muslim.uz

muslim.uz

Середа, 01 декабрь 2021 00:00

03.12.2021 й. Дунё – охират экинзори

 ДУНЁ – ОХИРАТ ЭКИНЗОРИ

Муҳтарам азизлар! Маълумки, дунё ҳаёти мўмин-мусулмонларга берилган катта имконият бўлиб, бундан фойдаланиб, ҳар бир банда дунё ва охиратини обод қилиши зарур. Динимиз кўрсатмаларига кўра, киши дунёсини деб охиратини ва охиратини деб дунёсини унутмаслиги лозим. Киши дунё ҳаёти даврида охиратига катта захиралар қилишга доимо ҳаракатда бўлмоғи – динимиз талабидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَلْتَنْظُرْ نَفْسٌ مَا قَدَّمَتْ لِغَدٍ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ

яъни: Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқингиз! албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир (Ҳашр сураси 18-оят).

Демак, дунё ҳаётини ғанимат билиб, унда ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимиз, ҳамиша динимиз, халқимиз ва Ватанимиз учун манфаатли, хайрли амаллар устида бўлишимиз керак.

Аллоҳ таоло дунё ҳаёти ҳақида ояти каримада шундай ўхшатма қилган:

 وَاضْرِبْ لَهُمْ مَثَلَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا كَمَاءٍ أَنْزَلْنَاهُ مِنَ السَّمَاءِ فَاخْتَلَطَ بِهِ نَبَاتُ الْأَرْضِ

فَأَصْبَحَ هَشِيمًا تَذْرُوهُ الرِّيَاحُ وَكَانَ اللَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ مُقْتَدِرًا

яъни: “(Эй, Муҳаммад! Одамларга) дунё ҳаёти мисолини келтиринг. (У) худди бир сув кабидирки, Биз уни осмондан ёғдиргач, (баҳорда) у сабабли ер ўсимликлари (бир-бирига) аралашиб (қалинлашиб) кетур, сўнгра (кузда) шамоллар учириб кетадиган хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир зотдир” (Каҳф сураси 45-оят).

Инсон умрининг баҳори – ёшлик даври ва кузи – кексалик айёми экани ҳақида мисол келтирилмоқда. Демак, инсонни умри гўё бир баҳор ва куздан иборат қисқа муддат экан.

Дунё ҳаёти жуда ҳам қисқа муддат экани ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

وَاللهِ مَا الدُّنْيَا فِي الْآخِرَةِ إِلَّا مِثْلَ مَا يَجْعَلُ أَحَدُكُمْ إِصْبَعَهُ فِي الْيَمِّ ، فَلْيَنْظُرْ بِمَ يَرْجِعُ 

яъни: “Бу дунё охират олдида ҳеч нарса эмас. Фақатгина сизлардан бирингиз бармоғини денгизга солганига ўхшайди. Назар солсинчи, бармоғига нима илашибди” (Имом Муслим ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шарифда охират ҳаёти денгиздаги сувга ва дунё ҳаёти эса, денгизга солинган бармоққа ёпишган сувга ўхшатилмоқда. Демак, инсонни дунёдаги ҳаёти жуда ҳам кам муддат экан. Лекин афсуски, шунга қарамасдан кўпчилигимизда дунёга бўлган муҳаббатимиз жуда ҳам кучлидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган:

 يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّ وَعْدَ اللَّهِ حَقٌّ فَلَا تَغُرَّنَّكُمُ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا وَلَا يَغُرَّنَّكُمْ بِاللَّهِ الْغَرُورُ

яъни: “Эй, инсонлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, сизларни дунё ҳаёти сира алдаб қўймасин! Яна сизларни алдамчи (шайтон) алдаб қўймасин!” (Фотир сураси 5-оят). Яъни сизларга шайтон Аллоҳ номидан ваъда қилиб: “Гуноҳ ишларни қилаверингиз! Тоат-ибодат шарт эмас, Аллоҳ кечирувчидир” каби сўзлар билан алдаб қўймасин!

Банда дунё матосига алданмаслиги ва унга муккасидан кетмаслиги учун уламоларимиз томонидан қуйидаги нарсаларга амал қилиш тавсия қилинган:

Дунё ҳаёти вақтинча экани ва охират ҳаёти абадий бўлишига имони комил бўлиши керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:

 إِنَّ الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِالْآَخِرَةِ زَيَّنَّا لَهُمْ أَعْمَالَهُمْ فَهُمْ يَعْمَهُونَ

яъни: “Албатта, охиратга имон келтирмайдиган кимсаларнинг (қилаётган) амалларини ўзларига чиройли кўрсатиб қўйгандирмиз. Бас, улар гангиб юраверадилар” (Намл сураси 4-оят).

 Дарҳақиқат, охират ҳаётини абадий эканига имони комил бўлган киши дунё ҳаётига муккасидан кетмайди. Афсуски, ҳозирги кунда баъзиларни кўрсангиз худди ўлмайдиган кишидек бор имкониятини молу давлат топиш ва айшу ишрат қилишга сарфлаб, Аллоҳ буюрган ибодатларни унутиб, охиратини эсдан чиқаради. Бундай кишиларни охиратдаги аҳволи жуда оғир бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган:

 وَمَنْ أَعْرَضَ عَنْ ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنْكاً وَنَحْشُرُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَعْمَى * قَالَ رَبِّ لِمَ حَشَرْتَنِي أَعْمَى وَقَدْ كُنْتُ بَصِيراً * قَالَ كَذَلِكَ أَتَتْكَ آَيَاتُنَا فَنَسِيتَهَا وَكَذَلِكَ الْيَوْمَ تُنْسَى

яъни: “Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, унга танг-тор ҳаёт бўлади ва Қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирамиз. У: “Парвардигоро, нега мени кўр ҳолда тирилтирдинг? Ахир кўрувчи эдим-ку?!” деди. У Зот: “Ҳа, шундай: сенга оятларимиз келганида уларни унутдинг. Сен ҳам бугун шундай “унутилурсан”, деди” (Тоҳо сураси 124-126 оятлар).

Банда дунё матосига алданмаслиги ва унга муккасидан кетмаслиги учун дунё ҳаёти охират учун экинзор эканини англаб етиши керак. Ҳар бир мўмин-мусулмон дунё ҳаёти вақтинча ва фоний экани, охират ҳаёти абадий ва тугамас эканини яхши англаса, дунё ҳаётидаги вақтини қадрига етади ва ундан унумли фойдаланади. Баҳор фаслида деҳқон ўз ерига уруғ экиб, уни парваришлаб, кузда ҳосил олгани каби, биз ҳам бу дунёдаги қисқа умримизда охиратдаги абадий ҳаётимиз учун ҳосил тайёрлаймиз. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам елкамдан тутиб туриб:

كُنْ فِي الدُّنْيَا كَأَنَّكَ غَرِيْبٌ أَوْ كَعَابِرِ سَبِيْلٍ 

(رواه الإمام البخاري عن ابن عمر رضي الله عنهما)

яъни: “Бу дунёда худди мусофир ёки йўловчидек бўлинг”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Дарҳақиқат, мусофир киши турган жойидан тез фурсатда ўзини асл манзилига кетишини билгани учун ҳам турган жойига асосий эътиборини қаратмайди. Балки асосий эътиборини асл ватанини обод қилишга қаратади. Бизни дунёдаги ҳолатимиз ҳам мусофир каби бўлиши керак экан.

Дунё ҳаёти охират учун экинзор бўлганидан кейин ҳар бир мўмин-мусулмон киши барча яхши ва савобли ишларда бошқалар билан мусобақа қилишга ҳаракат қилиши керак. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, фақир муҳожирлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Мол-дунёси кўплар даражотларни ва доимий неъматни олиб кетдилар”, – дейишди. У Зот: “Нега бундай деяпсизлар?” – дедилар. Улар: “Биз намоз ўқиганимиздек намоз ўқишади. Биз рўза тутганимиздек рўза тутишади. Улар садақа ҳам қилишади. Биз садақа қила олмаймиз. Улар қул озод қилишади, биз озод қила олмаймиз”, – дедилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай дедилар:

أَفَلَا أُعَلِّمُكُمْ شَيْئًا تُدْرِكُونَ بِهِ مَنْ سَبَقَكُمْ، وَتَسْبِقُونَ بِهِ مَنْ بَعْدَكُمْ، وَلَا يَكُونُ أَحَدٌ أَفْضَلَ مِنْكُمْ إِلَّا مَنْ صَنَعَ مِثْلَ مَا صَنَعْتُمْ؟ قَالُوا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: تُسَبِّحُونَ وَتُكَبِّرُونَ وَتَحْمَدُونَ دُبُرَ كُلِّ صَلَاةٍ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ مَرَّةً

 (متفق عليه)

яъни: “Сизни ўзингиздан олдингиларга етиб олишингиз, ўзингиздан кейингилардан ўтиб кетишингизга сабаб бўладиган, сиздан ҳеч ким афзал бўлмайдиган, фақат сиз қилганни қилсагина бўладиган нарсага далолат қилайми?” – дедилар. Улар: “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули”, – дейишди. У Зот: “Ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта тасбеҳ, такбир ва ҳамд айтасиз”, – дедилар (Муттафақун алайҳ).

Банда дунё матосига алданмаслиги ва унга муккасидан кетмаслиги учун ҳар бир ишини Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, тақвони лозим тутиши керак. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

 وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ يَعْلَمْهُ اللَّهُ وَتَزَوَّدُوا فَإِنَّ خَيْرَ الزَّادِ التَّقْوَى وَاتَّقُونِ يَا أُولِي الْأَلْبَابِ

 яъни: “Қандай яхши амал қилсангиз ҳам Аллоҳ билади. Озуқа ғамлаб олинглар, энг яхши озуқа тақводир. Эй, оқиллар, азобимдан қўрқинглар!” (Бақара сураси 197-оят).

Дарҳақиқат, “ҳар бир ишимни Аллоҳ кўриб турибди” деган эътиқодда бажараётган киши топаётган молини ҳалолдан бўлишига ҳаракат қилиб, бировни ҳаққидан ҳазар қилади ва ҳар бир ишида охиратга захира қилишга уринади.

Банда дунё матосига алданмаслиги ва унга муккасидан кетмаслиги учун қўлидаги мол-мулкига қаноатли бўлиши керак.  Мўминнинг саодати – Аллоҳ унга ризқ қилиб берган нарсага рози бўлишидир. Аллоҳнинг Раззоқ сифатига имон келтириб, Унга ҳақиқий таваккул қилиш, борга ҳам, йўққа ҳам шукр қилиш – қаноатдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам турмушнинг барча жабҳасида қаноатли эдилар. У Зот алайҳиссалом бундай  дердилар:

لَيْسَ الْغِنَى عَنْ كَثْرَةِ الْعَرَضِ وَلَكِنَّ الْغِنَى غِنَى النَّفْسِ

(رواه الإمام البخاري عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, балки кўнгил тўқлигидадир” (Имом Бухорий ривоятлари).

        Қаноатли киши фақирликдан қўрқмайди, бахиллик ҳам қилмайди. Гуноҳдан  сақланади, эзгуликда бардавом бўлади. Агар у Аллоҳ берган  нарсага озми-кўпми, қаноат қилса, икки дунёда ҳам танглик кўрмайди. Минг афсуски, арзимаган дунё матосини деб, бировлар билан талашиб, уришган ҳатто бир қориндан тушган ака-укалар ҳам арзимаган дунё матоҳини талашиб, юз кўрмас бўлишлари мусулмончиликка асло тўғри келмайди.

Банда дунё матосига алданмаслиги ва унга муккасидан кетмаслиги учун молу дунёда ўзидан пастдаги кишиларга қараши керак. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда бундай деганлар:

انْظُرُوا إِلَى مَنْ هو أَسفَل مِنْكُمْ وَلا تَنْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ فَوقَكُم؛ فهُوَ أَجْدَرُ ألَّا تَزْدَرُوا نِعْمَةَ اللهِ عَلَيْكُمْ 

 (رواه الإمام الترمذي عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Мол-дунёда ўзингиздан пастга қаранг! Ўзингиздан юқорига қараманг! Ана шунда, Аллоҳнинг сизга берган неъматини таҳқирлаб қўймайсиз” (Имом Термизий ривоятлари).

Муаммоларимиз шундаки, бор неъматларимиз шукрини қилмасдан, қўлимиздаги нарсага эмас, бировнинг қўлидаги нарсага қараймиз. Билмаймизки, бошқалар қўлидаги нарсаларга қарашимиз ўз қўлимиздаги нарсалардан фойдаланиш лаззатини йўқ қилади.

Хулоса қиладиган бўлсак, дунё ҳаёти бандаларга катта-катта савобли амалларни бажариб олишга имконият ва фурсат экан, бундан унумли фойдаланиб, зиммамиздаги ибодатларни вақтида бажариб, муҳтожларга ёрдам ва хайр-саховат қилиб, ўзгалар билан муомала ва муносабатимизни чиройли айлаб, барча яхши ва савобли ишларда пешқадам бўлишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Муҳтарам жамоат! Жорий йил 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун. Қомусимизда инсон ҳуқуқлари, бурч ва вазифалари билан бирга виждон эркинлиги ҳам алоҳида кафолатлаб қўйилган. Бундан ташқари инсон қадри буюклиги, уни ким бўлишидан қатъий назар шаъни ва қадр-қиммати ҳимояланиши таъкидланган. Жумладан, 48-моддада бундай дейилган: “Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар”.

 Кишилик жамиятида қонунларнинг аҳамияти жуда ҳам катта. Дарҳақиқат, адолатли қонунлар – халқ фаровонлиги ҳамда дунё ва охират ободлигининг асосидир.

Ҳурматли азизлар! Келаси йил учун “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига обуна бўлиш бошланган. Ушбу нашрларни ўқиганда, юртимиз ва дунё мусулмонлари ҳаёти билан танишиш баробарида илм ҳам ўрганасиз. Йил бўйи ўзингиз ва хонадон аҳлингиз Ислом маърифатидан фойда олади. Қолаверса, илм йўлида пок ният ва ихлос билан ҳаракат қилиш бандага жаннат йўлини осон қилади. Ҳадиси шарифда шундай дейилади: 

﴿وَمَنْ سَلَكَ طَرِيقاً يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْماً، سَهَّلَ اللهُ لَهُ طَرِيقاً إِلَى الجَنَّةِ﴾ )رواه الامامُ مسلم عن أَبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди” (Имом Муслим ривоятлари).

Демак, мусулмон киши ҳар куни дини ва ўз соҳасини ўрганиш учун вақт ажратиши – айни муддаодир. Шундай экан, ушбу газета-журналларга обуна бўлинг ва газета, журнал ўқиб, илмингизни бойитинг!

Аллоҳ таоло барчамизга дунё ҳаёти қадрига етиб, ҳоли ҳаётлик давримизда икки дунёмизни обод қиладиган хайрли амалларни қилишни насиб айласин! Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси Сафар ва унга оид одоблармавзусида бўлади, иншааллоҳ.

Понеділок, 29 ноябрь 2021 00:00

Интернетдаги алоқа одоблари

— Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда ўзига танлаган исмнинг гўзаллигига эътибор бериши лозим. 

— Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда шариат рухсат берган нарсаларга амал қилиб, ман қилган нарсалардан четда бўлиш асосий қоида бўлиши зарур. 

— Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишдан яхшилик ва тақвода ҳамкорлик қилиш ҳамда ёмонлик ва душманликда ҳамкорлик қилмаслик шиор қилиб олиниши зарур. 

— Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишдан фойдали мақсадни кўзлаш ва бефойда ишлардан чентда бўлиш лозим. 

— Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда мусулмон инсоннинг ўзига тақвони, яхшиликни ва гўзал хулқни лозим тутиши талаб этилади. 

— Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда номаҳрамлар масаласида жуда эҳтиёт бўлиш керак. 

— Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда иш айнан интернет орқали никоҳланишгача етиб бормаслиги керак. 

— Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда ёлғон ишлатмаслик, сохтакорлик ила уйдурма хабарлар, суратлар ва видео лавҳалар тарқатмаслик талаб этилади. 

— Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда худди кўз кўзга тушиб тургандек, ўзини одоб ва ахлоқ ила тутиш лозим. 

— Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда нотаниш кишиларни "Сиз"лаб уларга алоҳида ҳурмат кўрсатиш керак. 

— Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда баҳс-мунозара ҳар қанча қизиса ҳам, бировга озор беришга бормаслик керак. 

— Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда беҳуда тортишувларга йўл қўймаслик, беодобликларга қарши курашиш яхши ишдир. 

— Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда савдо ишлари олиб борилса олдин бунинг тафсилотини яхши ўрганиб олиш шартдир. 

 

Тўлиқ маълумот учун Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг

"Ижтимоий одоблар" китобининг 254-261- бетларига қаранг

 

П'ятниця, 26 ноябрь 2021 00:00

Инсонни қадрлаш – исломий одоб

 

Аллоҳ таоло одамзотни азизу мукаррам қилиб яратган. Унинг шаънини улуғлаб, ер юзидаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилган. Инсоннинг шаънига, молига, жонига ноҳақ тажовуз қилишни ҳаром қилган. Қуръони каримда бундай дейилади:

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70-оят).

Инсон – ҳаёт гултожи. Унинг қадри, ҳурмати ҳар доим эъзозга лойиқ. Халқимизга хос хислатлар ҳақида гап кетса, албатта, қадр-қиммат, меҳр-оқибат каби фазилатлар тилга олинади. Кексаларни ардоқлаш, кўмакка муҳтожларнинг ҳурматини жойига қўйиш қон-қонимизга сингиб кетган фазилат. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларимизга раҳм-шафқатда ва катталаримизга ҳурмат ва иззатда бўлмаганлар биздан эмас”, — дедилар. (Имом Термизий). Ушбу муборак ҳадиси шариф ўзбек халқининг онгу-шуурига сингиб кетган, урфу-одатига айланиб бўлган. Ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий муҳитини соғломлаштира олсак, инсоннинг қадр ва шаънига бўлган ҳурматнинг асосини мустаҳкамлаган бўламиз. Исломда инсоннинг қадр-қиммати қалбининг поклиги, ундаги иймон-ихлос ва қилган яхши амаллари билан ўлчанади. Ислом назарида қалби пок, иймонли инсон дунёдаги барча гўзал суратлардан гўзалдир, мўмин инсоннинг солиҳ амали дунёдаги барча молу дунёдан устундир. Аллоҳ таоло инсонни ташқи суратига қараб эмас, қалбининг поклигига қараб баҳолайди. Аллоҳ таоло инсонни молу дунёсига қараб эмас, солиҳ амалига қараб тақдирлайди. Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солингандагина инсонлар ўзларининг ҳақиқий қадрларини топадилар. Ана шунда ҳар бир инсон иложи борича қалбини поклашга, солиҳ амал қилишга интиладиган бўлади. Турли ўткинчи ҳою-хаваслар, молу дунёга ҳирс қўйишлар ўз аҳамиятини йўқотади. Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли қора танли қул Билол Ҳабаший инсон зоти мушарраф бўлмаган шарафга, яъни Каъбаи Муаззама устига чиқиб, илоҳий мадҳия − азон айтишга эришди.

Шунинг учун ҳам, инсон қадр-қийматини ўлчашни шариат ўз зиммасига олган. Шариат ўлчови бўйича инсон қадр-қиймати унинг молу-пулига қараб эмас, мансабию насабига қараб эмас, тақвоси ва аҳли солиҳлигига қараб ўлчанади.

Бир дона тақводор, аҳли солиҳ камбағал Ислом дини назарида ер юзи тўла бойю-бадавлат фосиқлардан кўра афзал.

Инсон ўз қадрини билиши учун маърифат сохиби бўлиши керак. Инсон ўз қадрига номуносиб ишни ўзгага хам раво кўрмаслиги ва ўз қадрига нолойиқ шароитга рози бўлмаслиги керак. Қадрласанг қадр топасан, қадрланасан, - дейди халқимиз. Бу дунёда ўзгаларни қадрлаб ва қадрланиб яшаш барчамизга насиб қилсин.

 

Янгийўл туманидаги Имом султон жоме масжиди имом хатиби

Одилжон Нарзуллаев

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари халқаро анжуманда қатнашиш учун Қозоғистон республикасига ташриф буюрадилар.

Муфтий ҳазратлари илк хориж сафарлари чоғида Қозоғистон Республикаси Нурсултон шаҳрида ўтказиладиган “Мустақил Қозоғистон ва Ислом қадриятлари” номли халқаро илмий-амалий анжуманда иштирок этадилар.

Нуфузли халқаро анжуманда Туркия Республикаси Диёнат ишлари бошқармаси раиси, доктор Али Эрбош, Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Шайх Равил Гайнутдин, Россия мусулмонлари Марказий диний идораси раиси, Шайх-ул Ислом, муфтий Талгат Сафо Тажуддин, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Замир ҳожи Ракиев, Тожикистон ислом маркази раиси, муфтий Саидмукаррам Абдуқодирзода ҳазратлари, Мўғилистон мусулмон ташкилотлари иттифоқи раиси Ҳадис Ботирбек ҳожи, Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий сингари Ислом оламининг мартабали уламолари қатнашиши кўзда тутилган.

Халқаро анжуман фаолиятини сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Сторінка 1 з 2134
Top