muslim.uz
Умрага борувчи аёлларга тавсиялар
Умра – Қуръон ояти ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатлари билан собит бўлган амалдир. Умрага борувчилар орасида аёллар ҳам бўлгани боис қуйида уларга хос бўлган масалалар зикр қилинади:
- Аёллар эҳром ҳолатида бошларини ёпадилар, юзлари эса очиқ ҳолда бўлади. Кўйлаклар гулсиз, сидирға, ичи кўринмайдиган даражада бўлиши, тор ва қора рангда бўлмаслиги талаб этилади.
- Сочлар доимо рўмол тагида бўлиши керак. Сочлар ибодат чоғида ҳалақит қилмаслиги учун турмакланади ёки бирор нарса билан боғлаб олинади.
- Аёллар талбияни махфий, яъни паст овозда айтадилар. “Лаббайкаллоҳумма лабайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда вал-неъмата лака вал мулк, лаа шарийка лак”
- Меҳмонхоналардаги хоналар тақсимотида тартибли бўлиш талаб этилади. Меҳмонхонада оз вақт бўлишликни, умрага нима мақсадда боришликни доим ёдда сақлаган ҳолда элликбошининг кўрсатмаларига қатъий амал қилиш шарт.
- Меҳмонхоналардаги хоналар озодалигига эътибор бериш, сувни исроф қилмаслик талаб этилади.
- Меҳмонхоналарда ҳам сатри аврат қоидаларига амал қилиш лозим.
- Ошхонадаги тартиб-интизомга қатъий риоя қилиш керак.
- Шахсини тасдиқловчи ҳужжат (кўкрак нишони) ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)си доим ёнида олиб юриш керак.
- Ибодат ёки бошқа ҳолатларда меҳмонхонадан ташқарига чиқиладиган бўлса, калитни топшириб кетиш зарур.
- Ибодатлар учун масжидда қолинадиган бўлса ёки бошқа ишлар юзасидан элликбошини огоҳлантириб қўйиш лозим.
- Аёлларнинг ҳайз кунлари бошланиб қолса, дуо ва талбия ўқиб эҳромга кирадилар. Лекин Каъба тавоф қилинмайди, намоз, Қуръон ўқилмайди. Сафо ва Марва саъйини адо этаверади. Саловат, дуо ва тасбеҳлар айтиш мумкин. Умра зиёрати ҳайз кунларига тўғри келиб қолса аёл шифокорлар билан маслаҳатлашиб иш кўрилади.
- Аёллар камида уч киши бўлиб юриши, кечаси ёлғиз юрмасликлари лозим. Масжид узоқда бўлса, шахсий автомобилларга ўтирмаслик, фақат таксилардан фойдаланиш тавсия этилади.
- Масжидул Набавийдаги бир ракаат намознинг савоби минг ракаат намозга, Масжидул Ҳарамдаги бир ракаат намознинг савоби эса юз минг ракаат намоз савобига тенглигини доимо эсда сақлаб, вақтни ғанимат билиб, доимо ибодатда бўлиш керак.
- Сафо ва Марва саъйи асносида (икки яшил устун орасида) югуриш аёллар учун суннат эмас.
- Умра охирида аёлларнинг сочларидан, соч учидан бир бармоқ айлантирарлик узунлигида соч кесилади. Соч узун бўлса, сочнинг учидан, соч калта бўлса ўнг томонда қайчи билан кесилади. Эҳромга киришдан олдин шуларни ҳисобга олиш керак.
- Умрага борувчи аёллар ибодат вақтида улкан ажрлар берилиши ҳисобга олиб, бировларнинг ҳақига, молига ҳиёнат қилмаслик, атрофдагилар билан жанжалмаслик, ўзи ва бошқалар учун савобли амаллар қилишга ҳаракат қилиши талаб қилинади.
- Бегоналардан аудио, видео тасмалар, турли китоблар олмаслик талаб этилади.
- Ҳамхоналарда кексалар бўлса, қўлдан келганича ёрдам бериш тавсия этилади.
- Биз Абу Ҳанифа мазҳабига мувофиқ ибодат қиламиз, шунинг учун ибодат вақтида бошқа мазҳабдаги аёлларнинг намозига эътибор бермаслик талаб этилади.
- Ҳозирги вақтда тасбеҳлар, жойнамозлар ўзимизнинг юртда ҳам сероб бўлгани боис аэропорт маъмурияти томонидан талаб этилган меъёрдан ортиқ юк олмаслик талаб этилади.
- Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида ёки Каъбага матоларни турли ниятларда суртиш, Уҳуд тоғи тупроғидан олиб кетиш, Уҳуд тоғига қараб намоз ўқишнинг бидъат амаллардан эканини аниқ билиш зарур.
- Самолётда, меҳмонхоналарда, масжидлардаги таҳоратхоналарда покизаликка қатъий эътибор бериш талаб этилади.
- Умра зиёратига бораётганлар нима мақсадда кетаётганлигини аниқ билиб олишлари, шунингдек, ибодат вақтларида аёлларни пардозланиб юришлари ман этилади.
- Ибодатларни тугатиб меҳмонхонага қайтиш йўли ёддан кўтарилган вақтда саросимага тушмаслик, яқин атрофдаги полиция ёки бирон кишига бейжик ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)ни кўрсатиш мақсадга мувофиқдир.
- Шифокорлар доим хизматда бўлганлиги боис ўзингизми, ҳамхонангизними тоби қочиб қолса, дарров шифокорга мурожаат қилиш зарур.
- Меҳмонхоналарда юк йўқолиш каби ҳодисалар бўлганида, дарҳол элликбошига мурожаат қилиш керак.
- Тошкент аэропортига қайтиб келингандан кейин жомадон ёки юклар йўқолгани маълум бўлса, жомадон учун берилган чиптани элликбоши билан биргаликда аэропорт маъмуриятига топширилади.
- Умра зиёратидан қайтиб келгандан кейин мусулмон кишига хос бўлган ишларни мукаммал бажаришда, маҳалла ва жамоат ишларида, тўй ва маъракаларни исрофгарчиликсиз ўтказиш, ёшлар тарбиясида ибрат бўлишлари тавсия этилади. Хайрли амалларда давомли бўлиш икки дунё саодатига эриштиради.
Умра амалларингиз Аллоҳ таоло даргоҳида ҳусни мақбул даражасида бўлишини тилаб қоламиз.
Мунира АБУБАКИРОВА
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
“Ассалому алайкум” – дуо каломи
“Одамларнинг энг ожизи-дуога ожизлик қилган одам. Одамларнинг энг бахили салом беришга бахиллик қилган одамдир”
( Ҳадиси шарифдан).
Аллоҳнинг муборак исмларидан бири Салом, унинг сифати ва даражаси Қуръони каримда бундай баён этилади: «Бас, қачон уйларга кирсангизлар, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак покиза саломни айтинглар (яъни «Ассалому алайкум», денглар)» (Нур, 61).
“Салом” Аллоҳнинг марҳамати ҳамда тоза ва мунаввар неъмати эканлигига далолат, «Қачон сизларга бирон ибора билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки (ҳеч бўлмаса) ўша иборани қайтаринглар» (Нисо, 86).
Бинобарин, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда: Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: «Исломдаги қайси амал яхши?» деб сўраганида, у зот: «Қорни очларни тўйдиришинг ҳамда таниган ва танимаган кишига салом беришинг», деган эканлар (Имом Бухорий ва имом Муслим).
“Яхши амал”дан мурод одобдир. Дарҳақиқат, ҳадисда руҳий эҳтиёж нафсоний эҳтиёжга қиёсланаётир. “Қорни очларни тўйдириш”дан савоб ҳосил бўлгани каби, кўнгилни қувонтирадиган саломдан ҳам шу самара мавжудлигига ишора қилинмоқда.
Саломлашув халқлар ўртасида урф даражасидаги одоблардан. Ҳар бир миллат ва халқда унинг ўзига хос кўринишлари мавжуд. Бу сўз баракотидан одамлар ўртасида ўзаро илқлик, яқинлик ва меҳру муҳаббат пайдо бўлади. Одам Ато (алайҳиссалом) инсон сифатида кўз очганларида илк насиҳат ва тавсия ҳам шу манида кечди:
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)ни халқ қилиб, у кишига «Ана бу ўтирган бир неча фаришта олдига боргин-да, салом бергин, сўнгра уларнинг сенга оладиган алигини яхшилаб эшитгин, чунки бу сенга ва сендан тарқаладиган зурриётларингга йўлланган салом бўлади», деди. (Одам (алайҳиссалом) бориб: «Ассалому алайкум», дедилар. Фаришталар: «Ассалому ъалайка ва раҳматуллоҳи», деб «раҳматуллоҳи»ни зиёда қилишди», дедилар) (Имом Бухорий ва имом Муслим ).
Ушбу ҳадис Исломда саломлашув ибодат амалларидан бир амал сифтида талқин этилиши баробарида, дуо эканлиги эслатилаётир. Мазмун ифодасида фаришталар дуоси жамланганидан хабардор этаётир.
Шунинг учун ҳам Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Иймон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирингизга муҳаббат қилмагунингизча иймонли бўла олмайсизлар. Агар амал қилсангиз, ўрталарингизда муҳаббат пайдо этадиган нарсага сизларни далолат қилайми? Орангизда саломни ёйинг», дедилар (Имом Муслим).
Банданинг олий нияти – жаннат. Жаннатнинг калити – имон. Имон муҳаббат меҳвари эканки, аслида «саломни ёймоқлик» сабаби турар экан. Қуйидаги ҳадис унинг замиридаги маънони комил қилиб, саломлашишнинг қандай фазилатлари борлигини баён этади ва бунга одатланмоққа чорлайди.
Имрон ибн Ҳусайндан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, «Ассалому алайкум», деди. Унга жавоб қайтариб ўтирдилар-да, ўнта савоб, дедилар. Сўнгра бошқа киши келди-да, «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», деди. Унга ҳам жавоб қайтардилар-да, йигирмата савоб, дедилар. Сўнгра бошқа бир киши келди-да, «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу», деди. Унга ҳам жавоб қайтариб, ўттизта савоб, дедилар». (Имом Абу Довуд ва имом Термизий).
Ҳақиқатда, “Ассалому алайкум” ёки «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу» энг олий туйғу изҳори бўлиб, замири соф ва самимий тилак билан уйғунлашган: “Сизга тинчлик ва саломатлик тилайман!” Инсонга саломатлик ва тинчлик тилашдан ҳам зиёда тилак бормикин?!
Арабчадан ўзлашган бу сўзда ўзбекона самимиятимизнинг тафти бор, ажиб руҳий илиқлиги бор. У оғиздан чиқиши ёки қулоққа чалиниши биланоқ қалбга ором етади. Бегона танишга, таниш қадрдонга айланади.
Аксарият ўзбек хонадонларида тонгда ўзаро саломлашиш урфга айланган. Бу оила аъзоларининг бир-бирларига меҳру муҳаббатлари ошувига, оқибат ришталарининг юксалишига омил бўлади. Шу сабабли ота-боболаримиз саломлашишга жиддий қараганлар .
Бу каби ўзбекона тарбия билан ўсаётган ёшлар кўча-кўйда, жамоат жойларида одоблари билан ажралиб турадилар. Аммо, минг афсуски, саломлашиш борасида сўз кетганда, айрим кўнгилни хира қилувчи кўринишлар учраб тургани ачинарли ҳол албатта. Бу ўринда айбни ёшларга, ёшликка ағдариш инсофдан эмас. “Ота-онанг кимлигин саломингдан билурлар” дейилганидек, болаларда акс этган ҳар-бир хато ва камчиликнинг бош сабабчиси ота-она. Уларнинг динимиз буюрганидек гўзал “Ассаломлому алайкум” калимасининг ўрнига “привет”, “салют”, “чао”га ўхшаш сўзларни қўлласа, бу фарзандларнинг тарбияси қандай бўлади?! Ёки сўнгги даврда бошни бошга тегизиб, муштни муштга уриб “шохлашиб саломлашишлар”, йигитларнинг ўпишиб кўринишлари на динимиз талабларига ва на миллий қадриятларимизга тўғри келмайди?
Баъзида саломлашишда чала ёки маъно моҳияти бузилган кўринишларга ҳам дуч келамиз. Жумладан, "ассалом", "салом", дейилса салом чала бўлади, маънога путур етади. Шу сабаб суннатга кўра чиройли ва мукаммал тарзда салом бериш, ҳам одоб кўрсатиш, ҳам савоб қозониш лозим. "Ассалому алайкум", дейилса, аниқ қилиб: "Ва аллайкум ассалом", дейиш керак. Бугун айримлар орасида урф бўлганидек айрим харфларни талаффуз этмаслик маънони бузиб юборади. Масалан, "Ассому алайкум" – "сизга ҳалокат тилайман" дегани. Унда ёмон ният, қарғиш акс этган.
Халқимизда: “Бепароволик белни синдирар” деган гап бор. Агар биз бугун миллий-манавий қадриятларимизга бепарволик қилсак, бир куни надоматда қоламиз. Айниқса, саломатлик борасида беэътиборлик қилиш, моҳиятни англамаслик, ўзликни идрок эта билмаслик, муқаддас туйғуларга муносабатда чалғишга етаклайди, ёшларимизнинг эътиқодига ҳам путур етказади.
Қисқа маънода таъриф берилса , “салом” яхшиликнинг калитидир. Эртакларимизда бекорга девлар, ялмоғизлар тилидан “Ҳақ саломинг бўлмаса, икки ялаб, бир ютардим”, дейилмаган. Яъни, “салом” раҳмсизда инсоф, золимда шафқат уйғотиши баробарида меҳру ҳурматни оширади. Шунинг учун ҳам мазмунли, чиройли саломлашиш билан одобимизга кўрк қўшишимиз, ёшларимизни шу руҳда тарбиялашимиз керак.
Ҳасанхон АТОЕВ,
Нурота шаҳридаги “Саййид Ато” масжиди имом-хатиби
Румайсо розияллоҳу анҳо
Румайсо (р.а) Расулуллоҳ (с.а.в) “Менга жаннатда Абу Талҳанинг аёли Румайсо” кўрсатилди дея, жаннатий эканлиги башорати берилган мадиналик ансория аёлдир. КунялариУму Сулайм. Расулуллоҳ (с.а.в) нинг даъватлари Мадинаи мунавварага етганда Румайсо (р.а) биринчилардан бўлиб иймонга келган эдилар. У аёл Хазраж қабиласининг Бану Нажжор уруғидан бўлиб, бу уруғнинг Расулуллоҳ (с.а.в)га она тарафидан қариндошчилик ришталари бор эди. Румайсо (р.а) дастлаб, мадиналик Молик ибн Назир деган киши билан турмуш қурган. Бу турмушларидан Пайғамбаримиз (с.а.в)га ҳам ходимлик, ҳам боқма фарзандлик, ҳам шогирдлик қилиш бахтига мушарраф бўлган, энг узоқ умр кўрган машҳур саҳоба Анас ибн Молик (р.а) дунёга келган.Шундан кейин оддий бир муслима сифатида яҳшиликлар тилаб, эри Молик ибн Назирга исломни таклиф килганида у хотинидан каттик ғазабланди, оиласини ташлаб, Шом ерларига кетди ва кўп ўтмай ўша ерда вафот этди. Эрининг вафотидан сўнг Румайсо (р.а)га оғир кунлар бошланди. Чунки энди оила ташвиши ва фарзандининг нафақаси аёл боши билан ўзига колган эди. Эрининг вафотидан сўнг Румайсо (р.а) “Ўғлим Анас улғайиб, балоғатга етмагунча турмушга чикмайман”, дея аҳд килди. Чунки агар турмушга чиксам,ўгай ота ўғлимнинг тарбиясига эьтибор бермаслиги мумкин, деган андишаси бор эди. Румайсо (р.а) ягона фарзандига чиройли одоб бериб тарбиялади. Анас (р.а)шундай гўзал одоб соҳиби бўлиб улғайдики, ёшлигидан бошлаб, онасининг ҳаккига: “Ё Аллоҳ, онам менга чиройли тарбия берди. Ўзинг унга улуғ ажр савоблар бергин!” деб доимо роббисига ёлвориб дуо килар эди. Румайсо (р.а) ўғли Анасни тарбиялар экан, унинг мурғак калбига ислом дини таьлимотларини гўзал тарзда қуйиб борар эди. Пайғамбаримиз (с.а.в) Мадинага келганларида эса,барча мадиналик ансория аёллар расулуллоҳ (с.а.в)га хар ҳил совға саломлар билан чиқишса, бу доно аёл ўғилчаси Анас ибн Молик (р.а)ни олиб бордилар ва у зотга “Эй Расулуллоҳ, мадиналик аёл ва эркаклар сизгасовғалар, турли ҳил туҳфалар билан келишмоқда менда эса ҳеч нарса йўқ, мен бу нарсага қодир эмасман бироқ мана бу ўғлимни сизни хизматингизга олиб келдим, ўғлим сизга ҳам, ўғил ҳам, ходим ва ҳам шогирд бўлсин, маъқул келганича хизматингизни қилсин”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в): “Ҳадялар ичидаги энг гўзал ҳадя мана шу бўлди”, дедилар. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в) болаларни жуда ҳам яхши кўрар эдилар. Анас ибн Молик (р.а)га нубувват ҳонадони энг гўзал тарбия мактаби бўлди, унга Сарвари коинотнинг ўзлари муаллим бўлдилар. Бу ҳакда Анас (р.а) бундай ривоят қилади:“Пайғамбаримиз (с.а.в) Мадинага келганларида мен 10 ёшда эдим. Бир куни онам қўлимдан тутиб, Расулуллоҳ (с.а.в) ҳузурларига олиб бордилар ва у зотга: “Эй Аллоҳнинг Расули! Шаҳримизда ташрифингизни қутлаб, совға – салом ила келмаган эркак ё аёл қолмади. Сизга бошқа совға беролмайман, шу ўғлим Анас сизга маьқул келганича хизматингизни қилсин”, деди. Мен Расулуллоҳ (с.а.в)га ўн йил хизмат қилдим. У зот мени бирор марта урмадилар, сўкмадилар, койимадилар,ҳатто бирор марта қовоқларини солиб ҳам қарамадилар”. Анас (р.а)нинг ёшлигида Румайсо (р.а)га Мадинанинг обрўли ва бой кишиларидан аммо ҳали мусулмон бўлмаган бир киши совчи юборди. Румайсо (р.а) қилган аҳдини билдириб, унинг совчисини рад этди. Анас ибн Молик (р.а)улғайиб,вояга етганида Абу Талҳа яна совчи қўйиб: “ Ўғлинг Анас катта бўлиб қолди, мажлисларда ўтирадиган ва сўз айтадиган бўлди”, деб олдинги таклифини эслатди. Румайсо (р.а) унга: “Эй Абу Талҳа, мен сен билан турмуш қурардим чунки сен насаби тоза, обрўли кишисан, аммо афсуски сен билан мени ўртамизни тўсиб турадиган бир нарса бор, усиз ҳеч бир мақсадлар рўёбга чиқмайди”, деди.Бунинг сабаби нима? –деб сўради Абу Талҳа. Сен мушриксан, мен эса муслимаман. Мени сенга турмушга чиқишим жоиз эмас”, деб жавоб килди. Абу Талҳа: “Бу қандай ҳам нолойиқ гап, эй Румайсо? Менинг олтин - кумушларим қаёқда-ю, сенинг айтаётган бу гапинг қаёқда?! Нималар деётганингни ўйлаб кўр”, деди. Румайсо (р.а) жиддий туриб: “Менга олтин ҳам, кумуш ҳам керак эмас. Сен на эшитадиган ва на кўрадиган, ва на бирор ҳожатингни раво этадиган нарсага ибодат қиласан. Эй Абу Талҳа, ёғочга ибодат қилишдан уялмайсанми! Агар сен исломни қабул этсанг, сенинг мусулмонлигинг никоҳ учун оладигон маҳрим бўлсин. Менга бошқа нарса керак эмас!” деди. Одатда араб аёллари ўзлари учун тайёрланадиган сарполарига, маҳрга бериладиган олтину кумуш тақинчоқларга жиддий эьтибор беришар эди. Аммо қалби имон нури ила тўлиб тошган буюк саҳобия аёл Румайсо (р.а) бу борада аёл зотигагўзал ибрат қолдирдиларки, бу ҳолат то қиёматга қадар ислом оламида ўчмас олтин сатрларда битилган намуна бўлиб қолди. Румайсо (р.а) ўзининг келинлик учун маҳр сифатида олинадигон бойликларини ўзга бир инсоннинг имони учун “қурбон қилиши” бу жасорат ва шижоат Абу Талҳанинг вужудига титроқ солди. Бундай таклифни рад этишга жавоб топаолмади ва жавоб топиш ҳам амри маҳол эди. Аллоҳ таоло беқарор давлат, ўткинчи шараф соҳиби бўлган Абу Талҳага бир аёлни роббисини танишига, имондек буюк неьмат соҳиби бўлишига бир сўз билан айтганда ҳидоятга тушишига сабабчи қилди. Абу Талҳа менинг исломимга ким гувоҳ бўлади?-деб сўради.
Расулуллоҳ (с.а.в) ўзлари гувоҳ бўладилар. У кишига бориб айт,-деди Румайсо (р.а). Шундай қилиб, Абу Талҳа Расулуллоҳ (с.а.в) ҳузурларида мусулмон бўлдилар.У зотга Румайсо (р.а)нинг сўзлариниайтди. Шу вақтнинг ўзидаёқ ўша шартга мувофиқ Абу Талҳа билан Румайсо (р.а)нинг никоҳлари ўқилди.Румайсо (р.а) қачон Расулуллоҳ (с.а.в)ни кўрсалар ўғли Анас (р.а)нинг хақларига дуо олар эдилар.Кунларнинг бирида Румайсо (р.а) Расулуллоҳ (с.а.в)нинг олдиларига бориб; “Ходимингиз Анаснинг ҳаққига дуо қилинг”, деб сўради. Пайғамбаримиз (с.а.в) “Парвардигоро! Анаснинг молига, болаларига ва яна ўзинг инъом этган бошқа неъматларингга барака бер”, деб дуо қилдилар. Шу дуонинг ижобати туфайли Анас ибн Молик (р.а) узоқ умр кўрди. У зотнинг фарзандлари, набираларининг сони юздан ошиб кетди. Румайсо (р.а) Абу Талҳа билан бахтли-саодатли ҳаёт кечирар эдилар, бу борада Аллоҳ таоло у иккисига кўз қувончи ва дил севинчи ўғил фарзанд неъматини ато зтди. Абу Талҳа ўғлига шу қадар меҳр қўйдики, уни ҳеч кимга ишонмас, ҳаётини бу ўғлонсиз тасаввур ҳам қилаолмас эди. Ўғилчаси тўсатдан касалликка чалинди. Бу ҳол Абу Талҳани эсанкиратиб қўйди, у кўчада ўз ишлари билан юрар экан, уйига келган заҳоти ўғлининг ҳолидан хабар олар эди. Шу зайлда давом этаётган кунларнинг бирида ажал бу маъсум гўдакни уларнинг бағридан юлиб олди. Ана шу вақтда Абу Талҳа Расулуллоҳ (с.а.в)нинголдиларида эди. Шўрлик онаизор кўзининг оқу-қароси, юрагининг бир парчасини йўқотди! Ҳаммага маьлумки бундай вақтда оналар бу аламга бардошбераолмай, доду фарёд соладилар, ўзларини кўтариб урадилар.Румайсо (р.а) шундай аламли онларда ҳам бутун аёлларга дарс ва намуна бўладигон гўзал сабр соҳибаси эканини кўрсатди.Ҳали жаннат ҳиди кетмаган гўдакнинг юзларидан тўйиб-тўйиб ўпди, кейин гўдакни ювиб, кафанлади, хушбўй нарсалар сепди ва гўдакнинг гулдек юзларига боқиб оналик меҳри жўшиб кўзларидан аччиқ-аччиқ ёшлар тўкди.Меҳрибон отаси Абу Талҳа келишидан олдин боланинг устига чойшаб ёпиб қўйди.Сўнгра ўғли Анас (р.а)га укасининг вафоти ҳақида отасига ҳеч нарса демасликни тайинлаб, Абу Талҳани чақириб келиш учун юборди. Абу Талҳа келиши билан ўғлининг аҳволини сўради. Румайсо (р.а) ўғилчамиз “Ухлаб қолди.Худодан сўрайманки, шояд шу уйқуси роҳатли бўлса”, деб ёш ва ғамли кўзларини яширди. Абу Талҳа хотинининг бу жавобидан; “Бола соғайиб қолибди”, деб гумон қилди. Ўша куни Абу Талҳа рўза тутган эди. Биргалашиб ифтор қилишди. Тун кирди. Шунда ҳам бу сабрли солиҳа аёл маҳзунлигини билдирмади.Хушбўйланган ва зийнатланган ҳолда эрининг ёнига кирди ва кечани бирга ўтказишди. Тонг отгач эри масжидга отланар экан, Румайсо (р.а) аста секин гап бошлади. “ Эй Абу Талҳа, агар бир киши бировдан омонат олса, сўнг уни эгасига қайтармасликка ҳаққи борми?” деб сўради. “Йўқ, омонат эгасига қайтарилади. Бермайман дейишга асло ҳаққи йўқ деб жавоб берди эри. Румайсо (р.а) мақсадга ўтди. “Аллоҳ таоло бизга омонатга ўғил берган эди. Энди эса ана шу омонатини қайтариб олди”, деди. Абу Талҳа: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиьун” (Биз ҳаммамиз Аллоҳникимиз, ва яна унинг ҳузурига қайтамиз), деди. Бошқа ҳеч қандай сўз айтолмади, қандайин ҳам сўз айтаолсин. Чиқиб тўғри Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳузурларига борди. Намоз ўқиди ва кеча шомда ўғли вафот этгани, ўзи эса кечани аёли билан ўтказганини айтди. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Парвардигоро! Буларнинг бу кечасини барокатли қилгин”, деб дуо қилдилар. Сарвари коинотнинг бу дуоларига осмон эшиклари очилди. Жаннат райҳони бўлмиз гўдакларини йўқотган бу зотларга меҳрибонлардан-да меҳрибон бўлмиш Роббул аламин Абдуллоҳ ибн Абу Талҳани ато этди. Абдуллоҳга эса, тўққизта фарзанд берди, буларнинг барчаси ҳофизи каломуллоҳ бўлди. Булардан тўнғич ўғли Исҳоқ ибн Абу Талҳа эса буюк фақиҳ даражасига етди, буларнинг барчаси онанинг гўзал сабри, эрига итоати ва мусибатга сабрли бўлиши ҳамда Аллоҳнинг Расулини дуоларининг барокотидан эди. Ушбу саҳобия аёлнинг ҳаёти биз аёлларгадунё ва охират саодати сариойдин йўлни кўрсатиб турувчи нурли бир тарихдир. Расулуллоҳ (с.а.в) “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деб марҳамат қилганларида ана шундай сабрли пок аёлларниназарда тутганлар. Она юртимизни ер юзига танитган Исмоил Бухорий, Термизий, Насафий, Замахшарий, Бурҳонидин Марғилоний, Фарғоний каби зурриёдларни дунёга келтирганлар ҳам мана шу каби мўьтабар оналардир. Барча оналар соғ ва омон бўлишсин маьнан пок ва юртига садоқатли фарзандлар тарбиялашда Аллоҳ барчамизга куч қувват ато этсин.
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси
Пошшахон ЭШОНХОН қизи таржимаси
Ҳадисларда самовий динлар талқини
Бугунги глобаллашув жараёни, ирқи, миллати, дини ва урф-одатлари турлича бўлган кишиларнинг муайян манфаатлар юзасидан ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиши зарурлигини тақозо этмоқда. Турли дин вакилларининг бир жамиятда тинч-тотув ҳаёт кечиришлари ҳамда динлар билан боғлиқ низо ва келишмовчиликларнинг юзага келмаслиги учун диний таълимотларнинг асл моҳиятини чуқур мулоҳаза қилиш зарур. Ҳақиқий диний таълимотлар асрлар давомида инсониятни фақатгина эзгу мақсад ва ғоялар атрофида бирлаштириб, ўзаро ҳамжиҳатликка, тинчлик ва фаровонликка ундаб келаётгани барчамизга маълум. Диннинг моҳиятини тўғри англамаслик натижасида, бир динга эътиқод қилувчиларнинг бошқа дин вакилларига нисбатан тоқатсизлик, уларни камситиш ва таҳқирлаш, уларга ҳурматсизлик билан қараш каби иллатлар юзага келиши мумкин. Булар ўз навбатида, жамият кишиларининг бирдамлигига рахна солувчи зарарли оқибатларга олиб келишига сабаб бўлади.
Бир неча дин вакиллари орасидаги муомала ва муносабатларни ҳаммага маъқул бўладиган тарзда йўлга қўйиш мақсадида, “Диний бағрикенглик”, “Динлараро мулоқот”, “Толерантлик” каби бир қанча масалалар ўртага ташланди. Турли дин вакиллари билан муомала ва муносабатларни йўлга қўйишда зарур бўладиган диний тамойилларни ўрганиш мақсадида, XIX асрдан бошлаб Ғарбда “Диншунослик” соҳаси мустақил фан сифатида ўрганила бошланди (Бу фан бизнинг диёрларимизда Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино ва бошқа буюк даҳолар давриданоқ бошланиб ҳаётга тадбиқ этилган эди). Шу зайлда, “Қиёсий диншунослик”, “Динлар тарихи”, “Дин феноменологияси”, “Дин антропологияси”, “Дин фалсафаси” каби бир қатор мустақил соҳалар юзага келди. Бу жараён бугунги кунда ҳам изчиллик билан ривожлантириб бориляпти.
Аслида, бирламчи ва соф манбалар орқали динлар тарихини илмий нуқтаи назардан ўрганилиши, улар ҳақида пайдо бўлган асоссиз ва уйдирма мулоҳазалардан ҳоли бўлиш имконини беради. Динлар тарихи, илмининг асл моҳиятидан бехабар бўлган айрим кимсаларнинг юзаки маълумотларига алданиб қолишдан сақлайди. Айниқса, ҳозирда ислом динини инсонларга ёмон кўрсатиш мақсадида пайдо бўлаётган турли оқимлар ва уларнинг ғояларидан йироқ бўлишга ёрдам беради.
Маълумки, самовий динлар ҳақида Қуръони каримнинг бир неча оятларида зикр қилинган. Ислом динидан олдинги динлар ҳақидаги оятлар мазмунини, нозил бўлиш сабабини ва уларнинг маъноларини ўрганиш, англаб етишда, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг суннат ва ҳадислари энг муҳим манба бўлиб ҳизмат қилади.
Шу ўринда, Аллоҳ таолонинг башарият учун жорий қилган динларида ўзаро алоқадорликлар мавжудлигини алоҳида қайд этиш лозим. Муҳаммад (с.а.в.) сўнгги пайғамбар қилиб юборилишлари ҳақидаги хабар, олдинги муқаддас китоблар орқали яҳудий ва насроний олимларига яхши маълум бўлган. Машҳур тарихчи олим Ибн Ҳишомнинг маълумотига кўра, Шомлик (Сурия) роҳиб Буҳайро, Хадича бинти Ҳувайлид (розияллоҳу анҳо)нинг қариндошлари Варақа ибн Навфал, улуғ саҳобалардан ҳисобланган Салмон Форсийнинг устозлари, муқаддас китоблар орқали пайғамбар келишининг хабарини билган кишилар бўлишган. Бу эса мазкур шахсларнинг янги келадиган дин ҳақида олдинги китоблар воситасида муайян назарий билимларга эга бўлганларидан далолат беради. Шунингдек, у зотнинг келишлари ўзларидан олдинги самовий динларни йўққа чиқариш, пайғамбарларини инкор этиш, уларга нозил бўлган китоблар ва шариъатларини рад этиш учун эмас, балки Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) уларга ҳам ишониб, тасдиқлаш, уларга ҳам самимий муносабатда бўлишга чорловчи, улар ҳақида аниқ маълумотларни хабарини берувчи, ўтган пайғамбарларнинг хатокор умматларини хатоларидан огоҳ этиб, хатоларни такрорламасликка, ношукр бўлмасликка чорловчи, яхшиликни хуш хабарини берувчи, бўлиб келгандирлар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг пайғамбар сифатида юборилишлари, динлар тарихида янги, ўзига хос саҳифанинг очилишига сабаб бўлганини, доктор Муҳаммад Халифа Ҳасан шундай зикр қилади: “У пайғамбарларнинг сўнггиси бўлиб, ундан кейин набий ҳам расул ҳам йўқ”. Ушбу маълумот ва шунга ўхшаш хабарларнинг ўзи динлар тарихини яна бир нодир ахборот билан бойитади ва тўлдиради. Чунки динларга оид билимларни ўрганишда, яҳудийлар Одам (а.с.)дан Мусо (а.с.)гача, насронийлар эса Одам (а.с.)дан Исо (а.с.)гача бўлган даврдаги пайғамбарларни, уларнинг ҳаётлари, уларга нозил бўлган шариатлари, тарихи, бошидан кечирган ҳодисалари ва шу кабиларни ўрганадилар. Ислом динида эса аввал айтиб ўтганимиздек, барча пайғамбарлар бирдай кўрилади. Бири бошқасидан устун тутилиши ҳисобига бошқаси камситилмайди. Ислом динида, бу эътиқод масаласи билан боғлиқ бўлиб, ислом вакилининг (мўмин-мусулмон) эътиқоди бусиз мукаммал бўлмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
آَمَنَ الرَّسُولُ بِمَا أُنْزِلَ إِلَيْهِ مِنْ رَبِّهِ وَالْمُؤْمِنُونَ كُلٌّ آَمَنَ بِاللَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِنْ رُسُلِهِ
Яъни: “Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) имон келтирди ва мўминлар ҳам. (Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига бирортасини ажратмасдан (ҳаммасига) имон келтирди[i].
Мазкур оятда, Пайғамбар (с.а.в.) ўзларига нозил қилинган китоб – Қуръони Каримга имон келтириши билан бирга Аллоҳ таолога, фаришталарга, Аллоҳ таоло томонидан олдин ҳам самовий китоблар (Забур, Таврот, Инжил) нозил қилинганига, башариятга огоҳлантирувчи ва ҳушхабар берувчи пайғамбарлар юборилганига имон келтиргани ва бошқа мусулмонлар ҳам бу ишда унга эргашганлари маълум бўлади. Пайғамбарларнинг биридан бошқасини (бошқаларини камситиш эвазига) устун қўймаслик, (Аллоҳ томонидан айрим пайғамбарларга берилган баъзи фазилатларни эътироф этган ҳолда) ҳаммасини бирдай Аллоҳнинг пайғамбарлари сифатида кўриш ислом манбаларида тавсия қилинган энг мўътадил ва энг маҳбуб йўлдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) умрларининг охиригача, инсонларни ана шу мавқе (эътиқодда)да бўлиб, бошқаларни ҳам шунга ундаганлари борасида суннат ва ҳадисларда кўплаб мисоллар учрайди. Хусусан, Қуръони Каримнинг “Каҳф” сурасида Мусо (а.с.) илм олиш учун ҳамроҳ бўлган солиҳ кишининг қиссаси келтирилганлиги ислом умматига маълум ва машҳурдир. Ушбу қисса нозил бўлганда, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Биродарим Мусога Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, сабр қилганида, Аллоҳ бизга уларнинг қиссаларини айтиб берар эди. У (Мусо) ўз шериги билан турганида, ажойиботларни кўрар эди” – деб марҳамат қилганлар.
Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: “Икки киши: яҳудийлардан бир киши ва мусулмонлардан бир киши сўкишиб қолди. Шунда мусулмон: Муҳаммад (с.а.в.)ни танлаб олган зот ила қасам!” – деди. Яҳудий эса: “Мусо (а.с.)ни оламлар устидан танлаб олган зот ила қасам” – деди. Ана шу пайтда мусулмон қўлини кўтариб, яҳудийнинг юзига шапалоқ туширди. Шунда яҳудий Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига бориб, ўзи билан мусулмон орасида бўлиб ўтган иш ҳақида хабар берди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мени Мусодан яхши қилманглар. Одамлар ҳушларидан кетганда биринчи бўлиб ўзига келган мен бўламан. Қарасам, Мусо Аршнинг бир томонини ушлаб турган бўлади. Билмайман, у ҳам ҳушидан кетиб мендан олдин ўзига келганми ёки истисно қилинганлардан бўлганми” – дедилар”.
Ислом дини тарихида маълум ва машҳур бўлган воқеъалардан бири бу “Исроъ ва Меърож” воқеъасидир. Ушбу кечада Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг Мусо (а.с.) билан гаплашганлари ва кунлик намоз вақтлари ҳақида маслаҳатлар берганликлари ислом тарихида муҳрланган айни ҳақиқатдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўзларидан олдин келган барча пайғамбарларнинг шариъатлари, ислом дини шариъатига зид бўлмаса, унга амал қилганликлари ҳамда ўз умматларини ҳам унга тарғиб қилиб, ўзлари ўрнак ва намуна бўлганлари китобларда зикр қилинган. Жумладан: “Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага ҳижрат қилиб борганларида “Ашуро” куни яҳудийларнинг рўза тутаётганларини кўриб: “Сизлар рўза тутадиган қанақа кун бу?” – деб сўрадилар. Шунда яҳудийлар: “Бу улуғ кундир! Бу кунда Аллоҳ таоло Мусо (а.с.) ва унинг қавмига нажот берди, фиръавн ва унинг қавмини ғарқ қилди. Унинг шукронасига Мусо (а.с.) рўза тутдилар, (шунга кўра) биз ҳам рўза тутмоқдамиз” - дедилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Биз Мусога сиздан кўра ҳақлироқ ва (яхшироқмиз)” - дедилар ва ўзлари рўза тутиб бошқаларни ҳам шунга буюрдилар”. Шунингдек, қуйидаги ҳадиси шарифда ҳам ушбу мазмунга уйғун маъноларни учратамиз: “Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (с.а.в.): “Мен одамлар ичида бу дунёда ҳам, охиратда ҳам Исо ибн Марямга энг ҳақлисиман” - дедилар. Шунда: “Қандай қилиб, эй Аллоҳнинг Расули?” – дейишди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Пайғамбарлар оға-инилардир. Оналари турлича. Динлари бир.”, дедилар”.
Мўмин-мусулмонлар ҳам бир неча асрдан буён, ҳар йили “Ашуро” кунини эъзозлаб, рўза тутиб, савобидан ва ажридан умидвор бўладилар. Шунингдек, ушбу кунда яхши ният билан рўзғор қиладилар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: "مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ وَأَهْلِهِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ سَائِرَ سَنَتِهِ"
(رواه البيهقى في شعب الإيمان)
Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким Ашуро кунида аҳли-аёлига кенглик қилса, Аллоҳ таоло унга йилнинг қолганини кенг қилади” дедилар”. (Имом Байҳақий “Шуабул-иймон” китобида ривоят қилган).
Ян бир ривоятда эса,
عَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: "مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ فِي النَّفَقَةِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ سَائِرَ سَنَتِهِ"
(رَوَاهُ رَزِين)
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким Ашуро куни аҳли-аёлига нафақада кенгчилик қилса, Аллоҳ унга йилнинг қолганини кенг қилади” – дедилар. (Имом Розийн ривоят қилган).
Ҳадисларда бошқа динлар ҳақидаги маълумотларни назарий жиҳатдан ўрганишда, ўша динларнинг вакиллари томонидан келтирилган маълумотларни узил-кесил ёлғонга чиқармаслик, шу билан бирга фақат шунинг ўзи билангина кифояланиб қолмасликка чақирилади (“Ашуро” куни ҳақида келган ҳадис сўзимизга мисол бўлади). Чунки бошқалар томонидан келтирилган маълумотлар биз учун асос сифатида қараладиган манбаларда қандай баён қилингани ҳамда уларнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ва олимларимиз қандай тушунтиришганини билиш ва шунга кўра йўл тутиш муҳимдир.
Яҳудийлар билан қилинган мунозаралардан бирида, Маҳсур ибн Субҳон исмли кишининг Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан “Қуръон Аллоҳ томонидан нозил қилинган китоб эканига нима далил бўла олади?” – деб сўраганда, Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га қуйидаги оятни нозил қилган:
أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآَنَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِنْدِ غَيْرِ اللَّهِ لَوَجَدُوا فِيهِ اخْتِلَافًا كَثِيرًا
Яъни: “Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар”.
Тарихчилар ва сийрат олимлари томонидан ўрганилган маълумотларга асосланиб, бўлиб ўтган мазкур илмий баҳсларда кўпинча эътиқод, нубувват, Қуръони карим ва каби каби мавзулар атрофида кечганини кўришимиз мумкин. Бу илмий баҳслар ўз ечимини топганда, ислом нақадар бағрикенг, халқпарвар ва миллатпарвар дин экани маълум бўлган.
Хулоса қилиб айтганда, шу каби кўплаб маълумотлар билан танишар эканмиз, турли динлар билан боғлиқ хабарларни илмий-назарий жиҳатдан тадқиқ этиш, ислом динининг илк давриданоқ “Қуръони карим” ва “Суннат”га таянган жараён эканининг гувоҳи бўламиз. Мана шу мустаҳкам таянч кейинги асрлардан тортиб, то бугунги кунгача, динлар тарихини ўрганишда олимларга ва башариятга асосий манба вазифасини ўтаб келмоқда.
Исомиддин АХРОРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги ходими,
“Оқилон” жоме масжиди имом-хатиби
Расулуллоҳ (с.а.в)нинг болаларга муносабатлари
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.