muslim.uz
Қуръон ёдлашнинг олтин қоидаларидан хабардормисиз?
Ҳар бир мусулмон киши Каломуллоҳни ёдлаш ва унга амал қилишга интилади. Ҳадисларда Қуръонни ёд олган кишига кўп мукофотлар ваъда қилинган. Жумладан: ҳазрат Усмондан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ҳам ўргатганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти). Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қуръонни ўқинглар, чунки у қиёмат куни ўқувчиларига шафоатчи бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Қуйида Қуръонни осон ва пухта ёдлашнинг айрим қоидаларини баён қиламиз:
- Қуръонни ёдлашда Аллоҳга таваккал қилиш, яъни у Зотнинг розилигини истаб, бу йўлда ғайратли бўлиш.
- Ҳар куни Қуръоннинг бир қисмини тиловат қилишга одатланиш. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Амалнинг яхшиси оз бўлса ҳам, давомлисидир”, деганлар (муттафақун алайҳ).
- Битта мусҳафдан ёдлаш ва такрор қилиш. Шунда ҳар бир саҳифадаги оятларнинг жойлашиши қори зеҳнига ўрнашиб, хотирасига келаверади.
- Ёдланган оятларни устознинг текширувидан ўтказиш. Чунки Қуръонни ўзича ўқиб, ёдлаб, такрорлаган киши хатосини билмайди. Устоздан ўтказган кишининг эса хатолари тузатилади ва ёдлаганлари мустаҳкамланади.
- Кечалари Қуръонга қараб тиловат қилиш. Кечаси фикр кўп чалғимайди, ихлос билан тиловат қилиш ҳам оятларнинг қалбдан мустаҳкам жой олишига сабаб бўлади.
- Ёд олишга қийналган ёки хато ўқилган оятларнинг тагига қалам билан чизиб қўйиш. Хатолар тўғриланганидан кейин чизиқ ўчириб ташланади. Шунинг учун ҳам қорининг алоҳида Қуръони бўлиши керак.
- Оятларнинг маъноларини билиш ҳам тез ва пухта ёдлаш сабабларидандир.
- Араб тили наҳв қоидаларини билиш қориларни кўп хатолардан сақлайди. Натижада, талаба оятларга ҳаракатларни тўғри қўйиб, эркин ва равон ўқийдиган бўлади.
- Қуръон оятларини тафаккур қилиш ўхшаш оятларни бир-бирига чалкаштириб юборишдан сақлайди.
Саҳар пайти, шом билан хуфтон намозлари оралиғи ҳамда зеҳн дунёвий нарсалар билан машғул бўлмайдиган бошқа вақтлар Қуръонни ёд олиш ва такрорлаш учун қулай, фазилатли ҳисобланади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев Москвага боради
Ўзбекистон Республикаси Президенти декабрь ойининг охирида Россия Федерациясига ташриф буюради.
ЎзА хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев 2017 йил 26 декабрь куни Москва шаҳрида бўлиб ўтадиган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг норасмий мажлисида иштирок этади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари (9-қисм): Уйга кираётганда
Абу Молик Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйга кираётганларида:
“Аллоҳумма инний асалука хойрал мавлужи ва хойрал махражи, бисмиллаҳи валажна ва бисмиллаҳи хоражна ва ъалаллоҳи роббина таваккална”, деб айтардилар.
Фото: Адиблар хиёбонида кимларни кўриш мумкин?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелда “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида”ги қарори имзоланган эди.
Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Ушбу ҳиёбонда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси биноси, Зулфия, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф ва бошқа атоқли ватанпарварлар сиймоси акс этган ҳайкалларни кўришингиз мумкин.
http://old.muslim.uz/index.php/rus/rukn/minbar/itemlist/user/72-muslimuz?start=18330#sigFreeId66afdc6fe8
Манба ЎзА .
ЎМИ Матбуот хизмати
Муносабат: Садоқат ва ташаббускорлик дастуримиз бўлсин
Яратганга беадад шукрки, кейинги бир йил ичида ҳаётимиз бутунлай жонланиб кетди. Фаровон турмушимиз учун ҳар куни бир янгилик, ажойиб қулайлик яратилмоқдаки, уларнинг санаб адоғига етиш қийин.
Кеча тўғридан-тўғри эфирга узатилган видеоконференция – том маънода, йилнинг энг ҳаяжонли, энг қизғин, энг эсда қоларли ҳодисаси бўлди. Ушбу видеомулоқотни одамлар катта қизиқиш билан кузатиб борди. Тан олиб айтиш керак, Президентимизнинг ушбу тарихий нутқидаги ҳар бир жумлага нисбатан интернет сайтлари, ижтимоий тармоқ саҳифалари ва кўча-куйдаги одамлар томонидан жўшқин муносабат билдирилмоқда. Бу бежизга эмас, чунки давлатимиз раҳбари ўз нутқида халқона гапирди, одамларни дардини гапирди, уларни ич-ичидаги, юрак-юрагидаги кечинмаларини ўзларининг тилидан сўзлади.
Эътибор берсангиз, кечаги нутқнинг акс-садоси бугун ҳам тўхтагани йўқ, ҳали-ҳануз одамлар оғзида, суҳбатларининг бош мавзусида. Аминмизки, халққа ишонч, куч-ғайрат, илҳом берган бу тарихий нутқ ҳали узоқ вақт юртдошларимизнинг тили ва дилида сақланиб қолажак. Бугун интернет саҳифалари, одамлар орасидаги суҳбатларда салом-аликдан сўнг қуйидаги мазмундаги суҳбатлар қулоқа чалинмоқда: “Кечаги видеоконференцияни кўрдингизми?..”, “Шу вақтгача ўтказилган йиғилишларни бунчалик катта қизиқиш ва ҳаяжон билан томоша қилмаган эдим...”, “Бундай ҳолат мамлакатимиз тарихида биринчи марта бўлиши...”, “Маърузадан таъсирланиб, тўлқинланиб, шунчалик куч-ғайратга тўлдимки...”, “Умрингиз узоқ бўлсин, юртимиз, юртдошларимиз бахтига соғ бўлинг, халқ Президенти...” ва ҳоказо. Ҳа, бу сўзлар, одамларимиз томонидан бежизга бунчалик катта қизиқиш билан тилга олинмаяпти. Чунки, кечаги нутқда умумхалқ манфаати, дарду ташвиши, қувончу қайғулари мужассам эди.
Бу бир фавқулодда ҳодиса бўлдики, энг катта спорт шоулари ҳам бунчалик кўп томошабин тўплай олмагани аниқ. Чунки бунда бизнинг, Ўзбекистон халқининг қандай ҳаёт кечириши жиддий муҳокама этилди. Президент ҳар бир соҳага эътибор қаратди. Тўрт соатдан ортиқ тик оёқда туриб ютуқ ва камчиликларимизни рўйи-рост очиб берди, истиқболли таклиф ва тавсияларни илгари сурди.
2017 йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев биринчи марта мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этди.
Ушбу нуфузли анжуманда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари билан бирга, видеоконференция алоқа тизими орқали туман, шаҳар ва вилоятлардаги маҳаллий кенгашларга сайланган халқ депутатлари ҳамда барча бўғиндаги ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар вакиллари кенг таркибда иштирок этди.
Мурожаатнома 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланди.
Ҳисобот
Дастлаб, Президент олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича йиллик ҳисоб берди.
Ҳисоботда 2017 йил 21 та олий даражадаги ташриф амалга оширилгани, 60 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилот раҳбарлари ва вакиллари билан учрашувлар ўтказилганини таъкидланди.
400 дан зиёд битим ва келишувга эришилгани, қарийб 60 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги савдо ва сармоя шартномалари имзолангани, уларни ўз вақтида бекаму кўст бажариш мақсадида 40та «йўл харитаси» ишлаб чиқилгани ва хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётгани, миллий валютамизни эркин конвертация қилишга киришилгани, юридик ва жисмоний шахслар хорижий валютани тижорат банкларидан чекловсиз сотиб олиш ва эркин сотиш имконига эга бўлгани, чет эл валютасининг олди-сотди операциялари ҳажми либерализация даврига нисбатан 1,5 баробар ошиб, ўртача 1,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этгани, давлатимизнинг олтин-валюта захиралари 1,1 миллиард АҚШ долларига кўпайгани айтилди.
Жорий йилда мамлакатимизда 12 та эркин иқтисодий ва 45 та саноат зонаси фаолияти йўлга қўйилди ва бу ҳудудларни жадал ривожлантириш имконини бермоқда. Яқин вақт ичида яна 50 та янги саноат зонасини ташкил этиш бўйича иш олиб борилмоқда.
2017 йилда янги саноат корхоналарини қуриш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 336 мингдан зиёд янги иш ўрни ташкил этилди. “Ўз-ўзидан аёнки, биз аҳоли бандлигини таъминлашни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйган эканмиз, бу кўрсаткичларни келгусида ҳам сон, ҳам сифат жиҳатидан янада оширишга алоҳида аҳамият беришимиз зарур”, деди давлатимиз раҳбари ўз ҳисоботида.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев ҳисоботда қишлоқларда нима учун арзонлаштирилган уйлар қурилаётганининг сабабини қуйидагича тушунтирди.
Илгари қураётган 6 сотихли уйларимиз анча қиммат эди. Тан олайлик, янги иш ўринлари, аҳолига даромад манбаси яратмасдан, оддий одамларга бундай уйларни сотиб олишга имконият бериш қийин эди. Натижада уйларни, асосан, бозор директорлари ва бошқалар сотиб олди.
Бугун аввалги лойиҳада қурилган уйларнинг 35-40 фоиз бўм-бўш турибди, чунки улар невара-ю эвараларга олиб қўйилган. Шунинг учун биз оддий аҳоли сотиб олсин деган ниятда арзонлаштирилган уйларни қуришга қарор қилдик. Шифокорнинг ҳам, муаллимнинг ҳам фарзандлари бор, ахир.
Халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, биз жорий йилда имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар қуриш лойиҳасини амалга оширишга киришдик.
Жумладан, қишлоқ жойларда намунавий янги лойиҳалар асосида 24 мингдан зиёд уй-жой барпо этилди. Шаҳарларда 187 та кўпқаватли уй қурилди ва бугунги кунгача салкам 8 мингга яқин оила ана шундай янги хонадонларга кўчиб ўтди.
Танқид ва таҳлил
Ҳисобот тугаганидан кейин Президентимиз Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ҳақида ҳам сўз юритди. Одамларни узундан-узоқ навбат куттириб қўйиш, югур-югур қилишга мажбурлаш, аллақачон ўз умрини ўтаб бўлган тузумдан қолган мерос эканини, бугунги кунда бундай ишлар билан жамиятнинг илгарилашига тушов солаётган буюрократларга нисбатан жиддий чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирди. Жамиятда коррупция, бюрократиянинг илдиз отиб кетган. Бундай ҳолга энди тоқат қилиб бўлмайди, деди.
“Бу агентлик ўша, энди қишлоқда, ҳамма жойда - нотариал идорада навбат, паспорт бериш навбат, маҳалладан маълумотнома олиш навбат, машинага ҳам навбат – ҳамма жойда коррупция. Энди ундай гаплар бўлмайди. Келди, маълумотнома берилмадими – Президент қабулхонасига келади. Тошкентдаги раҳбарни дарров ишдан олиб ташлайман. Уч марта олиб ташлайман, янги одамлар қўяман. Мана, кўряпсиз янги кадрлар қўймоқдамиз, икки йилдан кейин улар зўр ишлайди. Мен уларга ишонаман. Садоқатли одамларни бошимга кўтараман, қуруқ савлат билан юрадиганлари менга керак эмас”, деди Шавкат Мирзиёев.
Қонун устуворлиги таъмин этилмаган давлатда энг кўп қонунбузарлар қонун ижросини назорат этишга масъуллар бўлишига эътибор қаратган Шавкат Мирзиёев ҳар бир орган иш фаолиятини юритишда Конституциявий нормаларидан чиқмаслиги кераклигини айтди. Ватан ва халқ манфаати, деб идорасининг номини рўкач қилиш тақиқланишини таъкидлар экан, “Конституцияни бузишга менинг ҳам ҳаққим йўқ”, деди.
Жаҳон тажрибасидан маълумки, мажбурият юзасидан олган кредитини аниқ мақсадга йўналтиришни уддалай олмаган давлатлар йилдан-йилга қарз боқоғига ботиб бораверади. Ана шунга урғу берган Президент истиқболли йирик лойиҳаларни белгилаш ва амалга оширишда жиддий хатоликларга йўл қўйилаётгани, хорижий кредитлар самарасиз ишларга сарфланаётганини, айтар экан, масалан, Қорақалпоғистонда барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси кутилган иқтисодий самарани бермаяпти. Бундай ачинарли ҳолатни халқимизнинг энг ўткир эҳтиёжлари билан боғлиқ ижтимоий дастурларда ҳам кўриш мумкин. Мисол учун, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида охирги 10 йилда 17 лойиҳа доирасида 618 миллион доллардан зиёд хорижий кредитлар жалб этилди. Бироқ бошланган лойиҳаларнинг кўпчилиги охирига етказилмади. Ичимлик суви қанча-қанча одамлар учун ҳали ҳам ширин орзулигича қолмоқда, деди.
Давлатимиз раҳбари хорижий сармояларни жалб қилиш бўйича самарали тизим яратишни, ҳар бир кредитни аниқ ишлатишда етти ўлчаб, бир кесиш тамойилига қатъий амал қилиш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг хориждаги элчилари зиммасига ҳам масъулиятли вазифалар юкланди. Улар ўзлар элчи бўлиб турган давлатлардан мақсадли инвестициялар жалб этиш, технологиялар олиб келиш, сайёҳлар жўнатиш бўйича аниқ таклифлар бериши лозим. Сайёҳлик ҳам инвестиция.
Бинобарин, сайёҳлик имконияти бизнинг юртимизникидан жуда кам бўлган давлатлар ҳам яхши уюштирган рекламалари ва тарғибот-ташвиқот ишларини самарали йўлга қўйгани боис биздан хийла кўп даромад олаётир.
Видеоконференция шаклида ўтган мажлисда мамлакатимизнинг бутун дунёдаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари ҳам қатнашди.
Мамлакатимизнинг Хитой, Жанубий Корея, Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчилари алоқага чиқиб, Президентимизнинг ташрифларидан сўнг ушбу мамлакатлар билан ҳамкорлик янада фаоллашганини, қўйилаётган вазифалар асосида элчихоналар фаолияти янгича мезонлар асосида ташкил этилаётганини қайд этди.
Давлат бошқарувининг ҳаддан ташқари марказлашуви, фақат юқори поғонадагиларни ишлашга мажбур этадиган бошқарув тизими. Бунда қуйи поғонадагилар ижодкорлик ва тадбиркорлик салоҳиятини ишга солмайди. Чунки ундан фойда йўқ – юқори рухсат бермайди. Шунинг учун улар тинчгина маишатини қилиб, юқоридан буйруқ кутиб юраверади. Бу истеъмолчилик жамиятига хос бўлган ҳодиса. Шу боисдан давлатимиз раҳбари давлат бошқарувини ҳаддан ташқари марказлаштиришдан воз кечиш зарурлигига урғу берди.
“Энди ҳар бир ҳудуд раҳбари ўз аравасини ўзи тортиши керак. Туман, шаҳар, вилоят ҳокимликлари ҳар бир ишда масъулиятни ўз зиммасига олиши зарур”, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Қўшиб ёзиш иллати бизга шўро замонидан мерос. Аммо истиқлолнинг чорак асри ўтгандан сўнг ҳам шу иллатдан халос бўла олмаганимиз бу йилги пахта ҳосилини йиғиб олиш даврида кўриниб қолди.
Юртбошимиз яқинда пахта ҳосили билан боғлиқ қўшиб ёзишлар ҳақида тўхталиб, шу сабабли иккита тажрибали вилоят раҳбарини ишдан олиб ташланганини мисол сифатида келтириб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида тадбиркорларни юрак ўйноғи қилаётган, уларнинг комил ишонч билан ишлашига тўсқинлик қилаётган назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши фаолияти давр талабига жавоб бермаётгани қайд этди.
Ўзингиз ўйланг, ушбу кенгашнинг ишчи органи ҳам, энг кўп текшириш ўтказадиган назорат органи ҳам – солиқ идорасининг ўзи. Текшириш учун ҳам ўзи рухсат берса, ҳам ўзи текширса, буни қандай тушуниш мумкин.
Шу муносабат билан текширишлар ўтказишга рухсат беришнинг махсус электрон ахборот тизимига ўтиш ва унинг назоратини Бош прокуратурага юклаш мақсадга мувофиқ, деб таъкидлади Президентимиз. Шунингдек, Юртбошимиз барча тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишни 2 йил муддатга тўхтатиш зарурлигини ҳам айтиб ўтди.
Аҳолини иш билан таъминлаш – долзарб масала. Ишсизлик жамиятга кўпдан-кўп муаммолар келтириб чиқаради. Моддий даромади бўлмаган, бекорчи кишиларни йўлдан оздирувчилар кўп бўлади. Шунинг учун ҳам Мурожаатномада “Энг катта дардимиз – иш ўринлари. Агар биз ишчи жойни яратмасак, одамлар биздан рози бўлмайди, қанчадан қанча ногирон бор экан-ку. Биз эса буларни яшириб юрдик”, деб таъкидланди.
Ўзгаришлар Парламентдан бошланади
Депутат ва сенаторларларни халқ сайлайди. Агар уларнинг қалби уйғоқ бўлмаса, ташаббускор бўлмаса, бошқалардан нимани кутиш мумкин. Аммо уларнинг ҳам камчиликлар фош бўлиб қолди. Йил давомида билдирилган 136 та қонунчилик ташаббусидан бор-йўғи 27 таси депутатларга тегишли бўлса, улар ҳам асосан амалдаги қонунларга Президентнинг фармон ва қарорларидан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар бўлса, шунинг ўзи парламентимизда фаолият самараси нақадар паст эканини кўрсатмайдими?
Нима, ислоҳотларни амалга ошириш учун фақат Президент фармон ва қарорлар қабул қилиши керакми? Қачон парламент, майли, кўп эмас, ҳеч бўлмаса битта соҳани тубдан яхшилашга қаратилган қарор ёки қонун ишлаб чиқади? Қачон бўлади, бу иш? Халқимиз сизлардан бу борада жавоб кутмоқда. Депутат ёки сенатор бўлиб сайландик, бўлди, энди ўзимиз хоҳлаганча юрамиз, деган гаплар ўтмишда қолиб кетди. Яна бир бор айтаман, уйғониш керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шартлигини алоҳида қайд этган давлатимиз раҳбари, яна бир бор айтаман: парламент халқнинг дарди ва муаммоларини ҳал этадиган, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришга кўмаклашадиган “тафаккур маркази” вазифасини бажариши зарур, деб таъкидлади.
Барча сиёсий кучлар учун тенг шароит яратиш ва парламент қуйи палатасидан Экологик ҳаракат вакиллари учун махсус ўрин ажратишдан воз кечиш вақти келди, деди Президентимиз.
Бу ўзгариш сиёсий майдонда соғлом рақобатни кучайтиради ва Экологик ҳаракатнинг алоҳида сиёсий куч сифатида мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Истиқболдаги ишлар
Чет элларда таълим олаётган, меҳнат қилаётган ёшлар билан алоқа ўрнатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, юртимизга қайтиш истагида бўлганларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни кучайтириш зарурлигига тўхталган давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ёшлари халқаро ассоциациясини тузиш ва унинг самарали фаолият юритиши учун тегишли шароит яратиб бериш кераклигини айтди.
Ёшларимиз хориждаги тенгдошлари билан илм-фан, маданият, тадбиркорлик, спорт ва бошқа соҳаларда доимий фаол мулоқотда бўлишлари мақсадга мувофиқ. Бу уларнинг ўз салоҳиятини дунё миқёсида намоён этишлари учун катта имконият яратади. Шунинг учун келгуси йили Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказиш кўзда тутилмоқда, деди Президентимиз.
Биз қурилиш-пудрат ташкилотлари ва қурувчиларнинг замонавий авлодини яратиш устида жиддий бош қотиришимиз зарур, деди Шавкат Мирзиёев.
Шу борада қурилиш соҳасини 2030 йилгача инновацион ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади.
Пост-патруль хизмати ходимларининг видеокамераси бўлмаса, ҳайдовчилар у билан гаплашмаслиги керак. Камера бўлмаса у пора олиш пайида бўлади. Вилоятлар чегарасидаги постлар ҳам камайтирилади. Масалан, Хоразмдан йўлга чиққан одам Тошкентга келгунча текширувдан ўтавериб тинкасини қурийди, деди давлатимиз раҳбари.
Бугунги кунда юртимизда 1 минг 500 дан зиёд оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда. Улар мулк шакли, йўналиши, ахборот узатиш воситаларига кўра турличадир.
Ўз-ўзидан равшанки, уларнинг барчасига юқори малакали кадрлар керак. Афсуски, бундай кенг кўламли вазифани бир жойда марказлаштирган ҳолда ҳал этадиган таянч олий ўқув юрти мамлакатимизда мавжуд эмас, деди Шавкат Мирзиёев.
Шу мақсадда Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университетини ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.
Президентимиз иқтидорли болаларимизни қўллаб-қувватлашимиз, уларга барча зарур шароитларни яратиб беришимиз кераклигига эътиборни қаратди.
Шунда келгусида фарзандларимиз орасидан янги Абдулла Ориповлар, Эркин Воҳидовлар етишиб чиқади. Мен бунга ишонаман, деди.
Шавкат Мирзиёев демократиянинг илғор механизми сифатида жамоа бўлиб электрон мурожаат киритиш тартибини жорий этишни таклиф этди.
Яъни, бир гуруҳ фуқаролар томонидан илгари сурилган ташаббусларни Олий Мажлис ёки халқ депутатлари кенгашлари кўриб чиқиши мажбурий экани қонунда белгилаб қўйилиши лозим.
Шу муносабат билан мамлакатимиз фуқаролари давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикрларини билдиришлари учун интернет тармоғида “Менинг фикрим” деб номланган махсус веб-саҳифа ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва
технологияларни қўллаб-қувватлаш йили
Шавкат Мирзиёев Мурожаатномасида янги – 2018 йилга юртимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном беришни таклиф этди. Тадбир иштирокчилари мазкур таклифни гулдурос қарсаклар билан қўллаб-қувватлади.
Жаҳолатга қарши маърифат: кимда нима бўлса, ўшани беради
Президентимиз юртимизда дин соҳасида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, ислом динининг асл мазмун-моҳиятини халқимизга, айниқса, ёшларга ўргатиш, уларнинг илм ва маънавиятини оширишга қаратилаётган эътибор ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
«Ислом маданияти маркази ҳақида. БМТда бекорга ал-Бухорий маркази ҳақида гапирганим йўқ. Ҳозирги ёшлардан ал-Бухорийни ким ўқияпти? Адашганлар бўлиши мумкинми бизнинг маҳаллада, жамиятда? Ким жавоб беради? Ижро органи. Афв этилганларнинг тақдирлари нима бўляпти. Ҳоким, диний ишлар бўйича вакил қаерга қарамоқда? Битта назариячимиз йўқ, номи чиққан. Насафий бобомиз минг йил аввал ёзган адашганлар ҳақида.
Ҳозир эса китоб ёзганларни топа олмадим... 20 йилда бир нарсани қойил қилганлар йўқ», деди Президент.
Маҳалладаги имом унга ҳақиқий исломни тушунтира олса, у адашганларни киргизишга ҳаққимиз йўқ. Худо ҳам, бандаси ҳам бизни кечирмайди», деди Президент.
Ҳақиқатан, Имом Бухорийни ким ўқияпти деган савол бизнинг бу борада кўп камчиликларимиз борлигини кўрсатади. Чунки биз шу вақтга қадар унинг асарларининг болаларбоп, оммабоп, аёл-қизларбоп нашрларини амалга ошира олмадик. Аллома асарларининг аҳоли турли қатламларини қизиқтирадиган шакллари чиқарилмади. Болалар учун у ривоят қилган ҳадислар асосида эртаклар, ҳикоялар ёзилмади, рангли суратда чоп этилмади.
Имом Насафийдек, зотлар ўтган йигирма йил ичида юртимизда етишиб чиқмади. Чунки муҳтарам домлаларимиз адашган оқимларнинг ақидаларини Насафий билганчалик пухта билмайди. Уларнинг адабиётларини қўлга олиб кўришга, интернетдаги сайтларига киришга қўрқади. Аллоҳ асрасин, бирортаси кўриб қолса, бало улардан эмас, ўзимизникилардан келади...
Халқаро валюта фонди маълумотларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотнинг даромад қисми киши бошига ҳажми бўйича 187 давлат ўртасида 134-ўринни эгаллаган. Ваҳоланки, бундай ҳолат Ўзбекистоннинг бой салоҳияти ва ресурсларига тўғри келмайди.
Хулоса қилиб айтганда, Давлатимиз раҳбари ўзларининг бу тарихий Мурожаатларида жимятимизнинг барча қатламида мавжуд бўлган ҳолатга тўғри ва оқилона баҳо бериб, ҳар бир соҳадаги муаммо ва камчиликни батамом тугатиш ва бартараф этиш зарурлигини, акс ҳолда кутилган ижобий ўзгаришларга эришиш имконсиз эканини қатъий маълум қилдилар. Ўзбек халқи тарихдан ўзининг шижоати, илмга иштиёқи, донолигу билимдонлиги билан ном чиқарган миллатдир. Буни мағрибдан машриққача ҳамма халқлар яхши билади. Бугунги осойишта, тинч ҳаёт, мўл-кўлчилик, одамларимиз орасида қарор топаётган ўзаро меҳр-мурувватлилик, адолатли, жонкуяр, халқпарвар раҳбарнинг бошимиз ўзра тургани буюк Аллоҳ таолонинг чексиз мурҳамати эканини ҳам яхши билади. Парвардигори оламнинг бу раҳмати илоҳияси давомий ва файзу баракали бўлиши учун ҳар доим дуои хайр ва шукрда бўлишимиз ҳар қачонгидан кўра, бугун зарур ва муҳимроқ. Президентимизнинг ушбу Мурожаатларидан ҳар биримиз керакли хулоса чиқариб, имконият қўлимизда борида, иш услубимизни ўзгартиришимиз, ҳаётга бошқача назар солиб, янгича яшашга ўрганишимиз керак. Бу эса ўқиш, изланиш, ўрганиш, ўз устида тинимсиз ишлаш, ҳалол меҳнат ва садоқатли хизмат билан бўлади.
ЎМИ матбуот хизмати