muslim.uz

muslim.uz

  1. Жамоат кутубхоналари. Ислом дини тараққий этишни бошлаган дастлабки даврларда, мусулмонлар жам бўладиган, илм алмашадиган, интеллектуал баҳс ва мунозаралар олиб борадиган жойлар – масжидлар бўлган. У ерда, нафақат, намоз ўқиб ибодат қилинган, балки масжидлар – диний, фалсафий ва илмий китобларга бой кутубхона вазифасини ҳам ўтаган ва бу кутубхоналар барча учун, доимо, очиқ бўлган.
  2. Жарроҳлик анжомлари. 10 асрнинг машҳур мусулмон жарроҳи, жарроҳликнинг отаси деб, ном олган – Қосим ал-Заҳровий, бугунги кун жарроҳлигида ҳали-ҳануз ишлатилаётган кўпгина жарроҳлик анжомларини кашф этган. Скальпель (махсус пичоқ), жарроҳлик қайчилари ва игналари, шулар жумласидандир.
  3. Алгебра. Муҳаммад ал-Хоразмий дунё фанига ғоят катта хисса қўшган. У алгебра фанининг асосчиси ҳисобланади. «Алгебра» сўзининг ўзи эса унинг «Ал-китоб
    ал-мухтасар фи ҳисоб ал-жабр ва ал-муқобала» номли рисоласидан олинган.
  4. Оптика. XI аср олими Ибн Ҳайсам инсон кўзининг кўриш қобилияти ҳақидаги эски тушунчаларни янгилади. Олдинлари, кўзлар ёруғликни акс эттиради-ю, шу туфайли кўради, деган фикр илгари сурилар эди. Бироқ Ибн Ҳайсам эса буни бошқача талқин этди. Унга кўра, у кўзларнинг юзалар ва предметлар акс эттирган ёруғлик асосида кўришини исботлади.
  5. Қаҳва. Қаҳва доначалари, дастлаб, Эфиопияда етиштирилган бўлсада, лекин XV асрда Эфиопия билан савдо алоқаларини йўлга қўйган яманлик мусулмонлар ҳамма учун ёқимли бўлган қаҳва ичимлигини ихтиро қилишади. Улар қаҳва доначаларини қовуриб, сўнгра сувда қайнатар эдилар. Бу ичимликни улар узоқ вақт тетик бўлиш учун ичишарди.

 

Моҳира ЗУФАРОВА

тайёрлади.

Середа, 22 февраль 2017 00:00

Нусайба бинти Каъб (Умму Аъммораҳ)

Нусайба (розияллоҳу анҳо) эртанги кунини ўйлаб, ўзида йўқ хурсанд ва ширин хаёллар оғушида ўтирар эди. Эртага Ясрибнинг кўзга кўринган йигитларидан бири Зайд ибн Осим билан никоҳ тўйлари бўлади.

Эр-хотин бахтиёр кун кечирардилар. Бу орада Абдуллоҳ ва Ҳабиб исмли икки ўғил кўришди. Нусайба (розияллоҳу анҳо) фарзандларини жуда севар, уларни кўз қорачиғидек авайлаб-асрар эди.

Эр-хотин чексиз қувонч билан бир-бирини табриклаб иймон келтирдилар. Келгуси ҳаж мавсумида ясриблик мусулмонлар карвони билан Маккага бориб, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га байъат этишга қарор қилдилар.

Мусъаб ҳам бир гуруҳ ясриблик мусулмонларга бош бўлиб, Маккага кириб келди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг ҳузури саодатларига кириб, салом берди ва хушхабар билан келганини айтди. Ясриб халқининг Ислом даъватини очиқ юз билан қабул қилиб, байъат этиш учун келганларини эшитган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг муборак юзларида табассум кўринди. Ясриблик мусулмонлар билан бўладиган учрашув жойи ва пайтини тайин қилдилар.

Макка шаҳри узра сукунат ҳукмрон. Бироқ ана шу осудалик ичида кўзлари уйқусиз, кўнгиллари буюк бир мулоқотнинг соғинчи билан ёнаётган инсонлар ҳам бор. Бу инсонлар ясриблик мусулмонлар эди. Улар тун қўйнида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кутяптилар. Ақаба тупроғининг ҳар бир зарраси бу кеча инсоният тарихида энг улуғ келишув ва буюк вафодорликнинг шоҳиди бўлади.

Кечанинг тенг ярмида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакилари Аббос билан биргаликда Ақабага келдилар. Ясрибликлар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га байъат этиб, моддий ва башарий барча имкониятларини сарф этиб, Ислом дини ва Пайғамбарини мудофа этишга сўз бердилар. Нусайба ва эри Зайд ҳам байъат этганлар орасида эди.

Ҳамма қатори эр-хотин ҳам Ясрибга қайтди. Бироқ бу сафар уларнинг қалблари қувват ва жасорат, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг қалбларидан кўчиб ўтган кучли иймон билан тўла эди. Ислом нури Нусайбанинг бутун руҳини, вужудини қамраб олди.

Нусайба (розияллоҳу анҳо) Уҳуд жангида ҳамширалик вазифасини зиммасига олган эди. Жангчиларга ёрдам берар, ярадорларнинг жароҳатини боғларди. Аммо мусулмонлар ичида пайдо бўлган парокандаликни кўргач, қўлидаги мешни ташлаб, қиличга ёпишди ва жанг қила бошлади.

Пайғамбармиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни қўриқлаб турган ҳалқа тобора торайиб борарди. Нусайба эри Ғозийя ва ўғли Абдуллоҳ билан биргаликда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни мардонавор ҳимоя қилиб турардилар. Кейинчалик Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Нусайба (розияллоҳу анҳо) нинг бу қаҳрамонлиги ҳақида шундай деган эдилар: “Қачон ўнгимга ёки сўлимга қарасам, мени ҳимоя этиш учун жанг қилаётган Нусайбани кўрардим”.

Ҳа, Нусайба (розияллоҳу анҳо) нинг кўрсатган қаҳрамонлиги ҳар қандай эр йигитнинг қўлидан келмасди! У сувсаганларга сув тутар, яраланганларнинг жароҳатини боғлар, мардонавор жанг қиларди. Бу иймонли аёлнинг буюк жасоратига лойиқ мукофотни фақат Жаноби Аллоҳ эҳсон ато эта олади!

Бу жангда Нусайба (розияллоҳу анҳо) турли жойларидан ўн учта жароҳат олган эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Абдуллоҳга: “Онангнинг олдига бор ва ярасини боғла! — дедилар.

Сўнг: “Эй Нусайба оиласи! Аллоҳ сизни муборак қилсин. Сенинг онангнинг мақоми фалон-фалон кишиларнинг мақомидан устунроқдир. Аллоҳ бугун оилангизни паноҳида сақласин!”  дедилар.

Нусайба (розияллоҳу анҳо) ўзи ва оиласи ҳаққига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дан дуо сўради. “Ё Расулаллоҳ! Жаннатда сиз билан бирга бўлишимиз учун Аллоҳга дуо этинг”.

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Аллоҳим! Жаннатда уларни менга дўст қил!”  дея дуо қилдилар.

Шундан сўнг Нусайба (розияллоҳу анҳо): “Ортиқ дунёда ҳар қандай алам чексам ҳам аҳамияти йўқ”, деб ҳайқирди ва янада кучли азму ирода билан мужодалани давом эттирди.

Нусайба (розияллоҳу анҳо) ўғиллари Абдуллоҳ ва Ҳабибни кўнгилларида Аллоҳ йўлидаги фидокорлик севгаси билан ўстирди. Ислом байроғининг юксалишида ихлос ва садоқат билан хизмат қилишга ўргатди.

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг вафотларидан сўнг, Нусайба (розияллоҳу анҳо) қолган умрини Пайғамбаримизни соғиниб, жаннатда у зот билан учрашадиган кунни кутиб ўтказди. Ҳаётининг охирида иймони берган буюк ҳузур ичида руҳини улуғ Раббига таслим этди.

Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин ва уни ҳам рози қилсин

Манбалар асосида

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади

Вівторок, 21 февраль 2017 00:00

Биринчи гуноҳи кабира (Ширк)

Катта ширк – Аллоҳга бирон бир нарсани шерик қилиш, тенг билиш ва у зот билан бирга тош, дарахт, қуёш каби бошқа нарсаларга ибодат қилишдир. У гуноҳи кабираларнинг энг каттасидир. Аллоҳнинг Ўзи сақласин. «Албатта, Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган кишилар учун кечирур...» (Нисо сураси, 48).

Яъни ширкни кечирмайди. Ўзи хоҳлаган бандаларининг ширкдан бошқа гуноҳларини кечиради.

Ширк Аллоҳ таолонинг:

«...Албатта, Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар сураси, 53), ояти каримасидаги «барча гуноҳлар» сирасига кирмайди.

«...Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон сураси, 13).

Яъни, ширк қабиҳ амал ва яққол зулмдир, бир нарсани ўз ўрнидан бошқа ўринга қўйиш, ҳаққини поймол қилишдир. Кимки яратувчи билан яралмиш – махлуқни, илоҳ билан бут-санамни баробар деб билса, шак-шубҳасиз, у ақлсиз, аҳмоқдир. «Золим» деб номланишга, ҳайвонлар қаторида саналишга лойиқдир.

«Албатта, кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур». Кимки Аллоҳдан бошқани илоҳ деб эътиқод қилса, ҳеч қачон жаннатга кирмайди, деган маъноларни уқиб олиш мумкин. Чунки жаннат Аллоҳни бир деб билувчи муваҳҳидлар маконидир.

«...унинг борар жойи дўзахдир. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида сураси, 72).

Яъни, унинг учун Аллоҳнинг азобидан қутқарувчи ҳам, ёрдамчи ҳам бўлмас. Бу ҳақда кўплаб оятлар мавжуд. Кимки Аллоҳга иймон келтириб, мўмин ҳолида вафот этса, гарчи дўзахда гуноҳига яраша азобланса-да, аниқ жаннатий бўлганидек, Аллоҳга ширк келтириб мушрик ҳолида ўлган кимса, шак-шубҳасиз дўзахийдир.

Бухорий ва Муслим ривоятида келган ҳадиси набавийяда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг катталари ҳақида хабар берайми?» деб уч бор сўрадилар. Биз: «Ҳа», дедик. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш», дедилар. Суянган ҳолда эдилар, шундан сўнг ўтириб олдилар-да: «Огоҳ бўлинглар, ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик бериш», дея такрорлайвердилар. Ҳаттоки, биз қанийди, сукут қилсалар, дедик» (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалок этувчи еттита гуноҳдан сақланинглар», дедилар-да, биринчи навбатда Аллоҳга ширк келтиришни зикр қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Эй Ибн Хаттоб, бор, одамларга «жаннатга фақатгина мўминлар киради», деб жар сол» (Муслим, Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таолодан бизни Китоб ва суннатга амал қилган ҳолимизда вафот эттиришини сўраймиз. Албатта, у раҳмлиларнинг раҳмлироғидир!

Гуноҳи кабиралар. Имом Ҳофиз Шамсуддин Заҳабий

Давоми бор...

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

 

Вівторок, 21 февраль 2017 00:00

Фурайъа бинти Молик

Бу аёл Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суҳбатларидан баҳраманд бўлиш шарафига эришган, икки дунё саодатини қўлга киритган улуғ саҳобалардан эди. У насл – насаби машҳур ансорийлардан эди.

Фурайъа бинти Молик (разияллоҳу анҳо) ҳамма ерда яхшиликлар қилишга интилган машҳур хонодонлардан бирида улғайди. Ислом тарихи мана шу аёлнинг баракотидан эзгуликка тўлиб тошган воқеа ҳодисалар билан бойдир. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўсган оиланинг Ислом динини ёйиш соҳасидаги ҳизматлари ўзи алоҳида китобларга мавзу бўлади.

Саҳобиянинг отаси ҳазрати Молик ибн Синон жаннат билан башоратланган буюк саҳобий эдилар. Абу Саид Ҳудрий куняси билан машҳур бўлган Саъд ибн Молик (разияллоҳу анҳу) унинг акаси эди.

Фурайъанинг бир акаси эса улуғ саҳобий Қатода ибн Нўмон Зафарий             (разияллоҳу анҳу) эди. Бу зот бадр ғазоти қаҳрамонларидан бўлган. Уҳуд куни жангда бир кўзи оқиб тушди. Шу ҳолатда Расулуллоҳ ҳузурларига борди. Пайғамбаримиз муборак қўллари билан кўзини жойига қўйиб, силаб қўйдилар. Унинг кўзи тузалиб, аввалгидан ҳам ўткир бўлди.

Молик ибн Синон ҳали Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага ҳижрат қилмасларидан олдин ҳам оила аъзоларига у зот ҳақларида завқ билан сўзлаб берарди. Унинг ҳикояларидан оила аъзолари, хусусан Фурайъа зеҳнида ҳам Аллоҳ элчисининг муборак сиймолари гавдаланар, қалбида муҳаббат уйғонар эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага етиб келишлари билан Молик у зот билан учрашишга ошиққан. Барча оила аъзолари, жумладан, қизи Фурайъа ҳам унга эргашиб борган.

Молик ибн Синон фарзандларига бирон қийматли мерос қолдирмай дунёни тарк этди. Гоҳо улар уйида бирор егулик ҳам топа олмай қолишарди. Эскириб  тўзиб кетган кийимларни янгилашга ҳам имконлари йўқ эди. Аммо улар Аллоҳнинг бу синовига ҳам сабр қилишар, садақа сўрашмас, ҳожатларни билдиришмас эдилар. Шундан сўнг Аллоҳ таоло уларни бой – бадавлат қилди. Чиройли сабрлари ва Расулуллоҳга ихлос – садоқтлари барокотидан яна кўп молу давлатга эга бўлишди.

Фурайъа Ҳазраж қабиласидан Саҳил ибн Рофеъ исмли кишига турмушга чиққан эди. Бир муддат бирга яшагач, эридан ажраб қолди. Саҳл қочиб кетган қулларни излаб йўлга чиққанда, қўлга тушиб қолишдан қўрққан қуллар Мадина яқинида уни ўлдириб кетишди. Рофеънинг ўлими ҳақида хабар келганда Фурайъа эрига Аллоҳдан савоб умид қилиб сабр қилди. Ёлғиз ёрдамчисиз қолгач уйига, яқинлари олдига қайтди.

Фурайъа эрининг уйида тўрт ой ўн кун идда сақлаб ўтирди. Иддаси тугагач, унга Саҳил ибн Бишр уйланди. Саҳил ансорийларнинг Бани Зафар қабиласидан эди. Фурайъа исломнинг барча босқичларида эрига тобе, динимиз изн берган ҳамма ишларда унга ёрдамчи бўлган.

Фурайъа бинти Молик Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мажлисларида иштирок этиб, нубувват мадрасасида таҳсил олган бахтиёр саҳобиялардан эди. Кучли ҳофиза соғлом тафаккур эгаси бўлган бу аёл Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан саксонта ҳадис ривоят қилган. Ундан эса Зайнаб бинти Каъб ибн Ҳужра ривоят қилган. Фурайъа ривоят қилган ҳадисларни Миср, Ироқ, Шом, Ҳажоз ва Мадина фақиҳлари қабул қилиб, ҳукмлар чиқаришган.

Фурайъа жаннат башорати ила шарафланган саҳобиялар сирасига киради. У ҳижратнинг олтинчи йили Ҳудайбияда дарахт остида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) байъат қилган бир гуруҳ саҳобиялар сафида эди. Мушриклар мусулмонларни Маккаи мукаррамага киришдан тўсиб қўйганда бўлган ушбу байъатда иштирок этганлар аҳли жаннат ҳисобланишади.

Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) Фурайъа у билан байъатда ҳозир  бўлган саҳобияларга жаннат башоратини бердилар. Умму Мубашшир ал–Ансорийдан ривоят қилинишича, у киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  Ҳафса онамиз ҳузурида бундай деганларни эшитган: “Иншааллоҳ дарахт остида байъат қилганларнинг ҳеч бири дўзахга кирмайди”.

Давоми бор...

Манбалар асосида

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top