muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелда ПФ-5416-сонли «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фондини ташкил этилиш билан боғлиқ тадбирлар белгиланган эди. Фонд ташкил топганига ҳали кўп вақт бўлмади.

https://youtu.be/jMyDmsB03UU

Амалга оширилаётган ишлар, фонднинг асосий мақсад ва вазифалари тўғрисида фонд бошқарув раҳбари Жалолиддин Ҳамроқулов билан "kun.uz" нашри суҳбатлашди.

- Муҳтарам Президентимиз 2018 йил 16 апрелда «Вақф» хайрия жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида тарихий фармонга имзо чекдилар. Тарихий деганимиз, рамзий маънода ҳам, тарихий маънода ҳам. Сабаби юртимизда 1928 йилгача хонликлар ва амирликларда вақф ишлари юритилган. Сўнгги бор 1929 йилда Бухоро амирлиги ва Хива хонлигида тўхтатилган.

Фонднинг асосий мақсади юртимизда етишиб чиққан буюк алломаларимизни дунё маданияти ва илм-фанига қўшган ҳиссасини тараннум этиш. Шу билан бирга, одамларимиздаги мурувват, саховатлилик туйғуларини янада оширишга кўмаклашиш. Хусусан, диний-маърифий соҳага ёрдам бериш, масжидларимизни ободонлаштириш, унда хизмат кўрсатаётган имом-хатиб ва ноиблар, мутаваллиёт ва муаззинларга моддий-маънавий кўмак бериш - мана шу фонднинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Бундан ташқари, уларга янги қурилаётган уйлардан олиб бериш, кўп йиллардан буён хизмат қилиб келаётган имом-домлаларимизни рағбатлантириш, диний таълимни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлаш ҳам вазифалардан бири ҳисобланади. Халқимиз орасида кам таъминланган, моддий кўмакка эҳтиёжи бор оилаларга ёрдам бериш ҳам ҳисобга олинган.

16 апрелда фармонга имзо чекилган бўлса, 1 майдан ўз фаолиятимизни бошладик. 10 май куни Адлия вазирлиги орқали ўз Низомимизга, гувоҳномамизга эга бўлдик. Рамазон ойининг баракасидан шу кунга қадар кенг кўламли ишлар қилиб қўйдик. Хусусан, қон қуйиш институтига бориб 10 нафар болажонга моддий кўмак бердик. Қолаверса, кўзи ожизлар жамиятида 200 кишилик ифторлик уюштирдик.

Шу кунларда баъзи бир ташкилий ишларни амалга оширишни режа қилганмиз. Хусусан, ўз сайтимиз фаолиятини йўлга қўйишни. Телеграмда vaqf.uz саҳифаси ўз ишини бошлаган. Шаффофликни таъминлаш мақсадида фондга тушган маблағлар ҳар куни эълон қилиб борилади. Бу Президентнинг фонд ҳақидаги фармонида ҳам ўз аксини топган. Бу борада Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Инновацион ривожланиш вазирлиги бу борада кўмакчи бўлмоқда, - деди Жалолиддин Ҳамроқулов.

Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, баъзилар ўзлари ажратган маблағларни имом-хатиблар топиб берган ҳақли инсонларга ўз қўллари билан беришни исташар экан. Гарчи, вазифаларига кирмаса ҳам имом-домлалар бу борада одамларга ёрдам қилишар экан. Ж. Ҳамроқуловнинг аниқлик киритишича, аслида, бу ишларни фонд орқали ҳам амалга оширса бўлади. Хўш, қандай қилиб?

- Биринчиси, нақд пул орқали. Улар ўз маблағларини банкдаги ҳисоб-рақамимизга ўтказсалар бўлгани. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдикки, мўмин-мусулмонлар томонидан Аллоҳ розилиги йўлида закот, фидя, ушр ва фитрга ажратилаётган маблағлар ҳақдорларга тўлалигича етиб бориши учун давлат раҳбари бошчилигидаги мутасаддилар жуда кенг имконият яратиб беришмоқда. Масалан, банк ўз хизмати учун ҳақ олмайди ва бу билан ажратилган маблағ ҳақдорга юз фоиз ҳолатда тўлиқ етиб бориши таъминланади.

Шу билан бирга пластик карталар орқали, ҳисоб-рақамдан ҳисоб-рақамга ва мобил телефонлар орқали пул ўтказмаларини амалга ошириш имконияти бор. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида 12 та ва Зангиота мажмуасида бир дона инфокиоскалар ҳам ўрнатилди. Мўмин-мусулмонлар улар орқали закотларини, фидяларини, фитр-садақаларини беришлари мумкин бўлади, - деди «Вақф» хайрия жамоат фонди бошқарув раҳбари Жалолиддин Ҳамроқулов.



ЎМИ Матбуот хизмати

Азон бу Аллоҳнинг тоатига, ибодатига, ҳидоятига, Унинг Даргоҳи олиясига бир чорловдир. Азон Аллоҳ севгисининг танларга нидоси, қалбларга тажаллисидир. Азон дил ва вужуддан шайтонни қувиш имкониятидир.

Жорий йилнинг 8 июнь куни Тошкент ислом институти асосий биносида “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ташаббуси билан талабалар ўртасида “Нажотга шошилайлик” шиори остида азон мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақанинг асосий мақсади – талабаларда азоннинг тарихи ҳамда унинг талаффузи ва  тараннуми,  фиқҳий қоидаларини ўзлаштиришларига қизиқтириш, талабалар азонни маҳорат билан айтиш малакасини ҳосил қилишларига кўмаклашишдир.

Мусобақа икки шарт асосида ўтказилди:
Биринчи шартда иштирокчиларнинг азонни маҳорат билан айтиб бериши талаб этилди ва ҳакамлар овоз, тараннум ва тўғри талаффуз меъёрлари;
Иккинчи шартда иштирокчилар билет асосида азонга доир фиқҳий саволларга жавоб бердилар, ҳамда жавобларнинг тўлиқ ва мукаммаллигига алоҳида эътибор қаратилди.

Якуний тўпланган баллар йиғиндисига кўра қуйидаги талабалар ғолиб деб топилдилар:

1-ўринни Мавланов Абдулаҳад,
2-ўринни Марданов Муҳаммад,
3-ўринни Зиёуддинов Муҳаммад Содиқ қўлга киритдилар.

Аввал айтиб ўтганимиздек, мусобақани ўтказишда Вақф хайрия жамоат фонди ғолибларга қимматбаҳо совғалар билан тақдирладилар. Жумладан, 1 ўринга 1 млн сўм, 2-ўринга 500 минг сўм ва 3-ўринга 300 минг сўмлик тўлов-шартнома маблағлари Вақф хайрия жамоат фонди тўлаб бериладиган бўлди. Бу ҳақда  islaminstitut.uz сайти хабар берди.

Шунингдек, ҳакамлар ҳайъатига ҳам Тошкент Ислом институти ҳамда Вақф фондининг қимматбаҳо совғалари тақдим қилинди.



ЎМИ Матбуот хизмати

Саратов областидаги мусулмонларнинг тарихидаги энг оммавий ифторлик ўтган якшанба куни Алгай туманида ўтказилди. Бу ерда муқаддас Рамазон ойида 300 дан ортиқ рўзадорларга ифторлик уюштирилган.

Кенг кўламли байрамга нафақат Волгаорти аҳолиси, балки бошқалар ҳам ташриф буюришган. Қозоғистоннинг олий муфтийси Серикбай-ҳожи Ораз ҳам меҳмон бўлиб келгани айтилган.

Ушбу тадбирдан лавҳаларни қуйида кўришингиз мумкин.


https://youtu.be/hvN3HxC86vo



ЎМИ Матбуот хизмати

Қозоғистон Сенати Халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Дариға Назарбоева Осиё "шенгени"ни йўлга қўйишни таклиф қилди. Бу ҳақда "Tengrinews" сайтига таяниб "kun.uz" нашри хабар берди.

Қозоғистонлик сенаторлар Сариёғочда Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, чет эл инвестициялари ва туризм масалалари қўмитаси депутатлари билан учрашишди.

Учрашув доирасида Дариға Назарбоева Ўзбекистон ва Қозоғистонда туризмнинг ривожланиши ҳақида сўз юритди.

"Бир-биримизни яхши билишимиз ва ишонишимиз учун туристик салоҳиятни ривожлантириш жуда муҳим. Биз икки мамлакат туризмини рағбатлантириш, шунингдек бу ерларга яқин ва узоқ хорижий давлатлардан сайёҳлар ташрифини рағбатлантириш зарурлиги ҳақида гапирган эдик. Улар Марказий Осиёга келишганида бирйўла барча мамлакатлар ва бу ерлардаги диққатга сазовор жойларни кўргиси келади. Европалик ва Осиё жануби-шарқидаги сайёҳлар учун Марказий Осиё яқин манзил эмас. Шунинг учун улар узоқ масофаларни босиб ўтганга яраша бир саёҳатда бир ўйла барчасини кўриш истаги пайдо бўлади, бунинг учун эса умумий визани йўлга қўйиш керак", - деди Назарбоева.

"Биз бу Осиё "шенгени" бўлиши, уни Silk-виза деб аташ мумкинлиги ҳақида гаплашган эдик", - дея таъкидлади у. Депутат мамлакатлар туристик йўналишларни бирга тарғиб қилиши мумкин деб ҳисоблайди.

"Самарқанд, Хива ва Бухорони кўпчилигимиз кўрганмиз, дея олмаймиз. Мен Самарқанд ва Тошкентда бўлганман, бироқ бошқа шаҳарларда ҳали бўлмаганман", - дейди Назарбоева.



ЎМИ Матбуот хизмати

Вівторок, 05 июнь 2018 00:00

Қадр кечасидаги савобнинг ҳажми

Биз ушбу мақолада қадр кечасини ибодат билан ўтказган киши оладиган савобнинг ҳажми ҳақида сўз юритамиз.

Қадр кечаси йил кечалари ичида энг улуғидир. Бу кеча ҳақида алоҳида сура нозил бўлган. Бу кечанинг улуғлигини оширган сабаблардан бири Қуръон айнан шу кечада нозил бўла бошлаганидир.

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилган:

إِنَّا أَنزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِّنْ أَلْفِ شَهْرٍ تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِم مِّن كُلِّ أَمْرٍ سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ

“Албатта, Биз у(Қуръон)ни Лайлатул Қадрда туширдик. Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди? Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом бўлиб турадир” (Қадр сураси).

Ичимизда қадр кечасини умрида ҳеч бўлмаганда бир марта бўлса ҳам топишни орзу қилмаган одам топилмаса керак.

Юқоридаги сура, хусусан, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” деган оят ҳақида ўйлаб кўрсак, бошқа минг ойда амал қилиб, қанча савоб олсак, бу кечада бир амал қилиб, ундан ҳам кўп савоб олишимизни англаб етамиз.

Фикримиз тушунарли ва тасаввур қилишимиз осон бўлиши учун бу кечада эришиладиган савоб миқдорини рақамларда ифода этишга уриниб кўрайлик!

Хўш, минг ойда нечта кеча бор?

Бу жуда осон савол. Агар бир ойда 30 (ўттиз) кеча борлигини эътиборга олсак, минг ойда 30000 (ўттиз минг) кеча борлиги маълум бўлади. Демак, қадр кечасида бир амал қилган худди бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг)та амал қилгандек бўлади.

Албатта, биз савобни рақамларда келтиришда тахминий хулоса қиламиз. Чунки, оятда минг ойга баробар дейилмаган, балки минг ойдан яхшироқ дейилган. Бу эса савобнинг аниқ миқдори қанчалигини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди деганидир. Биз фақат минг ой ҳақида, амалларнинг минг ойга кўпайтирилиши борасида сўз юритамиз.

Қадр кечасида Қуръондан 1 (бир) ҳарф ўқисак, бошқа кечаларда 30000 (ўттиз минг) ва ундан ҳам кўпроқ ҳарф ўқигандек бўламиз.

Энди яна бир оятга эътибор қаратсак:

مَن جَاء بِالْحَسَنَةِ فَلَهُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا

“Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” (Анъом сураси, 160-оят).

Қадр кечасида Қуръондан 1 (бир) ҳарф ўқиш бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) ва ундан кўп ҳарф ўқишнинг савобига тенг дедик. Энди бу оятда айтилганидек, 30 000 (ўттиз минг)ни 10 (ўн)га кўпайтирамиз. Натижа 300 000 (уч юз минг) бўлади!

“Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” деган оятга биноан 1(бир) ҳарф учун 300 000 (уч юз минг)дан ҳам кўпроқ савоб бўлади.

Қуръони Каримдаги ҳарфларнинг сони 300 000 (уч юз минг)тадан кўпроқ бўлиб, қадр кечасида Қуръондан бир ҳарф ўқиган киши бошқа кечаларда Қуръонни тўлиқ ўқиб чиққаннинг савобига тенг савоб олар экан.

Агар биз “Ихлос” сурасини ўқисак, қанча савоб оламиз? Бу сура басмала билан бирга 66 (олтмиш олти)та ҳарфдан иборатдир. Демак, биз “Ихлос” сурасини басмала билан бирга (яъни 66 та ҳарфни) бир марта ўқисак, Қуръони Каримни 66 (олтмиш олти) марта тўлиқ ўқиб чиққаннинг савобини оламиз.

Агар биз қадр кечасида бир марта дуо қилсак, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” оятига кўра, бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) мартадан ортиқ,  “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” оятини ҳам қўшганда, 300 000 (уч юз минг) мартадан кўпроқ дуо қилганнинг савобига эга бўламиз.

Агар биз қадр кечасида бизга ёмонлик қилган 1 (бир) дона инсонни кечирсак, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” оятига кўра, бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) донадан ортиқ одамни,  “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” оятини ҳам қўшганда, бошқа кечаларда 300 000 (уч юз минг) донадан кўпроқ кишини кечирганнинг савобига эга бўламиз.

Агар биз қадр кечасида 1 (бир) ракат намоз ўқисак, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” оятига кўра, бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) ракатдан ортиқ намоз ўқиган,  “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” оятини ҳам қўшганда, бошқа кечаларда 300 000 (уч юз минг) ракатдан кўпроқ намоз ўқиганнинг савобига эга бўламиз.

Агар биз қадр кечасида 1 (бир) марта садақа қилсак, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” оятига кўра, бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) мартадан ортиқ,  “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” оятини ҳам қўшганда, бошқа кечаларда 300 000 (уч юз минг) мартадан ортиқ садақа қилганнинг савобига эга бўламиз.

Агар биз қадр кечасида қариндошимизга 1 (бир) марта силаи раҳм қилсак, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” оятига кўра, бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) мартадан ортиқ,  “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” оятини ҳам қўшганда, бошқа кечаларда қариндошларимизга 300 000 (уч юз минг) мартадан кўпроқ силаи раҳм қилганнинг савобига эга бўламиз.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Аллоҳ таоло барчамизнинг ихлосимизни зиёда қилсин! Рамазон ойини ғанимат билиб, ҳар дақиқасидан фойдаланиб қолишга, хусусан, қадр кечасида солиҳ амалларни қилиб бедор бўлишга муяссар этсин!

 

 

islam.ahram.org сайтидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

Top