muslim.uz
Маҳзун бўлманг
Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг, Унинг мағфират эшиклари биз учун ҳамиша очиқ. Мўмин-мусулмонлар беш маҳал намознинг ҳар ракъатида “Фотиҳа” сурасининг: «(У) Mеҳрибон, Раҳмли» оятини тиловат қилганда, бир кунда 64 маротаба Аллоҳнинг Меҳрибон ва Раҳмли эканлигини зикр этадилар. Қуръони каримда “раҳмат” ва унга боғлиқ бўлган 315 дан ортиқ сўзлар учрайди.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳнинг юзта раҳмати бордир. Улардан биттасини жин, инс, ҳайвонот ва ҳашаротлар орасига нозил қилгандир. Бас, ўша ила улар бир-бирларига меҳр ва раҳм кўрсатадилар. Ўша ила ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳр кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматини кейинга қўйган. Улар ила қиёмат куни бандаларига раҳмат кўрсатади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Аллоҳ халойиқни халқ қилганда Ўз Китобига «Албатта раҳматим азобимдан ғолиб келадир», деб ёзиб қўйди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Шундай экан, агар дуоингиз қабул бўлмаса, маҳзун бўлманг. Аллоҳ таоло сизни дуо қилишга муяссар этдими, албатта, унинг ижобатини ҳам Ўзи қабул этади, мукофотини ҳам Ўзи беради. Зеро, дуоларни қабул этувчи ҳам ёлғиз унинг Ўзидир.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Мен дуонинг ижобати ташвишини қилмайман, балки, дуо қилиш ташвишини қиламан. Чунки дуо қилишга илҳом берилса, албатта у ижобат бўлади”, деб айтардилар.
Абу Саъийд Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир мусулмон гуноҳ қилмай, силаи раҳмни узмай туриб дуо қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга уч нарсадан бирини беради. Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки унинг мукофотини охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади”, дедилар.
Саҳобалар: “Ундоқ бўлса, кўпайтирилар экан-да?”, дейишди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ кўпайтирувчироқ!” дедилар.
Агар бемор бўлсангиз ёки бирор кўнгилсизликка дучор бўлсангиз, маҳзун бўлманг. Бу – Аллоҳ сизга ғазаб қилгани ёки жазолаганини билдирмайди. Аксинча бу – раҳматдир. Зеро, мусибат орқали Аллоҳ ўз бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларни мағфират этади.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Агар бошингизга бирор мусибат тушса, маҳзун бўлманг. Бу –Аллоҳнинг сизга ёмонликни исташи эмас. Бу ҳам раҳматдир. Бу билан Аллоҳ сизга ўзининг яхши кўрган бандаларидан бири бўлиш имконини берган бўлади.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳақда бундай деганлар: “Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, ўша бандасига бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади”.
Агар бирор савобли амал қилсангиз буни Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила адо этганингизни унутманг. Лекин гуноҳ иш содир этсангиз дарҳол тавба қилиб, Аллоҳга истиғфор айтинг. Зеро, “Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир” (Бақара сураси,143-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
21.08.2018 й. Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
بسم الله الرحمن الرحيم
Азиз жамоат! Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин! Мустақиллик байрами арафасида шундай улуғ кунларга тинчлик-осойишталикда, соғ-саломатликда етказгани учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар ва шукроналар бўлсин! Ҳақ таолодан барча ибодатларимизни қабул айлаб, эзгу мақсадларимизга эриштиришини, Ватанимиз тинч, юртимиз обод бўлиб, турли хил хавфу-хатардан Яратганнинг Ўзи асрашини илтижо қилиб қоламиз.
Қурбон ҳайити биз мусулмонлар учун улуғ байрам бўлиб, Аллоҳ таоло бу кунда бизларни ҳайит намозини ўқишга, қурби етган кишиларни эса қурбонлик қилишга буюрган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён қилинган:
فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ (سورة الكوثر/2)
яъни: “Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!” (Кавсар сураси, 2-оят).
Шунингдек, қурбонлик ҳақида Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "اِنَّ اَوَّلَ مَا نَبْدَاُ بِهِ فىِ يَوْمِنَا هَذا اَنْ نُصَلِّىَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ فَمَنْ فَعَلَ فَقَدْ اَصَابَ سُنَّتَنَا وَمَنْ ذَبَحَ قَبْلَ الصَّلاَةِ فَاِنَّمَا هُوَ لَحْمٌ قَدَّمَهُ لِاَهْلِهِ لَيْسَ مِنَ النُّسُكِ فىِ شَيْءٍ"
(رواه الإمام البخارى).
яъни: “Дарҳақиқат, бугунги кунда аввал бошлайдиган ишимиз ийдул азҳо (қурбон ҳайити) намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб қурбонлик қилишдир. Ким шундай қилса, демак у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Кимдаким ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривояти).
Фуқаҳоларимиз қурбонликни истилоҳий маъносини таърифлаб, “Қурбонлик бу – махсус ҳайвонни махсус вақтда сўйишдир”, – деганлар. Қурбонлик шариатга иккинчи ҳижрий санада киритилган. Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш вожибдир. Қурбонлик қилиш ҳур, балоғат ёшига етган, оқил, муқим, яъни сафарда бўлмаган ва закот нисобига эга бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Қурбонлик қилишнинг вақти ҳайит куни тонг отиши билан киради ва учинчи ҳайит куни қуёш ботиши билан чиқади. Қурбонлик қилишни ҳайит намози ўқиб бўлингандан кейин бошланади.
Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар мол, туя, қўй ва эчкилардан иборатдир. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам қурбонлик қилинса, бўлаверади. Бошқа ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди.
Мол билан туяни 7 кишигача шерик бўлиб сўйиш мумкин. Аммо бундай шерикчиликда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Зеро, шерикларнинг ҳаммаси мусулмон ва қурбонликни ният қилган бўлиши шарт. Аммо улардан бирортаси шунчаки гўшт учун қўшилган бўлса, қолган барча шерикларнинг қурбонлиги ўтмайди. Сўйилган ҳайвоннинг гўшти шериклар ўртасида тенг тақсимланишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Бир кўзи кўрмайдиган, қулоғи ва думининг учдан биридан кўп қисми кесилган ва сўйиладиган ергача ўзи юриб бора олмайдиган даражада оқсоқ ҳайвонлар қурбонликка ярамайди.
Қурбонлик қилинган ва умуман ҳар қандай ҳайвоннинг ҳам оққан қони, безлари, сийдик қопи, ўт қопи, жинсий аъзоларини ейиш ҳаром.
Қурбонлик гўштининг учдан бирини оила аҳлига, учдан бирини қўшниларига, қолганини муҳтожларга тарқатиш мустаҳабдир. Ҳаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади. Терисини сотиш ёки қассобнинг хизмат ҳақига бериш жоиз эмас. Мабодо сотилса, пули камбағалларга эҳсон қилиниши керак.
Жоҳилият даврида Макка мушриклари қурбонлик қилиб, гўштини Каъба атрофига осиб, деворларига қонини суртар ва бу билан Аллоҳга яқин бўламиз, деб ўйлар эдилар. Ислом дини келиб, кўплаб инсонлар ҳидоят нуридан баҳраманд бўлганларидан кейин, Аллоҳ таоло мусулмонларни қурбонликдан кўзланган асосий мақсад нима эканига эътиборларини қаратиб, қуйидаги ояти каримасини нозил қилди:
لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ (سورة الحج/37).
яъни: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли - У зотни улуғлашларингиз учун - уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 37-оят).
Қурбонлик қилишдан мақсад – банданинг Аллоҳ таоло амрига бўйсиниши ва тақвосини намоён этишдир. Демак, қурбонлик қилувчи шахс нияти тўғри бўлиши, амалини холис Аллоҳ таоло учун қилган бўлиши лозимдир. Қолаверса, бу амални бажаришда Аллоҳ таолонинг буюклиги ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади. Ундан ташқари қурбонлик қилишда биз учун бошқа фойдалар ҳам бор. Дунёвий фойда, масалан, ейиш, ичиш бўлса, ухровий фойда эса – чексиз савобдир.
عَنْ الحُسَيْنِ بْنِ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ ضَحَّى طَيِّبَةً بِهَا نَفْسُهُ مُحْتَسِباً لِأُضْحِيَّتِهِ كَانَتْ لَهُ حِجَاباً مِنَ النَّارِ" (رَوَاهُ الإِمَامُ الطَّبَرَانِيُّ)
яъни: Ҳусайн ибн Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки қурбонликни чин кўнгилдан ва савоб умидида қилса, у (қурбонлик) унинг учун дўзахдан парда бўлади”, – дедилар (Имом Табароний ривояти).
Бошқа бир ривоятда эса:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَا عَمِلَ ابْنُ آدَمَ يَوْمَ النَّحْرِ عَمَلًا أَحَبَّ إلَى اللَّهِ مِنْ هِرَاقَةِ دَمٍ وَإِنَّهُ لَتَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِقُرُونِهَا وَأَظْلَافِهَا وَأَشْعَارِهَا وَأَنَّ الدَّمَ لَيَقَعُ مِنَ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ بِمَكَانٍ قَبْلَ أَنْ يَقَعَ عَلَى الْأَرْضِ فَطِيبُوا بِهَا نَفْسًا" (رَوَاهُ الإِمَامُ ابْنُ مَاجَهْ وَ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).
яъни: Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи қурбонлик куни қиладиган амалларининг ичида қон чиқаришидан кўра Аллоҳ таолога маҳбуброқ амал йўқ. Қурбонликка сўйилган жонивор қиёмат куни ўз шохи, туёғи ва юнглари билан келади. Қурбонлик қони ерга тушмай туриб, Аллоҳ таолонинг ҳузурида қабул бўлади. Шунинг учун мамнуният ила қурбонлик қилинглар”, – дедилар” (Имом Ибн Можа ва Имом Термизий ривояти).
Юқорида айтиб ўтганимиздек, нисобга етарли молга эга бўлган кишилар қурбонлик қилишлари вожиб бўлади. Шу билан бирга бир киши қодир бўлса бир неча киши номидан ҳам қурбонлик қилиши мумкин бўлади. Масалан: ўтган ота-оналари, аждодлари, ҳаттоки, Жанобимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номларидан қурбонлик қилишлари ҳам мустаҳаб эканлиги мўътабар манбаларда баён қилинган. Бу уларга бўлган муҳаббатнинг аломатидир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари номидан ҳам қурбонлик қилганлари ривоят қилинган. Бу ҳақида Оиша ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумолардан саҳиҳ ривоят қилинган.
عَنْ أَبِي رَافِعٍ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم كَانَ إِذَا ضَحَّى إشْتَرَى كَبَشَيْنِ سَمِيْنَيْنِ أَقْرَنَيْنِ أَمْلَحَيْنِ، فَإِذَا صَلَّى وَخَطَبَ النَّاسَ أُتِىَ بِأَحَدِهِمَا وَهُوَ قَائِمٌ فِي مُصَلاَّهُ، فَذَبَحَهُ بِنَفْسِهِ بِالْمُدْيَةِ، ثُمَّ يَقُولُ: "اللَّهُمَّ هَذَا عَنْ أُمَّتِي جَمِيعًا، مِمَّنْ شَهِدَ لَكَ بِالتَّوْحِيدِ، وَشَهِدَ لِي بِالْبَلَاغِ..." (رَوَاهُ الإِمَامُ أَحْمَدُ).
яъни: Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик қилганларида иккита семиз, шохдор, оқ-қора рангли қўчқорни сотиб олган эдилар. намозни ўқиб, одамларга хутба қилиб, намозгоҳда турганларида қўйлардан бири олиб келинди. Шунда у зот уни мудя деган жойда пичоқ билан сўйдилар ва “Эй Аллоҳ, бу Сенинг ягоналигинг ва мени (Сен тарафингдан нозил бўлган нарсаларни) етказганимга гувоҳлик берган барча умматим номидан”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Муҳтарам мусулмонлар! Бугунги кунда юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аллоҳ таоло биз бандаларини Ўзининг беҳисоб неъматларидан баҳраманд этган экан, ўз навбатида ана шу неъматларининг қадрига етиб, шукрини адо этиб боришимизга буюради. Раббимизнинг неъматларини катта-кичик демай, шукрини бажо келтиришимиз зиммамиздаги бурчдир. Шу билан бирга Аллоҳ таолонинг шариатига амал қилиб, Ўзи буюрганидек имон-эътиқодда ва тақвода ҳаёт кечириб борсак, Аллоҳ таоло улкан мукофотларни ваъда қилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَلَوْ أَنَّ أَهْلَ الْقُرَى آَمَنُوا وَاتَّقَوْا لَفَتَحْنَا عَلَيْهِمْ بَرَكَاتٍ مِنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ (سورة الأعراف/96).
яъни: “Агарда (мазкур) юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик” (Аъроф сураси, 96-оят).
Бу оятда катта ибрат бордир. Аллоҳ таоло бандаларидан жуда кўп ва оғир нарсани талаб қилмади. Имон келтириб, ширк ва гуноҳлардан ўзларини тийсалар бас. Шу ишлари эвазига еру осмондан баракот ато этаман, деб ваъда қилмоқда. Бу шарт ва мукофот ваъдаси то Қиёматгача дунёга келиб кетувчи барча бандаларга ҳам тегишлидир.
Бугун – улуғ байрам Қурбон ҳайити байрамидир. Шунинг учун бу кунни яқинларимизни йўқлаб, уларнинг ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни зиёрат қилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, оилаларга хурсандчилик улашиш ва умуман, байрамнинг кўркига кўрк қўшадиган амали солиҳлар билан ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, кам таъминланганлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар. Бу кунда гина-кудуратларни унутиб, кечиримли бўлиш лозим.
Муҳтарам жамоат! Мамлакатимизда халқ манфаатларига қаратилган, одамларнинг оғирини енгил қилиш, муносиб ҳаёт шароитларини таъминлашга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур ислоҳотларнинг бош мақсади инсонни улуғлаш, мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан жой олишини таъминлаш ҳисобланади. Бунинг учун ёшларимизнинг таълим-тарбиясига эътибор қаратишимиз, уларни юксак одоб-ахлоқли, тарбияли, замонавий илм-фан ютуқларидан хабардор, дунёқараши кенг инсонлар этиб вояга етказишимиз зарур. Чунки фарзандларимиз – бизнинг эртанги кунимиз. Қайсики халқ мана шу вазифани муваффақиятли адо этса, келажаги фаровон, турмуши саодатли бўлади.
Ҳаммамиз бир бўлиб, аҳил-иноқ бўлиб, ўзимиз яшаётган шаҳримиз, она Ватанимиз ривожига ҳисса қўшайлик. Буни биз қилмасак, четдан ҳеч ким юртимизни ривожлантириб, қўш қўллаб бизга топшириб кетмайди. Ватанимиз тақдирига биз жавобгармиз. Бу бизнинг мўминлик, мусулмонлик бурчимиз.
Азиз юртдошлар! Яна бир бора барчаларимизга бу икки байрам муборак бўлсин! Шундай фазилатли айёмда дуога қўл очиб, она Ватанимиз ва бутун дунёни тинчлик ва осудалик, халқимизни фаровон айлаб, кейинги йил Қурбон ҳайити кунларига соғу-саломатлик билан етиб боришни барчамизга насиб этишини сўраймиз! Аллоҳ таоло юртимизни бундан ҳам обод қилиб, халқимизнинг моддий ва маънавий бойлигини бунданда зиёда бўлиб боришини муяссар айласин! Омин.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг эътирофи
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг расмий сайтида “Матбуот котибими ёки вазир котиби?” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда бир қатор ташкилотлар ва уларнинг матбуот хизматлари, сайтларининг бориши, ишлаш жараёни ҳақида фикр билдирилиб, улар суст, фаол каби тоифаларга ажратилган.
Ижобий ҳолатлар, тезкор матбуот хизматлари ва фаол сайтлар ҳақида сўз юритилганда, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг матбуот хизмати эсга олиниб, уни тезкор ва илғор усулларда ишлаётган матбуот хизмати сифатида эътироф этилди.
Дарҳақиқат, кейинги вақтда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг матбуот хизмати ва MUSLIM.UZ расмий веб-портали юртимиз ва хорижда бўлаётган соҳага оид хабарларни текорлик билан ёритиши, баъзи масалаларда жамият орасида, ижтимоий тармоқларда бўладиган тушунмовчиликларни тушунтириб бериши ва керакли ўринларда ихтилофларга ечим тақдим этиб, қарши фикр билдирувчиларга раддиялар билдириши сезиларли даражада ортди ва портал анча оммалашди.
Ахборот агентлигининг мазкур мақоласида жумладан шундай дейилган:
“Шу билан бирга, қатор ижобий ҳолатлар ҳам кўзга ташланаётганини таъкидлашни истар эдик. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, Халқ таълими, Адлия, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хизматлари агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси, “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент шаҳар ва Самарқанд вилоят ҳокимликлари матбуот хизматлари илғор усулларда ва тезкорлик билан ишламоқда ҳамда бу мақсадларга катта ресурс ва маблағ ажратмоқда”.
Қуйидаги ҳаволага кириб, мақолани тўлиқ ҳолда ўқиш мумкин:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Илм олиш фазилати
Илм олиш фазилати ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Мўминлар ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари Пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?!» (Тавба сураси, 122-оят).
Бу оятдан кўзланган мақсад – таълим бериш ва тўғри йўл кўрсатишдир.
Аллоҳ таоло айтади: “Эсланг (Эй Муҳаммад!) Аллоҳ аҳли китоблардан, уни (Таврот ва Инжилни) одамларга, албатта, аниқ баён қиласиз, уни (ҳеч кимдан) сир тутмайсиз деб аҳд олган эди” (Оли Имрон, 187). Бу оят таълим беришнинг вожиблигига далолатдир.
Бошқа оятда айтилади:
“Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан (яъни Таврот ва Инжилни биладиганлардан) сўрасангиз!..” (Наҳл, 43)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илм олиш фазилатини шундай баён қилдилар: “Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди” (Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Малоикалар толиби илмни қилган ишидан мамнун бўлиб унга қанотларини ёзадилар. (Имом Аҳмад Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Илмдан бир боб ўрганиб тонг оттиришинг юз ракат намоз ўқишингдан афзалдир” (Имоми ибн Абдулбар Абу Зарр ривоят этган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтадилар: “Киши илмдан бир боб ўрганиши унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир” (Имом ибн Абдул Бар Ҳасан Басрийдан мавқуф ҳолда ривоят қилган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Илмни Чинда (Хитойда) бўлса ҳам ўрганинглар” (Имом ибн Адий ва Байҳақийлар заиф иснод билан ривоят қилган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Илм – хазина, унинг калити – савол. Сўранглар, сўрашда 4 киши савобга эга бўлади: савол берувчи, жавоб берувчи, эшитувчи, уларни дўст тутувчи” (Абу Нуъайм заиф иснод билан ривоят қилган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Жоҳил билмаганини сўрамаслиги, олим билганини айтмаслиги дуруст эмас” (Табороний, Ибн Мурдавайҳ, ибн Сунний, Абу Нуъаймлар ривоят қилган).
Абу Зарр ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Олимнинг мажлисида ҳозир бўлиш минг ракат намоздан, мингта касални бориб кўришдан, мингта жанозада иштирок этишдан афзалдир”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, Қуръон тиловатидан ҳам яхшироқми?” деб сўрашди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Илм бўлмаса, Қуръон тиловати фойда берадими?” (Ибн Жавзий “Мавзуъот”да зикр қилган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким исломни тирилтириш учун илм ўрганаётганида вафот этса жаннатда у билан Пайғамбарлар орасида бир даража қолади» (Дорамий ва ибн Сунний ҳасан ҳолда ривоят қилишган)
Ислом буюклари илм ўрганиш фазилатини кўп ва хўб таъкидлашган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм олишда (қийналдим), бир оз хорландим, тилагим ҳосил бўлгач азизу мукаррам бўлдим”.
Ибн Абу Мулайка Ибн Аббос ҳақида шундай деганлар: “Чиройда Ибн Аббосдек чиройлисини, сўзлашда тили равонини, фатво беришда илмлисини кўрмаганман”.
Абдуллоҳ Ибн Муборак айтадилар: “Илм ўрганмасдан туриб улуғликка интилган кишига ҳайронман”.
Ҳакимлардан бири айтади: “Мен икки кишига ачинганчалик бошқа ҳеч кимга ачинмаганман:
- Илмни тушунмасдан туриб ўрганган кишига,
- Илмнинг муҳимлигини тушуниб, уни ўрганмаган кишига”.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сен олим ё ўрганувчи ёки унга қулоқ тутувчи бўл. Лекин тўртинчиси бўлмагилки, ҳалок бўласан”.
Тобеинлардан Ато Ибн Абу Рабоҳ айтадилар: “Бир илм мажлиси лағв – беҳуда мажлислардан 70 тасига каффорат бўлади”.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кундузлари рўзадор ва кечалари қоим бедор бўлган мингта обиднинг ўлими, ҳалол ҳаромни ажрата олувчи бир олимнинг ўлимидан енгилроқдир”.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Илм ўрганиш нафл ибодатидан афзалроқ”.
Ибн Абдулҳакам раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Мен имоми Молик ҳузурида илм ўқирдим. Пешин вақти кириши билан нафл намоз ўқиш учун китобларимни йиғиштира бошладим. Шунда устоз: “Агар ниятинг дуруст бўлса, хозир машғул бўлиб турган ишинг бажармоқчи бўлаётган ишингдан афзалроқдир” дедилар”.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ким илм ўрганишга чиқиш жиҳод эмас, деса унинг ақли ва фикрида ноқислик бор».
Манбалар асосида “Мирза Ғолиб” жоме масжид имом ноиби
Қ. К. Салимов тайёрлади.
манба: nasihat.uz
В Узбекистане 21-23 августа будут отмечать Курбан-хайит
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев подписал постановление о праздновании Курбан хайита.
Документом установлены дополнительные выходные дни и дата празднования Курбан хайита в Узбекистане.
Согласно документу и принимая во внимание обращение Управления мусульман Узбекистана о совпадении в текущем году первого дня Курбан хайита с 21 августа, этот день, а также 22 и 23 августа объявлены выходными днями.
Как отмечается на официальном Telegram канале Минюста республики, 21-23 августа будут считаться выходными днями для тех, кто работает 5 дней в неделю, а для тех кто работает 6 дней выходными днями определены 21 и 22 августа.
Пресс-служба Управления мусульман Узбекистана