Сийрат ва ислом тарихи

Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг шаклу шамойиллари

Имом Бусирий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

У сифатию сурати мукаммал бўлган зот,

Инсонлар Холиқи ҳабиб айлаб танлаган зот.

Гўзаллигида шерикдан бўлди муназзаҳи,

Ундадир иккига бўлинмас гўзаллик жавҳари.

Қуртубий айтадилар: “Расулуллоҳнинг гўзалликлари биз инсонларга бутунлайича зоҳир бўлмаган. Агар мукаммал зоҳир бўлганида эди,  кўзларимиз ул зотни кўришга тоқат қила олмас эди”.

Расулуллоҳ шаклу шамойиллари комиллиги, кўринишлари чиройлигига далолат қиладиган набавий ҳадислар ва ривоят қилинган асарлар[1] жуда ҳам кўп. Шу эътибордан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотнинг шарафли баданларини (гўзалликда) улардан олдин ҳам кейин ҳам ўхшаши бўлмайдиган кўринишда қилиб қўйганига иймон келтириш пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тўлиқ иймон келтириш шарти ҳисобланади. 

Шарафли  юзлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзи энг чиройли киши эдилар[2], худди қуёш юзларида юргандек эди[3]. (Яъни, қуёш қандай ўз фалакида юрса, худди шундай гўзаллик ул зотнинг юзларида юрар эди).

Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мутоҳҳам (яъни, ўта семиз) ҳам мукалсам (яъни, ўта юмалоқ юзли) ҳам бўлмаганлар. Балки, юзларида бирозгина думалоқлик бор эди[4].

Оиша онамиз айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнинг бўлагидек чақнар эди”[5].

Абу Бакр Сиддиқ ва Каъб ибн Молик айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари худди ойнинг доирасидек эди”.

Абу Туфайлдан бизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаб беринг, деб сўрашганларида: “У зот оқ (тиниқ) рангли, юзлари чиройли киши эдилар. Агар хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнадек чақнар ва гўёки тўлин ой у зотнинг юзларида кўриниб тургандек бўлар эди[6]”.

Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ул зотнинг юзлари худди қуёш билан ойга ўхшарди. Юзлари доира шаклида эди[7]”.

Кўриб турганингиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаган саҳобалар бир овоздан у кишининг юзлари нурли, ёрқин ҳамда нур сочиб турувчи ёрқин зиё ва гўзаллик ила барқ уриб турувчи бўлганини таъкидламоқдалар.

Ҳасан ибн Алий тоғалари Ҳола ибн Абу Ҳоладан ривоят қилган ҳадисда шундай деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўркам, юксак ҳурматли киши эдилар. Юзлари худди тўлин ой кечаси ойнинг чарақлаганидек порлаб турар эди[8]”.

Жобир ибн Самура ой ёришган кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб шундай деган эканлар: “Мен бир у зотга бир ойга қарай бошладим. Аниқ айта оламанки, у зот ойдан ҳам гўзалроқ эдилар[9]”.

Робиъ бинти Муъаввиздан бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаб беринг, деб сўрашганида: “Эй  ўғилларим, агар у зотни кўрганингизда эди, худди порлаб чиқаётган қуёшни кўргандек бўлардингиз”, деб жавоб берганлар[10].

Умму Маъбад ҳам набий алайҳиссаломни сифатлаб шундай деган экан: “Мен покиза, гўзал хулқли, юзи чиройли, хушрўй кишини кўрдим[11]”.

Ҳамадонлик бир аёл: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаж қилганман”, деб айтганида: “У зотни бизга васфлаб беринг”, деб сўрашди. Аёл: “У зот худди тўлин ой кечасидаги ойга ўхшайдилар. Мен Расулуллоҳдан олдин ҳам кейин ҳам у зотга ўхшашини кўрмадим”, деб айтган[12]. 

Яноқлари

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафли яноқларига келсак, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам яноқлари текис эди (яъни, дўппайиб ҳам турмаган, шишлик ҳам бўлмаган). 

Кўзлари

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафли кўзларини Аллоҳ таоло шундай сифатлайди: 

مَا زَاغَ الْبَصَرُ وَمَا طَغَى (17)

(Пaйғaмбaрнинг) кўзи (чeтгa) oғгaни ҳaм йўқ, ўз ҳaддидaн oшгaни ҳaм йўқ”.

Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинганки, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам кундузда қандай кўрсалар, зулматли қоронғу кечада шундай кўрардилар. Шунингдек, олд томонларини қандай кўрсалар, орқа томонларини ҳам худди шундай кўрар эдилар.

Ибн Абу Ҳоладан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ  қарасалар, таналари билан бутунлай бурилиб қарар эдилар. Расулуллоҳ  назарлари пастга қараган киши эдилар, (яъни, назарлари юқоридан кўра пастки томонга кўпроқ қарар эдилар). Қарашлари мулоҳазали эди[13]. (Яъни, фикр юритган кишидек, қарардилар).

Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий алайҳиссалом кўзлари катта-катта, узун киприкли ҳамда кўзлари қизилга мойилроқ (яъни, қизғишроқ) киши эдилар”[14].

Бошқа бир ривоятда: “Кўзлари тим қора эди”, дейилган[15]. Яна бир ривоятда эса: “Кўзларининг оқида бироз қизиллиги бор эди”, дейилган[16]. Кўзнинг оқида қизиллиги бор бўлиши  арабларда мақталган, маҳбуб кўрилган эди. 

Бошлари ва пешоналари

Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пешоналари кенг эди. Бу борада келган ҳадисларнинг лафзлари турли бўлса-да, барчаси бир маънода келган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошлари (ўртачадан) каттароқ эди. Алий розияллоҳу анҳунинг бу борада ривоят қилган ҳадислари ҳам шу маънода.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қошлари узун, ёйсимон ва ингичка, бир-бирига бирлашиб ёпишмаган эди.

Бурунлари

Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам қирра бурунли[17] эдилар.

 

Муҳаммад

(соллаллоҳу алайҳи васаллам)

комил инсон

китобидан таржима

Баратов Ғиёсиддин

 



[1] Саҳобаларнинг ёки тобеинларнинг сўзлари.

[2] Икки шайх, яъни Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоятлари.

[3] Имом Термизийнинг Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоятлари

[4] Имом Термизий ривояти.

[5] Шамоил эгалари ривоят қилган.

[6] Имом Муслим ривояти.

[7] Имом Муслим ривояти.

[8] Имом Термизий ривояти.

[9] Имом Термизий ривояти. (Саҳиҳ).

[10] Имом Термизий ва Имом Байҳақий ривоятлари.

[11] Имом Байҳақий ва Имом Ҳоким ривоятлари, Имом Ҳоким саҳиҳ, деганлар.

[12] Термизий ривояти. (Шамоил китобларида).

[13] Имом Термизий ривояти (“Шамоил”да).                       

[14] Байҳақий ривояти.

[15] Имом Термизий ривояти.

[16] Имом Муслим ривояти.

[17] Қирра бурун - буруннинг юқори қисми сал кўтарилган, ўртасида озгина эгиклик бор, бурун суягининг ўртаси бўртиб чиққан ҳамда бурун тешиги тор бўлганидир. 

8082 марта ўқилди
Top