muslim.uz
“Ҳаж” зиёратига бориш тартиби қандай?
“Ҳаж”га бориш учун фуқаро доимий яшаш жойидаги маҳалла йиғинига ариза ҳамда паспорти нусхасини тақдим этади.
“Ҳаж”га боришга номзодлар навбатга қўйилишидан аввал ҳар ойнинг 5 санасидан кеч бўлмаган муддатда суҳбатдан ўтказилади ва сараланади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали хабар берди.
Номзодларга қуйидаги талаблар қўйилади:
- моддий ва жисмоний жиҳатдан Ҳажга қодир бўлиши;
- Ҳаж амалларини тўғри ва тўла-тўкис адо этиши учун етарли диний билимга эга бўлиши;
- олдин Ҳажга бормаган бўлиши;
- вояга етган бўлиши;
- маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлиши;
- оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалладаги муҳитни яхшилашда ибрат бўла олиши;
- йўлдан адашганларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам бериши;
- маҳалладаги хайрия тадбирларида иштирок этиши.
45 ёшгача бўлган аёлларнинг Ҳажга фақат маҳрамлари (эри, отаси, ўғли, акаси, укаси ва ҳ.к.) билан бирга боришига йўл қўйилади.
Номзодлар рўйхати тегишли ҳудуддаги масжид ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари биноларида эълон қилинади.
Рўйхат бўйича навбати келган фуқаролар Ҳажга жўнашдан камида бир ой олдин ёзма шаклда почта орқали хабардор қилинади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Имомга отилган тош иймонга тегади
Минг афсуски, интернет воситаларида имомларга, уламоларга нисбатан ноўрин танқидларга тез-тез гувоҳ бўлиб қоляпмиз. Бу каби ҳолатлар ҳар бир соф табиатли инсонни ташвишга солади. Чунки бу ишлардан кўзланган мақсад имомларга нисбатан халқнинг ишончини йўқотиш ҳамда омма ичида тарафкашлик ва беқарорликни келтириб чиқаришдир. Одамлар орасида эса уларга ишонадиган, гап-сўзларини жон қулоғи билан тинглайдиган, умуман текшириб кўрмасдан қўллаб-қувватлайдиганларнинг борлиги янада ачинарли ҳолатдир.
Аслида бу каби кишилар саодат асри – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонасида ҳам бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай хабар берган:
“Агар улар сизларга қўшилиб (жангга) чиққанларида ҳам, сизларга фақат бузғунчиликни зиёда қилиб, ораларингизга (раҳна) солиб, сизларни фитнага дучор қилган бўлур эдилар. Сизларнинг ичингизда эса, уларга қулоқ соладиган (ишонувчи)лар бор. Аллоҳ золимларни билувчидир. (Улар) олдин ҳам фитна қўзғатмоқчи бўлган ва улар ёқтирмаган ҳолларида то ҳақ (ғалаба) келиб, Аллоҳнинг амри (дини) ғолиб бўлгунича ҳам ишларингизни (макр-ҳийла, иғво билан) остин-устун қилган эдилар”. (Тавба сураси, 47-48 оятлар).
Гарчи бу оят Мадина мунофиқлари ҳақида нозил бўлган бўлса-да, лекин бугунги кундаги ҳолатимиз учун ҳам ибрат бўла олади. Чунки Ватанимизда босқичма-босқич – тадрижий давом этиб келаётган ислоҳотлар илдизига бу каби фитналар болта уриши шубҳасиздир. Шунинг учун биз бунчалар содда бўлмаслигимиз, ҳар бир ишда унинг оқибатига, қандай якун топиши мумкинлигига эътибор беришимиз керак.
Айниқса, интернет орқали тарқатилаётган хабарлар қанчалик рост эканини текшириб кўрмай унга ишонишга, бошқаларга ҳам улашишга шошилмайлик. Чунки интернет орқали эълон қилинган айрим хабарларнинг кўп ҳам вақт ўтмай аксинча бўлиб чиқаётгани ҳеч кимга сир эмас. Оғзига кучи етмай ёлғон хабарларни тарқатаётганлар халқни чалғитиш мақсадида ўзларини ватанпарвар, диндор, ва тақводор қилиб кўрсатишади. Лекин улар бу борада динига амал қилишни бир четга суриб қўйиб, ўзларига етиб келган ҳар қандай хабарни уялмай-нетмай тарқатишмоқда. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эшитган нарсасини гапиравериши кишининг ёлғончилигига кифоя қилади”, дедилар. Муслим ривояти.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эшитган нарсасини гапиравериши кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя қилади”, дедилар. Абу Довуд ривояти.
Инсон ҳар хил хабарларни эшитади. Уларнинг ичида рости ҳам бўлади, ёлғони ҳам бўлади. Агар текшириб кўрмай, эшитганининг ҳаммасини гапираверса, ёлғон гапларни ҳам гапириб қўйиши эҳтимолдан холи эмасдир.
Интернетга ин қуриб олиб тинмай имомларни муҳокама қилаётганларга келсак, аслида бу ишлари улар жуда ҳам хатарлидир. Чунки илм эгаларини ноўрин ёмон кўриш ва танқид қилиш кишининг имонига салбий таъсир кўрсатади. Хулоса номли фатво китобида шундай дейилган: “Ким бирор олимни бирорта аниқ сабабсиз ёмон кўрса, унга куфр етиш хавфи бор”. Чунки олим кишини диний ёки дунёвий сабабсиз ёмон кўриш шариат илмини ёмон кўриш ҳисобланади. Демак, бу каби ишларнинг имонга салбий таъсир кўрсатиб қўйиши хавф бордир.
Тўғри, биз “барча имомлар мутлақо хато қилмайди” деган даъводан йироқмиз. Чунки улар пайғамбар эмас, улар ҳам сиз ва биз каби хато қилувчи оддий инсонлар. Сиз ҳам гуноҳ ва хатодан холи бўлмаганингиз каби улар ҳам хатодан холи эмаслар. Лекин динимиз нуқтаи назарига кўра хато қилган инсоннинг хатоси афкори оммага олиб чиқиб муҳокама қилинмайди. Аксинча, ўзига алоҳида насиҳат қилинади. Чунки инсонларнинг олдида қилинган насиҳатда таҳқирлаш эҳтимоли кўпроқ бўлиб, пинҳона қилинган насиҳатда бундай ҳунук ҳолатнинг эҳтимоли йўқ. Хусусан, халқ учун пешво бўлган шахсларга нисбатан бу масалада янада эҳтиёткор бўлиш тавсия қилинади. Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ айтган экан: “Кимки ёру-дўстига пинҳона насиҳат қилса, у дўстини зийнатлабди, кимки дўстига ошкора одамлар орасида насиҳат қилса, уни ҳақоратлабди”.
Аллоҳ таоло барчамизга имон гавҳаримизни асрашни муваффақ қилсин!
Муҳаммадий Эргашев,
Тошкент шаҳар “Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Малайзиялик меҳмонлар Самарқандда меҳмон бўлдилар
Аввалроқ, Малайзиянинг Перлис штати муфтийси Мохд Асри Бин Зайнул Абидин бошчилигидаги диний уламолардан иборат делегация шу кунларда Юртимизда меҳмон бўлиб турибдилар ҳамда Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Улар Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти, Минор жоме масжиди, Чорсу деҳқон бозори ва бошқа кўплаб манзилларга саёҳат уюштирдилар.
Малайзиялик меҳмонлар Самарқанд шаҳрини зиёрат қилдилар. Даставвал меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрдилар. Уларни Самарқанд вилояти Бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов кутиб олиб, ташрифи билан қутлади ҳамда мажмуани зиёрат қилдирди. Зиёрат давомида меҳмонларга муҳаддис олим Имом Бухрий ҳаёти, у кишининг фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шундан кейин меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги бошқа диққатга сазовор жойларни зиёрат қилдилар. Регистон майдони, Шоҳи Зинда, Гўри Амир, Ҳазрати Ҳизр мажумалари шулар жумласидандир.
Меҳмонлар саёҳат учун миннатдорлик билдириб, ушбу қадамжоларга ташриф ҳақида мамнуният билан сўзладилар. Самарқанд шаҳридаги қадамжолар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Миллий меъморчилигимиз, қадим обидаларимиз, таомларимиз хориж делегациясининг алоҳида эътиборини қозонди.
Меҳмонлар Самарқанд бўйлаб зиёратини якунлаб Бухоро шаҳрига жўнаб кетди.
Порталимизни кузатишда давом этинг.
ЎМИ Матбуот хизмати
Мусулмон роҳинжалар билан боғлиқ муаммо эълон қилинди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жорий йилнинг сентябрь ойида Роҳинжа мусулмонларининг Бангладеш ҳудудига кўчиб ўтиши оқибатида йирик экологик муаммр юза келгани ҳақида маърузани эълон қилди. Бунга кўра, этник гуруҳнинг миллионлаб вакилларининг Бангладеш марказидаги Кокс-бозор шаҳри яқинига келиб жойлашиши оқибатида атроф-муҳитга улкан зарар етгани айтилмоқда.
Ҳисоботда уларнинг кўчиши етти йўналишда зарар келтираётгани айтилган. Булар:
- қочоқлар ҳаёт кечириши ва уй қуриши учун ойига ўртача 6800 тонна ёғоч керак. Шу сабаб 4300 акр майдондаги маҳаллий ўрмонлар кесиб ташланган. Бу эса Бангладеш ўрмонларининг йўқолиб кетишига олиб келиши мумкин;
- Қочоқлар лагерида ўрнатилган найли қувурлар грунт сувлари ифлосланишига сабаб бўлган. Бу эса кўчкиларга сабаб бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
Биргина фақиҳ тоғнинг чўққисида бўлса-да, унинг ўзи жамоатдир
Бугунги кунда инсонлар орасида бошқаларни муҳокама қилиш, уларнинг сўзлари ва қилаётган фаолиятларини мазаҳ қилиш, таҳқирлаш ҳолатлари авж олди. Бу ҳолат айниқса интернет, ижтимоий тармоқ аталмиш воситаларда кенг ёйилди. Ҳолбуки Аллоҳ таоло бандалар ўртасида ғийбатни маън қилган. Аллоҳ айтади: “… ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят.
Абу Ҳурайра розияллоҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат нима эканлигини биласизларми?” – деб сўрадилар. Саҳобалар: Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир, дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Биродарингизни унга ёқмайдиган сифати билан эслашингиз”, дедилар. Улар: Агар биродаримизда биз айтган сифат бўлсачи? – деб сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Агар унда сиз айтган сифат бўлса, ғийбат қилган бўласиз. Агар сиз айтган сифат унда бўлмаса, у ҳолда бўҳтон қилган бўласиз”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Энди ғийбат қилинаётган инсон олим, аҳли илм, қори ёки имом деб танилган инсон бўлсачи. Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ айтгандилар: “Дўстим, Аллоҳ мени ва сизни Ўз ризосига муваффақ айласин ва Ўзидан лойиқ бўлганидек қўрққанлар қаторида қилсин, уламоларнинг гўшти заҳарли эканини унутманг! Уларнинг обрўларига путур етказмоқчи бўлганларга нисбатан Аллоҳнинг қонунияти маълум! Аллоҳ таоло уламоларга тил теккизган кишини ўлимидан аввал қалбини ўлдириш билан мубтало қилади. “У (пайғамбар олиб келган) ишга мухолиф бўлган кимсалар (бошларига бу дунёда) фитна ва (охиратда) аламли азоб келишидан қўрқсинлар!(Нур сураси: 63-оят)
Шайх Абдурраҳмон Саъдий таъкидлаганидек: “Мусулмонларнинг тўғри йўлдаги уламоларини ҳурмат қилиш билан Аллоҳ таолога қурбат-яқинлик ҳосил қилишлари” аҳли суннат ва жамоат эътиқодидан ҳисобланади.
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: “Салафлар: Олимнинг ўлими Исломдаги кемтик бўлиб, уни замонлар ўтиши тўлдира олмайди, дер эдилар”- деганлар.
Авзоъий роҳимаҳуллоҳ: “Биз одамлар деганда аҳли илмларни тушунамиз. Улардан бошқалар ҳеч ким эмас” – деганлар.
Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ: “Агар биргина фақиҳ тоғнинг чўққисида бўлса-да, унинг ўзи жамоатдир”- деганлар.
Уламоларга озор бериб, уларни айблаш Аллоҳга бўлган тоат-ибодатдан юз ўгириш ва уни камситишдир. Баъзи олимларнинг: “Уламоларнинг обрўлари жаҳаннам чуқурларидан бирининг лаби олдидадир”- деган сўзлари ушбу маънони чуқур ифодалайди.
Ислом умматининг мунаввар чироқлари бўлмиш уламоларга озор беришнинг нақадар хатарли экани Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисда ҳам таъкидланмоқда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таоло Ҳадиси Қудсийда шундай деган: Ким Менинг дўстимга душманлик қилса, Мен унга қарши уруш эълон қиламан”. (Имом Бухорий ривояти).
Бугун уламолар ҳақида ўзларича “ундай”, “бундай” деб сўз юритаётганларга шундай демоқчимиз: “Аллоҳдан қўрқиб, Унга тавба қилинг! Аллоҳга қайтинг! Уламоларни ғийбат қилганингиз миқдорича мақтанг! Йўқса, зарар кўрган сиз бўласиз! Оқибат тақводорларникидир. Аллоҳнинг ҳурматларини сақланг, Аллоҳ сизни ўз ҳимоясида сақлаб, гуноҳларингизни мағфират қилсин!”.
Ҳусниддин Абдукаримов
Тошкент шаҳар “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби