Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг отасининг исми: Замъа ибн Қайс ибн Абду Вудд ибн Наср ибн Молик Ибн Ҳисл ибн Омир ибн Луайдир.
Онасининг исми: Шаммуус бинти Қайс ибн Аъмр ибн Зайд ибн Лабиддир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг шажараси Луай ибн Ғолиб боболарида бирлашади.
Бир куни Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг тушларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб келиб, унинг бўйнини босиб олганларини кўради. Буни эри Сакрон ибн Амр розияллоҳу анҳуга айтади. У бўлса: “Агар тушинг ўнгидан келса, мен кўпга қолмай вафот этиб, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эрга тегар экансан”, дейди. Шунда Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо “Бўлмаган гап, тағин биров эшитиб қолмасин”, дейди.
Орадан бир қанча вақт ўтиб Сакрон ибн Амр розияллоҳу анҳу аёли Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо билан Ҳабашистонга ҳижрат қилиб, бир мунча вақтдан сўнг қайтадилар. Сакрон ибн Амр розияллаҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилинишидан олдин бемор бўлиб, вафот этади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Савда розияллоҳу анҳога уйланишлари унинг Ислом йўлидаги ҳаракати, ихлоси ва аламли мусибати учун энг улкан мукофот бўлиши табиий эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу боисдан унга уйланмоққа қарор қилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бўлган бу илтифотни одамлар бениҳоя хурсандлик ила қарши олишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нубувватни ўнинчи йили, Рамазон ойида эллик бир ёшларида, Хадижа розияллоҳу анҳо вафотларидан бироз вақт ўтганидан сўнг Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳога тўрт юз дирҳам маҳр бериб уйландилар.
Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо кези келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб турар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга у кишининг бу сифатлари маъқул келар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг ҳазил-мутойибаларига ўзига яраша лутф ила муомала қилар эдилар.
Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг ҳазил мутойибага мойилликлари машҳур бўлса ҳам кези келганда жиддий бўлишни ҳам ўрнига қўяр эдилар.
Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ҳадислар ривоят қилганлар. Машҳур ҳадис китобларида у кишининг ҳадислари келтирилганини уломаларимиз зикр қилишган.
Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо ҳижратнинг эллик тўртинчи (мелодий олти юз етмиш тўртинчи) йили Шаввал ойида Мадинаи мунавварада вафот этадилар. Аллоҳ таоло У зотдан рози бўлсин ва рози қилсин!
Манбалар асосида
Тожиддинов Абдуссомад
Абдулбосит ўғли тайёрлади