muslim.uz
Кўкда фаришталар, ерда одамлар тавоф қилсин...
Ҳажга ошиққан юртдошларимизнинг биринчи гуруҳи 7 августда учиб кетган эди. Уларнинг Мадинаи мунавварга, Маккаи мукаррамага соғ-саломат етиб бориб, ибодатларини қандай хурсандчиликда бажараётганини “muslim.uz” веб порталимиз ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб, биз ҳам улар билан баробар тўлқинланиб ўтирибмиз. Келаси ҳафта яна бир гуруҳ юртдошларимиз йўлга тушади. Навбат кутаётганларимиз бўлғуси ҳожиларни зиёрат қилиб, улардан Пайғамбар алайҳиссаломга, у зотнинг аҳли байтларига, асҳоби киромларига дуо саломларимизни етказишни, ўша муборак жойдан туриб, Иброҳим алайҳиссаломга жўравозлик қилиб, бизнинг ҳам отимизни тилга олиб чақиришини илтимос қиляпмиз.
Бугун ҳажжул масокин. Мискинларнинг ушбу ҳаж ибодатини бажараётиб ҳам Аллоҳ таолодан ҳажга боришни бизларга ҳам насиб этишини сўраб дуолар этдик.
Ҳажга кетган биродарларимиз ўз кўзлари билан кўраётган, қўллари тегаётган, оёқлар юраётган, пешоналари саждага бораётган мўътабар маскан ҳақида биз Ватанимизда туриб имонлашсак, шоядки, Аллоҳ таоло ажру савобдан бенасиб этмаса.
“”Анварул ошиқийн” китобида ёзиладики: ривоятлардан бирида айтилишича, Иброҳим алайҳиссалом давригача Каъбанинг фақат пойдевори сақланиб қолган. Халилуллоҳ Каъбани ана шу пойдевор устидан кўтарган. Бошқа бир ривоятда эса Каъба қурилишидан олдин Аллоҳ таоло ерга жаннатдан қимматбаҳо қизил тошдан ясалган уй туширган. Унинг иккита эшиги бўлиб бири шарққа, бошқаси ғарбга қараб очилган. Аллоҳ таоло одам алайҳиссаломга: “Осмонда фаришталар тавоф қилади, ерда эса одамлар тавоф қилсин”, деди. Айнан шунинг учун Одам алайҳиссалом Ҳиндистондан Каъбага келди. Уни кўрган фаришталар: “Эй одам! ҳажинг муборак бўлсин. Биз сендан бир йил бурун ҳаж қилдик”, дедилар. Ерни сув босган чоқда Аллоҳ таоло ўша қимматбаҳо қизил тош уйни еттинчи осмонга олиб чиқиб қўйди. Ўша уй “Байтул маъмур” деб аталган. Кейин Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Каъбани янгидан қуришни амр қилган. Жаброил алайҳиссалом унга Каъбани қандай барпо этишни ўргатиб турган. Каъба Синай, Зайт, Жуди ва Ҳиро тоғларининг тошларидан барпо бўлган. Шундан кейин Жаброил алайҳиссалом Ҳажарул-асвадни олиб келган. Баъзи олимларнинг айтишича, Қубайс тоғи кесилиб унинг орасидан Ҳажарул асвад (Қора тош) чиқариб олинган. Бу тош аслида оппоқ зумрад бўлган. Унга имонсиз одамлар ҳам тегинавергани оқибатида қорайиб кетган. Баъзиларнинг фикрича, Иброҳим алайҳиссалом Каъбани қурганда Исмоил алайҳиссалом тош узатиб турган. Каъбанинг қурилиши битганидан сўнг Парвардигори олам Иброҳим алайҳиссаломга: “Ё Иброҳим! одамларни Каъбада ибодат қилишлари учун чақир”, деди. Иброҳим алайҳиссалом: “Ё Раббим! уларга менинг чақириғимни ким етказади?” деб сўради. Аллоҳ таоло унга: “Сен чақиравер, биз уларни эшитадиган қилиб қўямиз”, деди.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга одамларни ҳажга чақиришни амр этганда Иброҳим алайҳиссалом Қубайс тоғи тепасига чиқиб: “Эй Одам авлодлари! Аллоҳ таоло сизни Ўз уйига чақирмоқда, ҳаж қилишга келинг!” дея ҳайқирди”.
Ўша кундан эътиборан мўмин-мусулмонлар ҳажга борадиган ва боришни орзу қиладиган бўлдилар. Яна айтадиларки, Аллоҳ таоло ҳажга боришни кимга тақдир қилса, ўша одамнинг қулоғига Маккада чақирилган азон эшитилар эмиш. Иброҳим алайҳиссаломнинг даъватини Аллоҳ таоло бандаларига шу йўсинда етказса керак-да.
Кўкда фаришталар, ерда одамлар тавоф қилсин... иборасининг маъносига келсак, инсонлар ерда Каъбани тавоф қилиб қандай ибодат қилса, осмонда фаришталар “Байтул маъмур”ни шундай тавоф қилар экан. “Тафсири Ибн Касир”да келишича, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Байтул маъмур”нинг еттинчи осмонда экани ва уни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилиб унга қараб намоз ўқишини айтиб. ўша фаришталарнинг навбати ҳеч қачон қайтиб келмаслигининг хабарини берган эканлар. (Ибн Касир, 4-жузъ. 216-бет).
Уламоларимиз айтадиларки: “Аллоҳ таоло: “Ва обод уй билан қасам” (Тур, 4), деганда “Байтул маъмур”ни назарда тутган. “Байтул маъмур” Каъбанинг устида ” дейдилар (Тафсири Жалолайн, 2-жузъ. 117-бет).
Бундан шундай хулоса чиқариш мумкин эканки, меҳрибон Парвардигоримиз: “Ва обод уй билан қасам”, деганда кўкда “Байтул маъмур”ни, ерда Каъбани назарда тутган. Чунки кўпчилик олимлар доимо ҳожилар билан обод бўлгани боис “Обод уй”дан мурод Каъбадир, деган фикрни ҳам айтганлар.
Ҳажга кетаётган биродарларимизга ҳавас қилиб, “Байтул маъмур”нинг ерда эмас, кўкда эканини, еттинчи осмонда ҳам фаришталар ҳаж амалини бажаришини ва уларнинг фақат бир марта навбати келишини билиб олдик.
Ана шундай қилиб қатра-қатра йиғиб илмимизни бойитиб бораверсак, хатоларимиз кам бўлади, иншоаллоҳ!
Дамин ЖУМАҚУЛ
21 августда Аср тутилиши юз беради
Жорий йилнинг 21 августида Ой қуёшни бутунлай ёпиб қўяди, ернинг маълум бир қисми 3 дақиқа давомида қоронғуликка чўкади. Ҳаво ҳарорати пасаяди.
Шу куни АҚШ ҳудудида қуёшнинг бутунлай тутилиши кузатилади. Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, бу ҳолат қарийб 100 йилда биринчи маротаба содир бўлмоқда. Европа ва Африка мамлакатлари аҳолиси қисман тутилишни кузатишлари мумкин.
Маълумот учун, ушбу табиат ҳодисаси NASA томонидан тўғридан тўғри онлайн узатиб борилади.
Халқаро алоқалар бўлими
Москвада Қуръон байрами
Жорий йилнинг 8 октябрь куни Москвадаги “Крокус Сити Холл” танталар саройида “Халқаро Қуръон байрами” бўлиб ўтади. Ушбу тадбир доирасида Москвада ҳалол маҳсулотлар дегустацияси (тотиб кўриш) маросими ҳам ташкиллаштирилади. Бундан ташқари, 32 мамлакатдан ташриф буюрган қорилар ўртасида бўлиб ўтадиган XVIII Қорилар мусобақасининг энг яхши 5 нафар қориси ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Ушбу тадбирга ташриф буюрган меҳмонларни ажойиб маданий дастурлар кутмоқда. Ҳофизи Қуръонларнинг Қуръон тиловатлари ва машҳур уламолар томонидан талабалар ва устозлар учун мастер-класслар бўлиб ўтади. Тадбир афишасида ғолибларни умра ва ҳаж зиёрати, Марокаш ва Туркияга саёҳат ҳамда “Iphone 7” каби ажойиб совғалар кутаётгани айтилади. Шунингдек, иштирокчи ва меҳмонлар тадбир доирасида ташкил этиладиган кўргазмада ўзларига ёққан ажойиб санъат асарларини сотиб олишлари ҳам мумкин.
Халқаро алоқалар бўлими
Қизғанчиқ бўлманг
Аёл йўл четида тухум сотиб ўтирган чолдан сўради:
– Тухум неча пул?
– Донаси 2 дирҳамдан.
– 6 донасини 10 дирҳамга берасизми ёки кетаверайми?
Отахон ноилож рози бўлди. Майли, олақолинг, бугун ҳали бир дона ҳам тухум сотганим йўқ. Жуда бўлмаганда савдоимни сизга сотиш билан бошлай. Охирги пайт савдо унчалик яхши эмас, жуда кам тухум сотаяпман.
Аёл бутун бошли бойликни қўлга киритгандай 2 дирҳам арзонга олган тухумларни олиб ҳурсанд бўлиб ўзининг қимматбаҳо машинаси томон югурди...
...Аёл дугоналари билан ресторанга борди. У ерда ҳар доимгидек кўп буюртма беришди, натижада кўпгина истеъмол қилинмаган егуликлар ортиб қолди.
130 дирҳамлик чек олиб келишганда, бу аёл 150 дирҳам тўлаб қайтими керак эмаслигини айтди. Ушбу воқеа ресторан фаолиятида оддий хол, лекин тухум сотиб кун кўраётган чол учун эса оғриқли масала. Бу аёл 2 дирҳамни қизғанди, лекин деярли 150 дирҳамни кўкка совурди.
Нима учун ана шундай ўринларда савоб қилиш ўрнига, қизғанчиқлик қиламиз?! Муҳтожга беришга маблағ орттиролмаймиз, лекин орзу ҳавасга бир неча миллионлаб сарф қиламиз. Атрофдагилар бизга баҳо бериши учун ўзимизни кўрсатамиз, аслида-чи, аслида баҳони Холиқ бермайдими?!
Халқаро алоқалар бўлими
Моҳира Зуфарова
тайёрлади
Набий алайҳиссаломга илк ваҳий нозил бўлган Ҳиро ғори
Ҳиро ғори муборак Макка шаҳридан 3,5 км узоқликда жойлашган. Унинг узунлиги 3,5 метр, энига эса 2 метрни ташкил этади. Ушбу ғорда Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил бўлди. Қуръони каримнинг қуйидаги илк беш оятини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабул қилиб олдилар:
«Ўқинг (эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Роббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Роббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди», (Алақ сураси, 1-5-оятлар).
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади