Бугунги кунда инсонлар орасида бошқаларни муҳокама қилиш, уларнинг сўзлари ва қилаётган фаолиятларини мазаҳ қилиш, таҳқирлаш ҳолатлари авж олди. Бу ҳолат айниқса интернет, ижтимоий тармоқ аталмиш воситаларда кенг ёйилди. Ҳолбуки Аллоҳ таоло бандалар ўртасида ғийбатни маън қилган. Аллоҳ айтади: “… ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят.
Абу Ҳурайра розияллоҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат нима эканлигини биласизларми?” – деб сўрадилар. Саҳобалар: Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир, дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Биродарингизни унга ёқмайдиган сифати билан эслашингиз”, дедилар. Улар: Агар биродаримизда биз айтган сифат бўлсачи? – деб сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Агар унда сиз айтган сифат бўлса, ғийбат қилган бўласиз. Агар сиз айтган сифат унда бўлмаса, у ҳолда бўҳтон қилган бўласиз”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Энди ғийбат қилинаётган инсон олим, аҳли илм, қори ёки имом деб танилган инсон бўлсачи. Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ айтгандилар: “Дўстим, Аллоҳ мени ва сизни Ўз ризосига муваффақ айласин ва Ўзидан лойиқ бўлганидек қўрққанлар қаторида қилсин, уламоларнинг гўшти заҳарли эканини унутманг! Уларнинг обрўларига путур етказмоқчи бўлганларга нисбатан Аллоҳнинг қонунияти маълум! Аллоҳ таоло уламоларга тил теккизган кишини ўлимидан аввал қалбини ўлдириш билан мубтало қилади. “У (пайғамбар олиб келган) ишга мухолиф бўлган кимсалар (бошларига бу дунёда) фитна ва (охиратда) аламли азоб келишидан қўрқсинлар!(Нур сураси: 63-оят)
Шайх Абдурраҳмон Саъдий таъкидлаганидек: “Мусулмонларнинг тўғри йўлдаги уламоларини ҳурмат қилиш билан Аллоҳ таолога қурбат-яқинлик ҳосил қилишлари” аҳли суннат ва жамоат эътиқодидан ҳисобланади.
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: “Салафлар: Олимнинг ўлими Исломдаги кемтик бўлиб, уни замонлар ўтиши тўлдира олмайди, дер эдилар”- деганлар.
Авзоъий роҳимаҳуллоҳ: “Биз одамлар деганда аҳли илмларни тушунамиз. Улардан бошқалар ҳеч ким эмас” – деганлар.
Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ: “Агар биргина фақиҳ тоғнинг чўққисида бўлса-да, унинг ўзи жамоатдир”- деганлар.
Уламоларга озор бериб, уларни айблаш Аллоҳга бўлган тоат-ибодатдан юз ўгириш ва уни камситишдир. Баъзи олимларнинг: “Уламоларнинг обрўлари жаҳаннам чуқурларидан бирининг лаби олдидадир”- деган сўзлари ушбу маънони чуқур ифодалайди.
Ислом умматининг мунаввар чироқлари бўлмиш уламоларга озор беришнинг нақадар хатарли экани Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисда ҳам таъкидланмоқда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таоло Ҳадиси Қудсийда шундай деган: Ким Менинг дўстимга душманлик қилса, Мен унга қарши уруш эълон қиламан”. (Имом Бухорий ривояти).
Бугун уламолар ҳақида ўзларича “ундай”, “бундай” деб сўз юритаётганларга шундай демоқчимиз: “Аллоҳдан қўрқиб, Унга тавба қилинг! Аллоҳга қайтинг! Уламоларни ғийбат қилганингиз миқдорича мақтанг! Йўқса, зарар кўрган сиз бўласиз! Оқибат тақводорларникидир. Аллоҳнинг ҳурматларини сақланг, Аллоҳ сизни ўз ҳимоясида сақлаб, гуноҳларингизни мағфират қилсин!”.
Ҳусниддин Абдукаримов
Тошкент шаҳар “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби