Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ
(Эй, Муҳaммaд,) биз сизни (бутун) oлaмлaргa aйни рaҳмaт қилиб юбoргaнмиз. (Анбиё: 107).
Ушбу оятдаги (رَحْمَةً) – (роҳматан) калимаси масдар бўлиб, маънони таъкидлаш, кучайтиришни ифодалайди. Шунда унинг маъноси қуйидагича бўлади: “айни раҳмат”, “бутунлигича раҳмат”, “ҳақиқий раҳмат”.
(العَالَمِينَ) - (Оламийн) калимаси эса кўплик шаклида бўлиб, Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсани ўз ичига олади; Фаришталар олами, Жинлар олами, инсонлар олами, ҳайвонот, ўсимликлар, жонсиз нарсалар олами ва ҳоказо...
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умуман олганда барча оламларга; фаришталар олами, жинлар олами, инсонлар олами, ҳайвонот, ўсимликлар, жонсиз нарсалар оламига, хусусан, мўминларга, ғайри динларга, мунофиқларга, аҳли оилаларига, фарзандларига, эркагу аёлларга, ёшларга, етим-есирларга, заифҳолларга, тоинки барча махлуқотларга айни раҳмат бўлганлар.
Фаришталарга раҳмат бўлганлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан илгари Жаброил алайҳис салом Аллоҳ таоло наздида қай даражада ҳурматга сазовор эканларини билмай хавотирланарди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлганларидан кейин ул зотга:
ذِي قُوَّةٍ عِندَ ذِي الْعَرْشِ مَكِينٍ
“(У) Жаброил қуввaтли, Aршнинг сoҳиби (Aллoҳ) нaздидa мaртaбaли”, (таквир сураси) мазмунидаги ояти карима нозил бўлганида, Жаброил алайҳис салом хотиржам бўлган эканлар.
Жинларга раҳмат бўлганлари
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам расул бўлишларидан олдин жинлар тўғри йўлда эмасдилар ва ораларидаги иблиснинг “Аллоҳнинг жуфти – хотини ва фарзанди бор”, деган тутруқсиз гапларига ишониб, Аллоҳ таолога ширк келтиришарди. Бироқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун оламга пайғамбарлик рисолатини олиб келганларида жинлар ҳам инсонлар каби Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлиш шарафига муяссар бўлишди, улар ҳам иймон келтиришди. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга ҳам раҳмат бўлиб келганларига очиқ-ойдин далилдир. Бу ҳақида ояти каримада шундай дейилади:
(Эй, Муҳaммaд,) aйтинг: "Мeнгa вaҳий қилиндики, жинлaрдaн бир гуруҳи (Қуръoн тилoвaтимни) эшитиб, (ўз қaвмлaригa бoриб), дедилaр: "Дaрҳaқиқaт, бизлaр aжиб бир Қуръoнни эшитдик. У тўғри йўлгa ҳидoят қилaди. Бaс, дaрҳoл унгa имoн кeлтирдик. Бизлaр (энди) Роббимизгa ҳeч кимни сирa шeрик қилмaсмиз. Aлбaттa, буюклиги oлий бўлмиш рaббимиз бирoр жуфт вa ё фaрзaнд тутгaн эмaсдир. Aлбaттa, бизлaрнинг ичимиздaги aблaҳ (иблис) Aллoҳ шaънигa ("унинг xoтини вa фaрзaнди бoр", - дeб) тутруқсиз сўз aйтaр eди. (Жин: 1-4 оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли-аёлларига ва фарзандларига раҳм-шафқатлари
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра ўз фарзандларига меҳрибонроқ кишини кўрмадим. Фарзандлари Иброҳим розияллоҳу анҳу Мадина оилаларидан бирида эмизилар эди. Узот ўғилларини кўргани борсалар, биз ҳам бирга борар эдик. Уйга кирганларида, уйдан тутун чиқарди. Иброҳимнинг эмизикли отаси темирчи ва заргар эди. Кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлари Иброҳимни қўлларига олардилар ва уни ўпиб яна жойига қўярдилар”, деди.
Амр ибн Саъид айтади: “Иброҳим вафот этганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўғлим Иброҳим кўкрак сутидан чиқмаган гўдаклигида вафот этди. Унинг икки энагаси бор. Ҳали улар жаннатда эмизиш даврларини тўлдириб қўядилар”, дедилар. Иброҳим вафот этанида ўн олти ёки ўн етти ойлик гўдак эди”. (Имом Нававийнинг шарҳларидан)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уй ишларида ҳам оилаларига қарашардилар.
Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Оиша розияллоҳу анҳодан: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳллари орасида нима қилардилар”, деб сўрадим. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларининг хизматида бўлардилар. Агар намоз ҳозир бўлса, намозга чиқардилар. У зот катта занг кишилардан бўлмаганлар. Балки, кўпинча ўз ишларини ўзлари бажарардилар”, дедилар.
Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг “Муснад”ларида келган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кийимларини ўзлари тикардилар, кавушларини ямардилар ва сизлар ўз уйингизда нима қилсангиз, шуни қилардилар”, дедилар.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Оиша розияллоҳу анҳога: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида нима қилардилар?”, дейилди. Оиша розияллоҳу анҳо: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам (оддий) одамлардан бири эдилар. Кийимларини тозалар, қўйларини соғардилар”, дедилар.
Ёшларга, етим-есирларга, бевалар, касаллар ва заифҳолларга раҳм-шафқатлари
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен намозни ўқимоқчи бўлиб бошлайман-да, гўдак йиғисини эшитиб қолсам, йиғиси сабабли онасининг қаттиқ изтиробга тушишини билганимдан, намозни енгил қиламан”, дедилар”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшларга жуда меҳрибон эдилар.
Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Алийнинг икки фарзанди Ҳасан ва Ҳусайн ўптилар. Ҳузурларида Ақроъ ибн Ҳобис ат-Тамимий бор эди. Шунда Ақроъ: “Менинг ўнта фарзандим бор. Лекин мен уларнинг бирортасини ҳечҳам ўпмаганман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб: “Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди”, дедилар”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у киши айтадилар: “Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келиб: “Сизлар ёш гўдакларингизни ўпар экансизлар, биз эса уларни ўпмаймиз”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ахир Аллоҳ таоло сенинг қалбингдан раҳм-шафқатни чиқариб ташлаган бўлса, менинг қўлимдан нима ҳам келарди?”, дедилар”.
Яъни, кимнинг қалбида ёшлар, гўдакларга нисбатан раҳм-шафқат бўлса, бу шафқат ўз соҳибини ёшларни ўпишга ундайди. Ана энди кимнинг қалбидан ўша раҳм-шафқат олиб қўйилган бўлса, уларни ўпишликдан тийилади.
Барро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, Ул зот елкаларида Ҳасанни кўтариб: “Эй, Аллоҳ, мен уни яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўргин”, деб айтардилар”. (Имом Бухорий ва Муслим ҳамда Имом Термизий ривоятлари)
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Аҳли байтингиздан қайси бири сизга маҳбуброқ”, дейилди. Ул зот: “Ҳасан ва Ҳусайн”, дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога: “Менга икки фарзандимни чақир”, деб айтардилар. Кейин Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларни бағрларига босиб қучоқлардилар. (Имом Термизий ривояти)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо ёшларни шодлантириб, уларни хурсанд қилишга қизиқардилар. Ҳузурларига энг аввал пишган мевалардан келтирилса, олдиларидаги ёшларга тарқатардилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига энг аввал пишган мевалар келтирилса, ундан олиб кўзларига кейин лабларига қўйиб: “Ё, Аллоҳ бунинг аввалини кўрсатганингдек, охирини ҳам кўрсатгин”, деб дуо қилардилар. Кейин меваларни ҳузурларидаги ёшларга тарқатардилар. (Имом Табароний ривояти. Ушбу ҳадисни Ибн Синний Абу Ҳурайрадан ривоят қилган)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлари Иброҳим вафот этганида кўзларидан ёш оққанди.
Анас розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фарзандлари Иброҳимнинг ҳузурига кирдилар. Иброҳим жон талвасасида эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзларидан ёш тўкила бошлади. Шунда Абдурроҳман ибн Авф: “Сиз ҳамми Ё, Расулуллоҳ! (яъни сиз ҳам йиғлайсизми), дедилар. Ул зот: “Эй, Ибн Авф, бу раҳим-шавқатдандир”, дедилар. Бошқа ривоятда эса: “Кўз ёш тўкилади, қалб маҳзун бўлади ва биз фақат Роббимизни рози қиладиган сўзларни гапирамиз. Биз сенинг фироқингга маҳзунмиз эй, Иброҳим”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти. Баъзи жумлаларини Имом Муслим ривоят қилган)
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у зот айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга фарзандлари Иброҳим вафот этаётган ҳолатида кўтариб олиб келинганда, у зотнинг икки кўзларидан ёш оқди. Шунда Саъд: “Ё Расулуллоҳ, нимага йиғлаяпсиз?”, деди. Шунда: “Бу Аллоҳ таоло бандаларининг қалбига жойлаган раҳматидир. Албатта, Аллоҳ таоло фақат раҳим-шавқатли бандаларига раҳим қилади”, дедилар”. (Муттафақун алайҳи)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам етим-есирлар билан бирга юришдан ҳазар қилмасдилар. Балки, улар билан бирга юрардилар, уларнинг ҳожатларини раво қилардилар. (Имом Насоий шу маънодаги ҳадисни ривоят қилган)
Етимларга нисбатан ўзлари гўзал муомалада бўлардилар, уларга яхшилик қилардилар ва саҳобаларни ҳам шундай қилишга, етимларни ўз қарамоғига олишларига тарғиб қилиб, унинг фазилатларини баён қилардилар.
Абу Ҳурарйра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мен билан етимни қарамоғига олган киши жаннатда мана шундоқ бўлади”, деб кўрсаткич ва ўрта қўлларини бирлаштириб ишора қилдилар. (Имом Бухорий ривояти)
Бошқа бир ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонлардаги энг яхши уй бу унда етимга хайр-саховат қилинадиганидир”, деб айтганлар. (Ибн Можа ривояти)
Мусулмон умматларига раҳмат бўлганлари
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқалардан кўра мусулмон умматларига меҳрибонроқ эдилар. Бу ҳақида Қуръони кармида шундай дейилади:
{ لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِنْ أَنْفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُمْ بِالْمُؤْمِنِينَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ } (3)
“Ҳaқиқaтaн, сизлaргa ўзлaрингиздaн (чиққaн), сизлaрнинг қийинчиликлaрингиздaн aлaм чeкaдигaн, сизлaр билaн қизиқувчи вa мўминлaргa мушфиқ вa рaҳмдил рaсул кeлгaндир”. (Тавба: 127).
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазабланган ҳолатимда умматимдан қай бирини сўккан бўлсам ёки лаънатлаган бўлсам, мен ҳам Одамнинг фарзандиман. Мен ҳам сизлар ғазаб қилганингиздек, ғазаб қиламан. Бироқ, Аллоҳ таоло мени оламларга айни раҳмат этиб юборди. Ўша лаънат ва сўкиш уларга мендан дуо сифатида қабул бўлишини истайман”, деган эдилар.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хушхабарлар беринглар, нафрат қилдирманглар, осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар”, дедилар. (Имом Муслим ривояти. Ушбу ҳадис Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “РАСУЛУЛЛОҲ соллаллоҳу алайҳи васаллам” номли китобларидан).
Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари у зотга: “Тезроқ келинг, ўғлим қабзи руҳ бўлмоқда”, деб одам юборди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб: “Албатта, олгани ҳам Аллоҳникидир, бергани ҳам Уникидир. Унинг наздида ҳар бир нарсанинг ажали белгилангандир. Сабр қилсин ва талаби савобда бўлсин”, деб одам юбордилар. У (қиз) қасам ичиб: “Албатта келсинлар”, деб одам юборди. Бас, у зот турдилар. Ул зот билан бирга Саъд ибн Убода, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва бир қанча кишилар ҳам турдилар. Болани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўтариб олиб келинганда, унинг жони мешга ўхшаб пўкиллаб қолган эди. Бас, у зотнинг икки кўзларидан ёш оқди. Шунда Саъд: “Ё Расулуллоҳ, бу нима?”, деди. “Бу Аллоҳ бандаларининг қалбига солган раҳматидур. Аллоҳ фақат раҳимлик бандаларигагина раҳим қиладир”, дедилар”. (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Ушбу ҳадис ҳам ўша китобдан).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига бирор нарса буюрадиган бўлсалар, қийинлаштириб қўйишдан қўрқардилар. “Агар умматимга қийинлаштириб қўймаганимда эди, уларни ҳар намоз олдидан мисвок ишлатишга буюрган бўлардим”, дер эдилар.
Заифҳол, бетоб бўлган мусулмонларнинг олдиларига бориб, зиёрат қилардилар, жанозаларида қатнашардилар. (Бу маънодаги ҳадисни Абу Яъло ва Табароний ривоят қилишган)
Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам бирор саҳобаларини оғир, машаққатли ҳолатда, қийналиб турганини кўрсалар жуда маҳзун бўлардилар, қалблари эриб, у ҳолатдан таъсирланиб йиғлар эдилар. Пайғамбар алайҳис салом Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуни зиёрат қилиб келганларида, у зот билан Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Пайғамбар алайҳис салом у кишини кўриб йиғладилар, у зот билан бирга бўлганлар ҳам йиғладилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)
Усмон ибн Мазъун вафот этганларида Пайғамбар алайҳис салом йиғлаган ҳолатларида у кишини ўптилар бу ҳақида Оиша розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Ўшанда мен Пайғамбар алайҳис саломнинг кўз-ёшлари Усмоннинг яноқларига тўкилаётганини кўрдим”. Бошқа бир ривоятда: “Пайғамбар алайҳис салом Усмоннинг икки кўзи орасини ўптилар сўнг узоқ йиғладилар”, дейилган”.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқидилар. Қиёмда узоқ турдилар. Сўнг рукуъ қилиб, рукуъда узоқ турдилар. Кейин тикланиб, узоқ турдилар. Шуъба айтади: “Менимча, саждада ҳам шунга ўхшаш. Ва саждаларида йиғлай ва пуфлай бошладилар ва: ”Роббим, мен Сенга истиғфор айтиб турсам ҳам, нима учун буни ваъда қилмоқдасан? Мен уларнинг ичида турсам ҳам, нима учун буни ваъда қилмоқдасан?”, дедилар. Намозни тугатганларидан сўнг: “Менга жаннат кўрсатилди. Ҳаттоки, қўлимни узатсам, мевасидан узиб олардим. Менга дўзах кўрсатилди. Унинг олови сизларни ўраб олмасин деб пуфлай бошладим”, дедилар. (Абу Довуд, Насаий ва Ибн Хузайма ривоят қилишган. Ушбу ҳадис Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “РАСУЛУЛЛОҲ соллаллоҳу алайҳи васаллам” номли китобларидан).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат бўлганида, бутун оламон бир-бирларига аралашиб кетиб, ҳаяжонда бўладилар. Улар Одамнинг (алайҳиссалом) олдиларига келиб: “Бизлар учун Робингиздан шафоат сўранг”, дейишади. У зот: “Мен ҳақли эмасман, сизлар Иброҳимдан (алайҳиссалом) сўранглар, у Раҳмон зотнинг халилидир (дўсти)”, дейдилар. Инсонлар Иброҳим (алайҳиссалом) олдиларига келишади. У зот ҳам: “Мен ҳақли эмасман, сизлар Мусонинг (алайҳиссалом) олдига боринглар, чунки, у калимуллоҳдир (Аллоҳ таоло билан бевосита гаплашган пайғамбар), деб айтадилар. Инсонлар Мусо (алайҳиссалом) олдиларига келишганида, у зот ҳам худди шундай жавоб берадилар ва “Сизлар Исонинг олдига боринглар, чунки, у Аллоҳ пуфлаган руҳи ва калимасидир”, дейдилар. Кейин инсонлар Исо (алайҳиссалом) олдиларига келишади, у зот ҳам “Мен шафоат сўрашга ҳақли эмасман, сизлар Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) олдига боринглар”, дейдилар. Инсонлар менинг олдимга келиб сўрашади, шунда мен: “Мен сизларни шафоат қиламан”, дейман. Сўнгра Роббимдан изн сўрайман, Роббимдан менга изн берилади ва Ул зот менга, мен Ул зотни мақтайдиган мақтовли сўзларни илҳом қилади. Лекин у қандай мақтовли сўзлар эканини ҳозир билмайман. Сўнгра мен ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Мен: “Умматим, умматим”, дейман. Кейин менга: “Бор, қалбида арпа доничалик иймони бўлган кишиларни жаҳаннамдан чиқар”, дейилади. Бориб, (айтилган нарсаларни) бажараман. Сўнгра яна қайтаман ва ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Мен яна: “Умматим, умматим”, дейман. Кейин менга: “Бор, жаҳаннамдан қалбида зарра (ёки хантал) миқдоричалик иймони бўлган кишиларни чиқаргин”, дейилади. Бориб, (айтилган нарсаларни) бажараман. Сўнгра яна қайтиб бораман ва ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Мен яна: “Умматим, умматим”, дейман. Кейин менга: “Бор, жаҳаннамдан қалбида хантал донининг миқдоридан-да озроқ, кичикроқ иймони бўлган кишиларни озод қил”, дейилади. Бориб, яна (айтилган нарсаларни) қиламан. Кейин тўртинчи бор яна қайтиб бораман ва ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга яна: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Шунда мен: “Роббим, менга “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини айтган кишилар ҳақида изн бер”, дейман. Ул зот: “Иззатимга, жалолимга, буюклигим, улуғлигимга қасамки, мен ундан (жаҳаннамдан) “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини айтган кишиларни ҳам чиқараман”, дейди”, дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Ҳайвонларга раҳмат бўлганлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларга шафқатли бўлиб, уларни аяшга буюрардилар. Ҳайвонларни боқувчи эгаларини уларга азият бериш, оғир юкларни юклаш, тоқати кўтара олмайдиган ишлар билан қийнашдан қайтарардилар.
Пайғамбар алайҳис салом қорни бели билан бирлашиб кетай деган, яъни очликнинг қаттиқлигидан озиб кетган бир туя олдидан ўтаётиб: “Бу гапира олмайдиган чорвалар борасида Аллоҳ таолодан қўрқинглар. (Яъни, уларга гўзал муносабатда бўлиш, зарар етказмаслик, ҳаққини риоя қилиш, муҳтож бўладиган нарсасини бериш ва азият бермаслик борасида) Уларни (минмоқчи бўлсангизлар) минишга ярайдиган, юришга қуввати етадиган ҳолида мининглар, агар емоқчи бўлсангизлар семиз, соғ ҳолида енглар”, дедилар. (Абу Довуд ва Ибн Хузайма ўз саҳиҳ китобларида ривоят қилганлар)
Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ансорийнинг боғига кирганларида, бир туяга кўзлари тушади. Туя ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриши билан икки кўзи ёшланган ҳолида ул зот томон интилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига келиб, икки қулоғидан силаб қўйдилар. Туя тинчланди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу туянинг эгаси ким? “Бу туя кимга қарашли?”, дедилар. Ансорий бир йигит келди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Аллоҳ таоло сенга мулк қилиб берган мана бу ҳайвон хусусида Аллоҳдан қўрқ! У, менга оғир, тоқати етмайдиган юкларни юклаб азият бераётганингдан шикоят қилди”, дедилар.(Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилган ҳамда Имом Ҳоким ўзларининг “ал-Мустадрак”ларида ҳам ривоят қилган.)
Пайғамбар алайҳис салом заруратсиз ҳайвонларни тўхтатиб олиб, устида узоқ туриб азият беришдан қайтарганлар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмнинг олдидан ўтсалар, улар ўз уловлари устида ўтирган эдилар. Шунда У зот: “Уловларингизга саломат ҳолида мининглар, саломат ҳолида тарк қилинглар. Уловларни йўлларда, бозорларда гурунглашиб туришингиз учун ўтирадиган жой (курси) қилиб олманглар. Зеро, айрим уловлар эгасидан кўра яхшироқ ва Аллоҳ таолони кўпроқ зикр қилувчи бўлади”, дедилар.(Имом Аҳмад, Абу Яъло ва Табаронийлар ривояти)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбақани ўлдиришдан қайтариб: “Унинг қуриллаши тасбеҳ айтишидир”, деб айтганлар. (Насоий ривояти)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир мушукни боғлаб қўйиб на унга таом бериб суғорган ва на ердаги қурт-қумурсқалардан озуқаланиб ейишига йўл қўйган аёл жаҳаннамга киради”, деб айтганлар. (Бухорий ва бошқа ровийлар ривоят қилишган)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам йўлда кетаётиб, қаттиқ чанқади. Бир қудуқни топиб, унга тушиб сув ичди. Кейин қайтиб чиқиб, чанқоқлигидан тупроқни ялаётган итни кўрди. Ҳалиги одам: “Бу ит ҳам менга ўхшаб чанқабди”, деди. Қудуққа тушиб, маҳсисини сувга тўлдирди ва оғзига тишлаб қайтиб чиқди. Итга сув берди. Аллоҳ таоло уни тақдирлаб мағфират қилди”, дедилар. Ё Расулуллоҳ! Бизга ҳайвонларда ажр борми”, дейишди. “Ҳа! Ҳар бир ҳўл жигарлида (тирик жонда) ажр бор”, дедилар”. (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Ушбу ҳадис Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “РАСУЛУЛЛОҲ соллаллоҳу алайҳи васаллам” номли китобларидан иқтибос олинди)
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирганида бир бурга чақди. У киши бургани лаънатлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бургани лаънатламанглар чунки, у пайғамбарлардан бирини намозга уйғотган”, дедилар”. (Имом Табароний ривояти. Тилларда машҳур бўлганида “Бургани сўкманглар…” дейилган. Умуман бурга ҳақидаги ривоятни баъзилар заъиф деганлар)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни бир-бирига гиж-гижлатиб уриштиришдан қайтарганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қушларнинг боласига бирор бир фожеъа етказишдан ҳам қайтарардилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик. Ул зот ҳожатга кетдилар. Биз Ҳумаррани (кичик қуш) иккита жўжаси билан кўриб қолдик, кейин жўжаларини олдик. Шунда Ҳумарра (безовталанганидан) пириллаб уча бошлади. Расулуллоҳ уни кўриб: “Қай бирингиз буни боласига фожеъа етқазди?! Унинг боласини қайтаринглар! - дедилар. Яна У зот алайҳис салом чумолининг уясини куйдириб юборганимизни ҳам кўриб қолдилар ва: “Буни ким куйдирди?!”, дедилар. “Биз”, дедик. “Албатта, оловнинг Роббисидан бошқа ҳеч кимнинг олов билан азоблашга ҳаққи йўқ”, дедилар”. (Абу Довуд ривояти)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қушларни ейиш мақсадида эмас, балки бефойда ўлдиришдан қайтариб шундай дер эдилар: “Ким бирор қушни ўлдирса, ўша қуш Қиёмат куни Аллоҳ таолога: “Ё роббим, фалончи мени бекордан-бекорга ўлдирди, бирор бир манфаатни кўзлаб ўлдирмади”, деб шикоят қилади”. (Насоий ривояти)
Шунингдек, У зот алайҳис салом ҳайвонларни сўйишда раҳм-шафқатли, юмшоқ муносабатда бўлишни уқтирардилар. Қўйни ётқизиб, устида пичоғини ўткирлаб турган кишига: “Сен нима уни икки марталаб ўлдирмоқчисан? (яъни ҳайвонни) Уни ётқизишдан олдин пичоғингни ўткирласанг бўлмасмиди?”, деб танбеҳ берганлар. (Табароний ривояти)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни ва жониворларни (ўқ отишга) мўлжал қилинадиган нишон қилиб олишдан ҳам қайтарардилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари)
Бутун оламга меҳрибон ва шафқатли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдек Зотнинг уммати бўлиш шарафига муяссар қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз бўлсин. Омин!
Китоблар асосида Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Баратов Ғиёс тайёрлади.