Сийрат ва ислом тарихи

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари намланган ҳолатлар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввалгию охирги гуноҳлари кечирилган бўлишига қарамай, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳ Аллоҳ таолодан қўрқиб, гоҳида эса умматлари учун раҳмат ва шавқатдан йиғлардилар. Баъзи ҳоллар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўз ёшлари оқишига сабаб бўларди. 

Ё Аллоҳ! Умматим, умматим

Абдуллоҳ ибн Масҳуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қуръондан қироат қил!”, дедилар. “Сизга нозил бўла туриб, мен ўқийми?”, дедим. У зот “Ҳа”, дедилар. “Нисо сурасидан тиловат қила бошладим ва Ҳар бир умматдан (ўз пайғамбарини) гувоҳ сифатида келтирганимизда ва Сизни (эй, Муҳаммад!) уларга гувоҳ қилиб келтирганимизда, (уларнинг ҳоли) не кечур?! оятига етганимда у зотга қарасам, йиғлаётган эканлар!” (Имом Аҳмад ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эй Роббим, албатта у(санам)лар одамлардан кўпини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир» ва «Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, бас, албатта, Сенинг Ўзинг ғолиб ва Ҳикматли Зотдирсан» оятларини тиловат қилдилар ва икки қўлларини кўтариб: “Ё Аллоҳ! Умматим, умматим!”, деб йиғладилар!”

Шунда Аллоҳ азза ва жалла айтди: “Эй Жаброил! Муҳаммадга бор, ҳолбуки Роббинг билувчироқдир, ундан, сени нима йиғлатди, деб сўра”, деб амр қилди. Бас, Жаброил алайҳиссалом у зотнинг олдига келиб, Аллоҳ таолога у зотнинг айтган гаплари хабарини берди. Ҳолбуки, У биливчироқдир. Аллоҳ таоло эса: “Эй Жаброил! Муҳаммадга бор ва унга, албатта сени умматинг борасида рози қиламиз”, деб айт, деди”. 

Биродарларимни соғиндим

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Буни кўрган саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Сизни нима йиғлатди?”, деб сўрашди. У зот эса: “Биродарларимни соғиндим!”, деб жавоб бердилар. Саҳобалар: “Бизлар биродарларингиз эмасмизми, ё Расулуллоҳ?”, дейишди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Йўқ. Сизлар асҳобларимсиз. Биродарларим мендан кейин келадилар, мени кўрмасдан туриб менга имон келтирадилар!”, дедилар. 

Албатта кўзлар ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади

Анас ибн Молик розияллоҳу айтадилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Абу Сайфнинг олдига бордик у Иброҳим алайҳиссаломнинг энагаси эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳимни қўлларига олдилар ва уни ўпиб, ҳидладилар. Сўнг биз унинг олдига кирдик. Иброҳим жон бераётган эди. Расулуллоҳ йиғлай бошладилар. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф: “Ё Расулуллоҳ, йиғлаяпсизми?!”, деб сўради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу раҳматдир эй ибн Авф”, дедилар ва яна: “Албатта кўзлар ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади лекин биз фақатгина Роббимиз рози бўладиган гапларни айтамиз! Биз сенинг фироқингдан маҳзунмиз, эй Иброҳим!”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). 

Бадавий билан сухбат

Ё Аллоҳнинг расули, мен ҳам ҳисоб­китоб қилинаманми?! деб сўради саҳройи киши.

– Ҳа, агар хоҳласа, ҳисоб­китоб қилади.

– Ўзининг иззати ва улуғлигига қасам, агар мендан ҳисоб сўраса, мен ҳам сўрайман, – деди у.

– Раббингдан нимани сўрайсан? – дедилар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом).

– Агар Раббим менинг гуноҳимдан сўраса, мен Унинг мағфиратини сўрайман. Агар осийлигимдан сўраса, мен Унинг афвини сўрайман. Агар менинг бахиллигимдан сўраса, мен Унинг саховатини сўрайман! – деди саҳройи киши.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғлай бошладилар, ҳатто соқоллари ҳўл бўлиб кетди.

Шунда Жаброил (алайҳиссалом) хабар келтирди:

 – Эй Муҳаммад (алайҳиссалом)! Аллоҳ Сизга салом айтди. Йиғини тўхтатинг! Аршга муаккил фаришталар тасбеҳ айтиб чалғиб кетишмоқда. Саҳройи кишига айтинг: У сизнинг жаннатдаги рафиқингиз бўлгай!

Жаҳолат гуноҳлари кечирилгандир

Вазийн розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Бир одам Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди ва сўзлай бошлади: "Ё Расулуллоҳ! Биз жаҳолат аҳли эдик. Бутларга сиғинар эдик. Қизларимизни тириклай кўмар эдик. Менинг бир қизим бор эди. Гапга тушуниб, чақирса, жавоб берадиган бўлиб қолган эди.

Бир куни ёнимга чақириб, орқамдан эргаштирдим. Оилам ва аҳлимдан узоқ бўлмаган бир қудуқ ёнига бошлаб бордим. Кейин севимли қизимнинг қўлидан тортиб, қудуқ ичига отиб юбордим. Унинг сўнгги сўзлари "Отажон, отажоним!" деб қолиши бўлди".

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғлай бошладилар. Узоқ йиғладилар. Атрофларида ўтирганлардан бири ҳалиги одамга: "Сен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ғамгин қилдинг!" деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Унга тегманглар! У ўзи учун муҳим бир нарса ҳақида сўрамоқчи", - дедилар. Кейин бояги одамга қараб: - "Воқеани қайтадан айтиб бер!" дедилар. У одам яна бир бор сўзлаб берди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна йиғлай бошладилар. ҳатто кўз ёшлари соқолларини ҳўл қилиб юборди. Кейин бундай дедилар: "Аллоҳ таоло жоҳилият замонида қилинган барча гуноҳларни кечирди. Сен амалингни бошқатдан бошла!" (Имом Доримий).

Сизни қутқара олмайман

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Яқин қариндошларингизни (Аллоҳ азобидан) огоҳлантиринг!” (Шуаро сураси, 214- оят) нозил бўлганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Сўнгра қизлари Фотима розияллоҳу анҳога қараб: "Эй Муҳаммаднинг қизи Фотима! Нафсингни жаҳаннам оловидан қутқар! Аллоҳ ҳузуридаги ҳеч бир азобдан сизларни қутқара олмайман. Фақат сизларга яқинлигим бор, тез орада бу яқинликдан сўраламан!" дедилар. 

Ҳозирлик кўринг

Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазилаётган қабр ёнидан ўтдилар. У зот алайҳиссалом йиғладилар. Ҳатто кўз ёшлари томчилаб тупроқни ҳўл қилмоқда эди. Сўнгра бизга қараб: "Эй биродарларим! Шундай бир кун учун ҳозирлик кўринг!" дедилар (Имом Аҳмад ривояти). 

 

Даврон НУРМУҲАММАД

7692 марта ўқилди
Мавзулар
Top