Сийрат ва ислом тарихи

Расулуллоҳ (с.а.в)нинг болаларга муносабатлари

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёш болаларни ”Аллоҳнинг райҳонлари” деб таърифлаганлар. Ҳақиқатда ҳар бир ота-она боласидан худди райҳонни ҳидлаб хушнуд бўлгандек хушнуд бўлади. Аллоҳ таолонинг ўзи ҳар бандасини яратганда унга қўшиб фарзанд муҳаббатини ҳам яратди. Шунинг учун ҳам ҳар бир инсонда фарзандга нисбатан табиий муҳаббат бўлади. Фарзандга муҳаббати йўқ, уларга Аллоҳ буюрган ҳақларини бермаган инсонлар эса, соф табиати бузилган нусхага айланади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Сизлар учун Аллоҳнинг расулида гўзал намуна бор”- деб марҳамат қилди. У зотнинг фарзандларига, ёш болаларга бўлган гўзал муносабатларидан баъзи маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в) ўз ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳорис Таймий ўтирганда набиралари Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Шунда у: Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ – деди. Расулуллоҳ (с.а.в) унга назар солдилар ва: Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас – дедилар. Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривояти.

Набий (с.а.в) ўта болажон зот эдилар. У зот набиралари Ҳасан ва Ҳусайнни жуда яхши кўрар ва уларга меҳрибонлик кўрсатар эдилар. Ушбу ривоятда у зотнинг Ҳасан (р.а)га кўрсатган меҳрлари, саҳобалардан бирининг бунга бўлган муносабати ва бу муносабатнинг Набий (с.а.в) томонларидан салбий баҳоланганини кўришимиз мумкин.

Усома ибн Зайд (р.а)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в) мени сонларига ўтқазар эдилар. Ҳасанни эса, бошқа сонларига ўтқазар эдилар. Сўнгра сонларини бир-бирига қўшиб: Аллоҳим! Иккисини раҳм қилгин. Мен уларга раҳм қилурман – дер эдилар. Имом Бухорий ривояти.

Оиша (р.а)дан ривоят қилинади, бир аъробий Набий (с.а.в)нинг ҳузурларига келди ва: Сизлар болаларни ўпасизларми? Биз уларни ўпмаймиз – деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в): “Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олар эдим” – дедилар. Икки Шайх ривояти.

Абу Мусо (р.а)дан ривоят қилинади, Менинг ўғлим туғилганда уни Набий (с.а.в)нинг олдиларига олиб бордим. У зот уни “Иброҳим” деб номладилар, хурмо ила танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар. У болаларимнинг каттаси эди. Икки Шайх ривояти.

Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Набий (с.а.в)нинг ҳузурларига олиб борар эдилар. У зот ёш болаларни кўрсалар ўта хурсанд бўлар эдилар. Янги туғилган чақалоқларга юқоридаги ривоятда келган Абу Мусо (р.а)нинг ўғилларига қилган муносабатларини қилар эдилар. Мана шу ишга тақлид қилиб, янги туғилган фарзандни ёки ёш болаларни аҳли солиҳ кишилар ҳузурига олиб бориб, ҳаққига дуо олиш бизнинг юртимизда кенг тарқалаганини қувонч билан айтишимиз мумкин.

Оиша (р.а)дан ривоят қилинади, Мен Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳузурларида қўғирчоқ ўйнар эдим. Дугоналарим келар эдилар ва Расулуллоҳ (с.а.в)дан тортиниб қолар эдилар. У зот уларни мен томон йўллаб қўяр эдилар. Сўнг улар мен билан ўйнашар эди. Бухорий ва Муслим ривояти. 

Бошқа ривоятда: Расулуллоҳ (с.а.в) Табук ёки Ҳайбар урушидан қайтиб келдилар. Уйнинг токчасида парда бор эди. Шамол турди ва парданинг бир тарафини кўтариб, Оишанинг ўйинчоқ қизларини очди. Шунда у зот:

- Бу нима эй Оиша – дедилар.

- Қизларим – дедим. Уларнинг орасида қуроқдан қилинган икки қанотли отни кўрдилар ва: 

- Уларнинг орасида кўраётганим манабу нарсачи? – дедилар. 

- От

- Унинг устидаги манабу икки нарса нима?

- Иккита қанот.

- Отнинг иккита қаноти бўладими? 

- Сулаймоннинг қанотли отлари ҳақида эшитмаганмисиз?

Шунда у зот кулдилар ва ҳаттоки мен озиқ тишларини кўрдим. Абу Довуд ривояти. 

Бу ривоятда аҳли аёллари бўлмиш ёш Оиша онамиз билан қандай мулойимлик ва самимий муносабатда бўлганларини билиб оламиз.
Ҳа, фарзандни ёш ниҳолга ўхшатилади. Уни қайси томонга эгсангиз, ўша томонга қараб ўсаверади. Ёшлигидан меҳрибон ота-онаси бағрида ўсган, уларнинг гўзал ахлоқидан намуна олган фарзандлар келажакда бошқа инсонларга ҳам меҳрибон, ўз юрти ва жамияти учун муҳаббатли инсонлар бўлиб етишадилар. Аксинча, ёшлигида меҳр берилмаган фарзандлар қаҳри қаттиқ ва меҳр шафқатсиз бўлиб вояга етадилар. Бу эса, икки олам сарвари Расулуллоҳ (с.а.в) олиб келган раҳм-шафқат, меҳрибонлик, мулойимлик асосидаги соф инсоний ахлоқларга мос келмай қолади.

Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ёш болаларга қилган муомалари борасида бундан бошқа маълумотлар, ибратлар жуда кўп. Уларнинг ҳар бирида олам-олам ҳикмат мужассам. Шунинг учун азизлар, у зотнинг сийратларини янада чуқурроқ ўрганаверайлик. Ҳали сийрат боғининг бизга кашф бўлмаган сир-асрорлари жуда кўп.

 

Абдукаримов Аҳроржон
Тошкент ислом институти талабаси

7535 марта ўқилди
Top