Мақолалар

Маҳзун бўлманг

Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг, Унинг мағфират эшиклари биз учун ҳамиша очиқ. Мўмин-мусулмонлар беш маҳал намознинг ҳар ракъатида “Фотиҳа” сурасининг: «(У) Mеҳрибон, Раҳмли» оятини тиловат қилганда, бир кунда 64 маротаба Аллоҳнинг Меҳрибон ва Раҳмли эканлигини зикр этадилар. Қуръони каримда “раҳмат” ва унга боғлиқ бўлган 315 дан ортиқ сўзлар учрайди.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳнинг юзта раҳмати бордир. Улардан биттасини жин, инс, ҳайвонот ва ҳашаротлар орасига нозил қилгандир. Бас, ўша ила улар бир-бирларига меҳр ва раҳм кўрсатадилар. Ўша ила ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳр кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматини кейинга қўйган. Улар ила қиёмат куни бандаларига раҳмат кўрсатади, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): Аллоҳ халойиқни халқ қилганда Ўз Китобига «Албатта раҳматим азобимдан ғолиб келадир», деб ёзиб қўйди, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Шундай экан, агар дуоингиз қабул бўлмаса, маҳзун бўлманг. Аллоҳ таоло сизни дуо қилишга муяссар этдими, албатта, унинг ижобатини ҳам Ўзи қабул этади, мукофотини ҳам Ўзи беради. Зеро, дуоларни қабул этувчи ҳам ёлғиз унинг Ўзидир.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Мен дуонинг ижобати ташвишини қилмайман, балки, дуо қилиш ташвишини қиламан. Чунки дуо қилишга илҳом берилса, албатта у ижобат бўлади”, деб айтардилар.

Абу Саъийд Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир мусулмон гуноҳ қилмай, силаи раҳмни узмай туриб дуо қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга уч нарсадан бирини беради. Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки унинг мукофотини охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади, дедилар.

Саҳобалар: “Ундоқ бўлса, кўпайтирилар экан-да?”, дейишди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Аллоҳ кўпайтирувчироқ!дедилар.

 

Агар бемор бўлсангиз ёки бирор кўнгилсизликка дучор бўлсангиз, маҳзун бўлманг. Бу – Аллоҳ сизга ғазаб қилгани ёки жазолаганини билдирмайди. Аксинча бу – раҳматдир. Зеро, мусибат орқали Аллоҳ ўз бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларни мағфират этади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Агар бошингизга бирор мусибат тушса, маҳзун бўлманг. Бу –Аллоҳнинг сизга ёмонликни исташи эмас. Бу ҳам раҳматдир. Бу билан Аллоҳ сизга ўзининг яхши кўрган бандаларидан бири бўлиш имконини берган бўлади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳақда бундай деганлар: Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, ўша бандасига бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади.

Агар бирор савобли амал қилсангиз буни Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила адо этганингизни унутманг. Лекин гуноҳ иш содир этсангиз дарҳол тавба қилиб, Аллоҳга истиғфор айтинг. Зеро, Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир (Бақара сураси,143-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Read 3344 times

Мақолалар

Top