Сийрат ва ислом тарихи

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг таом борасида берган таълимотлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таом тановул қилишдан олдин “Бисмиллаҳ” билан бошлаб, таомдан фориғ бўлгач “Алҳамдулиллаҳ” дейишга ўргатганлар.
Умар ибн Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бисмиллаҳни айт, ўнг қўлинг билан тановул қил ва таомни ўзинга яқин жойдан егин” дедилар” (Муттафақун алайҳи).


Таомни айбламасликни ўргатганлар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Муҳаммад алайҳиссалом ҳеч қачон таомни айбламас эдилар, агар хоҳласалар, ундан тановул қилар эдилар, агар егилари келмаса, емас эдилар. Мана шу ривоятда муҳим бўлган одоб бор, чунки таомни айблаб, айбини ҳаммага ошкор қилиб, жеркишлик таом пиширувчининг кўнглига оғир ботади.


Ҳўл мева ейишга тарғиб этганлар
Расулуллоҳ хурмо ва шу каби меваларни кўп истеъмол қилар эдилар. Мазкур хурмо меваси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам истеъмол қиладиган озуқалар ичида энг машҳуридир. Бу борада кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Шулардан бири: “Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо дарахтини танасидан чиқадиган суюқлик, яъни ёғини еётганларида бирга эдим. У зот: “Дарахтларнинг шундайлари борки, баракаси худди мусулмон кишининг баракасига ўхшайди” дедилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Наҳл сурасида шундай марҳамат қилади:

Шифобахш озиқ ҳақида насиҳатлари
“Асаларидан турли рангли суюқлик чиқади, унда кишилар учун шифо бор. Албатта бунда тафаккур қилувчилар учун оят-аломатлар бордир” (Наҳл сураси, 69-оят). Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Икки нарса – Қурўн ва асал билан даволанишни лозим тутинг”, деганлар.


Кўп ейишнинг зараридан огоҳлантирганлар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп таом тановул қилмас эдилар. Сабаби, таомни кўп ейиш кишининг исрофгарлигига, дунёга берилганлигига далолат қилади. Ҳолбуки, Набий алайҳиссаломда бундай нуқсонлар бўлмаган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Албатта У исроф қилувчиларни яхши кўрмайди” (Аъроф сураси, 31-оят).


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсоннинг ошқозони уч қисмдир: Бири таом, бири ичимлик ва яна бири (хотиржам) нафас олиши учун”, дедилар. Яъни, Расулуллоҳ умматларини ошқозоннинг ҳамма қисмини таомга тўлдириб қўйишдан қайтармоқдалар.

Тик турган ҳолда сув ичиш ва таом ейиш зарарли эканини ўргатганлар
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сув ичганларида уч маротаба тўхтаб ичардилар ва: “Шундай қилиш чанқоқни кўпроқ босади, ичимлик фойдали бўлади ва саломатликни сақлашнинг энг афзал йўлидир”, дердилар. Шунингдек, бошқа бир ривоятда: “Расулуллоҳ ичимликни туриб ичишдан қайтардилар. Шунда ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Таомни тик туриб еса бўладими”, деб сўрашди. У зот: “Йўқ! Таомни тик туриб ейиш сувни тик туриб ичишдан ҳам зарарлидир”, дедилар.
Хулоса ўрнида айтшимиз мумкинки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таом борасида берган таълимотларини бари соғлиқ учун фойдалидир, илм-фан ривожланган асримизга келиб эса ушбу ҳадислар тасдиқланиб, уларни етук профессорлар эътироф этмоқда. Аллоҳ ҳаммамизга шундай буюк зотга муносиб уммат бўлишимизни насиб этсин! Омин!


Шукруллоҳ Аслиддинов,
“Кўкалдош” ўрта махсус Ислом билим юрти талабаси

5991 марта ўқилди
Top