Сийрат ва ислом тарихи

Ҳафса бинти Умар

Ҳафса бинти Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдул Уъззо ал-Аъдавий ал-Қураший

Ҳижратдан ўн саккиз йил олдин (мелодий олти юз бешинчи) йили Маккаи мукаррамада туғилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳонинг шажараcи Каъб ибн Луайда туташади.

Маккаи мукаррамада исломни қабул қилганлар. Мадинаи мунавварага биринчи эрлари Хунайс ибн Ҳузофа ас-Саҳмий билан ҳижрат қилганлар.

Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳо қандай хонадондан эканликларини таърифлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. У кишининг оталари иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудир. Оналари эса Зайнаб бинти Мазъун ҳам машҳур хонадондан бўлиб, саҳобий Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳунинг синглисидир.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи қилган ривоятда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Ҳафса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар этиб юборилишларидан беш йил олдин, Қурайш Байтни қураётган пайтда туғилган”, деган.

Бундан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий кела бошлаганда Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳо беш ёшли қизча экани маълум бўлади.

Ҳафса эсхушини таниганидан бошлаб, исломий муҳитда ўсди. Умар розияллоҳу анҳу Исломга келганларидан кейин у кишининг уйлари Маккадаги дин таянчларидан бирига айланган эди.

Ҳафса розияллоҳу анҳонинг эри Уҳуд ғазотида ярадор бўлади. Ана шу жароҳат сабабли вафот этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳафса розияллоҳу анҳога ҳижратнинг учинчи йили эллик олти ёшларида эри вафотидан сўнг уйландилар.

Ҳафса розияллоҳу анҳо ҳадисларни ривоят қилишда Оиша, Умму Салама ва Маймуна  розияллоҳу анҳумлардан кейинги тўртинчи ўринда турадилар. У киши олтмишта ҳадис ривоят қилганлар.

Ҳафса розияллоҳу анҳонинг Ислом оламида тутган ўринлари у кишининг оталари Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик вақтларида катта аҳамият касб этди. Умар розияллоҳу анҳу Ҳафса онамизга маслаҳат солар ва у кишининг айтган гапларини қайтармас эдилар.

Ҳафса розияллоҳу анҳо туфайли Аллоҳ таоло бир неча оятлар нозил қилган. Бунинг сабаби қуйдагича бўлган эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳо исмли хотинлари ҳузурида асал истеъмол қилиб, бироз қолиб кетадилар. Буни пайқаган бошқа хотинлари – Ойша розияллоҳу анҳо билан Ҳафса розияллоҳу анҳо оналаримизнинг рашклари келиб, ул зотни “жазолаб қўйишга” ўзаро келишиб оладилар ва Он ҳазрат чиқишлари билан: "Оғзингиздан бадбўй ҳид келмоқда, нима едингиз?" – дейдилар. Бадбўй ҳидни ёқтирмайдиган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бироз қизишиб: "Асал егандим", – дейдилар ва бундан кейин асал емасликка қасамёд қиладилар. Шунда Аллоҳ таоло қуйдаги оятларни нозил қилган:

يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ لِمَ تُحَرِّمُ مَا أَحَلَّ اللَّهُ لَكَ تَبْتَغِي مَرْضَاةَ أَزْوَاجِكَ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ

قَدْ فَرَضَ اللَّهُ لَكُمْ تَحِلَّةَ أَيْمَانِكُمْ وَاللَّهُ مَوْلَاكُمْ وَهُوَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ

وَإِذْ أَسَرَّ النَّبِيُّ إِلَى بَعْضِ أَزْوَاجِهِ حَدِيثًا فَلَمَّا نَبَّأَتْ بِهِ وَأَظْهَرَهُ اللَّهُ عَلَيْهِ عَرَّفَ بَعْضَهُ وَأَعْرَضَ عَنْ بَعْضٍ فَلَمَّا نَبَّأَهَا بِهِ قَالَتْ مَنْ أَنْبَأَكَ هَذَا قَالَ نَبَّأَنِيَ الْعَلِيمُ الْخَبِيرُ

إِنْ تَتُوبَا إِلَى اللَّهِ فَقَدْ صَغَتْ قُلُوبُكُمَا وَإِنْ تَظَاهَرَا عَلَيْهِ فَإِنَّ اللَّهَ هُوَ مَوْلَاهُ وَجِبْرِيلُ وَصَالِحُ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمَلَائِكَةُ بَعْدَ ذَلِكَ ظَهِيرٌ

Эй, Пайғамбар! Нега хотинларингизнинг розилигини истаб, Аллоҳ Сиз учун ҳалол қилган нарсани (асални) ҳаром қилиб олурсиз! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир. Дарвоқе, Аллоҳ сизлар учун (маълум миқдорда каффорат – жарима тўлаб) қасамларингизни ҳалоллаб олишни фарз қилган. Аллоҳ хожаларингиздир. У (барча нарсани) Билувчи ва (етук) Ҳикматли (зот)дир. Пайғамбар хотинларидан бирига (Ҳафсага) бир гапни (чўриси Мория талоғи ва халифаликни) хуфёна айтганини эсланг! Бас, қачонки, (Ҳафса розияллоҳу анҳо) у (сир) ҳақида (Ойшага) хабар бергач, Аллоҳ уни бундан воқиф қилди ва у (Ҳафсага ўзи билган нарсанинг) баъзисини билдирди ва баъзисидан юз ўгирди (билдирмади). Бас, қачонки, (Пайғамбар Ҳафсага) хабарни айтгач, у: «Ким Сизга бу хабарни берди?», – деди, (Пайғамбар): «Менга Билувчи ва Хабардор (Аллоҳ) хабар берди», – деди. (Эй, Ҳафса ва Ойша!) Агар сизлар Аллоҳга тавба қилсангиз (ўзларингизга яхши). Чунки дилларингиз (ҳақ йўлдан) тойиб кетди! (Аммо) агар сизлар унинг (Пайғамбар) зарарига ҳамкорлик қилсангиз, у ҳолда, шубҳасиз, Аллоҳнинг ўзи ҳам, Жаброил ҳам, аҳли солиҳ мўминлар ҳам унинг ҳимоячисидирлар. Яна, булардан кейин фаришталар ҳам (Пайғамбарга ҳамма ишларида) ёрдамчидир.

Ҳафса розияллоҳу анҳо ҳижрий қирқ беринчи сананинг шаъбон ойида Мадинаи мунавварада вафот этадилар. Жанозаларини Марвон ибн Ҳакам розияллоҳу анҳу ўқиган. Бақиъ қабиристонига дафн этилганлар.

Манбалар асосида

Тожиддинов Абдуссомад

Абдулбосит ўғли тайёрлади

8698 марта ўқилди
Мавзулар
Top