Сийрат ва ислом тарихи

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қорилари

Тўлиқ исмлари Убай ибн Каъб ибн Қайс ибн Убайд ибн Муовия ибн Амр ибн Моликдир. Мадинайи Мунавварада яшаган Хазраж ва Авс қабиласидан бўлган Ансорийлардан бўлганлар. Оналари Суҳайла бинти Нажжор бўлган. У кишининг иккита куняси бор: Абулмунзир – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу куня билан у кишини номлаганлар, Абу Туфайл – бу куняни эса Умар розияллоҳу анҳу берганлар.

Ташқи кўринишлари:

У киши катта ҳам эмас, кичкина ҳам эмас, ўрта бўйли эдилар. У киши оқ юзли ва оқ соқолли деб ном қозонганлар.

Исломга киришлари:

У киши Исломга эрта кирганлардан ҳисобланадилар. Иккинчи Ақаба байъатида қатнашганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин у кишини доим лозим тутганлар. У киши Хандақ, Уҳуд ва Бадр каби бир қанча ғазотларда иштирок этганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор жойга чиқасалар у кишини қавмга имом қилиб тайинлар эдилар. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини халққа Қуръон таълимини беришга масъул шахлардан этиб тайинлаганлар. “Қуръонни тўрт кишидан таълим олинглар: Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солим, Муоз ибн Жабал ва Убай ибн Каъб” (Имом Бухорий ривояти).

Убай ибн Каъб ва Қуръон қироати:

У киши Қуръони каримни чиройли тиловат қилишда жуда машҳур бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Умматнинг қориси” деб гувоҳлик берганлар. Умар розияллоҳу анҳу у кишини энг Афзал саҳобалардан деб санаб, одамларни Рамазон ойи қилинадиган хатми Қуръонга у кишининг ортларига жам қилиб қўядилар. У киши яна чиройли ёзишда ҳам машҳур бўлганлар. Шу сабабдан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини ваҳйни ёзиб оладиган кишилардан қилиб танлаб олганлар.

Сифатлари:

У киши хулқ-атвор жиҳатидан ҳам саҳобаларнинг энг афзалларидандир. Чунки, у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўл остиларида тарбия топдилар. Тақво ва иймонлари, ибодат ва ижобатлари билан машҳурдирлар. У киши одамларга Қуръони каримни таълим берганларидек, усулуд-диндан ҳам таълим берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини ҳам халққа етказганлар.

Вафотлари:

У киши Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида вафот этганлар. Аммо, ҳозиргача аниқ вафот этган саналари мавжуд эмас. Бир ривоятда 19-20- ҳижрий йилда деган таҳминлар учрайди.

Аллоҳ барча соҳобалардан, шу қатори бизлардан ҳам рози бўлсин!

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Абдуссами Эргашев

Манбалар асосида тайёрлади

5751 марта ўқилди
Мавзулар
Top