Сийрат ва ислом тарихи

Юсуф Ҳамадоний (қуддуса сирруҳу)

Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳи Ҳамадон шаҳрида 440 ҳижрий санада туғилганлар.

У зотнинг тўлиқ исмлари Абу Яъқуб Юсуф ибн Ҳусайн ибн Айюб Ҳамадонийдир.

Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳи тасаввуфнинг йирик намояндаси, буюк олим эди. Боғдодда Абу Исҳоқ Шерозийдан таҳсил олган. Исфаҳон, Самарқанд, Бухорода илмларини оширганлар. Тасаввуфни Абу Али Формадий, Абдуллоҳ Жувайний ва Ҳасан Симнонийлардан оладилар. Замонасининг буюк алломалари Абдул Қодир Гилоний, Ғаззолий, Ҳамидуддин Мултонийлар билан мулоқатда бўлганлар. 30 маротаба Ҳаж зиёратига борганлар.

Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳи Бухорода узоқ муддат яшаб, Аҳмад Яссавий ва Абдул Қодир Ғиждувоний ва бошқа машойихларга устозлик қилганлар ва кейинчалик Хожагон Нақшбандийя тариқатининг айрим қоидаларини ишлаб чиққанлар. Хожа Абдуллоҳ Барроқий Хоразмий, Хожа Ҳасан Андоқий Бухорий, Аҳмад Яссавий, Абдул Холиқ Ғиждувоний Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳидан сўнг унинг халифалари сифатида муридларнинг тарбияси билан шуғулланганлар.

“Рутбатул ҳаёт” (“Ҳаёт мезони”), “Кашф”, “Рисола дар одоби тариқат”, “Рисола дар ахлоқ ва муножот” каби асарлар ёзганлар. “Ҳаёт мезони” рисоласи ўзбек тилида нашр қилинган (Тошкент, 2003).

Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳи 18 ёшларида Ҳамадондан Бағдодга келадилар. У ерда Абу Жаъфар ибн Маслама, Абдус Сомад ибн Маьмун, Ибнул Муҳтадий биллаҳ, Хатиб Абу Бакр, Ибн Ҳизормард, Ибн Нуқуд, Абу Ҳаттоб Муҳаммад ибн Иброҳим Тобарий, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Фазл Форсий ва бошқа бир неча уламолардан илм олганлар. Юсуф Ҳамадоний раҳматиллоҳи алайҳи силсила омонатини Абу Али Фармоний раҳматуллоҳи алайҳдан олганлар.

Абу Саъд Самъоний айтадилар: “У зот тақводор, парҳезкор, ибодатгўй, илмига амал қилувчи, ҳол ва мақомлар соҳиби эди. Унинг карвонсаройида Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш учун дунё ишларидан узилган муридлар яшаганлар”.

506 йили боғдодга келадилар. Кейинчалик Марвда яшаганлар. Сўнг Ҳиротга  сафар қилганлар. У ерда бир неча йил яшаганлар. Шундан сўнг Марвга қайтадилар. Сўнг яна Ҳиротга иккинчи бор сафар қиладилар. Йўлда кетаётиб “Бағшур” яқинига етганларида вафот этадилар.

Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳ ўз суҳбатларида машойиҳларнинг ҳикматли сўларини ҳам кўп ишлатар эдилар. У кишининг ҳимматлари олий эди. Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳ Ҳирот билан Марвнинг орасида бориб келиб турар ва ваъзу насиҳатда давом этар эдилар.

У кишидан истифода этганлардан беш одам буюк шайҳ ва тариқат намояндалари бўлиб етишдилар. Улар: Хожи Убайдуллоҳ Баркий, Хожа Ҳасан Антокий, Хожа Аҳмад Яссавий, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Хожа Ҳаким Санўийлардир.

Ҳазрати Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг бош халифалари Муҳаммад Порсо ҳазратлари ўзларининг “Фаслул Хитоб” номли китобларида Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳининг ҳар бири бир китобга тенг келадиган ҳикматли сўзларидан бир қисмини тўплаганлар.

Ҳижрий 535 санада Марвда вафот этганлар. Хоки Бомиёндан Марв шаҳрига олиб келиниб, қайта дафн этилганлар. Абдул Холиқ Ғиждувоний, Фаридуддин Атттор, Абдур Раҳмон Жомий, Алишер Навоий асарларида Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳақида маълумотлар учратиш мумкин.

Тошкент ислом институти 4 курс талабаси

Абдус Сомад Абдул Босит

10291 марта ўқилди
Top