Сийрат ва ислом тарихи

Саҳобаларнинг фазилатлари

Мусулмонлар барча саҳобалар авлиёларнинг пешқадами, муттақийларнинг саралари, мўминларнинг энг гўзал намунаси ҳамда Пайғамбарлардан кейин инсониятнинг энг афзали эканликларига иттифоқ қилишган. Дарҳақиқат, саҳобалар Пайғамбарларнинг энг афзали ва сўнггисини кўрганлари, енгил ва оғир кунларда ҳам у зотнинг ёнларида туришгани ҳамда Аллоҳ йўлида моллари ва жонларини сарф этишгани учун мана шундай мақомга эришишган. Ҳатто улар яхшиларнинг энг яхшисига, яшаган замонлари эса энг афзал замонга айланди. Саҳобалар ислом устунини барпо этдилар ва дин қасрини безадилар. Ширк арқонини бутунлай уздилар. Ислом динини бутун оламга ёйдилар. Улар инсониятнинг энг фаҳми ўткир, илми чуқур, иймони мустаҳкам ҳамда хулқи ва амали энг гўзали эдилар. Улар Набий алайҳиссаломнинг қўлларида тарбия топган эдилар. Нубувватнинг энг соф булоғидан сув ичиб, Қуръоннинг нозил бўлишига бевосита гувоҳ бўлган эдилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло бандаларининг қалбларига назар солди. Қалблар орасида Муҳаммаднинг қалби энг яхши қалб бўлиб чиқди. Уни Ўзи учун танлаб олди ва уни Ўзининг рисолати билан юборди. Кейин У зот Муҳаммаднинг қалбидан кейин яна бандаларининг қалбларига назар солди ва энг яхши қалб саҳобаларнинг қалблари эканини билди. Шунинг учун уларни Ўз Пайғамбарининг динни ҳимоя қилиш учун курашадиган вазирлари қилди”. Аҳмад ривояти.

Ким Пайғамбар алайҳиссалом билан суҳбатдош бўлса ёки мусулмон бўлиб у зотни кўрса, саҳобалардан саналади. Саҳобаларнинг фазилатлари борасида кўплаб оятлар ва саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Муҳожирлар ва ансорларнинг дастлабки пешқадамлари ҳамда улар ортидан эзгулик билан борганлардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна улар учун остида анҳорлар оқувчи, (улар) унда абадий мангу қоладиган жаннат (боғ)ларни тайёрлаб қўйди. Ана ўша улкан ютуқдир” (Тавба, 100). Бошқа бир оятда У зот қуйидагича марҳамат қилади:

“(Эй, Муҳаммад!) Дарҳақиқат, Аллоҳ мўминлардан – улар дарахт остида Сизга байъат (қасамёд) қилаётган вақтларида – рози бўлди. Бас, У уларнинг дилларидаги нарса (садоқат)ни билиб, уларга хотиржамлик туширди ва уларни (Хайбар жангидаги) яқин ғалаба билан мукофотлади. (Улар) оладиган кўпдан-кўп ўлжалар билан ҳам (мукофотлади).  Аллоҳ қудратли ва ҳикматли зотдир” (Фатҳ, 18-19).

 Ҳудайбия сулҳи тузилган йили мусулмонлар Расул алайҳиссалом ҳузурларига бир-бир келиб байъат, яъни қасамёд қилганлар. Шу байъат “Ризвон байъати” дейилади. Байъат қилган эркак ва аёл мусулмонларнинг адади 1300, 1400, 1500 киши эди, деган ривоятлар бор. У дарахтнинг номи Самура ёки Сидра. Мазкур дарахтни мусулмонлар табаррук қадамжо сифатида зиёрат қилишга ружу қўйганлари сабабли Умар розияллоҳу анҳу ширкка айланиб кетишидан қўрқиб, уни жойидан олдириб ташлаганлар. Улар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

 “Дарахт остида байъат қилганлардан ҳеч ким дўзахга кирмайди”.

 Аллоҳ таоло саҳобаи киромлар ҳақида яна қуйидаги оятларни ҳам нозил қилган:

“Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз” (Оли Имрон, 110). Аллоҳ азза ва жалла муҳожир ва ансор саҳобалар ҳақида ҳам ушбу оятни нозил қилди:

“(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган камбағал муҳожирларникидир, зеро, улар Аллоҳдан фазл ва ризолик истайдилар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берадилар. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар. Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадинадек) диёрда яшаган ва имонни сақлаганлар (ансорлар) эса ўзлари (ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суйгайлар ва дилларида уларга берилган нарса (ўлжалар) сабабли ҳасад сезмаслар ҳамда ўзларида эҳтиёж бўла туриб, (эҳсон қилишда бошқа муҳтожларни) ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчидирлар” (Ҳашр, 8-9). Бошқа бир оятда саҳобалар бундай васф этилади:

“Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб рукуъ ва сажда қилаётган ҳолларида кўрарсиз. Уларнинг юзларида сажда асоратидан (қолган) белгилари бордир” (Фатҳ, 29).

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Умматимнинг энг яхшиси менинг асримда яшаганларидир. Кейин улардан кейин яшаганлар, кейин улардан кейин яшаганлардир”. Имрон розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ўзларининг асрларидан кейин иккита асрни айтдиларми ёки учтаними билмайман”. Бухорий ривояти.

“Саҳиҳайн”да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Саҳобаларимдан ҳеч бирини сўкманглар. Чунки, агар бирортангиз Уҳуд тоғидек тиллани инфоқ қилса ҳам улардан бирининг бир муд ёки унинг ярми миқдоридаги инфоқининг даражасини топа олмайди”.

Дунёдаги барча яхшилик саҳобалар одат қилган нарсалардир. Аллоҳ таоло Ўзининг Китобини сақлашни ваъда берган. Ушбу ваъда саҳобалар воситасида амалга ошди. Бир гуруҳ саҳобалар ўзларини суннат омонатига бахшида этдилар. Ўша суннатни ёдлаш ва ёйиш учун ер юзининг ҳамма томонларини босиб ўтдилар. Баъзилари эса ўзларини халифалик, раҳбарлик, кураш ва бошқа ишларга бахш этдилар. Айримлари ўзларини инсонларни исломга қизиқтириш, унга нисбатан қалбларда муҳаббат уйғотиш ишларига бахшида этдилар. Аллоҳ таоло уларнинг вақтларига барака берди. Улар яшаган юз йил ичида бошқалар миллион йилда ҳам амалга оширолмайдиган ишлар амалга оширилди. Улар барча яхшиликларда инсонларнинг йўлбошчиси, пешқадами эдилар. Улар кураш майдонида ҳам, даъват майдонида ҳам, саховат ва инфоқ майдонида ҳам, ибодат ва тоат майдонида ҳам барчага ўрнак эдилар. Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга урушларда, динни ёйишда, илм-маърифат тарқатишда ва бошқа барча ишларда бемисл ёрдамчи бўлдилар. Ўзларини Аллоҳ йўлида фидо қилишга байъат бердилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хандаққа чиқдилар. Муҳожир ва ансорлар ҳаво совуқ бўлишига қарамасдан чуқур қазиётган эдилар. Уларда бу ишни қилиб берадиган қуллар йўқ эди. У зот саҳобаларнинг оғир меҳнат ва очликдан қийналаётганларини кўриб: “Эй Аллоҳ, албатта, ҳақиқий ҳаёт охират ҳаётидир. Ансор ва муҳожирларни мағфират эт” деб дуо қилдилар”. Бухорий ривояти.

Саҳобалар Набий алайҳиссалом билан кўришиш бахтига муяссар бўлган зотлардир. Шунинг учун ҳам уларнинг қалблари у зотнинг муҳаббатлари ва таъзимлари билан тўлган эди.

Али розияллоҳу анҳудан “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатингиз қандай?” деб сўралганида, “Аллоҳга қасамки, у зот бизга молларимиздан, бола-чақаларимиздан, ота-оналаримиздан ҳамда ташна одамнинг муздек сувга бўлган муҳаббатидан ҳам севимлироқдирлар” деб жавоб берганлар.

Маккаликлар қўлида асир бўлиб турган Зайд ибн Дасина розияллоҳу анҳуни Макка аҳли ўлдириш учун Ҳарамдан ташқарига чиқараётганларида Абу Суфён ибн Ҳарб ҳали мушрик эди. У Зайд розияллоҳу анҳуга деди: “Эй Зайд, агар Муҳаммад ҳозир сенинг ўрнингда асир бўлса-ю, биз унинг бўйнига қилич урсак, сен эса оиланг бағрида бўлишни истайсанми?” деди. Зайд розияллоҳу анҳу: “Аллоҳга қасамки, Муҳаммад алайҳиссаломга ҳозирги турган жойида бир тикон кириб азият беришини, мен эса оилам бағрида бўлишимни асло истамайман”. Шунда Абу Суфён: “Мен Муҳаммаднинг саҳобалари уни яхши кўришганидек бошқа ҳеч ким бировни яхши кўрганини кўрмадим” деди.

Саҳобалар ўзлари, моллари борасида ҳукм қилишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига топширишган. Улар шундай дейишган: “Мана бу молларимиз олдингизда турибди. Буларни хоҳлаганингиздек тасарруф қилинг. Нафсларимиз ҳам сизнинг измингизда. Агар бизни денгизга бошлаб борсангиз, у ерга ҳам бориб, сизнинг олдингизда, ортингизда, ўнг тарафингизда ва чап тарафингизда туриб урушамиз”.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу дедилар: “Ҳеч ким менга Расулуллоҳдан кўра севимлироқ эмас. Менинг кўзимга ҳеч ким у зотдан кўра улуғроқ бўлиб кўринмайди. У зотни қаттиқ севганим ва ҳурмат қилганим учун чеҳраларига тикилиб қарай олмайман. Агар мендан биров у кишини васф қилиб беришимни сўраса, бунга тоқатим етмайди.  Чунки, у зотга тикилиб қарашга бардошим етмайди”.

Биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларини яхши кўрамиз. Улардан бирорталарини яхши кўришда дангасалик қилмаймиз, камчиликка йўл қўймаймиз. Уларнинг бирорталаридан ҳам узоқлашмаймиз. Барчаларини фақатгина яхшилик билан ёдга оламиз. Саҳобаларнинг ҳеч бирларининг адолати ҳақида сўралмайди, текширилмайди. Улардан ривоят қилинган нарса бош устига қабул қилинади. Зеро, уларнинг барчалари адолатли, ростгўй, ишончли зотлардир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилинади: “Иймоннинг белгиси ансорларни яхши кўриш, нифоқнинг белгиси ансорларни ёмон кўришдир”. Бухорий ривояти.

Бошқа бир ҳадисда бундай дейилади: “Ансорларни фақатгина Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаган кимсагина ёмон кўради”. Муслим ривояти.

Саҳобаларнинг афзали хулафои рошидин, кейин жаннатга кириши башорат қилинганларнинг қолганларидир. Бу борада Пайғамбар алайҳиссалом бундай деб марҳамат қилганлар:

“Пайғамбардан кейин бу умматнинг энг яхшиси Абу Бакр ва Умар”. Бошқа бир ҳадисда:

“Мендан кейин мана бу иккисига, яъни Абу Бакр ва Умарга эргашинглар” дейилган. “Саҳиҳи Муслим”да ушбу ривоят келтирилади:

 “Набий алайҳиссаломнинг саҳобалари сафарда эдилар. У зот: “Агар Абу Бакр билан Умарга итоат қилсангизлар тўғри йўлни топасизлар” дедилар”.

Муҳаммад ибн Ҳанафийядан ривоят қилинади, у киши оталари Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга дедилар: “Эй отажон, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин инсонларнинг энг яхшиси ким?” У зот: “Билмайсанми, эй ўғилчам?!” дедилар. Ўғиллари: “Йўқ” дедилар. Шунда Ҳазрати Али: “Абу Бакр” деб жавоб бердилар.

Аллоҳ таоло Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақида бир қанча оятларни нозил қилди. Жумладан, У зот шундай марҳамат қилади:

“Сизлардан фазилат ва кенг мол-мулк эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ йўлида эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир” (Нур, 22).  

Бу оят Абу Бакр розияллоҳу анҳу хусусида нозил бўлган. Ойша онамиз тўғрисида бўҳтон тўқиганларга қўшилиб кетганлардан бири Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг холаваччаси Мусаттаҳ эди. У Бадр жангида қатнашган бўлиб, ўзи мискинликда яшарди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу унинг бу ишидан кейин зинҳор моддий ёрдам бермасликка қасам ичади. Пайғамбар алайҳиссалом оятни унга ўқиб берганларида ундаги саволга: “Йўғ-е, Аллоҳнинг мағфират қилишини истайман”, – деб яна қариндошига ёрдам беришни давом эттирган экан. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳақларидаги кейинги оят қуйидагича:

“Агар сизлар унга (Муҳаммадга) ёрдам қилмасангиз, Аллоҳ (Ўзи) унга ёрдам қилган. Қачонки, уни кофирлар икки кишининг бири сифатида (ватанидан) чиқариб юборганларида, икковлари ғорда туриб, (Муҳаммад) ҳамроҳи (Абу Бакр)га: «Ташвиш чекма! Албатта, Аллоҳ биз билан биргадир!» – деган эди” (Тавба, 40).

Албатта, бу оятдаги икки кишининг бири Абу Бакр розияллоҳу анҳудирлар. Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Менга ҳеч бир мол Абу Бакрнинг моличалик фойда бермаган”. Бу гапни эшитган Абу Бакр розияллоҳу анҳу йиғладилар ва: “Мен ҳам, молим ҳам сизникидир, эй Аллоҳнинг Расули” дедилар.

Умар розияллоҳу анҳу ҳақларида ҳам кўп ҳадислар ворид бўлган. Бир ҳадисда шундай дейилади: “Шайтон сен юраётган кўчадан эмас, балки бошқа кўчадан юради”.

Яна бир ҳадисда бундай дейилган: “Сизлардан олдинги умматлар орасида софдил ва ростгўй одамлар бўлишган. Агар менинг умматим орасида ҳам бирор киши софдил ва ростгўй бўладиган бўлса, бу албатта, Умар ибн Хаттобдир”. Муслим ривояти.

Қолаверса, Умар розияллоҳу анҳу илҳом соҳиби эдилар. яъни у кишининг кўплаб фикрлари Қуръон оятларига мувофиқ келар эди. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аёлларни ўрантириш борасида насиҳат қилганлар.

Яна Пайғамбаримизга: “Эй Аллоҳнинг Расули, Иброҳим алайҳиссаломнинг мақомларини намоз ўқийдиган жой қилиб олсангиз яхши бўларди” деганлар.

Бадрда асир тушган мушриклар борасида ҳам Умар розияллоҳу анҳу маслаҳат берганлар. Натижада Аллоҳ таоло у кишининг сўзларини тасдиқлаб оятлар нозил қилган. Бундан ташқари Аллоҳ таоло Умар розияллоҳу анҳунинг қўллари билан кўп ўлкаларни фатҳ этди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига урушда ишлатиш учун киймларининг бир четида минг динор олиб келиб, у зот алайҳиссаломнинг қўйниларига тўкдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши олиб келган динорларни қўлдан ўтказа туриб: “Бугундан кейин Аффон ўғлига қилган амали зарар бермайди” деб марҳамат қилдилар. Бу гапни бир неча марта такрорладилар.

Набий алайҳиссалом Табук ғазотида Али розияллоҳу анҳу ҳақларида шундай дедилар: “Эртага байроқни бир одамга бераман. Аллоҳ унинг қўли билан ушбу диёрни фатҳ этади. Унинг ўзи Аллоҳни ва Расулини яхши кўради. Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўради”. Одамлар туни билан байроқ кимга берилишини ўйлаб мижжа қоқмай чиқдилар. Тонг отгач, ҳаммалари байроқни олиш умидида Расулуллоҳнинг олдиларига бордилар. Шунда Расулуллоҳ соллалаҳу алайҳи васаллам “Али қаерда?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Кўзи оғрияпти” дейишди. Расулуллоҳ у зотнинг кўзларига муборак тупукларидан суртиб қўйдилар ва Аллоҳдан шифо тилаб дуо қилдилар. Натижада, Ҳазрати Алининг кўзлари худди оғримагандек тузалиб қолди. Шундан кейин Пайғамбар алайҳиссалом байроқни Али розияллоҳу анҳуга бердилар. Байроқни қабул қилиб олган Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу дедилар: “Улар билан то улар ҳам биз каби бўлгунларича урушаман”. Шунда Набий алайҳиссалом: “Шошма, ўзингни бос, аввал уларнинг водийсига туш. Кейин уларни исломга даъват қил. Уларга нималар вожиблигини тушунтир”, дедилар.

Ҳа, азизлар, саҳобаларнинг барчалари жаннат аҳлидирлар. Аллоҳ таоло айтади: “Сизлардан (Макка) фатҳ бўлишидан илгари эҳсон қилган ва (кофирларга қарши) урушган кишилар (фатҳдан кейин эҳсон қилган ва урушганлар билан) баробар бўлмагай. Улар кейин эҳсон қилган ва урушган кишилардан улуғроқ мартабададирлар. Барчаларига Аллоҳ гўзал (мукофот – жаннат) ваъда қилгандир. Аллоҳ қилаётган (барча) амалларингиздан хабардордир” (Ҳадид, 10).

Пайғамбар алайҳиссалом барча саҳобалари ҳақида шундай деганлар: “Менинг саҳобаларим йўлчи юлдуз кабидирлар. Уларнинг қай бирларига эргашсангиз тўғри йўлни топасиз”.

Саҳобаларнинг фазлини, даражасини битта мисол билан тушунтириб, сўзимизга якун ясаймиз. Дунёдаги энг буюк авлиё, Аллоҳнинг дўсти энг қуйи мартабадаги саҳобанинг урушда минган отининг туёғидаги чангига ҳам тенг эмас. Аллоҳ барча саҳобалардан рози бўлсин. Бизларга эса уларга эргашиб яшашни насиб айласин, омин!

 

 

Тўрақўрғон туманидаги

“Усмон Зуннурайн” жомеъ масжиди

имом-ноиби Нозимжон Иминжонов

манбалардан таржима қилди

7524 марта ўқилди
Мавзулар
Top