Сийрат ва ислом тарихи

Умматнинг кўз ёши сел бўлган кун

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боқий дунёга кўчишлари ва ўша куннинг яқинлашганига бир неча оятлар орқали ишора қилинган эди. Бироқ саҳобаи киромлар видолашув онларининг яқин қолганини билсалар-да, Пайғамбаримизга қаттиқ муҳаббатлари боис, бундай мусибатни ақлларига, тасаввурларига сиғдира олмас эдилар. Лекин, Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўзлари айтганларидек, Аллоҳ таолонинг бандаси эдилар.

Сафар ойининг охирлари эди. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўсатдан касалланиб қолдилар. Бу беморлик ўн уч кун давом этди. Ниҳоят, видо куни эшик қоқди. Имом Байҳақийнинг Жаъфари Содиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича: “Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бетобликлари зиёда бўлиб, фоний дунёдаги умрларидан уч кун қолганда ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб:

– Эй, биродарим Муҳаммад, Аллоҳ таоло ҳурматингиз учун мени юборди. Аҳволингизни билиб турган бўлса-да: “Ҳабибим қандай?” деб сўради. Ҳолингиз яхшими, ё пайғамбарлар саййиди? – дедилар.

– Машаққатда, ғам-қайғудаман, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Жаброил алайҳиссалом иккинчи ва учинчи кунлари ҳам келиб сарвари оламдан ҳол-аҳвол сўради. Пайғамбаримиз бу кунларда ҳам аввалги жавобни бердилар. Жаброил алайҳиссалом душанба куни келганларида:

– Ё, Аҳмад, мана, Азроил келди, у остонада турибди, киришга ижозат сўрайди, илгари ҳеч кимдан рухсат сўраган эмас, бундан кейин ҳам ҳеч кимдан изн сўрамайди, – дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат бергач, Азроил алайҳиссалом кириб айтдиларки:

– Эй, Муҳаммад, Аллоҳ таоло мени сизнинг хизматингизга юборди. Нимани буюрсангиз шуни қиламан, муборак жонингизни олишга амр этсангиз оламан, йўқса қайтиб кетаман.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброилга қарадилар. Руҳул Амин айтдиларки:

– Эй, Муҳаммад, Аллоҳ таоло сизга муштоқдир.

Раббининг муштоқлигини англаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаршисида турган Азроил алайҳиссаломга юзланиб:

– Ё, Азроил, ўз ишингизга машғул бўлинг! – дедилар.

Шунда Жаброил алайҳиссалом:

– Ё, Хотамул анбиё, дунёдан менинг ҳожатим сиз эдингиз. Ер юзига ваҳий келиши сиздин кейин тўхтайди, энг сўнгги ваҳий мана шулдир, — дедилар.

Бу воқеа милодий 632 йилнинг 11 июнида, душанба куни рўй берган эди. Рисолатпаноҳ Пайғамбаримизнинг рухсатларига кўра Азроил алайҳиссалом ўз ишига машғул бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳволлари оғирлашди. Шунда Пайғамбаримиз: ”Ё, Азроил, шу дақиқадан қиёматга қадар умматларимнинг жон бериш азоби қанча бўлса, шу қаттиқликнинг барчасини менга юклагил. Токи, умматларим жон бериш азобидан қутулсинлар”, дедилар. Буни эшитган Малак ул мавт айтдиларки: ”Ё, Расулаллоҳ, мен сизнинг бошингизда ўтиргандан кейин Аллоҳ таолодан етмиш маротаба дўстим Муҳаммаднинг жонини осонлик билан олгин, бошқаларникидек олмагин, деган фармон келди”.

“Қисаси Рабғузий”да баён қилинишича, Пайғамбаримизнинг жонлари бўғизларига келганда Жаброил алайҳиссалом етмиш минг фаришта билан йиғлаб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етти осмон фаришталари аза тутаётганини, жаннатлар эшиги очилиб, ҳурлар юзларидан ниқобларини кўтариб, қўлларида нурдан бўлган жомлар олиб, Пайғамбаримизнинг қутлуғ жонларига наззора қиламиз, деб турганларининг хабарини етказади.

Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Руҳул Аминдан Аллоҳ таоло амали кам умматлари билан қандай муомала қилишини сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом яна кўкка чиқиб кетадилар-да, қайтиб келиб бу хабарни етказдилар:

– Эй, Муҳаммад, Ҳақ таоло айтдики: “Хотиржам бўл. Мусо қўлидаги асосини отиб барча кофирларни, сеҳр ва туғёнларни йўқ қилгани каби сенинг бир оғиз сўзинг билан барча осий умматларингнинг дафтарларини раҳмат суви билан ювиб поклагайман”.

Пайғамбаримизнинг фоний дунёдан боқий дунёга кўчишлари мусулмонларни қаттиқ қайғуга солди. Уларнинг ақли бошидан учиб, ҳоли паришон бўлди. Бир зумда Мадина шаҳри қайғуга тўлиб кетди. Жудоликка дош беролмаган Абдуллоҳ ибн Унайс ўша заҳоти жон таслим қилди. Ҳазрати Умар (р.а.) ҳушини йўқотди, қиличини яланғочлаб: ”Расулуллоҳ ўлгани йўқ, ким уни ўлди деса, чопиб ташлайман”, деб югурар эдилар. Ана шундай қайғули бир пайтда ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу матонат кўрсатдилар. Аллоҳ таоло у кишининг кўнглига ажиб бир хотиржамлик берди. У зот Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан видолашганларидан кейин ташқаридаги шовқин-суронни эшитиб, минбарга чиқдилар-да, Аллоҳ субҳонаҳу таолога ҳамду сано, Пайғамбаримизга дуруду саловотлар айтиб, сўнгра бир ваъз ўқидилар:

– Эй, одамлар! Кимки Муҳаммадга ибодат қилиб, унинг бандаси бўлса, билсинки, Муҳаммад ўлди. Агар Аллоҳга ибодат қилиб, Аллоҳнинг бандаси бўлса, Аллоҳ ўлгани йўқ, у доим тирикдир. Аллоҳ таоло +уръони каримда марҳамат қилган:

“Муҳаммад фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у (яъни Муҳаммад алайҳиссалом) вафот қилса ёки ўлдирилса, яна орқаларингга қайтиб кофир бўласизларми? Ким динидан қайтар экан, унинг зиёни ўзига бўлади. Аллоҳга зарар етказа олмайди. Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилгувчи бандаларини муносиб мукофотлайди” (“Оли Имрон” сураси, 144-оят).

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ана шу ояти карима ва пайғамбаримизнинг боқий дунёга кўчишлари билан боғлиқ бошқа оятларни ўқиганларидан сўнг даҳшатга тушиб, ҳушини йўқотган кишилар бироз ўзига келдилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу сўзларни эшитганларидан сўнг мусибат зўрлигидан мазкур оятлар хаёлидан фаромуш бўлиб қолганини эслагани ва ҳушига келиб:

«Уларга мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг мулкимиз ва албатта, биз Унинг сари қайтувчилармиз» оятини ўқиб ўзларига тасалли берганини айтган эканлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жасадларини дафн қилиш тадориги бошланди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳазрати Али ювдилар. Устидаги кийимларини ечишмади. Бу шарафли ишда ҳазрати Аббос ва у зотнинг ўғиллари Фазл ва Қусам, Усома бин Зайд ҳамда Пайғамбаримизнинг озод қилган қуллари Шухрон розияллоҳу анҳулар иштирок этдилар.

Алихонтўра Соғунийнинг “Тарихи Муҳаммадий” асарида келтирилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мени Али ювсин, ўзга одам ювмасинким, ундан бошқа кишининг кўзи менинг авратимга тушиб қолса кўр бўлиб қолгай”, деб васият қилган эканлар. Шу васиятга биноан Усома билан Фазл кўзлари боғлиқ ҳолда парда ортидан ҳазрати Алига сув узатиб турдилар. Ҳазрати Аббос ва Қусам сув қуйишиб, ўнг ва сўлга ағдаришиб Али розияллоҳу анҳуга ёрдамлашдилар.

Ювиб бўлганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пахтадан бўлган учта яманий кийимга кафанланди. Расуллуллоҳга қандай кафан қилинган бўлса умматларига ҳам шундай кафан қилиш суннат бўлди.

Расулуллоҳни қаерга дафн этиш масаласида йиғилганларга ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ Пайғамбаримизнинг ”Аллоҳ таоло пайғамбар қайси жойни ёқтирса ўша жойда қабз қилади”, деганларини эслатдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизнинг ҳужраларида, Оиша онамизнинг бағрида жон бердилар. Шунинг учун У зоти муборак шу жойнинг ўзига дафн этилдилар.

Дунё яралгандан бери не-не мусибатларнинг гувоҳи бўлди. Бироқ бу ёруғ оламда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидек мусибат бўлмаган ва бундан кейин ҳам бўлмаяжак. Чунки у зот қолдирган бўшлиқ то қиёматгача тўлмагай! Бироқ у зотни биз мудом соғинсак, кўргимиз келса не қилайлик? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга жавоб ўлароқ айтгандиларки, мўминлар билан учрашажак жойимиз Ҳавзи Кавсар бўйидадир. Аллоҳ таолодан илтижо қилиб сўраганимиз шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳавзи Кавсар бўйида учрашажак мўминлар орасида сизу биз ҳам бўлайлик! Илоҳо, бизларни ана шу саодатга муяссар қил!

                                                                                                                        Дамин ЖУМАҚУЛ

 

7365 марта ўқилди
Top