Сийрат ва ислом тарихи

Фақирларга озор берманг, уларни Расулуллоҳ суйганлар

Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар» (Аҳзоб сураси, 58-оят).

«Ўзингизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни, уларга хуш хулқ билан камтарона муомалада бўлинг) (Шуаро сураси, 215-оят).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Ким менинг дўстимга душманлик қилса, ҳақиқатда Мен у билан жанг қилишга киришганимни билдирган бўламан», деди» (Имом Бухорий). Бошқа бир ривоятда: «Менга қарши жангга киришибди», дейилган.

Аллоҳ таоло айтади: «Сиз ўзингизни эрта-ю кеч Парвардигорларининг юзини – розилигини истаб, У зотга дуо-илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг!» (Каҳф сураси, 28-оят).

Бу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби қуйидагичадир: Барча пайғамбарлар билан рўй берганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам дастлаб фақир кишилар иймон келтирган эдилар. У зот Салмон, Суҳайб, Билол ва Аммор ибн Ўсир розияллоҳу анҳумларга ўхшаган фақир кишилар билан мажлис қуриб ўтирар эдилар. Дастлаб фақирлар эргашиши пайғамбарлик аломати эканини эшитган мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофидаги фақир мусулмонларни ҳайдатиб юбормоқчи бўлишди. Шу мақсадда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Муҳаммад, атрофингдаги камбағалларни ҳайдаб юбор. Улар билан бирга ўтиришдан биз жирканамиз. Агар уларни ҳайдаб юборсанг, сенга олий насаб, олий мақом кишилар иймон келтиради», дейишди. Бунга жавобан Аллоҳ таоло: «Эртаю кеч Парвардигорининг Юзи – розилигини истаб, Унга дуо-илтижо қиладиган зотларни атрофингиздан ҳайдаманг», оятини туширди.

Фақир мусулмонларнинг ҳайдалишидан умидлари узилган мушриклар у зотга: «Эй Муҳаммад, агар уларни ҳайдамасанг, унда бир кунни уларга, бир кунни бизларга тайин қил», деб шарт қўйишди. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримани нозил қилди: «Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорининг юзини – розилигини истаб, У зотга дуо-илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб (ўзга аҳли дунёларга боқмасин)! Ва Биз қалбини Бизни зикр этишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи-нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг! Айтинг: «(Бу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (келган)Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин» (Каҳф сураси, 28–29-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақирларни улуғлар, ҳурмат қилар эдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилганларида, фақир саҳобалари ҳам ҳижрат қилдилар ва масжид супасига жойлашиб, дунё ташвишларидан узилдилар. Уларга «Асҳоби-суффа» – супа эгалари деб ном беришди. Ҳижрат қилиб келган фақирлар улар сафига қўшилар ва улар кундан кунга кўпаяр эдилар. Улар Аллоҳ ўз дўстлари – авлиёларига ҳозирлаган эҳсонга гувоҳ бўлдилар, унга иймон нури ила боқдилар ва борлиқдаги бирон нарсага диллари кетмади. Аксинча, улар: «Сенгагина ибодат қиламиз, Сен учун бўйсуниб сажда қиламиз, Сенинг ёрдамингда рушду ҳидоятга эришамиз, Сенга таваккул этиб суянамиз, Сенинг зикринг ила ҳузурланиб шод бўламиз, Сенинг муҳаббатинг майдонида сайру саёҳат қиламиз, Сен учун амал қилиб, ҳаракат этамиз ва Сенинг эшигингдан ҳаргиз кетмаймиз», дедилар.

Фақирлик икки хил – умумий ва хос бўлади.

Умумий фақирлик – Аллоҳ таолога муҳтожлик бўлиб, у барча махлуқотларнинг сифатидир. Бу Аллоҳ таолонинг: «Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар» (Фотир сураси, 15-оят) ояти каримасининг маъносидир.

Хос фақирлик – Аллоҳнинг дўстлари ва суюклиларининг сифати бўлиб, у Аллоҳ азза ва жалла билан машғул бўлганлиги, Унга қаттиқ берилганлиги, Унинг зикри ила улфат бўлганлиги сабабли қўл ва дилнинг дунёга эҳтиёжи йўқлигидир.

 

«Гунохи Кабиралар» китоби асосида
Пискент тумани

«Мулла бўта Қози» жоме масжиди имом-хатиби

Мирсобит ВОХИДОВ

тайёрлади.


 

 

 

 

http://fitrat.uz/allo-ning-dustlari-avliyolarga-ozor-berish/

 

6437 марта ўқилди
Top