Сийрат ва ислом тарихи

Қайси бирини айтсак, тўғри бўлади?

Турк ҳукмдорларидан Султон Маҳмуд Ғазнавий тақвоси, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига уйғун яшагани ва адолатпарварлиги билан машҳур эди. Унинг бир вазири бўлиб, вазирнинг Муҳаммад исмли ўғли Султонга котиблик қиларди.

Бир куни Маҳмуд Ғазнавий котибни исми билан эмас, “Эй вазирнинг ўғли”, деб чақиради. Бу ҳолдан котиб сергакланиб, подшоҳни ранжитадиган бирор иш қилдимми, дея хавотирга тушади. Воқеани отасига айтиб, маслаҳат ҳам сўрайди.

Аммо подшоҳ кейинроқ унинг ўғлини яна исми билан чақирганини кўриб, минг андишада подшоҳдан: «Ўғлим хатосини ўнгладими, уни яна ўз исми билан чақиряпсиз?» деб сўрайди. Подшоҳ: «Ташвишланма, доим ўғлингнинг отини айтиб чақирганимда таҳоратли бўлар эдим. Ўша сафар таҳоратим йўқ бўлгани учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмларини тилга олгим келмади», деб жавоб берди («Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз» китобидан).

Оламлар сарвари таваллуд топган ой – Рабиъул аввал ойи кириб келгани муносабати билан иймонлашмоқни ният қилиб ўқиганим ана шу ибратли воқеани Сиз азизларга ҳам илинишга журъат қилдим.

Бинобарин, бу воқеа Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмларига боболаримиз нечоғлик ҳурмат кўрсатганини намоён этади.

Яна мўътабар манбаларда Аллоҳ таолога энг кўп ёқадиган исмлар “Муҳаммад” ва “Абдурраҳмон” экани айтилган. Шунингдек, қайсики, ота-она фарзандига олижаноб орзулар, эзгу истаклар билан “Муҳаммад” деб от қўйса, ўша болага исм ҳурматидан ножўя гаплар айтмасин, дейилган.

Миллатимизда “Маммади”, “Мамат” деган от бўларди. Истиқлол йилларида илмимиз кўпайиб, диний тасаввурларимиз тиниқ тортиб, ўша “Маммади” ва “Мамат” деган отларни тўғрилаб “Муҳаммад” дейдиган бўлдик. Аммо бу ишимиз ҳам қизиқ бўлганга ўхшайди...

Гап шундаки, юртимизга зиёратга келган бир туркиялик меҳмон билан Ҳазрати Имом мажмуасида учрашиб гаплашиб қолдик. Гап айланиб Истанбул фотиҳи Султон Муҳаммадга борганда у “Султан Меҳмет” деб гапирди. Унинг бу гапи менга эриш туйилди. Ахир Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳамда Истанбул фотиҳининг исмини шунчаки “Меҳмет” деб гапириб бўладими!

Ўйланиб туриб унга: “Биз ҳам бир вақтлар “Муҳаммад” исмини “Маммади” ёки сизларга ўхшаб “Мамат” деб айтар эдик, энди тўғрилаб “Муҳаммад” деб айтадиган бўлдик”, дедим. У эса: “Биз атайлаб “Меҳмет” деймиз. Агар “Муҳаммад” деб чақирсак, тўғридан-тўғри жаноби Пайғамбаримизнинг исми ҳосил бўлади, “Меҳмет” деганда эса ўзимизга ўхшаган оддий одам тушунилади. Агар у бирор ноўрин иш қилса, уришиб бериш ҳам мумкин бўлади, тўғрими?” деди.

“Билмадим, балки шундайдир”, деб қўйдим.

Тўғриси, ўша чоқда унинг гапининг қанчалик тўғри эканини билмадим-у, аммо менга ўринлидек туйилди. Чунки “Муҳаммад” исмли болакайларни оналари авра-астарини ағдариб қарғаб ётганини кўп кўрганман-да.

Яна ўзимча ўйлаб юриб шундай фикрга келдим: ота-боболаримиз болага Пайғамбар алайҳиссаломнинг исмини андеша юзасидан қўймасдан, у зотнинг муборак исмидан янги исмлар ҳосил қилиб, боласини ўша исмлар билан атаган экан-да.

Демак, болага от қўйиш борасида ҳам боболарнинг ҳикматларини ўргансак кўп нарсани билиб олар эканмиз.

 Бу борада муҳтарам олимларимиз нима дейди?

Дамин ЖУМАҚУЛ

5936 марта ўқилди
Top