Сийрат ва ислом тарихи

Пайғамбаримизга бўлган муҳаббат

Инсониятни жаҳолат ботқоғидан ҳидоят нурига олиб чиққан буюк зот – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд топган муборак ой робиул аввал ойи ҳам бир зумда ўтиб кетди.

Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган ойи муносабати билан қўлимга қалам олиб, Расулуллоҳга бўлган муҳаббатимни изҳор этишга уриндим, аммо, бунинг чорасини тополмадим. Лекин ноумид бўлмадим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат қандай бўлади деган ўй-фикр ҳаёлимдан кетмади. Гўёки бир фикр мени саволга тутгандек бўлаверди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихлари ёзилган китобларни ўқидингми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир кунда неча марта салавот айтаяпсан?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қиляпсанми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўришга ҳаракат қилдингми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қалб билан севишга интилдингми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қавлий ва феълий ҳадисларига амал қиляпсанми?

Бу фикр мени имтиҳон қилгандек эди. Менга бу саволларга жавоб бериш қийин бўлди. Агар буларга мукаммал амал қилганимда менга жавоб бериш осон бўларди, балки. Барибир, менинг хаёлимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан соф ва ҳақиқий муҳаббат қандайлигини билиш турарди. Аллоҳ ва унинг Расулига бўлган муҳаббат биринчи туришини билардим. Аммо бу муҳаббат қанақа ва қандай бўлишини билишга интилардим. Буни қидириб Аллоҳнинг каломи Қуръонни қўлимга олиб биринчи бўлиб мана бу оятга кўзим тушди. “Сен: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир”, деб айт. Аллоҳ Ғафур ва Роҳиймдир (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Ҳашр сурасида Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар (7-оят); Қалам сурасининг 4-оятида “Ва албатта, сен улкан хулқдасан” дейилган оятларни ўқиганимдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ёдимга тушди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сиздан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, (комил) мўмин бўла олмайди”, дедилар.

Бу оят ва ҳадислардан хақиқий муҳаббат – Аллоҳ ва унинг Расулига бўлган муҳаббат тушунилади. Демак, бу оят ва ҳадислардан англаймизки, ота-она, фарзанд ва барча инсонлардан ҳам Аллоҳ ва унинг Расулини яхши кўришлик биринчи турар экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат тилда эмас, балки амал ва қалб бирлашсагина рўёбга чиқар экан. Бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмасдан иймон келтирганмиз, лекин, бизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўриш неъмати берилган. Бу неъматлардан унумли фойдаланиб, суннатларига амал қилсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимиз зиёда бўлади.

Хайруллоҳ МАРДОНОВ

5518 марта ўқилди
Top