Табобат

“Митти дорихона”нинг хосиятлари

Табобатда ошқовоқ “митти дорихона” дейилса, уруғи шу дорихонанинг юраги ҳисобланади. Унда инсон организми учун зарур деярли барча моддалар мавжуд.  Айниқса, бошқа мева ва сабзавотларда кам учрайдиган рух моддаси ошқовоқ уруғи таркибида кўп. Бу модда танада етишмаса, янги ҳужайралар, жумладан, қувват ҳужайралари шаклланмайди, шикастланганлари қайта тикланмайди, одам тез қарийди. Айниқса, болалар ва ўсмирларда ақлий ва жисмоний ривожланиш сустлашади, бепуштлик юз бериши мумкин. Мутахассислар фикрича, танасида рух миқдори етарли кишилар ичкиликка берилишдан анча ҳимояланган бўларкан.

Қовоқ уруғи ёш болалар ичагида урчийдиган тасмасимон ва думалоқ гижжалар, аскарида ва остритсаларга қарши энг фойдали восита ҳисобланади. Олдинлари уруғ чақилиб, шундоқ ейилган. Кейинчалик уруғ кукун, қайнатма ва ёғ ҳолида ҳам истеъмол қилинадиган бўлди.

Тозаланган ва қуритилган, лекин қовурилмаган 150–300 грамм қовоқ уруғининг мағзи ҳовончада туйилади. Бунда мағизни қоплаб турган кулранг-кўкимтир парда сақланиши керак. Чунки гижжаларни йўқотувчи кукурбитин ва танага қувват бўлувчи руҳ асосан шу парда таркибида бўлади. Сув қўшиб, бўтқа қилинади. Унга озроқ асал ёки қиём ҳам қўшиш мумкин. Эрталаб оч қоринга бир чойқошиқдан ичилади. Уч соат ўтгач, ич сурувчи дори берилади. Кейин ҳуқна қилинади.

Уруғдан қайнатма тайёрлашда 120-150 грамм мағзи янчилиб, устига икки баробар миқдорда сув қуйилади. Қайнар ҳолатга етказмасдан, икки соат тутиб турилади. Тўппаси сиқиб олинган сувли малҳам бир чойқошиқдан ичилади. Қовоқ ёғи юқумли касалликларга чидамлиликни оширади, ўпка ва нафас йўли яллиғланишининг олдини олади, ички аъзоларни тозалайди, буйрак, қувуқ ва жигар ишини яхшилайди. Сариқ, жигар қуруши, ошқозон-ичак, тери касалликлари ва чиллаярани (экзема) даволашда ишлатилади. Тери қуришининг олдини олади, кўз касалликлари, масалан, узоқни кўра олмаслик нуқсонида тавсия этилади. Эркакларда учрайдиган простатитни ва простата бези аденомасини даволашда муҳим восита ҳисобланади.

Касалликларни даволашда қовоқ ёғини овқатланишдан ярим соат олдин ёки икки соат кейин бир чойқошиқдан уч маҳал ичиш керак. Ўттиз-қирқ беш кун ичилгач, икки ой танаффус қилинади. Сўнг шу йўсинда яна қайта ичиш тавсия этилади. Қовоқнинг қуритилган ва янчиб майдаланган банди қайнатмаси икки чойқошиқдан кунига уч мартадан ичилса, сийдик ҳайдаб, бадан шишини кеткизади.

Қовоқ гули қайнатмаси эса қанд касалида бўғимларда ҳосил бўладиган ҳамда асаб билан боғлиқ (трофик) яраларни битирувчи хусусиятга эга. Бунда қайнатма латта ёки пахтага шимдирилиб, яра устига қўйилади. Сояда қуритилган гул кукуни жароҳатга сепилса, фойда қилади. Малҳамни тез тайёрлаш мақсадида қовоқ гулини сўлитиб, духовкада қуритиб олиш ҳам мумкин.

ЎМИ Матбуот хизмати

14160 марта ўқилди
Top