Сийрат ва ислом тарихи

Суюкли саҳобий вафотидан Расулуллоҳ (с.а.в.) унсиз йиғладилар

саҳобалар ҳаёти

Асли Бани Маън қабиласидан бўлган Суъда бинти Саълаба саккиз ёшли ўғли билан она қишлоғига яқинларини зиёрат қилиш учун отланди. Карвонга қароқчиларнинг тўсатдан ҳужум қилиши мумкинлиги қариндошларини кўриш илинжида хурсанд кетаётган Суъданинг хаёлига ҳам келмаган эди... 

Бани Қайн қабиласидан бўлган қароқчилар карвондагиларни талади. Кўпчилик қатори Суъданинг саккиз ёшли ўғли Зайд ибн Ҳорисани ҳам асир олиб, Уккоз бозорига олиб кетишди.

Қурайш қабиласидан бўлган Ҳаким ибн Ҳизом ибн Хувайлид ҳам шу бозорга борган эди. Унинг карвонига Зайд билан яна икки-уч нафар бола қўшилиб Маккага қайтишди.

Маккада Ҳаким ибн Ҳизом ўзини зиёрат қилиш учун келган аммаси, турмушга чиқиш арафасида турган Хадича бинти Хувайлидни (розийаллоҳу анҳу) хурсанд қилмоқчи бўлди: “Аммажон! Сизни жуда яхши кўраман. Уккоздан икки-уч ғулом олдим. Улардан хоҳлаганингизни олинг, ўғлингиз каби хизматингизни қилиб юрсин”, деди.

Хадича бинти Хувайлиднинг кўзига Зайд яхши кўринди. Фарзандидек тарбия қилишни ўйлаб, уни олишларини айтдилар.

Кўп ўтмай, Хадича онамиз билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўйлари бўлиб ўтди. Тўйдан кейин онамиз розияллоҳу анҳо Зайдни Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бошлаб кириб: “Сизни хурсанд қилмоқчиман. Зайдни яхши кўришингизни биламан. Уни сизга бераман, хизматингизни қилиб юради”, дедилар.

*   *   *

Ёш Зайд муборак хонадонда фарзанддек меҳр, эътибор кўриб, катта бўлди. Ота-онаси уни соғиниб, қидирмаган жойлари қолмади.

Бир йили ҳаж мавсумида Маккада Каъбани тавоф қилаётган отасининг қавмдошлари худди Зайдга ўхшаш болани кўришди. Суриштиришгач, у Зайд экани аниқ бўлди. Ҳажлари тугаб, ортларига қайтишганида Ҳорисага ўғли Маккада эканини айтдилар.

Эр-хотиннинг боши осмонга етди. Ҳориса дарров укаси Каъбни олиб, Маккага шошилди. Тўғри Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уйига келди-да, эшикни тақиллатди. Расулуллоҳни кўргач, муддаосини айта бошлади:

– Эй Абдумутталибнинг ўғли! Сизлар муборак масжид атрофида истиқомат қилувчи қавмсизлар. Келган-кетганлардан яхшиликларингизни аямайсизлар. Шу десангиз, уйингизда югуриб юрган бола менинг ўғлимдир. Уни анчадан бери қидириб юрган эдик, шу ердалигини билгач, сиз томон шошилдик. Ёнимизда бир мунча пул билан боламни олиб кетгани келдик. Пулни олинг-да, фарзандимизни қайтариб беринг!

– Ўғлим деб кимни айтяпсиз?

– Зайдни.

– Унда сизларга бир нарсани таклиф қиламан.

– Нимани?

– Зайдни чақирамиз, ўзидан сўраймиз. Агар сизлар билан кетишни истаса, пул бермасдан ҳам олиб кетишингиз мумкин. Агар қолишни хоҳласа, мен уни фикридан қайтаришга ожизман.

– Инсофли гапни айтдингиз. Биз рози.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Зайдни чақирдилар-да, меҳмонларнинг кимлигини сўрадилар.

– Булар отам Ҳориса ва амаким Каъблар.

– Мен сенинг бир нарсани танлашингни истайман. Хоҳласанг, улар билан кетишинг мумкин. Истасанг, мен билан қол. Ихтиёринг ўзингда.

– Мен сиз билан қоламан.

Отасининг кайфи учди:

– Нималар деяпсан, Зайд? Ота-онангнинг олдига қайтишни хоҳламайсанми?

– Мен бу инсонда бошқаларда бўлмаган хислатларни кўрдим. Уни асло тарк этмайман.

*   *   *

Бу гапларни эшитган Муҳаммад ибн Абдуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Зайдни Каъбага, қурайшликлар ўтирадиган жойга бошлаб келдилар-да, баланд овоз билан дедилар:

– Гувоҳ бўлинг, қурайшликлар! Зайд менинг ўғлим ва меросхўримдир.

Бу ҳолатни кўрган ота ва амаки Зайддан кўнгиллари тўқ бўлиб, орқага қайтишди.

Ўша кундан бошлаб у Зайд ибн Муҳаммад, яъни Муҳаммаднинг ўғли Зайд, деб чақирила бошланди. Бу ҳолат то Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий тушиб: «...уларни (асранди фарзандларни) ўз оталари (исми) билан чақирингиз» ояти нозил қилингунича давом этди. Шундан кейин  яна Зайд ибн Ҳориса деб чақириладиган бўлди.

*   *   *

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик тушгач, эркаклардан биринчи бўлиб Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу мусулмон бўлди. Шундан сўнг, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирдоши, маслаҳатчиси, сафарларга чиққанларида ўринбосари бўлиб қолди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд розияллоҳу анҳуни қанчалар яхши кўришларини у зотнинг суюкли аёллари Ойша онамиз розияллоҳу анҳо айтиб берадилар.

Бир куни Зайд Мадинага қайтиб келганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда эдилар. Зайд эшикни тақиллатди. У пайтда Расулуллоҳ муборак елкалари очиқ ўтирар эдилар. Хурсанд бўлганларидан шу ҳолда бўлса ҳам югуриб, унга пешвоз чиқдилар. Сўнг қучоқлаб кўришдилар. Аллоҳга қасам, ундан олдин ҳам, кейин ҳам Расулуллоҳни шу ҳолатда кўрмаганман”.

Пайғамбаримиз қаттиқ муҳаббат қўйганлари боис мусулмонлар уни “Зайдул ҳуб”, яъни “Муҳаббат Зайди”, деб чақиришарди.

Зайд ибн Ҳориса ҳижрий саккизинчи йили “Муъта” сафарида вафот этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суюкли инсонларининг вафотидан  қайғурдилар. Таъзия билдиргани уйларига келганида, Зайднинг ўғли Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу унсиз йиғлаб ўтирган эди. Набиралари Ҳасанга тенгдош Усоманинг йиғисидан У зот ҳам ўзларини тутиб туролмай, унсиз йиғладилар. Ёнларидаги Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ! Бу нима?” деб сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу Ҳабибуллоҳнинг ҳабибига йиғисидир”, деб жавоб бердилар.

Зиёуддин МАҚСУДОВ

тайёрлади. 

ЎМИ матбуот хизмати

 

5817 марта ўқилди
Top