Сийрат ва ислом тарихи

Набий алайҳис саломнинг хатиблари

Ансорий саҳобалар орасида гапга уста ва ҳозиржавоб саҳобий бор эди. Тарих китобларида у кишини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хатиблари дейилган.

У саҳобийнинг исми Собит ибн Қайс ибн Шаммос розияллоҳу анҳудир. Бу киши Уҳуд, Байъатур-ризвон ва бошқа ғазотларда иштирок этган. Тириклигида жаннатга кириши башорат берилган улуғ саҳобалардан эдилар.

Бани Тамим элчилари келганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга маруза қилиб беришини буюрганлар.

У ўша кунни қуйидаги сўзларни айтиб маруза қилган:

الحمد لله، الذي خلق السماوات والأرض، قضى فيهن أمره، ووسع علمه، ولم يك شيء قط إلا من فضله. ثم كان من قدرته أن جعلنا أئمة، واصطفى من خير خلقه رسولا، أكرمهم نسبا، وأصدقهم حديث وأفضلهم حسبا فأنزل عليه كتابه، وائتمنه على خلقه، فكان خيرة الله من العالمين. ثم كنا - نحن الأنصار - أول الخلق إجابة. فنحن أنصار الله، ووزراء رسوله

Маъноси: «Еру-осмонни яратган ва уларни орасида Ўз амрини жорий қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Унинг илми кенг (яъни чеки йўқдир). Барча нарса Унинг фазли билангина бўлади. Аллоҳ қудрати ила бизни(мусулмонларни) йўлбошчи қилди. Бизларга бандалари орасидан энг яхшисини танлаб уни пайғамбар қилди. У пайғамбарнинг насаби улуғ, ўзи ростгуй ва зоти покдир. Аллоҳ ўз пайғамбарига китобни(Қуръонни) нозил қилди. Ва унга (оғир масъулиятни) ишониб топширди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун оламда Аллоҳнинг энг яхши бандасидирлар. Биз ансорлар эса у кишининг олиб келган динини биринчи тасдиқлаган инсонларданмиз. Биз Аллоҳнинг ансор(кўмакчи)лари ва Расулининг вазирларимиз».

Сўзи ўткир ва таъсирчан бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўзларига хатиб қилиб олганлар.

Ҳужурот сурасининг қуйидаги: «Эй, имон келтирганлар! Амалларингиз ўзингиз сезмаган ҳолингизда зое бўлиб кетмаслиги учун сизлар овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтармангиз ва унга бир-бирларингизга баланд овоз (дағал сўз) қилгандек баланд овоз қилмангиз!», деган ояти нозил бўлганда, Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу уйларини эшигини ёпиб, уйларида йиғлаб ўтирдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўринмай юргач, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам  уни уйига одам юбориб олдиларига келишини сўрадилар. Олдиларига келгач, кўринмай юрганининг сабабини сўрадилар. Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ! Мени овозим баланд. Мен ҳар доим гапирганимда овозим сизнинг овозингиздан баланд чиқарди, энди менинг амалларим ҳабата бўлиб, дўзах аҳлидан бўлиб қолдим», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қуйидаги сўзларни айтдилар:

«إنك لستَ منهم، بل تعيش حميدا وتقتل شهيدا ويدخلك الله الجنة»

«Сен улардан эмассан. Сен бу дунёда  мақталга ҳолатда яшаб, шаҳид ҳолда ўласан ва Аллоҳ сени жаннатга киритади».

Бу хушхабарни эшитган Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу хурсанд бўлиб кетдилар ва «Бундан кейин ҳеч қачон овозимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг овозларидан баланд қилмайман», дедилар. Шундан кейин Ҳужурот сурасининг қуйидаги ояти нозил бўлди: «Аллоҳнинг пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган кишилар – айнан ўшалар Аллоҳ дилларини тақво учун имтиҳон қилган зотлардир. Улар учун мағфират ва улкан мукофот бордир».

У кишининг сўзи тасирчанлигига асосий сабаблардан бири тақводорлиги эди. Бундан ташқари бу буюк саҳоба шариатимизда хулуъ талоқи жорий қилинишига сабабчи бўлганлар. Чунки у кишининг Жамила деган аёллари у кишидан талоқини сўраганда, шариатимиздаги хулуҳ талоқи жорий қилинди.

Бу буюк саҳоба Мусайлама каззоб билан бўлган жангда шаҳид бўлдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Шаҳид бўласан», деган башоратлари рўёбга чиқди. Аллоҳ бу буюк саҳобадан рози бўлсин.

 

 

Нурмуҳаммедова Васила 

7249 марта ўқилди
Top