muslim.uz

muslim.uz

Кўзи ожиз одам, агар олим бўладиган бўлса, унинг жаноза намози ўқиши ҳам, бошқа намозларни ўқиб бериши ҳам жоиздир. 

Фиқҳ китобларида кўзи ожиз одамнинг мукаммал таҳорат қилиши қийин кечгани сабабли унинг имом бўлмаслиги авло, дейилади. Бироқ ундан кўра бошқа имомликка лойиқ киши топилмаса, унинг имом бўлиши яхшидир. Чунки илмли одам кўзи ожиз бўлса ҳам парҳезкор бўлади, одамларда шубҳа уйғотадиган ишлар қилмайди. 

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинадан сафарга чиққанларида кўзи ожиз бўлса ҳам Абдуллоҳ ибн Умми Мактум (розияллоҳу анҳу)ни ўз ўринларига қўйиб кетар эдилар. У саҳобаларга намоз ўқиб берарди (Имом Абу Довуднинг Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривояти). 

Демак, кўзи ожиз одамнинг намози, агар у имомликка лойиқ ва муносиб бўлса, дурустдир.

 

“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди

ЎМИ Матбуот хизмати

Таҳажжуд намози 

Бу намознинг ози икки, кўпи саккиз ракатдир. Аллоҳ таоло: «Кечасида таҳажжуд (намози) қил, сенга нофила бўлур. Шоядки, Роббинг сени Мақоми маҳмудда тирилтирса», деган (Исро сураси, 79-оят). 

Ушбу оят ила таҳажжуд намозига тарғиб қилиш Қуръонда келгани эслатилмоқда. Кечаси бир ухлаб туриб ўқиладиган намоз «таҳажжуд намози» деб аталади. Шунингдек, бу намоз «қиём намози» деб ҳам аталади. Аввал бошида бу намоз вожиб бўлган эди, бир йилчадан кейин вожиблиги насх қилинган. 

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга кечанинг қиёми лозимдир. Чунки у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир, ёмонликларга каффоротдир, гуноҳларни қайтарувчидир», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «У жисмдан дардни қувувчидир» ҳам дейилган 

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилган. 

Нафл намозларининг энг афзали таҳажжуд ҳисобланади. Чунки бу намоз ҳамма ухлаб ётган вақтда ўқилгани учун риёдан узоқ, ихлосга яқин бўлади. 

Изоҳ: таҳажжуд хуфтондан сўнг ухлаб, кечанинг иккинчи ярмида бедор бўлишдир. Уйғонишига ишончи бўлмаса, хуфтон намозидан кейин ўқиб олса ҳам жоиз. Раддул муҳтор соҳиблари таҳажжуд намозига: «Ҳар бир хуфтондан кейин ўқилган намоз» деб таъриф берган. Афзали эса бир ухлаб туриб ўқишдир. 

Тасбеҳ намози 

Икриманинг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббосга қарата: «Эй амаки! Сизга бермайми? Сизга ўргатмайми?» деган сўзларни зикр қилиб, сўнг бундай дедилар: «Тўрт ракат намоз ўқийсиз. Ҳар ракатда Фотиҳани ва бошқа бир сурани ўқийсиз. Биринчи ракатда қироатдан сўнг қиёмда «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» тасбеҳларини ўн беш марта айтасиз. Сўнгра рукуъга борасиз ва рукуъда турганингизда мазкур тасбеҳларни ўн бор айтасиз. Кейин бошингизни рукуъдан кўтарган вақтда ҳам яна тасбеҳларни ўн марта айтасиз. 

Сўнг саждага борасиз. Саждада турганингизда яна мазкур тасбеҳларни ўн бор қайтарасиз. Сўнг бошингизни саждадан кўтариб, яна мазкур тасбеҳларни ўн бор айтасиз, сўнг яна сажда қиласиз ва унда яна ўн бор тасбеҳ айтасиз, сўнг бошингизни саждадан кўтариб, тик бўлишингиздан олдин яна ўн марта тасбеҳ айтасиз. Бу айтилган тасбеҳларнинг умумий адади етмиш бешта бўлади. Тўрт ракатни шу тахлитда адо этасиз. Агар бу намозни бир кунда бир марта адо этишга қодир бўлсангиз, уни адо этинг. Агар бир кунда адо этишга қодир бўлмасангиз, жума куни бир марта ўқинг. Агар жума кунида адо этишга қодир бўлмасангиз, уни бир ойда бир ўқинг. Агар бунга қодир бўлмасангиз, уни бир йилда бир бор адо этинг. Бунга ҳам имкон бўлмаса, умрингиз давомида бир бор «тасбеҳ» намози ўқиб қўйинг».

 

“Мўминнинг меърожи” китобидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

Пятница, 23 Март 2018 00:00

Сўкағонлик – оғир гуноҳ

Жамиятимизда учраб турадиган нохушликлардан бири сўкиш ва ҳақорат қилишдир. Жамоат жойларида кўринишидан туппа-тузук инсонларнинг беҳаё сўзлар билан сўкинаётганини кўриб қоламиз. Ҳаттоки гапининг ҳар бир жумласига сўкишни аралаштириб гапирадиган кимсалар ҳам мавжуд. Баъзи ёшлар эса бир-бирига энг қаттиқ ҳақорат сўзларини ишлатишганда ҳам ҳеч нарса бўлмагандек кулиб қўйишади. Бу инсонлар ўзлигини, яъни Аллоҳ таоло уни инсон гавҳари қилиб яратганини, унинг зиммасига юксак маънавиятли, маданиятли комил инсон бўлиш вазифасини қўйганидан бехабар кўринади. Биз ҳаётда нима учун ҳаммага меҳрибон, ширинсўз, фаол, атрофидаги инсонларга бефарқ бўлмаган фидойи инсонларни яхши кўрамиз ва ҳурмат қиламиз. Сўзлаганда сўкиш ва ҳақорат сўзларига одатланган инсонни ким яхши кўради? Агар бу инсонлар бир оиланинг бошлиғи бўлсалар, улар шубҳасиз, оила даврасида ҳам ушбу сўзлардан фойдаланади ва бу нарса фарзандларига  ўз таъсирини кўрсатади. Оила бошлиғининг маънавий намуна бўлиши  қаерда қолади?

Гоҳида айрим ёшларни тарбиясида камчиликлар борлигидан шикоят қиламиз, ваҳоланки, ота-онада маънавият ва маданият бўлмаса, бу оилада  тарбия топган боладан нимани кутиш мумкин? Оғзидан эшитилганда башарани ўзгартирадиган сўзлар чиқиб турган инсон инсоний сифатлардан узоқлашиб, ҳайвоний сифатларга яқинлашиб қолмайдими? Зеро, буюк бобомиз Алишер Навоий айтганлар: 

Одам борки одамларнинг нақшидур,

Одам борки ҳайвон ундан яхшидур. 

Бу мисралар бизнинг жамиятимиздаги иллатларга ҳам ишора қилаётир.

Хўш, сўкиш ва ҳақорат маъноларига динимиз қандай муносабат билдиради: Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Мўмин ва мўминаларга улар бирон гуноҳ қилмасликларидан туриб озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар» (Аҳзоб сураси, 58-оят).

Яъни, мўминларга ҳеч бир гуноҳ-жиноят қилмасалар ҳам озор берадиган кишилар ўз устларига ёлғон, бўҳтон ва улкан гуноҳни юклаб олган бўладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат кунида Аллоҳ наздида энг ёмон даражали кимса – беодоблиги-уятсизлигидан сақланиш мақсадида одамлар тарк қилган ёки одамлар ўз ҳолига ташлаб қўйган кишидир» (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни таҳқирламайди, ёрдамсиз ташлаб қўймайди». Сўнг: «Тақво мана бу ердадир», дея кўксиларига уч марта ишора қилдилар ва: «Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир», дедилар (Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир» (Муттафақун алайҳ). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Фалончи аёл кечалари намоз ўқиб, кундузлари рўза тутади. Бироқ тили ёмон, қўшниларига беҳаёлик билан озор беради», дейишган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унда яхшилик йўқ, у дўзахда», дедилар (Ҳоким ривояти, саҳиҳ ҳадис).

Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Одам фарзандининг ҳар бир каломи ўзига зиёндир. Магар яхшиликка буюриш ё ёмонликдан қайтариш ёки Аллоҳни зикр қилиш бундан мустасно» (Термизий, Ибн Можа ривояти).

Ушбу ояти карима ва ҳадиси шарифлардан маълум буладики, беҳаё сўзлар билан инсонларга озор берадиган кишиларнинг яхши амаллари ҳам ёрдам беролмас экан. Тил инсонни охират саодатига ёки бахтсизлигига эришишига сабаб булувчи восита экан. Биз бу неъматни қадрига етиб, фақат яхшилик ва савоб йўлида фойдаланишимиз зарур бўлади. Албатта, ҳар бир инсон яхши, мулойим сўзни, хушмуомалаликни яхши кўради. Ёмон сўз ҳеч кимга ёқмайди. Сўзлаганда ҳар бир сўзни ўйлаб гапириш оқил кишилар одатидир.

Аллоҳ таолодан ҳар биримизга ширинсўз, бағрикенг, босиқ, мулоҳазали бўлишга тавфиқ беришини ва жамиятимизни юксак маънавиятли инсонларга тўлдиришини сўраб қоламиз.

 

Холмурод РАҲИМОВ,

Мир Араб олий мадрасаси курс талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Вторник, 20 Март 2018 00:00

Эрига итоатли аёл жаннатийдир

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам айтдилар: “Агар бирор бандани бошқа бир бандага сажда қилишга буюрган бўлганимда, шубҳасиз, хотинни эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим” (Термизий ривояти).

Яна бир ҳадисларида: ”Агар аёл беш вақт намозни ўқиса, фаржини, иффатини сақласа ва эрига итоат қилса, жаннатнинг истаган эшигидан киради”, дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти).

Аллоҳ таолодан қўрқувчи аёл Аллоҳга ва эрига астойдил итоат қилиши, розилигини қозонишга жидду жаҳд билан ҳаракат қилиши лозим. Зеро, эр аёлнинг жаннати ёки дўзахидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам айтдилар: “Қайси аёл вафот этса-ю, эри ундан рози бўлса жаннатга киради” (Термизий ривояти).

 

Ойбек САМАРҚАНДИЙ,

Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Туркиянинг Истанбул шаҳрида Европадаги энг катта ибодатхона – “Жамлича” масжиди қурилиши битиш арафасида. Масжид шаҳарнинг ҳамма томонидан кўриниб туради.

Истанбул масжидлар ассоциацияси ва маданий-маърифий тадбирлар раҳбари Эргин Кюлюнкнинг хабарига кўра, айни вақтда масжид қурилишининг 95 фоизи битказилган. Ҳозирги вақтда пардозлаш ишлари бажарилмоқда. Масжид муқаддас рамазон ойининг биринчи куни очилиши мўлжалланмоқда.

Ассоциация ташаббуси билан ушбу диний мажмуа Ражаб Тоййир Эрдўғон мажмуаси деб аталади ва бу ердан кутубхона, музей, санъат асарлари галареяси, анжуманлар зали ва студия  жой олади. Мажмуанинг ибодат учун ажратилган жойида бир вақтнинг ўзида 63 минг одам намоз ўқий олади. 

ЎМИ Матбуот хизмати


Top