Сийрат ва ислом тарихи

Пайғамбаримиз (с.а.в) сийратини англаш исломни англаш демакдир

Бизни Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларидан қилган ва «Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор», деган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин.

Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси биз учун ибрат манбаи бўлган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га батамому мукаммал саловоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг мўминлар учун тутган ўрни шунчалик улуғки, у асраб олган отадан ҳам, сулбий отадан ҳам, ҳатто ҳар бир мўминнинг ўз нафсидан ҳам юқори даражададир. Унинг бу даражаси доимий ва боқийдир. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар бир нарсада мўминлар учун ҳаммадан, ҳатто ўзларидан ҳам устун мақомдадир. Бу ғоятда олий мақомдир. Бу дунёда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан бошқа инсонга берилмаган мақомдир. Бу мақомнинг улуғлигини янада чуқурроқ тушунишимизга ҳадиси шарифлар ёрдам беради. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қуйидагиларни айтадилар: «Менинг нафсим Унинг қўлида бўлган Зот билан қасамки, сизлардан бирортангиз мен то унга ўзидан, молу дунёсидан, боласидан ва барча одамлардан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди».

Шубҳа йўқки, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари турли замону макондаги мусулмонлар фахрланадиган, қувватланадиган  буюк тарихнинг асосий устунидир. Мусулмонлар тарихни мана шу сийрат асосида ёзганлар, яъни мусулмон тарихчилар ёзган биринчи тарихий воқеалар ва ҳодисалар сийрати набавий воқеаларидан иборат бўлган. Кейин унинг орқасидан ҳозирги замонимизгача бўлган ҳодиса ва илмлар битилган.

«Сийрат» сўзи арабчадан таржима қилинганда “таржимаи ҳол”, “ҳаёт йўли” ва “ҳаёт тарихи” ибораларига тўғри келади. Истилоҳда «Сийрат» – “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг таржимаи ҳоллари, ҳаёт йўллари ва ҳаётлари тарихи” дея оламиз.

Бу борада сўз юритар эканмиз, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сийратлари бу дунёда ўтган барча пайғамбарларнинг сийратларига нисбатан энг мукаммали ва энг ишончлисидир. Инсоният тарихидаги ҳеч бир пайғамбарнинг ҳаёти Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳаётларичалик ёритилмаган. Ҳеч бир пайғамбар ҳақида у зотнинг ҳаётлари ҳақида саҳобалар қилган ривоятларчалик узлуксиз ривоятлар келмаган.

Аллоҳ таолонинг инояти ва ёрдами билан мусулмон уммати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг муборак ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини катта аниқлик ва эҳтимом билан ўрганиб, авлоддан-авлодга нақл қилиб келди. Муҳаддис уламолар бу ривоятларни аниқ илмий йўл билан тадқиқ қилиб китобларга битдилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сийратларини ўрганиб, англашдан мақсад, Ислом таълимотини Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳаёт йўлларида амалда ўз аксини топганини тасаввур қилишдир. Демак, сийратни ўрганиш Ислом моҳиятини англаш учун амалий татбиқ баробарида экани маълум бўлади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳаёт тарзларини ўрганиш орқали у зотнинг шахсиятларини англаш ва бунинг натижасида Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) юксак фазилатлар соҳиби ва юртдошлари олдида катта обрў-эътибор қозонган баркамол инсонгина бўлиб қолмай, у зот энг аввало Аллоҳ таоло Ўз ваҳийси ва тавфиқи билан қувватлантирган "Расул" эканларини ҳам таъкидлашдир.

Бу ҳаётда ҳар бир инсон ўзи ардоқлайдиган, ҳурмат қиладиган, йўлидан юриб, этагини маҳкам тутадиган бир намунали йўлбошчига муҳтождир. Шубҳасиз, агар инсон ўзи учун олий намуна бўладиган йўлбошчини ҳаётнинг қайси томонидан қидирмасин, уни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сиймоларида яққол намоён эканини топади. Зеро, Аллоҳ таоло у зотни бутун инсониятга намуна қилиб яратган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

“(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир.” (Аҳзоб сураси, 21-оят)

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сийратларини ўрганган инсон Аллоҳ таолонинг Китобини яхшироқ фаҳмлайди, унинг мақсадлари ва руҳини ҳис этади. Зеро, Қуръони каримнинг аксар оятларини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) иштирокидаги воқеа ва ҳодисалар тафсир қилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сийратларини ўрганиш асносида мусулмон инсон ақоид, ҳукмлар ва ахлоқ-одобга доир саҳиҳ исломий билим-маърифатга эга бўлади. Чунки, у зотнинг ҳаётлари ислом асослари ва ҳукмлари мажмуасини ёритиб, гавдалантириб берувчи ойна кабидир.

Исломий муаллим ва мураббийнинг ҳузурида таълим-тарбия усулларининг йўриғи, андозаси бўлиши лозим. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) холис муаллим ҳамда фозил мураббий бўлиб, ўз даъватларининг турли босқичларида таълим-тарбиянинг ана шундай фойдали ва самарали усулларини излаб топишда куч-ҳаракатларини аямаганлар.

Мазкур мақсадларни рўёбга оширишда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сийратларининг алоқаси у зотнинг ҳаётлари инсоний ҳамда ижтимоий жабҳаларнинг барчасини қамраганлигида кўринади.

Демак, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳаётлари ҳар жабҳада етук намунадир. Зотан, у зот атрофдагилари ва дўстларининг ишончини қозонган, ўз йўлини тўғри танлаган инсон, Аллоҳ таолонинг рисолатини етказишда бор кучини аямайдиган, инсонларни Аллоҳ таолонинг динига чиройли мавъиза ва донишмандлик билан чақирувчи даъватчи ҳамда аҳли оиласига чиройли муомалада бўлувчи эр, фарзандларининг ҳақларини ўз ўрнига қўйган меҳридарё ота, ҳам сиёсий моҳир раҳбар, Парвардигорига гўзал ва чин ибодат қилувчи мусулмон эдилар.

Шулардан аён бўладики, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари инсон ҳаётининг энг гўзал ва олий намунаси ҳамда У зотнинг сийратларини ўрганиш, Ислом моҳиятини англаш ҳисобланади.

Қолаверса, турли мафкуравий хуружлар авж олиб бораётган бугунги бир даврда инсонларга ислом дини асосларини соф ҳолатда етказиш – энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Чунки, халқимизнинг дину диёнатга бўлган ихлосидан фойдаланиб, уларга диний таълимотларни ғаразли ниятларда бузиб талқин этишга уринаётганлар ҳам йўқ эмас. Шубҳасиз, диний таълимотларнинг барчаси Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳаётлари билан боғлиқ. Киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳаёт йўлларини қанчалик илмий асосда ўрганиб, ундан теран хулосалар чиқара олса, демак, у шунчалик диннинг моҳиятини теран англайди. Ва аксинча, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳаётлари ҳақида қанчалик маълумоти оз бўлса, ислом дини моҳиятини англаб етиши шунчалик мушкул бўлади.

Юқоридаги сўзимизнинг маъносини ўтган асрнинг буюк ақл эгаларидан бири, забардаст инглиз мутафаккири ва ёзувчиси Жўрж Бернард Шоу: “Агар Муҳаммад пайғамбар тирик бўлганида, замонамиз муаммоларини бир пиёла чой устида ҳал қилган бўлар эди. Агар Муҳаммад алайҳиссаломдек бир одам ҳозирги дунёни бошқарганида эди, бу унёнинг мушкулотларини ҳал қилишга муваффақ бўлар эди, бу эса, ўз навбатида, ҳозирги дунёга етишмаётган хотиржамлик ва бахтни олиб келган бўларди”, деган сўзлари билан ифодалаган эди.

Шундай экан Пайғамбаримизнинг ҳаётлари мисолида исломни ўрганиб, бугунги глобаллашув ва маънавий таҳдидлар даврида ислом динига қарата отилаётган туҳмат тошлари ва ҳар хил хатар ва фитналарга қарши илму маърифат билан жавоб беришимиз керак бўлади.

Қосимов Аббос

Хожа Бухорий номли ўрта махсус

 ислом билим юрти ўқитувчиси

8616 марта ўқилди
Top