www.muslimuz

www.muslimuz

Якунига етган йил мамлакатимизда барча йўналишларда бўлгани каби диний-маърифий сохада ҳам янгиликлар, ислоҳотларга бой йил бўлди. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ислом маърифатини таратиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим, муассасалари билан ҳамкорлик йўлида кўплаб эзгу ташаббуслар, хайрли лойиҳаларга қўл урилди. Бу ишлар негизида имомлар, диний соҳа ходимлари томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар алоҳида аҳамият касб этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти вакиллиги ўтган 2019 йилда соҳада амалага оширилган муҳим ишлар, ютуқларнинг сарҳисобини эълон қилди. Унга кўра:

  • Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 9 сентябрдаги“Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорига асосан ўтган 2019 йил давомида ҳафтанинг ҳар жума кунлари ҳар бир туман ва шаҳарлардаги жоме масжидларда “Китоб сайллари” ташкил этилди. Ҳар бир китоб сайлида 300 дан ортиқ диний-маърифий, бадиий китоблар савдоси арзон нархларда йўлга қўйилди. Мазкур лойиҳа орқали вилоятнинг чекка ва олис ҳудудларидаги аҳолига китобларни арзон нархларда етказиб бериш ва уларда китобхонлик муҳитини оширишга эришилмоқда. 

  • 2019 йилда бинолари эскириб, нураб қолган, таъмирга муҳтож масжидларни замон талабига мос, шаҳарсозлик анъаналарига мувофиқ ҳолда қайта қуриш ишларига катта аҳамият берилди. Ҳозирги вақтда вилоят бўйича 40 дан ортиқ масжидлар халқ ҳашари йўли билан  янгидан қурилмоқда.

 

  • Жойлардаги ФҲДЁ бўлимлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги яраштирув комиссияси ҳамкорлигида имом-хатиб, имом ноиблари тоомнидан вилоят бўйича жами 785 та оилавий ажрим остонасида турган оилалар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, улардан 584 та оила сақлаб қолинишига эришилди.

 

    • Масжид имомлари томонидан ҳомийларни жалб этган ҳолда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган ёрдамга муҳтож жами 1954 нафар кишилар ҳолидан хабар олиниб, уларга жами 442.560.000 сўм миқдорда турли моддий ёрдамлар улашилди.

    • Тошкент вилоятида фаолият юритаётган 10 нафар ўрта-махсус маълумотли имом-хатиблар Тошкент ислом институтида илк бор ташкил этилган Модуль таълим тизимига мақсадли равишда ўқишга қабул қилиндилар.

    • Оҳангарон тумани Абдуқаҳҳор махсум жоме масжиди имом-хатибиАбдулбосит Нусратуллаев “Энг маърифатли имом – 2019” кўрик танловининг Республика босқичида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.

    • Тўрт нафар имом-хатиб хорижий давлатларда ташкил диний-маъриифий тадбирлар, Рамазон ойида хатми Қуръонларда иштирок этиб, мусулмонларнинг таҳсин ва ташаккурларига сазовор бўлдилар.

    • Махсус ҳайъат томонидан вилоятда фаолият юритаётган отинойиларнинг билимлари синовдан ўтказилиб, иш фаолиятлари таҳлил қилинди. Суҳбатлардан қониқарли ўтган номзодларнинг 278 нафар номзодга илк бор отинойилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи учун гувоҳномалар берилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

7 январь куни Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида Бутун дунё Ислом уюшмаси Олий кенгашининг 44-давра йиғилишида Яқин Шарқ мамлакатларидаги можаролар, турли минтақалардаги мусулмон озчиликка қарши зўравонликларга барҳам бериш, хусусан роҳинжалар масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек, дунё давлатларида тинчлик-осойишталикни таъминлаш, бузғунчиликнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш ва халқларнинг осуда ҳаётига раҳна солувчи қора кучларнинг хатти-ҳаракатларига чек қўйишга чақирилди.
Муҳокама қилинган масалалар бўйича Саудия Арабистони бош муфтийси Шайх Абдулазиз Оли Шайх, Бутун дунё Ислом уюшмаси бош котиби, доктор Муҳаммад Абулкарим Ийсо ва бошқа бир қатор мартабали кишилар тилга олинган мавзулар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
Ушбу анжуман доирасида Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида жойлашган Халқаро Ислом фиқҳи академияси фатволар ишлаб чиқиш, шаръий масалаларга мақбул ечимлар топиш ва замонавий муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш борасидаги хизматлари учун юксак мукофот билан тақдирланди. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорининг ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур Халқаро Ислом фиқҳи академиясининг доимий аъзоси ҳисобланади.
Олий кенгаш йиғилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари Бутун дунё Ислом уюшмаси Олий кенгаши аъзоси сифатида иштирок этмоқдалар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

7 январь куни Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида Бутун дунё Ислом уюшмаси Олий кенгашининг 44-давра йиғилиши бошланди. Унда таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, давлат ва дин арбоблари ҳамда халқаро исломий ташкилотлар етакчилари иштирок этмоқда.
Олий кенгаш йиғилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари ҳам иштирок этмоқда.
Мазкур сафар жараёнлари ва ундаги масалалар сайтимиз орқали ёритиб борилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугунги кун давр талаби барча соҳалар каби диний соҳа вакиллари олдига ҳам бир қатор муҳим вазифа ва талабларни қўймоқда. Юртимизда сўнги йилларда ислом дини равнақи йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда, миллий-диний қадриятларимизга бўлган эътибор янада кучайтирилиб, буюк аждодларимизнинг бой илмий-маърифий асарларини ўрганишга кенг имкониятлар яратилмоқда.
Жумладан, диний таълим тизими такомиллаштирилиб, мутлақ янги босқичга кўтарилди. Ушбу тизим нафақат қўшни мамлакатлар, балки, кўпгина хорижий давлатлар учун ҳам ўзига хос тажриба намунасига айланди.Тошкент ислом институти сафига яна иккита олий диний таълим муассасаси – Мир Араб олий мадрасаси ҳамда Ҳадис илми мактаби қўшилди, шу билан олий диний таълим муассасалари сони 3 тага етди.
Бу орқали Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини,исломий билимларнинг илмий-назарийасослариничуқур ўрганган, жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган улуғ аллома ватандошларимизнинг улкан илмий меросини пухта ўзлаштирган, диний соҳада илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассисларни тайёрлаш ҳамда ислом динининг эзгу умуминсоний ғояларини халқимиз, айниқса, ёш авлодга етказиш мақсадлари қўйилган.
Шунингдек, мамлакатимиз фуқаролари муқаддас ҳаж ва умра зиёратларини адо этишлариучун шарт-шароитлар янада яхшиланди. Жумладан, умра зиёратига борувчилар учун чеклов (квота) олиб ташланди, ҳаж зиёратига борувчилар сони эса 5 мингдан 7 минг 200 нафаргача оширилди.
Юқоридаги ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда жорий йил 6 январь куниЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг 70 йиллик таваллуд айёми билан самимий табриклаб, муфтий ҳазратларининг мамлакатимизда Ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳияти ва эзгу ғояларини, улуғ аллома ва мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий меросини тадқиқ этиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасидаги катта хизматлари, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, бағрикенглик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли фаолиятининг юксак эътирофи рамзи сифатида “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирладилар.
Ушбу давлат мукофоти сўнги уч йил давомида ислом динига, диний соҳа вакилларига қаратилаётган улкан эътиборнинг олий намунаси бўлди десак, тўғри бўлади.

Ж.Акрамов
Ҳадис илми мактаби
Ўқув-услубий бўлим бошлиғи

Вівторок, 07 Январь 2020 00:00

Нурул изоҳ: ИМОМЛИКНИНГ ҲУКМИ

*** Имомликнинг ҳукми***

Имомат азон айтишдан ҳам фазилатлироқдир. Жамоат билан намоз ўқиш ҳеч қандай узри бўлмаган барча эркаклар учун таъкидланган суннатдир.

 

***Имомнинг дуруст бўлиш шартлари ***

Соғлом эркакларнинг имом бўлипш учун қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши лозим:

1.Имомнинг мусулмон (комил имон эгаси) бўлиши.

2.Балоғатга етган киши бўлиши.

3.Ақлли бўлиши.

4.Эркак бўлиши (аёлларнинг эркакларга имом бўлиши жоизэмас).

5.Намоз саҳиҳбўладиган даражада Қуръони каримдан ёд ўқий олиши.

6.Узрли бўлмаслиги, дудуқ бўлмаслиги. Таҳорат ва сатри аврат каби намознинг бошқа шартларига ҳам эга бўлиши керак.

 

***Имомга иқтидо қилишнинг саҳиҳ бўлиш шартлари ***

Имомга иқтидо саҳиҳ бўлиши учун ўн тўрт шарт мавжуд:

1.Муқтадийнинг такбири таҳрима айтищда имомга иқтидо этишни ният қилиши.

2.Имомнинг аёлларни унга иқтидо қилишлари учун имомликка ният қилиши.

3.Имомнинг тўпиқлари жамоатнинг тўпиқларидан олдинроқда бўлиши.

4.Имомнинг ҳолати унга иқтидо қилган кишининг ҳолатидан паст бўлмаслиги, яъни имом нафл, унга иқтидо қил­ган киши фарз намоз ўқимаслиги керак.

5.Имом билан муқтадийнинг бошқа-бошқа фарз намозларни ўқимаслиги, яъни жамоат билан имом бир хил вақнинг фарз намозларини ўқишлари зарур.

6.Муқимнинг вақти чиққан тўрт ракатли фарз намозни ўқишда мусофирга имом бўлмаслиги.

Изоҳ: Мусофир киши муқим имом бўлиб вақтида ўқилаётган тўртракатли фарзларнинг бирига охирги иккиракатда етишса, унга учинчи ва тўртинчи ракатларда қироат қилиш фарз, имомга эса суннат бўлгани учун юқорида айтиб ўтилганидек, имомга иқтидоқилишнинг дуруст бўлиш шартларидан бири, яъни имом ҳолатининг муқтадийникидан паст бўлмаслиги шарти бузилади.

7.Имомнинг масбуқ (жамоат намозига кеч келиб, қолдирганини қўшилиб ўқиётган) бўлмаслиги.

8.Имом билан жамоат орасида аёллардан иборат саф бўлмаслиги.

9.Имом билан муқтадийлар орасида қайиқ ўтадиган анҳор ёки машина ўтадиган йўл бўлмаслиги.

10.Бир макон ҳукмида бўлган жойда жамоат билан имом орасида имомнинг ҳаракатларини билишга тўсиқ бўладиган девор ёки пардага ўхшаш нарсаларнинг бўлмаслиги. Фақат орадаги тўсиқларга қарамасдан, имомнинг қироатларини эшитаётгани ёки кўраётгани туфайли унинг ҳаракатларини аниқлай олса, иқтидо қилиш жоиздир.

11.Имомнинг маркабда (от, машина ва бошқалар) муқтадийнинг яёв, ёки аксинча, имомнинг яёв, муқтадийнинг маркабда бўлмаслиги.

12.Муқтадий билан имомнинг бошқа-бошқа маркаб ёки уловда бўлмаслиги.

13.Имом бир кемада, муқтадий эса унга боғлиқбўлмаган бошқа бир кемада бўлмаслиги.

14.Муқтадийнинг имомда ўз мазҳабига кўра, намозни бузадиган ҳолатни кўрмаслиги (масалан, Шофеъий мазҳабидаги имомнинг оғзини тўлдириб қусганидан ёки баданидан қон чиққанидан сўнг таҳоратини янгиламаганига шоҳид бўлмаслиги).

 

*** Имомга иқтидо қилиш ҳақида турли масалалар ***

Таҳоратлининг таяммум қилганга, сув билан оёғини ювган кишининг маҳсига масҳ тортганга, тик туриб намоз ўқиганнинг ўтириб намоз ўқиганга ва букри бўлмаган ки­шининг букри имомга, бош ишорати билан намоз ўқигаи кишининг ўзидек бош ишораси билан ўқиганга ҳамда нафл намоз ўқиётган кишининг фарз намоз ўқиётган кишига иқтидо қилиши жоиздир.

Имомда намозни бузадиган ҳолат юз берган бўлса, жамоат намозни такроран ўқиши лозим. Намозида бирор нуқсон рўй берган имом жамоатга намозни такрор ўқиш заруратини маълум қилиши керак.

 

*** Жамоат намозига бормасликка узр сабаблар ***

Қуйидаги ўн саккиз ҳолатдан бирининг мавжудлиги жамоат намозига боролмасликка узр бўлади:

1.Ёмғир ёғиши.

2.Шиддатли совуқ.

3.Душман (йиртқич ҳайвон)га ўхшаш нарсадан қўрқиш.

4.Қоронғулик.

5.Қамоқхонада бўлиш.

6.Кўрлик.

7.Фалаж бўлиш.

8.Бир қўл ёки бир оёқнинг кесилган бўлиши.

9.Касаллик.

10.Юришга ожизлик.

11.Ботқоқлик.

12.Муттасил дард.

13.Қарилик.

14.Жамоатга чиқилса, фиқҳ илмидан баҳс олиб бораётган гуруҳнинг намозга қайта жам бўлмайдиган ҳолда тарқаб кетишидан сақланиш.

15.Нафсга хуш келган таом дастурхонга тортилганида.

16.Сафарга жўнаб кетиш они.

17.Бирор беморга қараб туриш мажбурияти.

18.Тунда эсаётган қаттиқшамол.

Жамоатни тарк этишни мубоҳ қилган узр туфайли ундан қолган киши ёлғиз намоз ўқиса жамоатда ўқиганчалик савоб олади.

 

*** Имоматга энг лойиқ киши ***

Ҳозир бўлганлар орасида уй эгаси ёки масъул имом ёки ўша жойнинг ҳокими бўлмаганида, аввало намоз масалаларини яхши билган кишидан сўнг Қуръонни тўғри ўқий оладиган, сўнгра энг тақводор киши, сўнгра ёши энг улуғ киши, сўнгра энг ахлоқли киши, сўнгра энг чиройлиюз эгаси, сўнгра насаби улуғ киши, сўнгра энг гўзал овоз эга­си ва сўнгра энг тоза кийим кийган киши имомликка энг лойиқ ҳисобланади. Буларнинг барчаси бир хил бўлган тақдирда ё қуръа ташланади ёки жамоатнинг танловига қолдирилади. Агар келиша олмасалар, кўпчиликнинг фикри эътиборга олинади. Энг ҳақдор одамдан бошқани имом қилса, жамоат гуноҳкор бўлади.

 

***Имомлик қилиши макруҳ бўлган кишилар***

Қулнинг, кўрнинг, (жоҳил) бадавийнинг, отаси номаълум кишининг (яъни, валади зинонинг), фосиқнинг ҳамда бидъатчининг имом бўлиши макруҳдир.

Изоҳ: Бадавий ва валади зино имом бўлишининг макруҳ ҳисобланишига сабаб уларнинг жоҳил бўлиши ёки имомат масъулиятларини тўла адо эта олмаслик эҳтимоли борлигидир. Кароҳатнинг асосий сабаби валади зино ёки бадавий бўлгани эмас, балки жоҳилликдир. Агар бадавий шаҳарликдан, валади зино отаси аниқ кишидан янада фазилатли ва янада олим бўлса, имомлик қилишларига ҳеч қандай монеълик йўқ. Фақат валади зино Ислом динида қаттиқ нафрат билан қаралган бир гуноҳ маҳсули бўлгани учун унинг имом бўлиши жамоат камайишига олиб келиши мумкин. Шу туфайли ҳар қанча олим ва фазилат соҳиби бўлса ҳам, уларнинг имомлик килиши тўғри эмас, дегувчилар ҳам бор.

Суннат бўлган миқдордан ортиқча қироат ва тасбеҳлар билан намозни чўзиш, яланғоч кишиларнинг ва аёлларнинг жамоат бўлиб намоз ўқишлари макруҳдир.

 

*** САФНИНГ ТАРТИБИ ***

Муқтадий бир киши бўлса, имомнинг ўнг томонида, бир кишидан кўп бўлса, имомнинг орқасида туради, имомнинг орқасида аввало эркаклар, сўнгра болалар, улардан сўнг хунасалар, сўнгра эса аёллар саф тортадилар.

Изоҳ: Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, бир ҳадиси шарифларида шундай дейдилар: «Эй инсонлар! (Бошқаларга имом бўлгаилар) жамоатингиз орасида юраги сиқилиб турганлар бўлиши мумкин. Ким имом бўлса, жамоатни сиқадиган даражада намозни чўзиб юбормасин. Чунки жамоaт орасида қариялар, намозда узоқ муддат тура олмайдиган заиф, узрли кишилар бўлиши мумкин».

Ушбу ҳадис ҳам имом вазиятни назарда тутиб, намозни суннат бўлган миқдордан ҳам қисқароқ ўқиб бериши мумкинлигига далилдир: Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам, бир куни бомдод намозини «Фалақ» вa «Hoc» суралари билан ўқиб бердилар. Саҳобалар нечун бунчалик қисқа ўқиб бeрганларини сўраганларида, Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, бунга жавобан шундай дейдилар: «Намоз асносида бир боланинг йиғисини эшитдим ва унинг жамоатда бўлган онаси безовталанишидан хавотир қилганим учун қисқа ўқидим».

 

*** Имом намозни битирганидан сўнг муқтадий қилиши керак бўлган амаллар ***

Муқтадий ташаҳҳудни тамомламай туриб, имом са­лом берса, муқтадий ташаҳҳудни ниҳоясига етказиб, сўнгра салом беради.

Муқтадий рукуда ёки саждада уч марта тасбеҳ айтмасидан имом туриб кетса, имомга иқтидо қилиб, муқтадий ҳам туради.

Имом ортиқча бир сажда қилса ёки охирги қаъдада, ташаҳҳуддан сўнг (салом бермасдан) адашиб, бир ракат ортиқча ўқишга турса, жамоат имомга иқтидо қилмайди ва салом бермасдан кутади. Имом бу ортиқча ракатни сажда билан боғлайдиган бўлса, муқтадийнинг ўзи салом беради.

Агар имом охирги қаъдада ўтирмасдан адашиб (ор­тиқча ракатга) туриб кетса, муқтадий (имомни) кутади. Имом бешинчи ракатга сажда қилмасдан олдин, муқтадий салом бериб юборса, намози фосид бўлади.

Имом ташаҳҳуд ўқигач, салом бермасдан аввал муқтадийнинг салом бериши макруҳдир.

Фарз намозларидан сўнг дарҳол суннатни ўқишга туриш суннатдир. Шамсул-Аимма Ҳулвонийга кўра, суннат билан фарз орасида баъзи дуоларни ўқишнинг зарари йўқ.

Имом салом бергач, фарз намозни ўқиган жойини ўзгартириб, суннатни чап ё ўнг томонга ё орқароққа ўтиб ўқиши, суннат намози бўлмаса салом берганидан сўнг, жамоатга қараб, ўтириб дуо қилиши мустаҳабдир.

 

*** Намозни бузадиган нарсалар ***

Қуйидага амаллар, ҳолат ва ҳаракатлар намозни бузади:

1.Билиб, билмай ё адашиб гапирмоқ.

2.Намозда турган ҳолда, инсоний сўз билан, масалан, «Аллоҳим менинг қорнимни тўйғаз» каби дуо қилиш.

3.Саломлашиш мақсадида бировга салом бермоқ.

4.Тил билан алик олмоқ.

5.Қўл бериб саломлашмоқ.

6.Амали-касир яъни, кетма-кет уч марта намоздан бўлмаган амалларни қилиш. Масалан, уч марта бир жойни қашиш ёки четдан қараган киши намоз ўқимаяпти деб гумон қиладиган даражада ножоиз ҳаракатлар қилиш.

7.Кўксини кибладан бошқа томонга буриш, чунки қиблага юзланиш фарзи тарк этилади. Фақат бошнинг ўзини бошқа томонга буриш намозни бузмаса-да, макруҳдир.

8.Оз бўлса-да, оғиз четида бўлган бирор нарсани емоқ.

9.Тишлар орасида қолган нўхатдек бирор нарсани емоқ.

10.Бирор нарса ичмоқ (ташқарида намоз ўқиган киши бошини юқорига кўтарганида томоғига ёмғир томчиси кириб кетса, намози бузилади).

11.Узрсиз томоқни кириш ёки йўталиш (бирор узр туфайли бўлса зарари йўқ).

12.«Пуф» демоқ.

13.«Оҳ»демоқ.

14.Фарёду фиғон чекиш.

15.Оғриқ туфайли ё овоз чиқариб йиғлаш.

16.Мусибат туфайли овоз чиқариб йиғлаш.

Бу амаллар жаннат иштиёқи ёки жаҳаннам қўрқувини эслаб қилинса, хушуъга далолат қилгани учун зарари йўқ.

17.Акса урганга «Ярҳамукаллоҳу» дейиш.

Сўровчига жавоб маъносида (намозда) «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейиш.

18.(Ўлимга ўхшаш) нохуш хабарга жавобан, «Инна лииаҳи ва инна илайҳи рожиъун», дейиш.

19.Бирор бир хушхабарга «Алҳамдулиллаҳ» дейиш.

20.Инсонни ҳайратга солувчи бир хатарни эшитгач, «Ла илаҳа иллаллоҳ» ёки «Субҳаналлоҳ» дейиш.

21.Намозда бўлмаган кишига жавоб бериш ниятида, Қуръондан «Йа Яҳё, хузил китаба» каби оят ўқиш.

22.Таяммум билан намоз ўқиёттан кишининг сувни кўриши.

23.Намоз мобайнида масҳ муддатининг тугаши.

24.Оёқдан маҳсини ечиш.

25.Уммийнинг (ъон ўқиёлмайдиган киши) намоз мобайнида бир оят ўрганиши.

26.Яланғоч кишининг (намоз асносида) аврат жойларини беркитадиган бирор нарсани кўриши.

27.Имо-ишора билан намоз ўқийдиган кишининг (на­моз асносида) тузалиб, руку ва сажда қилишга ўзида куч топиши.

28.Тартиб соҳибининг (қазо намози айни вақтдан ўтмаган киши) ўқилмай қолган бир намозни эслаши.

29.Имомнинг таҳорат бузилганида узрли ёки уммий кишининг имомликка ўтиши.

30.Бомдод намозини ўқиётганида қуёшнинг чиқиши.

31.Ҳайит намозини ўқиётиб, қуёш заволга келиши.

32.Жума намозини ўқиётганида аср намози вақтининг кириши.

33.Яранинг тузалиши туфайли устидаги боғич тушиши.

34.Узрлининг узри йўқолиши.

35.Қасддан таҳорат бузиш.

36.Бирор нарсанинг таъсири туфайли таҳорат бузилиши.

37.Ҳушдан кетмоқ.

38.Ақлдан озмоқ.

39.Аёлга қараш ёки ўйлаш билан эҳтилом бўлиш.

40.Жамоат намозида имом эътиборга олган аёл билан ёнма-ён ё унинг ортида туриб қолиш.

41.Намоз асносида таҳорати бузилган кишининг мажбур бўлса-да, аврат жойларидан бирининг очилиши (таҳорати бузилган аёлнинг таҳорат қилиш учун билагини очиши каби).

42.Таҳорати бузилган киши таҳорат қилишга кетаётиб ёки (намозини тамомлаш учун) қайтаётиб, қироат қилиши.

43.Таҳорати бузилганидан сўнг бир рукн миқдорича таҳорат қилишга бормай, жойида туриши.

44.Ўзи хоҳламаган ҳолда таҳорати бузилган кишининг таҳорат қилиши учун яқиндаги сувни қўйиб, узоқроқдаги сувга бориши.

45.Таҳорати кетганлигини гумон қилиб, намозини бузиб масжиддан чиқиш.

46.Масжиддан бошқа жойда таҳорати бузилганини гу­мон қилгач, сафдан ажралиб чиқиш.

47.Намоз ўқиётган кишининг таҳоратсиз эканини ёки масҳ муддати тугаганини гумон қилиб — масжиддан чиқмаса ҳам, сафдан ажралиб чиқиши.

48.Зиммасида қазо намози ёки кийимида, баданида намозга тўсиқ бўларли даражада нажосат борлигини ўйлаб, масжиддан чиқмаса ҳам, сафдан ажралиб чиқиш.

49.Намоз ўқиётган кишининг қироатда тутилиб қолган имомидан бошқа кишига айтиб юбориши.

50.Ўқиётган намозидан бошқа намозга ўтиш ниятида такбир айтиш.

Бу санаб ўтилган хато амаллар охирги қаъдада ташаҳҳуд ўқиш миқдорича ўтирмасдан аввал юз берса, намозни бузади.

51.Такбирда «Аллоҳу» лафзининг бошидаги «а» товушини чўзиш.

52.Қуръонга қараб қироат қилиш.

53.Аврат жойлари очиқ ҳолда ёки устида намозга тўсиқ бўладиган даражада нажосат билан (руку ва сажда каби) бир рукнни бажариш ёки бир рукнни бажариш миқдорича вақтни ўтказиш.

54.Муқтадийнинг бирор рукнни имомдан олдин адо этиши. Бунда фақат муқтадийнинг намози бузилади.

55.Имомнинг саждаи саҳв учун саломига эргашган масбуқ намози.

56.Намоз ўқиётган кишининг охирги қаъдада ташаҳҳуд ўқиш миқдорича ўтиргач, адо этмай қолдирган бир саждани адо этгач, қайта қаъдаи охир қилмаслиги.

57.Намоз ўқиётган кишининг ухлаган ҳолатда адо этган рукнни уйғонгач, қайта бажармаслиги.

58.Масбуқ бир ракат ўқимасидан олдин имомнинг қахқаҳа отиб кулиши ё қасддан таҳоратини бузиши масбуқнинг намозини бузади.

59.Икки ракатли бўлмаган фарзларда муқимнинг ўзини мусофир деб ўйлаб, икки ракатда салом бериб юбориши.

60.Пешин намозининг фарзини жума намози деб ўйлаб, икки ракатдан сўнг салом бериш.

61.Хуфтон намозини таровиҳ деб ўйлаб, икки ракат­дан сўнг салом бериш.

62.Исломга эндигина киргани, тажрибасиз бўлгани учун тўрт ракатли намозни икки ракатли деб ўйлаб, дастлабки қаъдада салом бериш.

 

*** Намозни бузмайдиган нарсалар ***

1.Намоз ўқиётган кишининг намоз асносида бирор ёзувга қараб, уни тушуниши.

2.Типшари орасида қолиб кетган нўхат донасидан кичик нарсани амали касир қилмасдан ютиш.

3.Намоз ўқиётган кишининг сажда қиладиган жойидан бирор кишининг ўтиши.

4.Ражъий талоқ килган аёлининг авратига шаҳват билан қараши.

 

*** Намознинг макруҳлари ***

Намоз ўқиётган кишига қуйидагилар таҳримий ё танзиҳий макруҳдир:

1.Қасддан вожиб ёки суннат амални тарк қилиш.

2.Намозда амали касир қилмаган ҳолда либосларни ўйнаш.

3.Баданини қашилаш, ўйнаш.

4.Сажда ўрнидан майда тошчаларни олиб ташлаш (фақат саждага тайёрлаш учун бир марта қилиш мақруҳ эмас)

5.Бармоқларни қисирлатиш.

6.Қўл панжаларини бир-бирига кийгизиш.

7.Қиёмда қўлни белга қўйиш.

8.Фақат бўйинни буриб, ёнга қараш (кўксини ҳам бурса, намоз бузилади).

  1. Мақъадни ерга қўйиб, тиззаларини тик қилган (ит каби) ҳолатда ўтириш.

10.Эркакларнинг саждада тирсакларни ерга теккизиши.

11.Намозда енгни шимариб олиш.

12.Кўйлак кийишга имконияти бўлатуриб, фақатгина иштон (ёки шим) билан намоз ўқиш.

13.Ишорат билан салом бериш.

14.Ташаҳҳуд ўқиёттанида узрсиз чордана қуриб ўтириш.

15.Эркак кишининг сочларини бир жойга тўплаб, боғлаб олиши.

16.Бош атрофини ўраб, тепасини очиқ қолдириш.

17.Саждага бораёттанида кийимларни йиғиш ё тўғрилаш.

18.Палто ёки костюмни тўғри киймасдан, елкага ёки бошга ташлаб олган ҳолда намоз ўқишни бошлаши.

19.Қўлларни чиқариб олишга имкон қолдирмаган ҳолда, бирор нарсага ўраниб намозни бошлаш.

20.Кийимни ўнг қўлтиғининг остидан ўтказиб, икки учини чап елкаси устига ёки чап қўлтиғининг остидан ўтказиб, ўнг елкасига ташлаб олган ҳолда намозни бошлаш.

21.Қироатнинг бир қисмини қиёмда бўлмаган ҳолатда (яъни, рукуда) тамомлаш.

22.Нафл намозларнинг биринчи ракатини иккинчи ракатидан узунроқ ўқиш.

23.яарча намозларнинг иккинчи ракатида қироатни би­ринчи ракатта нисбатан узун қилиш.

24.Фарз намознинг бир ракатида бир сурани икки марта ўқиш.

25.Кейинги ракатда аввалги ракатда ўқилган сура ёки оятдан олдинроқдаги сура ёки оятни ўқиш.

26.Икки ракатда ўқилган зам сураларнинг орасини фақатгина бир сура билан ажратиш (масалан, биринчи ра­катда Наср сурасини ўқиб, иккинчи ракатда Ихлос сурасини ўқиш).

27.Хушбўй бирор нарсани қасддан ҳидлаш.

28.Кийим ёки елпиғич билан бир-икки марта елпиниш.

29.Саждада ва саждадан бошқа пайтларда қўл ва оёқ бармоқларини қибладан кайтармоқ.

30.Рукуда икки қўлни тиззалар устига қўймаслик.

31.Намозда эснаш.

32.Кўзларни юмиш.

33.Осмонга қарамоқ.

34.Керишмоқ.

35.Оз бир ҳаракат қилиш (амали ҳолил).

36.Бит тутиш ва ўлдириш.

37.Оғизни ва бурунни ўраб олмоқ.

38.Суннатга мос равишда Қуръон ўқишга тўсқинлик қиладиган бирор эримайдиган нарсани оғизга солиб олмоқ (эрийдиган модда намозни бузади).

39.Салла ўрамига (пешонани теккизмай) сажда қилиш.

40.Жонли нарсанинг расми устига сажда қилиш.

41.Бурунда ҳеч қандай узр бўлмай туриб, фақатгина пешона билан сажда қилиш.

42.Йўл устида намоз ўқиш.

43.Ҳаммомда намоз ўқиш (ташқарига чиқиш имкони бўлмаганида кароҳат бекор бўлиб, намоз ўқиш жоиздир).

44.Ҳожатхонада намоз ўқиш.

45.Қабристонда намоз ўқиш.

46.Эгасининг розилигисиз (бошқа кишининг) ерида намоз ўқиш.

47.Лош каби ифлос нарсага яқин жойда намоз ўқиш.

48.Таҳорат танг қилиб турган пайтда намоз ўқиш.

49.Ел чиқиши танг қилиб турган ҳолда намоз ўқиш.

50.Вақт чиқишидан ёки жамоатни қочиришдан қўрқмаган пайтда, кийими ва баданида намоз дуруст бўлишига тўсиқ бўлмайдиган даражада нажосат билан намоз ўқиш.

51.Ёлвориш ва Аллоҳ ҳузурида ўзини ҳақир тутишдан бошқа ниятда дангасалик ёки кибр туфайли бошяланг ва жомакорда намоз ўқиш.

52.Кўнгли тортиб турган таом дастурхонга тортилган пайтда намозни бошлаш.

53.Фикрни чалғитувчи нарсалар қаршисида намоз ўқиш.

54.Ўқиётган оятларини бармоқ билан санаш.

55.Руку ва саждада тасбеҳларни бармоқ билан санаш.

56.Имомнинг кўринмайдиган даражада чуқур меҳробда намоз ўқиши.

57.Имомнинг ёлғиз ўзи жамоатдан ярим метрча паст жойда туриши.

58.Олдинги сафда бўш жой туриб, орқа сафда намоз ўқиш.

59.Жонли нарсаларнинг расми туширилган кийимлар билан намоз ўқиш.

60.Намоз ўқиётган кишининг рўпарасида, бошидан баландда ё орқа томонида жонли нарсаларнинг расми бўлиши.

Фақат (юқорида санаб ўтилган ҳолларда) расм кичик ёки боши кесилган ёки жонсиз нарсаларнинг расми бўлса, макруҳ эмас.

61.Намозхоннинг рўпарасида ичида олови бор тандир ёки қўрага ўхшаш нарсанинг бўлиши.

62.Намозхоннинг рўпарасида ичида олови чўғ бўлган ўчоқ бўлиши (чунки бундай ҳолларда намоз ўқиётган шахс мажусийларга ўхшаб қолади).

63.Намоз ўқиётган кишининг рўпарасида ухлаётган киши бўлиши.

Изоҳ: Намоз ўқиётган кишини уялтирадиган, уни безовта қиладиган ёки ухлаётганлар билан юзма-юз бўлиб қоладиган ҳолатларда намоз ўқиш макруҳдир. Агар бундай ҳолатларнинг юз бериш эҳтимоли бўлмаса, ухлаётганлар қаршисида намоз ўқишнинг зарари йўқ. Чунки ҳадисда Ҳазрати Ойишадан, розийаллоҳу анҳо, ривоят қилинади: "Қибла билан на­моз ўқиладиган жойлар орасида мен ухлаётганимда Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, кечалари нафл намоз ўқирдилар ва витр намозига навбат келганида мени ҳам уйғотар эдилар, биргаликда витр намозини адо қилар эдик".

64.Намоз асносида ўзига зарарли бўлмаган тупроқни пешонасидан артиб ташлаш.

65.Доимо бир сурани белгилаб олиб, бошқаларини ўқимаслик. (Фақат ўзи энг яхши билган ёки Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, кўпроқ шу сурани ўқиганлар, дея ҳурмат тариқасида ўқиш макруҳ эмас).

66.Олдидан бирор кишининг ўтиш эҳтимоли бор жой­да сутра қўймасдан намоз ўқиш.

 

*** Сутра қўйиш ***

Олдидан инсон кесиб ўтиши эҳтимоли бор жойда на­моз ўқийдиган кишига бир зироъ (ярим метр) ёки янада баландроқ ва камида бармоқ қалинлигида сутра қўйиш мустаҳабдир. Сутрага яқин туриш, тик рўпарасида эмас, бир оз ёнлама туриш суннатдир. Агар сутра учун бирор нарса топа олмаса, узун бир тўғри чизиқ чизади. Ҳилол шаклида эгри чизиқ чизиш мумкин, деганлар ҳам бор.

 

*** Намоз ўқиётган кишининг олдидан ўтувчилар ҳақида ***

Хоҳ сутра қилсин, хоҳ қилмасин, намоз ўқиётган одам олдидан ўтаётган кишини тўхтатишга ҳаракат қилмаслиги мустаҳабдир. Бош, кўз ёки қўл билан ишора қилиб ёки тасбеҳ «Субҳаналлоҳ», айтиб ўтувчини қайтаришга рухсат бор. Ҳам ишора қилиш, ҳам тасбеҳ айтиш макруҳдир.

Эркак киши қироат қилаётиб, овозини бироз баланд кўтариши ёки ишора билан ўтаётганни қайтариш мумкин, аёл киши фитнага сабаб бўлиши боис овозини кўтармайди. Аёл ишорат билан ёки ўнг қўл бармоқларини чап қўл устига уриб, олдидан кесиб ўтаётганни тўсиши мумкин.

Намоз ўқиётган киши намозни бузиб олдидан ўтаёттан киши билан жанжал қилиши мумкин эмас.

Изоҳ: “Орангиздан намоз ўқиётган бир киши ҳеч кимга олдидан ўтишга рухсат бермасин, ўтмоқчи бўлганга қўлидан келганича қаршилик қилсин, шунда ҳам ўтмоқчи бўлса, у билан шахсан мужодала қилсин” деган мазмундаги ҳадис намоз ўқиётган одам учун намозга зид ҳаракатлар ҳали мубоҳ бўлган Исломнинг дастлабки йилларига тегишлидир. Кейинчалик бу ҳукм “Намозда кишининг намозга оид бўлмаган ҳаракатлар қилишига имкон қолдирмайдиган даражада кўп ишлар мавжуддир” мазмунидаги ҳадис билан насҳ қилинган. Хулоса шуки, намоз ўқиётган киши олдидан ўтмоқчи бўлган кишига, агар у яқин масофада бўлса, ҳеч қандай ортиқча ҳаракатсиз, ишорат билан тўсқинлик қилиши жоиз.

 

*** Намоз ўқиётган кишига макруҳ бўлмаган нарсалар ***

  1. Намозни бошлашдан аввал кишининг белбоғини яхшилаб боғлаши.
  2. Осилиб туриши халақит бермаса, белига қилич ва шунга ўхшаш нарсаларни тақиш мумкин (агар халақит берса, макруҳдир).
  3. Қуръонга ёки осилиб турган қиличга, олдида ўтирган кишининг орқасига, шамга ёки қандилга қараб намоз ўқиш.
  4. Жонли нарсанинг расми бўлган гиламда расмни босиб, намоз ўқиш.
  5. Намозда юзини қибладан бурмай кўз қири билан қараш ва намозни (қаттиқ) гилам, палос ва кийгизга ўхшаш нарсалар устида ўқиш.
  6. Ерда ёки ердан чиққан насрадан бўлган мато устида намоз ўқиш афзалдир.
  7. Нафл намозларнинг бир ракатида бир зам сурани икки бор ўқиш макруҳ эмас.

 

*** Намозни бузиш лозим бўлган ва бўлмаган ҳоллар ***

  1. Қийин аҳволда қолган кишининг ёрдам сўраб чақиришини эшитганида, ёрдам бериш мақсадида намозни бу­зиш вожибдир.
  2. Бир дирҳам кумуш қийматида бўлган нарсанинг, бошқа кишиники бўлса ҳам, ўғирланишидан қўрққан пайтда, намозни бузиш жоиздир.
  3. Фарз намоз ўқиётган кишининг ота-онасидан бири чақирганида намозни бузиши жоиз эмас.
  4. Боланинг ўлиб қолишидан қўрққан энаганинг намоз ўқиётган бўлса, уни бузиши вожибдир, ўлим хавфи бўлмаган пайтда ҳам, энаганинг вақти кирган намозни кечиктириб, бола билан машғул бўлишининг зарари йўқ.
  5. Мусофир ўғрилар ёки қароқчилардан қўрққанида на­мозни кечиктириши мумкин.

 

Такрорлаш учун саволлар

  1. Намозни таърифлаб беринг, фарз бўлишининг шартларини, сабабларини ва қачон фарз бўлишини тушунтиринг.
  2. Намоз вақтларининг аввалини ва охирини айтинг. Икки фарз намозини қачон бир вақтда жам қилиб ўқиш мумкин?
  3. Намоз ўқиш дуруст бўлмаган, макруҳ ва мустаҳаб бўлган вақтларни айтинг.
  4. Азоннинг ҳукмини, шаклини, арабчадан бошқа тиллардa азон айтишнинг хукмини айтинг.
  5. Муаззин учун мустаҳаб бўлган ҳолат нима? Кимларнинг азон айтиши мақруҳдир? Азон эшитилганида унга жавобан нима дейилади?
  6. Намознинг рукнларини, дуруст бўлиш шартларини, намознинг давоми учун зарур шартларини баён қилинг.
  7. Астари ифлос кийим устида намоз ўқиш қачон жоиз бўлади? Яланғоч киши қандай намоз ўқийди?
  8. Намознинг вожиб ва суннатларидан 15 тадан айтинг. Қуйидагилар орасидан суннат ва одобларини ажратиб беринг: йўтални тўхтатиб туриш, рукуга бориш учун такбир айтиш, ҳадис ифодаларига ўхшаш сўзлар билан дуо қилиш, муаззин «Ҳаййа алал фалаҳ» деганида ўрнидан туриш, имомнинг «Аллоҳу акбар» ва «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ»ларни овозини чиқариб айтиши.
  9. Имомликни таърифлаб, саҳиҳ бўлиш шартларини, иқтидо қилиш шартларини, жамоат билан намоз ўқимаслик мубоҳ бўлган ҳолатларни санаб беринг.
  10. Жамоат билан намоз ўқишнинг ҳукмини айтинг.
  11. Қобилиятли ва мартабали олимлар бир жамоатга келганида ким имомликка энг лойиқ киши бўлади? Имом бўлиши макруҳ бўлган кишилар кимлар? Намозхонлар қандай саф тутадилар? Яланғоч кишилар қандай намоз ўқийдилар?
  12. Намозни бузадиган, макруҳ бўлган нарсалардан биттадан санаб беринг ва намозхон учун макруҳ нарсаларнинг еттитасини айтинг.
  13. Намозни бузиш қандай ҳолатда вожиб, қандай ҳолатда жоиз бўлади?

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

“Витр” намозининг ҳукми ва ўқилиш тартиби;

Қунут дуоси;

Қунут дуоси ҳақида турли ҳукмлар;

Нафл намозлари;

Суннати муаккадалар;

Мандуб намозлар;

Нафл намозларга оид турли ҳукмлар;

Таҳийятул масжид, зуҳо ва тунги намозлар;

Ўтирган ҳолда нафл намоз ўқиш;

Ҳайвон ва воситанинг устида намоз ўқиш;

Суянган ҳолда намоз ўқиш;

Ҳайвон устида ўқиладиган фарз ва вожиб намозлар;

Туя устидаги кажавада ўқилган намоз;

Кема ичида ўқилган намоз;

Кемадаги намозхоннинг қибласи;

Транспорт воситаларида намоз ўқиш;

Таровеҳ;

Ракатлари сони ва адо қилиш тартиби;

Каъбада ўқиладиган намоз;

Мусофир намози;

Намознинг қисқартирилиши;

Сафарнинг шартлари;

Мусофир намозининг ҳукми;

Қаср муддати ва муқимликка ният;

Мусофирнинг муқимга ва муқимнинг мусофирга иқтидо қилиши;

Вақтида ўқилмаган намозларнинг қазоси;

Ватан ҳақида;

Бемор кишининг намози;

Турли масалалар;

Мақолалар

Top