўлган муборак ҳаж амали бандага фарз бўлишининг битта шарти бу – йўлда тинчлик ва омонликнинг бўлишидир. Агар, кишининг мол давлати ва куч-қуввати бўлса-ю,  бироқ, то Маккаи мукаррамага бориб келгунча йўлда тинчлик ва омонлик топилмас экан, бу ҳаж амали кишидан то ушбу шартлар топилгунга қадар соқит бўлади.

Ҳа, азизлар! тинчлик шундай бебаҳо неъмат. Инсонга берилган неъматлар ичида иймондан кейинги ўринда турадигани бу – тинчлик неъмати. Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида “тинчлик”, “омонлик” маъносини англатувчи “ас-силм”, “ал-амн” калималарини бир юз-у элликка яқин жойда зикр қилган. Уруш маъносини англатувчи “ҳарб” сўзи эса, бор-йўғи олти ўринда зикр қилинган, холос.

Бундан аён бўладики, Ислом динининг ривожи, ажри улуғ ибодатларнинг бош сабабчиси бу – тинчлик неъматидир. Шунинг учун уламолар бу неъматни кўзнинг нурига ўхшатишган. Чунки атрофда турли-туман, ранг-баранг неъматлар сочилиб ётган бўлса-да, кўзнинг нури бўлмаса, бу неъматларнинг бирортаси кўринмайди.

Тинчлик – оддий неъмат эмас, балки жаннат неъматларидан бир нишонадир. Аллоҳ таоло жаннатийларга айтади: “Уларга тинчлик, омонлик ила киринглар” (Ҳижр, 46).

Шунинг учун Расули акрам (с.а.в.) бу неъматнинг қадрига етишга, ундан оқилона фойдаланишга тарғиб қилиш билан бирга, Аллоҳ таолодан бу неъматни дуо ила асшрашни ҳам таълим берганлар.

Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен: “Эй Расулуллоҳ, менга бир нарса ўргатингки, у билан Алллоҳдан сўрайин”, деганимда, у зот: “Аллоҳдан офиятни сўранглар”, деб айтдилар. Бир неча кун туриб, сўнгра бориб, “Эй Аллоҳнинг Расули, менга бир нарса ўргатингки, мен у билан Аллоҳдан сўрайин”, десам у зот: “Эй Аббос, эй Аллоҳ Расулининг амакиси, Аллоҳдан дунё ва охиратда офиятни сўранглар”, деб айтдилар (Имом Термизий ривояти).

Ҳа азизлар, тинчлик ва хотиржамлик, тўкин-сочинлик – Аллоҳнинг бизга берган бебаҳо неъматларидандир. Агар шукр қилсак ва қадрига етсак, бу неъматлар зиёда бўлади. Аксинча, ношукрлик ва гуноҳ сабабли, бу неъматларга завол етказиб қўймайлик. Бу ҳақда Раббимиз шундай огоҳлантирган: “Аллоҳ бир шаҳарни зарбулмасал қилади: у омонлик ва хотиржамликда эди. Ризқи ҳар макондан сероб ҳолатда келиб турарди. Сўнг у Аллоҳнинг неъматларига куфр келтирди. Бас, Аллоҳ унга, қилган ишлари учун, очлик ва хавф кийимини тоттирди”. (Наҳл, 112).

Аллоҳ таоло барчамизга икки дунё хотиржамлигини насиб этсин. АМИЙН!

Раҳимжон Марҳумов,

 Тошкент шаҳридаги “Мевазор” масжиди имом-хатиби

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумотига қараганда, 10 сентябрга қадар жами 1325 та мактаб ярмаркаларидан умумтаълим мактаблари ўқувчиларини асосий турдаги ўқув қуроллари, дарсликлар, мактаб формаси, кийим-кечак ва пойабзаллар сотиб олиш мумкин бўлади.

Мактаб ярмаркаларининг 931 таси умумий ўрта таълим мактабларида ташкил этилиб, уларга 5941 та мактаблар бириктирилган. Бу ярмаркалардан 3 млн. нафардан ортиқ ўқувчилар, 293 та аҳоли гавжум бозорлар ҳудуди ва атрофларида ташкил этилган 528 та йирик савдо комплекслари ва дўконларда эса 2 млн. нафардан ортиқ ўқувчилар фойдаланиши режалаштирилган.

Республикадаги барча мактаб ярмаркаларида 26 турдаги зарурий ўқув қуроллари ва жиҳозлари сотуви ташкил этилади.

Мактаб ярмаркалари фаолиятини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимликларда мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилган.

Жойларда ташкил этиладиган мактаб ярмаркаларига асосий турдаги маҳсулотларни аниқланган эҳтиёж асосида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Ўзчармсаноат” уюшмаси, “Ўздавкитобсавдотаъминоти”, “Шарқ” компанияси ва “Шарқ зиёкори” МЧЖ етказиб беради. Етказиб берилган маҳсулотларнинг сақланиши, уларни ёнғиндан сақлаш, санитария ҳолатини яхшилаш ҳамда бошқа зарурий хавфсизлик чоралари тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилади. 

Маҳаллий ҳокимликлар, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда мактаб ярмаркаларида савдоси ташкил этилаётган маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасидаги амалдаги стандартлар талабларига жавоб беришини ҳамда уларнинг сифатини назорат қилади.

Мактаб ярмаркаларида сотиладиган маҳсулотлар нарх-наволарининг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда уларда тўлов терминалларининг узлуксиз ишлашини йўлга қўйиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан доимий назорат йўлга қўйилган, дейилади вазирлик маълумотида.

 

ЎзА

Россия Федерацияси Маданият вазирлиги буюртмасига биноан Қозон давлат университетининг Халқаро муносабатлар институтида дунёдаги энг катта Қуръон китоби таъмирланди. Бу ҳақда Azan интернет нашри маълум қилди.

Маълум бўлишича, мазкур китобни тайёрлашда ўлчамининг катталиги, муқовасининг оғирлиги ҳисобга олинмаган, босмахонада бўёқлари яхши қуритилмаган. Устига-устак, китобнинг тикилган жойи мустаҳкам бўлмаган. Оқибатда китоб яроқсиз ҳолга кела бошлаган.

Ушбу Қуръони Карим 2011 йилда Италияда тайёрланган бўлиб, Гиннесснинг рекордлар китобига киритилган. Унинг ўлчами 200 га 150 см, оғирлиги эса 800 килограммга тенг. Китоб 632 саҳифадан иборат. У Татаристоннинг Болгар шаҳрида доимий кўргазмага қўйилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

манба: kun.uz


П'ятниця, 10 августь 2018 00:00

17.08.2018 й. Тўйларимиз ҳақида ўйларимиз

بسم الله الرحمن الرحيم

Ҳурматли жамоат! Динимизда одамларга хуш муомалада бўлиш ва уларга таом улашиш савоби улуғ ишлардандир. Ихлосли халқимиз қадимдан бу суннатларга амал қилиб келади. Мана шундай чиройли суннатлардан бири никоҳ тўйидир. Никоҳ икки бегона, номаҳрамни бир-бирига ҳалол қилгани сабабли, уни эълон қилиш – жумҳур уламолар наздида суннатдир ва бизнинг урфимизда уни “тўй” деб аталади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларга тўй қилиш тавсиялари ҳақидаги энг машҳур ривоят “Абдураҳмон ибн Авфнинг ҳадиси” номи ила машҳур. Унда қуйидагилар айтилади.

عَنْ أَنَسٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم رَأَى عَلَى عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ أَثَرَ صُفْرَةٍ، فَقَالَ: "مَا هَذَا؟" قَالَ يَا رَسُولَ الله، إِنِّي تَزَوَّجْتُ امْرَأَةً عَلَى وَزْنِ نَوَاةٍ مِنْ ذَهَبٍ، قَالَ: "بَارَكَ اللهُ لَكَ، أَوْلِمْ وَلَوْ بِشَاةٍ"

(رَوَاهُ الْإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَالْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқ (ранг) асарини кўриб: “Бу нима?”, – дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, бир аёлга данак вазнидаги тилло (маҳр бериб) уйландим”, дедилар. “Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй билан бўлса ҳам тўй қилгин”, – дедилар”

(Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Демак, ким уйланадиган бўлса, кучи етганича, ўзини ортиқча уринтирмасдан тўй қилиб бериши суннатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уйланганларида имконлари борича тўй қилиб берганлар. Имом Бухорий Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафия онамизга уйланганларида меҳмонларни хайс (хурмо ва ёғдан тайёрланадиган, кўриниши биздаги холвайтарга ўхшаган таом) билан меҳмон қилдилар.

Қадимдан катта бир хурсандчилик бўлган тўйни, ҳозирги кунда ўзимиз учун жиддий ташвишга айлантирдик. Тўйга қўшимча маросимлар, ҳар хил сарполар, ўнлаб тоғоралар қўшдик. Ўғлини уйлаш, қизини узатишни ўйлаб, оталарнинг ҳатто соғлиги ёмонлашиб қолмоқда. Аслида динимиз – енгиллик дини! Ҳамма масалада бўлгани каби, тўй масаласида ҳам имкон борича мўътадил йўл тутилади.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ أَعْظَمَ النِّكَاحِ بَرَكَةً أَيْسَرُهُ مَؤُونَةً" (رَوَاهُ الْإِمَامُ الْبَيْهَقِيُّ).

яъни: Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Энг баракали никоҳ харажатлари енгил бўлганидир” (Имом Байҳақий ривояти).

Никоҳнинг баракали бўлиши сабабларидан бири – никоҳ харажатлари ва дабдабаларининг камроқ, енгилроқ бўлишидир.

Бошқа ҳадиси шарифда шундай дейилади:

عَنْ عَمْرِو ابْنِ الْحَارِثِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: بَلَغَنِي أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:

أَمْراً بَيْنَ أمْرَيْن وَخَيْرُ الأُمُورِ أوْسَطُها (رَوَاهُ  الْإِمَامُ الْبَيْهَقِيُّ).

яъни: Амр ибн Ҳорис разияллоҳу анҳу айтди: “Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлари менга етиб келди: Икки иш ўртасидаги ишни (лозим тутинг). Ишларнинг яхшиси ўртачасидир (Имом Байҳақий ривоят қилган).

Бу ҳадисдаги “икки иш”дан мурод ҳаддан ошиш ва камчиликка йўл қўйишдир. Демак, тўйларимизни ўтказишда ҳам энг яхши йўл – исроф ҳам, бахиллик ҳам қилмасдан ўрта йўлни тутишдир. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилади:

وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا (سورة الفرقان الآية/67).

яъни: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).

Яна бир муҳим жиҳат шуки – келин ёки куёв танлашда асосий мезон мол-дунё ва обрў-эътибор бўлмаслиги керак. Зеро, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бизга шундай тавсия берадилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لِأَرْبَعٍ لِمَالِهَا وَلِحَسَبِهَا وَلِجَمَالِهَا وَلِدِينِهَا فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَ (رَوَاهُ الْإِمَامُ الْبُخَارِيُّ وَالْإِمَامُ مُسْلِمٌ   .(

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Аёл тўрт нарса учун никоҳланади: моли, насаби, жамоли ва дини учун. Сен диндорини танлагин, барака топгур!” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Баъзида қизларимизнинг тенги чиқса ҳам, янада яхшироқ жойлардан умид қилиб, уларни ушлаб турамиз. Гоҳида қизнинг сепи тайёр эмаслиги, бунга қўлимиз калталигини рўкач қилиб, уларнинг умрини ўтказамиз. Ваҳолангки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида айтадилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا خَطَبَ إِلَيْكُمْ مَنْ تَرْضَوْنَ دِينَهُ وَخُلُقَهُ فَزَوِّجُوهُ، إِلَّا تَفْعَلُوا تَكُنْ فِتْنَةٌ فِي الأَرْضِ ، وَفَسَادٌ عَرِيضٌ  (رَوَاهُ الْإِمَامُ  التِّرْمِذِيُّ وَالْإِمَامُ ابْنُ مَاجَةَ).

яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Дини, хулқи сизни рози қиладиган киши совчи қўйиб келса, (қизингизни) унга никоҳлаб беринг. Агар шундай қилмасангиз, ерда фитна ва катта фасод чиқади” (Имом Термизий ва Имом ибн Можа ривояти).

Тенги чиққан қизларни турмушга узатмасак, кераксиз матоҳларни деб, тўйларни кечиктирсак, оиласиз эркак ва аёллар кўпаяди, зино ривожланади, насаблар кесилади. Жамиятда салоҳият ва иффат камаяди.

Баъзи йигитлар эса, ҳамма шароитимни яхшилаб оламан деб, уйланмай юришади. Натижада ёшлари ўтиб қолади. Ваҳолангки, бир касбни бошини тутган, нафақаи рўзғор қила оладиган йигитлар камбағалликдан қўрқиб, уйланмай юриши, тўғри эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

وَأَنْكِحُوا الْأَيَامَى مِنْكُمْ وَالصَّالِحِينَ مِنْ عِبَادِكُمْ وَإِمَائِكُمْ إِنْ يَكُونُوا فُقَرَاءَ يُغْنِهِمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

(سورة النور الآية /32).

яъни:Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз! Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва доно зотдир(Нур сураси, 32-оят).

Ҳанафий мазҳабига кўра, уйланиш – уйланмасдан умрини ибодатда ўтказишдан афзал, балки суннатдир.

Ояти каримада камбағал бўлганлар турмуш қурганларидан сўнг бой бўлиши ҳақида айтилмоқда. Бунинг устига, уйлангунча бўш, ялқов бўлган йигитлар, уйлангандан кейин ғайратли, ҳаракатчан бўлиб қолишлари кўп кузатилган. Шунинг учун динимиз имконияти бўлган йигитларни уйланишга тарғиб қилади. Лекин никоҳ суннатининг эълони бўлган тўй қилишни обрў мусобақасига айлантириш, тўйда турли исрофгарчиликлар қилиш динимизда қораланади ва бу ишдан қайтарилади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

وَلاَ تُسْرِفُواْ إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ (سُورَةُ الْأَنْعَامِ الآية/141).

яъни: “...Исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди” (Анъом сураси, 141-оят).

Бугунги кунда бу ояти каримани тушинишга жуда муҳтожмиз. Чунки Аллоҳ таоло исроф қилувчиларни севмаса, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “никоҳни баракалиси – сарфу харажати камроғи”, деб турганларида, сарф харажат қилиш учун мусобақа қилсак, ҳатто кучимиз етмай қолганда катта-катта қарзларни бўйнимизга олсак, биз қандай уммат бўлдик!? Суннатга зид ишларимизни жафосини чекиб турибмизку. Йиллар давомида емай-ичмай йиққан маблағини ва бунинг устига олган қарзларини бир кунда исроф билан сарфлаб, кейин йиллар давомида қарз тўлайди. Тўй куни ўнлаб машиналарни ёллаган куёв тўйдан кейин пиёда юришга ҳам маблағ топа олмайди. Аллоҳ неъмат берган кишилар исроф қилмасдан ўзларига яраша тўй қилишса, бунга шаръан таъқиқ йўқ. Лекин уларга етаман деб, камхаражат одамлар ўзларини қийинчиликка қўйиши соғлом ақлга тўғри келмайди.

Муҳтарам жамоат! Кейинги пайтларда халқимиз орасида куёв томон келин томондан баъзи харажатларни  талаб қилиши кўпайиб қолди. Масалан, куёвга бошдан оёқ сарпо қилиш, мебел сотиб олиши каби. Хўш, мана шу харажатлар ҳақида шариатимиз нима дейди, келин ҳақиқатан ҳам юқоридаги харажатларни қилишга мажбурми ёки ихтиёрлими?

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига назар қилсак, у зот ва саҳобийлар тўй ҳаражатларини ўз зиммаларига олганлар ва маҳр берганлар, лекин келиндан ёки келин томондан ҳеч нарса тамагирлик қилмаганлар. Куёв томон талабгор бўлгани, совчи қўйгани учун, маҳр бериш, тўй қилиш – унинг зиммасида бўлади, албатта. Демак, келин томондан тўй ва бошқа харажатларни талаб қилиш мумкин эмас. Бу шариатимиз кўрсатмаларидан, мардлик ва олижаноблик доирасидан  чиқиш бўлади.

Шу нарсани ҳам айтиб ўтиш жоизки, келин томон мутлақо харажат қилиши мумкин эмас, демаймиз, чунки улар ҳам ўз хоҳиши билан, мажбурланмасдан баъзи харажатларни қилиши мумкин. Бу улар томонидан эҳсон бўлади. Бу нарса ўзаро келишув ва шариатга тўғри келадиган урф-одатларга кўра бўлиши керак. Бунга қуйидаги ояти каримада ҳам ишора бор:

وَآَتُوا النِّسَاءَ صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَةً فَإِنْ طِبْنَ لَكُمْ عَنْ شَيْءٍ مِنْهُ نَفْسًا فَكُلُوهُ هَنِيئًا مَرِيئًا (سورة النساء الآية/4).

яъни: “Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул қилаверингиз”. (Нисо сураси, 4-оят).

Тўйлар ҳақида гап кетганда, борган сари оммалашиб кетаётган, на динимизга, на урф-одатларимизга тўғри келмайдиган ишлар ҳақида гапириб ўтмасак бўлмайди. Масалан, тўйда келин куёвнинг вальс тушиши, “севги тарихи” видеороликини намойиш қилиши кенг тарқалди. Бу ишлар ҳам текинга бўлмайди. Агар бу “севги тарихи” чет элда ишланган бўлса, унинг харажати ҳам “отнинг калласидек” бўлади. Энг асосийси – чет элда сайр қилиб юрган бу икки номаҳрамнинг гуноҳини ким кўтаради? Улар ҳам осмондан тушмаган, кимнидир ўғли ё қизи, кимнидир укаси ё синглиси. Уларни ўз ҳолига қўйсак, гуноҳ қилса ҳам, қайтармасак, исроф қилса ҳам, гапирмасак, ўзимизни оёғимизга ўзимиз болта урган бўламиз. Кейин бу исрофларнинг жабрини барчамиз тортишга мажбур бўламиз.  

Аллоҳ таоло барчамизни тўйларда исроф қилиш, манманлик қилиш, ҳаддан ошишдан сақласин ва тўғри йўлида собитқадам қилсин! Омин.

 

 ИЛОВА

Муҳтарам азизлар! Маълумки, Аҳли сунна вал жамоа тўртта фиқҳий мазҳабдан иборат бўлиб, улар – Ҳанафий,  Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларидир.

Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг деярли ярми айнан ҳанафий мазҳабимизга амал қиладилар.

Ҳанафий мазҳаби асосан Марказий Осиё, Покистон, Эрон, Туркия, Афғонистон, Ҳиндистон, Россия мусулмонлари ўртасида, Араб мамлакатларидан Ироқ, Миср, Сурия, Ливия каби юртларда кенг тарқалган.

Ушбу мазҳаб асосчиси Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг асли исмлари – Абу Ҳанифа Ан-Нўъмон ибн Собит ал-Форсий бўлиб, 80-ҳижрий йилда Куфада туғилганлар.

 У зот Қуръони каримни Имом Осим қироати бўйича ёд олган, ҳадис илмидан дарс олган, наҳв, адабиётдан етарли даражада таҳсил олган. Шунингдек, калом илми ва дин асосларини пўхта ўрганган. Сўнгра, фиқҳ илми билан шуғулланганлар. Фиқҳ илмини танлагани ҳақида у зотнинг ўзи шундай деган эди: “Ҳар қачон фиқҳ билан машғул бўлганимда қалбимда унинг улуғлиги янада ортиб бораверади... Билдимки, фарзларни адо этиш, динни қоим қилиш ва ибодатни мукаммал бўлиши фақат фиқҳни билиш билан тўғри бўлади. Дунё ва охират талаби ҳам айнан фиқҳни билишдадир”.

Бу улуғ зот тобеинларни қаерда ва қачон илм олганларини ўрганар, хусусан фиқҳ ва ижтиҳодда алоҳида ўрин тутган саҳобалар билан алоқада бўлган тобеинларга эргашар эди. Бу хусусда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ўзлари шундай деганлар: “Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Ибн Аббоснинг фиқҳини уларнинг шогирдларидан таълим олганман”.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ қирқ ёшида Кўфа масжидида шайхи Ҳаммод ўтирган жойга ўтириб, шогирдлари билан янги фатволар ва турли масалалар устида илм мажлисларини қурдилар. Ўхшаш мисолларни бир-бирига кучли мантиқ ва ўта закий ақл билан қиёслар эдилар ва шу тариқа ҳанафий мазҳабининг фиқҳий усулига асос солдилар.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўзларига хос ижтиҳод йўлларини қуйидагича таърифлайдилар: “Мен ҳукмларни Қуръондан оламан. Агар Қуръондан топа олмасам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан оламан. Агар Қуръондан ҳам, Расулуллоҳнинг суннатларидан ҳам топа олмасам, саҳобалардан хоҳлаганимнинг фатвосини оламан. Кейин уларнинг сўзларидан чиқмайман. Аммо, тобеинлардан Иброҳим ан-Нахаъий, Шаъбий, Ҳасан, Ибн Сирийн, Саид ибн Мусаййибларга келсак, менинг ҳам уларга ўхшаб ижтиҳод қилишга ҳаққим бор”.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ биринчи бўлиб тақдирий (фаразий) масалаларда фатво беришни йўлга қўйдилар. Ҳали рўй бермаган масалаларнинг ечимини олдиндан айтиб ўтганлар. Натижада фиқҳ илмининг соҳаси янада кенгайди. Бу ҳақда Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: “Фиқҳ бобида барча Абу Ҳанифага қарамдир”, – деганлар.

Муҳтарам жамоат! Имоми Аъзам мазҳаби ўзининг мўътадиллиги, Исломнинг асл мазмун-моҳиятини ифодалаб бериши билан асрлар оша диёримиз мусулмонларининг ўзаро ҳамжиҳатлигида, турли ҳуқуқий муаммоларни осон ҳал қилинишида, баъзида юзага келадиган ҳар хил зиддиятларни бартараф этилишида муҳим асос бўлиб келмоқда.

Уламоларимиз: “Ижтиҳод даражасига етмаган кишилар муайян бир мазҳабни ушлаши лозим”, – дейдилар. Шунингдек бошқа мазҳабларга ва уларга эргашганларга ҳурмат билан қараши лозим.

Бир ишда бир мазҳабга , иккинчи бир ишда бошқасига эргашиш дуруст эмас. Буни уламолар “талфиқ” дейишади. “Талфиқ” эса, ҳаромдир. Динда адашмаслик учун, маълум бир мазҳабни ихтиёр қилиш ва фақат унга эргашиш лозим.

Абдулҳай Лакнавий “Мажмуатул фатово” китобида: “Ҳиндистон, Мовароуннаҳр шаҳарларида шофеъийларнинг ҳам, ҳанбалийларнинг ҳам, моликийларнинг ҳам мазҳаби йўқ ва ушбу мазҳаб китоблари ҳам топилмайди. Шунинг учун бу шаҳарларда яшовчи билимсиз (мужтаҳид бўлмаган) инсонга Абу Ҳанифа мазҳабига тақлид қилиши вожиб бўлади. Унга ўз мазҳабидан чиқиши мумкин бўлмайди. Ҳарамайнда яшаган кишига бундай эмас. Чунки у ерда жами мазҳабларни топиш имконияти бор”, – деганлар.

Хулоса ўрнида  шуни айтишимиз мумкинки, улуғ мужтаҳидларимизга ҳурмат бажо келтириш ва уларнинг йўлини тутиш динимиз равнақи, юрт тинчлиги учун қўшилган улкан ҳиссадир. Аллоҳ таоло ўзаро бирдамлигимизни зиёда қилсин, бизни тўғри йўлида давомий қилсин! Омин.

П'ятниця, 10 августь 2018 00:00

Умр сафари (Қашқадарё вилояти)

Ҳажга боришни орзу қилиб, Маккаи мукарама ва Мадинаи мунавварага қадами етишини дилига тугиб олган қашқадарёликларнинг 208 нафари 9 август куни Саудия Арабистонига жўнаб кетди. Жорий йилда вилоятдан 413 нафар фуқаро муборак Ҳаж зиёратига боришини инобатга олинса, қолган 205 нафар зиёратчилар 11 август куни Саудия Арабистонига жўнаб кетадилар.

Ҳожиларга ҳашаматли меҳмонхона, энг қулай шароитлар, истеъмоллари учун турли вақтларда тайёрланадиган лаззатли таомлар, манзилларига етказиб қўювчи автобуслар, малакали тиббий хизматлар, эҳтиёжлари учун зарур бўладиган нарсалар аъло даражада ташкил қилинган.

Зиёратчилар улуғ сафар давомида Макка ва Мадина шаҳарларидаги муқаддас ва табаррук жойларни зиёрат қилиб қайтадилар. Шунингдек, дуолар ижобат бўладиган Арофат, Мино ва Муздалифа каби муқаддас манзилларда бўлиб Ҳаж амалларини адо этадилар. Барча зиёратчиларнинг юртимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровонлиги ва фарзандлар камолини сўраб қилаётган дуоларини Аллоҳ ижобат қилсин.

Ҳаж зиёратларингиз қабул бўлсин азиз юртдошлар! 

 ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги Матбуот хизмати

Top