Сийрат ва ислом тарихи

Аллоҳга бўлган муҳаббат аломати – Унинг Ҳабибига эргашмоқдир   

 

Рабиул аввал.       

Ҳижрий учинчи ой.

Бу ой – мусулмонлар қалбидан алоҳида ўрин олган ой. Чунки бу ойда суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллуд топганлар. Ҳатто бу ойга азизларимиз у зотга бўлган муҳаббатлари ифшоси ўлароқ, “мавлид” ойи номини берганлар.    

Мавлид ойида биз, мусулмонлар ўз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёти, суннати сонияларини янада мукаммал ўрганиб ҳаётимизга тадбиқ қилишга зўр берамиз.

Сен: “ Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир”, деб айт(Оли Имрон сураси, 31-оят).

Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Каъб ибн Ашроф ва унга тобе бўлган яҳудийларни иймонга чақирганларида      

Улар кибрланиб уриб: “Биз Аллоҳнинг болалари ва дўстларимиз”, деганларида  нозил бўлган.

Зуннун Мисрий қоддасаллоҳу сирраҳу ояти каримани қуйидагича тафсир қилганлар:

 “Аллоҳ азза ва жаллага бўлган муҳаббатнинг аломати – Унинг Ҳабибига, у Зотнинг ахлоқига, ишларига, буйруқларига ва суннатларига эргашмоқдир”.

Сийрат китобларида кўрдим: зикр аҳллари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатлари туфайли салавот айтишни кундалик вирдларига қўшиб олганлар. Баъзи бирлари эса кўп вақтини у зотга салавот айтиш билан ўтказганлар. Муҳаббат уларнинг бутун вужудини чулғаб олган. Омма уларга “шайхус солаҳ”– салавот шайхи унвонини берганлар. Вафот топганларидан бир неча йиллар ўтганидан сўнг қабрлари очилганда, одамлар уларнинг жасадлари чиримаганига гувоҳ бўлганлар. Чунки ким нимани яхши кўрса, ўшани кўп зикр қилади. Киши яхши кўргани билан жаннатда бирга бўлади.

 

Равшанбек ЎРИНБОЕВ,

Андижон шаҳридаги "Ҳазрати Билол" жоме масжиди имом-хатиби

 

6877 марта ўқилди
Top