Сийрат ва ислом тарихи

“Сени энди танидим”

Бир мўмин тушида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрди. Расулуллоҳ унга ҳеч эътибор бермадилар. Шунда у одам изтиробга тушиб: “Ё Аллоҳнинг Расули! Мендан хафамисиз?” деб сўради.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ”, дедилар. “Унда нега менга қарамаяпсиз?” деб сўради ҳалиги одам. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чунки сени танимайман!” деб жавоб бердилар. “Нега танимайсиз? Мен сизнинг умматингизман. Ҳолбуки, олимларнинг айтишича, сиз ҳар бир умматингизни она ўз фарзандини танигандан ҳам яхшироқ танир экансиз”, деди одам.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уламолар тўғри айтган. Лекин мен сенда менинг ахлоқимдан бирон аломат кўрмаяпман ва сенинг менга ҳеч салавоту саломинг келмади. Менинг умматимдан бирини танишим ахлоқимнинг унда қай даражада борлигига боғлиқ”, дедилар.

Одам уйғонганда тушини ўйлади ва шу онданоқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқларини ўз ҳаётига татбиқ этишга киришди. Бир муддат ўтгач, такроран Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўрди. Пайғамбаримиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энди танидим”, дедилар.

Севикли Пайғамбаримиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у зотни чин дилдан севиш, таълимотларига амал қилиб, дунё ва охират саодатини топиш йўлида ҳаракат қилишимиз, қиёмат кунида шафоатларидан умидвор бўлишимиз лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир» (Оли Имрон сураси, 31-оят) деб таъкидлайди.

Демак, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни чин дилдан севиш, у зотга ҳақиқий уммат бўлишга ҳаракат қилиш Аллоҳ таоло муҳаббатига, гуноҳларни мағфират қилинишига олиб келар экан. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини инсонларга таълим бериб, уларнинг ёйилишига хизмат қилиш, у Зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади.

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.

6021 марта ўқилди
Top