muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 05 Январь 2017 00:00

Шайтоннинг найранглари

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллалоҳу алайҳи ва саллам)га беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин!

Ихлосни бузадиган офатларнинг баъзиси очиқ, баъзиси махфий, баъзиси эса очиқ бўлса ҳам заиф, баъзиси эса махфий бўлса ҳам қувватли бўлади. Буларнинг даражаларини мисоллар орқали тушуниш осон бўлади.

Ихлосни бузувчи энг катта ва биринчи омил риёдир.

Биринчи: Шайтон мухлис, намозхоннинг кўнглига қуйидагича васваса солади, натижада бутун жамоат унга ҳавас билан қарайди ёки бирор киши келиб унга қўшилади, шунда шайтон унга: «Сен намозни жуда гўзал адо этяпсан, ҳозир бўлганларнинг ҳаммаси сенинг намозингни кўриб, виқор ва салобатингни томоша қилишяпти, ҳеч ким сен ҳақингда ғийбат ҳам қилаётгани йўқ», дейди. Шунда бу намозхоннинг ихлоси сўниб, хаёли чалғийди, беихтиёр қаддини тик тутишга ҳаракат қилиб қолади, виқор ва салобатига эътибор беради, намозидаги барча ҳаракатларни рисоладагидек бажара бошлайди. Мана шунинг ўзи риёдир.

Иккинчи: Намоз ўқувчи юқордаги офатларни билади ва бу борада шайтонга бўйсунмайди, унга эътибор ҳам бермай, намозида давом этади. Шунда шайтон унга гўё яхшиликни таклиф қилган бўлиб, «Ҳамма сенга эргашади, иқтидо қилади, назар солади, қилаётган ишларингдан таъсирланади. Шунинг учун амалларингни гўзал бажаргин, ҳеч нуқсони бўлмасин, шунда савобинг кўп бўлади. Агар хато ёки гуноҳ қилиб қўйсанг, уларнинг гуноҳи ҳам сенга бўлади. Шунинг учун уларнинг олдида амалингни яхши қилгин, токи улар сенинг ортингдан ибодатларни хушуъ ва хузуъ билан, гўзал адо этишсин», дейди. Бу васваса аввалгисидан ҳам махфийроқдир. Аввалгисида алданмаганлар кўпинча бунисида алданади. Ваҳоланки бу ҳам риёдир, ихлосни ботил қилувчидир.

Учинчиси: Аввалгиларидан ҳам дақиқроқдир. Бунда банда шайтоннинг ҳийла-найранглари тўғрисида анчагина маълумот ва тажрибага эга бўлади, ёлғиз ибодат билан жамоат ичидаги ибодатда бирор фарқ бўлса, бунинг риё бўлишини билади. Шунингдек, ҳақиқий ихлос хилватда ҳам, жамоатнинг ичида ҳам бир хил намоз ўқишда эканлигини ҳам билади. Жамоатнинг олдида одатдагидан бошқача намоз ўқишга ўзидан ҳам, Роббидан ҳам ҳаё қилади. Шунинг учун ҳам ёлғиз ўзи хилватда намоз ўқиса, худди жамоат олдида намоз ўқиётгандек гўзал суратда ўқийди, жамоатнинг олдига борганда бошқача намоз ўқиб қўймаслик учун хилватда ҳам ана шундай бекаму кўст намоз ўқийди. Бироқ, бу жуда махфий риёдир, чунки бу кишининг хилватда намозни яхшилаб ўқишидан мақсад жамоат олдида ҳам худди шундай намоз ўқишдир. Демак, у хилватда ҳам, жамоатда ҳам одамлар кўрсин деб намоз ўқиётган бўлади. Ҳақиқий ихлосда эса намоз ўқиётганида уни кимдир кўриб тургани ёки кўрмаётганининг фарқи бўлмаслиги керак. Бунинг учун эса намоз ўқиётганда атрофдагиларга умуман эътибор бермаслик керак, хилватда ҳам, жамоатда ҳам, атрофида ким борлигидан қатъи назар, намоз бир хил бўлиши керак. Ким ибодатини мана шундай ҳолатда адо этса, ана шу ихлосдир.

Тўртинчи: Буниси янада дақиқроқ ва махфийроқдир. Намоз ўқувчи ўзига одамлар қараб турганлигини билади, шайтон эса унга «Одамлар қараб турибди, намозингни хушуъ билан ўқи» дея олмайди, чунки намозхон шайтоннинг бундай фитналаридан огоҳдир. Шунинг учун шайтон бошқача йўл тутади: «Аллоҳнинг улуғлиги тўғрисида тафаккур қил, Унинг жалоли ҳақида фикр қил, чунки сен Унинг рўпарасида турибсан, Аллоҳ ғофил қалбингга назар солишидан ҳаё қил», дейди. Шунда намозхон бу насиҳатларни қалбига жо қилади, аъзои баданини ростлаб, хушуъ ҳолига келтиради ва ўзича буни айни ихлос деб ўйлайди. Аслида эса бу айни шайтоннинг макр-ҳийласидир, чунки унинг бу хушуъси Аллоҳнинг иззат ва жалоли туфайли бўлса, хилватда ҳам айнан шундай намоз ўқиши керак эди. Ваҳоланки у бошқалар кўриб турган пайтда намозни бундай ўқимайди. Шайтоннинг ҳийла-найрангларидан иборат бундай офатлардан қутулишнинг йўли юқоридагидек тафаккур, хушуъ ва хузуънинг хилватда ҳам, жамоатда ҳам бир хил бўлишидир. Намозхон ўзини биров кўриб тургани учунгина тафаккур қилиши, хушуъ ва хузуъ билан намоз ўқиши керак эмас. Аксинча, у биров уни кўриб турса ҳам худди бирор ҳайвон ёки жисм олдида ўқигандек намоз ўқиши керак. Намозхон ўзини бир инсон кўриб турганида бошқача, ҳайвон кўриб турганида бошқача намоз ўқир экан, демак, унинг бу амалида ихлос йўқ. Аксинча, бунда риёдан ҳосил бўладиган махфий ширк бўлиши мумкин. Инсоннинг қалбидаги ширк эса қоронғи зулмат кечада, қоп-қора тошнинг устида қоп-қора чумоли юрганидан ҳам махфийроқдир. Албатта, бундай хатарлардан воқиф бўлиш учун Аллоҳ таолонинг тавфиқи шартдир. Аллоҳ қайси бандасини манфаатли илму маърифат ила, тафаккур ва тадаббур ила сийлаган бўлса, ўшаларгина нажот топадилар. Акс ҳолда шайтон ҳар бир мўминни ҳар бир ҳаракатида риё қилишга васваса қилади. Бундай васваса оддийгина мўйлабни қисқартириш, соқолни ўстириш, жума куни хушбўй суриш, янги либос кийиш, тирноқларни олиш, мисвок ишлатиш ва ҳоказоларда ҳам бўлиши мумкин, чунки буларнинг барчаси маълум бир ҳолатларда суннатдир. Аммо бу ишларда нафснинг ҳам махфий таъсири бўлиши мумкин, чунки уларнинг барчасига одамларнинг назари тушади. Қолаверса, инсоннинг табиати бу нарсаларни ёқтиради. Шунда шайтон: «Бу ишларнинг ҳаммаси суннат, уларни асло тарк этмагин, акс ҳолда одамлар сени тарки суннат қиляпти, дейишади», дейди. Шунда мазкур суннатларни адо қилиб юрган кишининг қалбида махфий бир истак пайдо бўлади. Бунинг боиси эса, албатта, инсонларнинг назаридир. Демак, бу амаллар ҳам ихлосдан бўлмайди.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби

 

Италия пойтахти Римда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан икки кунлик халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда бугун жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган очлик, нотўғри овқатланиш, ёшларнинг носоғлом улғайишлари каби масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, дунё бўйлаб 800 миллион киши очликдан, 1,9 млрд киши ортиқча вазнликдан азият чекаётгани, 5 ёшгача бўлган 150 млн болалар нотўғри овқатланиши оқибатида ёшига нисбатан ортда қолаётгани таъкидланди.

 “Озиқ-овқат масаласи жамиятнинг бош муаммоси ҳисобланади. Шу боис, бу масала ҳамиша давлат ҳимояси ва назорати остида бўлиши керак”, деди анжуман очилишида нутқ сўзлаган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти раҳбари Жозе Гратциану да Силва.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Четверг, 05 Январь 2017 00:00

Ёлғиз оталар

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Раб­бингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!.. ” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!» (Исро, 23).

Шокир ота аёли Ҳуринисо ая билан бахтли ҳаёт кечирди. Фарзандларининг барчаси ҳаётда ўз ўрнини топди... Неваралар ҳам бирин-кетин вояга ета бошлашди. Невара келин, невара куёв кўраман деб турган пайт Ҳуринисо ая хасталаниб, бандаликни бажо келтирди.
Фарзандлари онасининг ҳамма маъракаларини ўтказишди. Энг нуфузли тўйхоналарда юз килолаб ошлар дамланди. Аммо буларнинг ҳеч бири Шокир отанинг кўнглини ёритмади. Уйдаги ҳар бир нарса аёлини эслатар, хотираларини уйғотарди. Ўзи ёлғиз қолса, анча вақтгача кўзига уйқу келмасди. Кейинги пайтларда қон босими кўтариладиган бўлиб қолди. Энг қиммат дорилар ҳам, моҳир шифокорлар ҳам дардини аритолмасди.
           Отасининг ёлғизликдан қийналаётгани, кун сайин сўлиб бораётганини кўрган кичик ўғил бир куни аста гап бошлади:
– Гапни нимадан бошласам экан?.. Онамни  ҳаммамиз жуда яхши кўрардик. Бироқ тақдир экан! Нима ҳам қилардик? Энди биз учун муҳими – сизнинг борлигингиз, саломатлигингиз! Ким нима деса десин, менга сизнинг соғлигингиз, хотиржамлигингиз керак. Рози бўлсангиз, солиҳа бир аёлни топиб, никоҳлаб қўйсак?!
Шокир отанинг кўзида ёш кўринди. Кечагина дўсти Турғун ҳам шу ҳақида гапирганди. Эркак киши кексайганида бир дардкашга муҳтож бўлиб қолар экан.
         “Ўғлим, борингга шукр, раҳмат!” – дея олди ота.
Кичик ўғил отасини уйлантириш ҳақида акаси ва синглисига маслаҳат солганида, катта жанжал кўтарилди.

– Отам сенга оғирлик қиляптими?

– Уй-жойга эга чиқадиган керакми сенга?

– Онамни сен унутган бўлсанг унутгандирсан, бизлар унутганимиз йўқ!
           Шокир отанинг дили қаттиқ оғриди, кўзлари намланди. Аслида, онасининг хотирасини азиз тутиш ҳақида бонг ураётган шу фарзандлар, онаси хасталанганда унга силтаб муомала қилган, қарашни малол олган эдилар. Аммо онанинг вафотидан ке­йин маъракаларни эл кўзига, мен фарзандлик бурчимни аъло даражада бажариб қўйдим, деб ўзини кўрсатиш учун дабдаба билан ўтказаётган эдилар.

 Яхшиликни инсон тириклигида қилиш кераклигини ҳамма билади-ю, аммо... Ота-онаси, яқинлари ўтиб кетган инсонларнинг кўпчилиги марҳумларнинг руҳи шод бўлиши учун қозон-қозон ош беришни ўйлаб юришади-ю, ёлғиз қолган ота ёки онанинг, жигарларнинг, тирикларнинг ғамини ейиш, қалбига қулоқ солиш хаёлига келмайди. Бу қандай бедодликки, ёлғизланиб қолган, эрталаб уйғонаманми, йўқми, деб тонг оттираётган кексаларнинг ҳаётини бошига ёлғизлик тушмаган, қалби яримлик кўрмаган фарзандлар ҳал қилса!..        

Уларга оталар, оналар ҳаётини ҳал қилиш ҳуқуқини ким берди?!
Ёлғиз кексаларнинг кўнглига қараб, улар хоҳласалар, яна турмуш қуришларини бир оғиз айтиб ўтиш фарзандлардан лозимдир.
Бундай кексаларнинг таомини ҳозирлаш, кийим-кечагини бут қилиш билан уларнинг ярим кўнгли тўлиб қолмайди. Уларга бир ҳамдард, ҳамроҳ керак.
 

Мунира АБУБАКИРОВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Четверг, 05 Январь 2017 00:00

Эзгу амал мукофотсиз қолмайди

2015 йили “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетасига 2016 йил учун уюштирилган обуна мавсумида фаоллик кўрсатган вилоят, шаҳар, туман вакилликлари, жоме масжидлар аниқланди.

Қуйидагилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий ҳайъати ва “Мовароуннаҳр” нашриётининг Фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғаси билан тақдирланди:

Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти (қози Шамсиддин Бауатдинов);

Андижон вилояти вакиллиги (бош имом-хатиб Нуриддин Холиқназаров);

Сурхондарё вилояти вакиллиги (бош имом-хатиб Эргашали Рустамов);

Навоий вилояти, Навоий шаҳри (бош имом-хатиб Тоҳир Рўзиев);

Фарғона вилояти, Бағдод тумани (бош имом-хатиб Соҳибжон Аҳмедов);

Хоразм вилояти, Боғот тумани (бош имом-хатиб Рашид Эрназаров);

Андижон вилояти, Асака туманидаги “Холид ибн Валид” жоме масжиди (имом-хатиб Шаҳобиддин Парпиев);

Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги “Ислом” жоме масжиди (имом-хатиб Алишер Наимов);

Самарқанд вилояти, Иштихон тумани “Иштихон” жоме масжиди (имом-хатиб Абдулҳамид Яхшиликов).

2015 йили “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетасига 2016 йил учун уюштирилган обуна мавсумида фаоллик кўрсатган қуйидаги жомелар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий ҳайъати ва “Мовароуннаҳр” нашриётининг Ташаккурномаси ҳамда китоблар жамланмаси билан тақдирланди:

Андижон вилояти: “Рамазон қори”, “Яккатут”, “Хонобод”, “Хонақоҳ”, “Абу Бакр Сиддиқ”, “Сўфи Аллоҳёр”, “Муҳаммад Розиқбой”, “Бурҳониддин Марғиноний” ҳамда “Юнусали охун” жоме масжидлари.

Бухоро вилояти: “Баҳоуддин Нақшбанд”, “Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний”, “Пири Дастгир”, “Хожа Ориф ар Ревгарий Моҳитобон”, “Имом Бухорий” ва “Соктари” жоме масжидлари;

Фарғона вилояти: "Хўжа Аҳмад Валий", "Муҳаммад Жаҳонгирхон Ғозий", "Хожа Муҳаммад Валий", "Йўлдош ҳожи", "Пошшопирим", "Имом Заҳириддин", "Абу Ҳанифа", "Ҳазрати Билол ибн Рабоҳ", "Ҳусан қори" жоме масжидлари.

Жиззах вилояти: "Қўшчинор", "Нурул Ислом", "Боймоқли", "Қусам ибн Аббос", "Жиззахлик", "Греҳкуша", "Қоратепа" ва "Абдусаттор ҳожи" жоме масжидлари.

Наманган вилояти: “Обидқори ҳожи”, “Мирғойиб Эшон”, “Ҳаққулобод”, “Умарул Форуқ”, “Машҳад мозор”, “Худойберди Эшон”, “Ҳазрати ибн Аббос”, “Зайд ибн Ҳориса”, “Абдураззоқ қози”, “Ал-масжидун Набавий”, “Кичик Хўжаобод”, “Мавлоно Лутфулллоҳ” жоме масжидлари.

Навоий вилояти: “Ҳазрат Алишер Навоий”, “Боязид Бастомий”, “Шайх Гадойселкин” ҳамда “Михота” жоме масжидлари.

Қашқадарё вилояти: “Кўкгумбаз”, “Талимаржон”, “Абу Бурҳониддин”, “Чоргумбаз”, “Ҳазрати Имом”, “Ҳазрати Мири Жанда”, “Ҳазрати Мир Алишер Навоий”, “Яккабоғ” ва “Юсуф Эшон бобо” жоме масжидлари.

Қорақалпоғистон Республикаси: “Юсуф Эшон бобо”, “Шайх Аббос Валий бобо”, “Тўрткўл” жоме масжидлари.

Самарқанд вилояти: "Чўбин", "Иштихон", "Қори Муҳаммадрасул", "Ислом нури", "Абдуқаҳҳор", "Хожа Аҳрор Валий", "Нурул Ислом", "Амир Ҳамза", "Боғишамол", "Хўжа Абду Дарун", "Дамариқ", "Оқмасжид", "Хожа Амон" ҳамда "Ипакли" жоме масжидлари.

Сирдарё вилояти: “Аҳмад Яссавий”, “Қул Хожа Аҳмад Яссавий”, “Ҳазрати Али”, “Пахтаобод”, “Зайд бинни Ҳориса”, “Нурли йўл”, “Исо ўғли Мусо”, “1-Боёвут” жоме масжидлари.

Сурхондарё вилояти: "Мурчбобо", "Саримозор", "Мангузар", "Имом Бухорий", "Сўфи Оллоҳёр" жоме масжидлари.

Тошкент шаҳри: "Новза", "Ҳазрати Али", "Шайх Зайниддин", "Аҳмаджон қори", "Масжидул Хайр" ҳамда "Хўжа Аламбардор" жоме масжидлари.

Тошкент вилояти: "Қорабоғ", "Эски Қовунчи", "Бешкаппа", "Яллама”, "Янги маҳалла”,"Нодирхон қори", "Кўктерак", "Сирли", "Рамазони шариф", "Найман", "Дўрмон", "Амир Ҳамза", "Ҳамд" жоме масжидлари.

Хоразм вилояти: "Дарвеш бобо","Охун бобо", "Усмон Саййид бобо", "Шоҳпир", "Шаҳобиддин бобо" ҳамда "Шайх Мухтор Валий" жоме масжидлари.

  2017 йил учун обуна мавсуми илғорлари, Худо хоҳласа, шу йил октябрь, ноябрь ойларида маълум қилинади.

“Мовароуннаҳр” нашриёти

Тўлиқ исми Ибн Ҳажар ал-Асқалоний – Абу Фазл Аҳмад ибн Али ибн Муҳаммад ал-Киноний аш-Шафиъийдир. У ҳадис илмининг етук олими, оқил мураббий, адолатли қози, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг Суннатларига амал қилувчилардан бўлган. У ҳижрий 773 йил шаъбон ойида Мисрда таваллуд топган.

Унинг болалик даври туғилиб ўсган ерда Қуръони каримни, “Хави” ва Ибн ал-Хожибнинг “Мухтасар” ва бошқа шу каби  ақидавий асарларни тўлиқ ёд олиш билан ўтди. Кейинроқ васийлардан бирининг қарамоғида Маккага йўл олди, у ерда таниқли Ислом олимларидан дарс олди. Кўп ўтмай Аллоҳ Аҳмаднинг кўнглига ҳадисларга меҳр солиб қўйди, шунда у бор кучини ҳадис илмига, изланишга сарфлади. Бу йўлда у Ҳижозга, Шомга ва Мисрга борди. Унинг ҳаётида аз-Зайн ал-Ироқийнинг олдида ўтказган 10 йил муҳим аҳамият касб этган.

Унга Ал-Балқоний, Ибн ал-Мулаққин ва бошқа кўпгина имомлар устозлик қилишган. У Қуръон ва ҳадисдан Ал-Иъзз ибн Жамаъадан, араб тилидан Ал-Амаридан, тил стилистикасидан ал-Мажид ал-Фейрузободдан, адабиёт ва шеъриятдан эса ал-Бадр ал-Муштакидан дарс олган. Машаққатли илм олиш ва изланишлардан сўнг ибн Ҳажарнинг илмини тан олишди ва унга Қуръон, ҳадисдан дарс беришга ҳамда китоб ёзиб ҳаттоки фатво чиқаришга рухсат беришди. 

Ибн Ҳажар Қуръон тафсири, фиқҳ, нотиқлик санъати каби йўналишларда бер нечта мадрасада дарс берган. У ўқитган ўқувчилар ичидан кўпгина таниқли Ислом олимлари чиққан. У Ал-Азҳарда маъруза ўқир эди, Аъмр ибн ал-Аъсо жоме масжидида воизхонлик қилар эди. Ибн Ҳажар 21 йилдан ортиқ муддат фиқҳ билан шуғулланган. Олдинига у Мисрда қозилик қилди, кейнчалик эса Шомда. Узоқ йиллар давомида у олий (юқори) қози лавозимидан бош тортди, аммо ҳижрий 827 йилнинг 12 муҳаррамида бу лавозимни қабул қилишига тўғри келди. Бир мунча вақт ўтгач у истеъфога чиққан бўлса-да, бу лавозимда яна 7 маротаба бўлишига тўғри келган. Охирги маротаба у ҳижрий 852 йили истеъфога чиққан.    

Ибн Ҳажар Ислом илмининг барча жабҳаси бўйича 150дан зиёд асар ёзган. Унинг барча меҳнатлари у вафот этишидан аввал тан олинган, баҳоланган ва машҳурликка эришган. Улардан баъзилари раҳбарлар ва ёрдамчилари томонидан фойдаланилган. Ибн Ҳажарнинг энг машҳур асар “Фатҳ ал-Бари шарҳ Саҳиҳ ал-Бухари”дир. Бу машҳур муҳаддис Имом Бухорийнинг “ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асарига ёзилган шарҳлардир. Ушбу муқаддима ва асосий қисмга бўлинган 13 та жилддан иборат ўлган китобни суннат амаллар қомуси деса ҳам бўлади. Ибн Ҳожар ҳижрий 813 йили бу китобнинг муқаддимасини ёзган. Орадан 4 йил вақт ўтгачгина китоб устида иш бошлаган ва ҳижрий 842 йил ражаб ойида батамом ёзиб тугатган. Шу муносабат билан катта зиёфат уюштирган, ушбу базмга кўпгина таниқли Ислом олами олимлари, таниқли кишилари ташриф буюрганлар. Кейинроқ бир мусулмон раҳбар ушбу китобни 300 динорга сотиб олмоқчи бўлди. Айтиб ўтиш жоизки, ўша уюштирилган биргина зиёфатга ибн Ҳажар 500 динор сарф қилганлар.  

Ибн Ҳожар замондошлари уни нафақат Ислом оламининг буюк олими сифатида, балки ажойиб инсон, вафодор дўст, сабр ва камтарликда тенги йўқлиги, мулоҳазалилиги, дунё ҳаётидан узилганлиги ва қаноатлилиги, фидокорлиги ва саҳийлиги каби хислатларини эслашар эди. У жазирама иссиқ кунларда рўза тутишни ва тунлари ибодатда қойим бўлишни хуш кўрар эди. Шундай бўлса-да у ҳизиллашишни ва қизиқ воқеаларни тинглашни яхши кўрар эди. У ўзининг ёқимли ва қизиқ суҳбатига барчани жалб эта оларди, хоҳ у қари диндор ёки ёш талаба бўлсин. У бир мулоқот қилсак инсон ҳар сафар унинг ажойиб аҳлоқи ва одоб эгаси эканига шоҳид бўлган. Буюк Ислом олими ибн Ҳажар ал-Асқалони ҳижрий 852 йил 18 зулҳижжа ойи, шанба куни ҳуфтон намозидан сўнг бу дунёни тарк этган.

 

 

 

Top