muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 10 Ноябрь 2016 00:00

Оила – бахт саройи

Аллоҳ таоло инсоният наслининг никоҳ йўли билан давом этишини ирода қилиб, Ўзининг сўнгги ва мукаммал динида бунга оид барча ҳукмларни баён этган. Шунинг учун динимизда ушбу муқаддас робита – никоҳ туфайли вужудга келадиган оилага катта эътибор берилади. Ислом дини никоҳни, оиланинг шаънини қанчалик ҳимоя қилишини, махлуқотнинг гултожи бўлмиш инсон наслининг давомийлигини таъминловчи илоҳий кўрсатмалар Қуръони каримда ҳам бош мавзулардан бири эканини англаш учун Нисо сурасидан икки оят ва уларнинг тафсири билан танишиш кифоядир.

 «Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримларини (эркакларни) айримларидан (аёллардан баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятлилардир (яъни эрининг сирини, молини ва обрўсини сақловчидир). Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилинг, сўнгра (бу таъсир қилмаса) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этинг, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) уринг. Аммо сизга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ  олий, улуғ Зотдир» (34-оят).

«Агар (эр-хотиннинг) оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборинг. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон, хабардор Зотдир» (35-оят).

Келинг, ушбу оятларни батафсил таҳлил қилиб кўрайлик. Ҳа, жамият хайр-барака ила ривож топиб бориши учун унда тартиб-интизом, тинчлик-омонлик ҳукм суриши, муайян бир раҳбар бўлиши лозим. Ислом таълимотига кўра, оила жамиятнинг асосидир. Шундай экан, оиланинг ҳам раҳбари бўлиши керак. Ана шу раҳбарлик эркакка берилган. Нима учун?

«Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримларини (эркакларни) айримларидан (аёллардан баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкидан сарф қилиб туришларидир».

Демак, эркак киши оилага раҳбар этиб тайинланганининг иккита сабаби бор экан.

Биринчиси – Аллоҳ таоло эркакни аёлдан устун, афзал қилиб яратганидир. Дарҳақиқат, эркак киши жисмоний тузилиши, ички ва ташқи қиёфаси, иродасининг мустаҳкамлиги, руҳий-нафсоний ва бошқа жиҳатларга кўра оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратилган.

Иккинчи сабаб оила қуриш ва бу йўлдаги барча сарф-харажатлар эркак кишининг зиммасида эканидир. Бундай раҳбарлик улкан масъулиятдир. Ушбу масъулият эркак кишининг зиммасига оилага, жумладан, аёлга раҳбарлик, ҳомийлик қилиш, устоз бўлиш, унинг ҳаётий эҳтиёжларини  қондириш ва муҳофаза қилиш вазифаларини юклайди.

Оятнинг мазмунидан кўриниб турибдики, эркак киши раҳбарликка сабаб бўлган шартларга жавоб бера олмаса, раҳбарлик уларнинг қўлидан кетади. Масалан, оиланинг нафақаси,  таъминоти эркакнинг зиммасида эди, лекин эркак ҳеч бир сабабсиз уйда ўтириб, ўрнига аёлини ишлашга мажбур қилса, бечора хотин оиламни боқаман деб, бола-чақамни едириб-ичираман, эримга қарайман деб бозорма-бозор, юртма-юрт сарсон-саргардон кезса, табиийки, бундай оиладаги раҳбарлик ўз-ўзидан ўша аёлнинг қўлига ўтиб қолади. Чунки молиявий бошқарув кимнинг қўлида бўлса, ҳал қилувчи қарор эгаси ҳам ўша бўлади. Бундай ҳолат аввало эркакни оила раҳбарлигига мос қилиб яратган Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқиш бўлиб, жамият низомининг  бузилишига ҳам олиб келади. Инсоф билан ўйлаб кўрайлик, бугун тўйгача, тўй ва ундан кейинги кўпгина сарф-харажатлар асосан қиз томондан қилинмаяптими? Худди мана шу нарса турмушнинг илк кунлариданоқ эрнинг тилини қисиқ қилиб, оиладаги раҳбарлик ва масъулиятнинг келин қўлига ўтиб кетишига сабаб бўлмаяптимикан?!

«(Аёллар ичида) солиҳалари – (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятлилардир (яъни эрининг сирини, молини ва обрўсини сақловчидир)».

Биз «итоаткор» деб таржима қилаётган сўз ояти каримада «қонитатун» лафзи ила келган. Аслида кундалик араб тили муомаласида итоаткорлик сўзи бошқа феъллар воситасида ифода қилинади. Бу сўз эса ўз иродаси, ихтиёри ва муҳаббатига кўра итоат қилиш маъносини англатади. Демак, мўмина, солиҳа аёлларнинг биринчи сифати итоаткорликдир. Бу итоаткорликлари қўрқувдан, мажбурлашдан эмас, балки ўз масъулиятларини тушунганларидан келиб чиққан, меҳр-муҳаббатга асосланган ихтиёрий муносабатдир.

Мўмина, солиҳа аёлларнинг хислатларидан яна бири шундаки, улар эрлари ёнларида турган пайтдагина эмас, балки улар бирор сабаб билан оиладан узоқда бўлган пайтда ҳам уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва обрў-эътиборларини муҳофаза қиладилар. Бундай муҳофаза уларнинг ўз фикрларига ёхуд эрларининг талабига биноан эмас, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амрига кўра бўлади.

Имом Ибн Жарир Тобарий ва Ибн Абу Ҳотимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Аёлларнинг яхшиси – қарасанг кўзингни қувонтирадиган, амр қилсанг, итоат этадиган ва уйда бўлмасанг, ўзини иффатини ҳам, сенинг мол-мулкингни ҳам муҳофаза қиладиганидир», деганлар.

Лекин афсуски, ҳамма аёллар ҳам солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Баъзилари ўз ҳадларини унутган холда, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик қиладилар. Инсонни яратган Парвардигоримиз унинг феъл-атворини, заиф жиҳатларини, оилавий турмуш ҳар доим ҳам кўнгилдагидек кечавермаслигини билгани учун юз бериши мумкин бўлган салбий ҳолатларда нима қилишни ҳам баён қилиб қўйган:

«Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилинг, сўнгра (бу таъсир қилмаса) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этинг, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) уринг».

Бундай ҳолларда аввал уларга панд-насиҳат қилинади. Бу фойда бериб, муносабатлар изга тушиб кетса, айни муддао. Лекин ҳаракатлар самарасиз бўлса, хотиннинг итоатсизлиги давом этаверса, бошқа чоралар кўрилади. Ҳижрон, яъни тўшакда бирга ётмаслик, гаплашмаслик ана шундай чоралардандир. Ҳижрон, яъни ётоқхонанинг ўзида тўшакни бошқа қилиш ҳассос услуб бўлиб, аёл кишига ваъз-насиҳатдан ҳам кучлироқ таъсир қилади. Гаплашмаслик эса уч кундан ортиқ давом этмаслиги керак. Эрларнинг бундай эътиборсизлиги, гаплашмай қўйгани ҳали инсофини йўқотиб улгурмаган аёлларнинг «кўзини каттароқ очиш»га мажбур қилади.

Аммо шу чоралар ҳам фойда бермаса, аёл киши ўзининг ҳурматини билмай, ҳаддидан ошса, маънавий жазолардан хулоса чиқариб оладиган даражадан ҳам паст ҳолатга тушиб қолса, жисмоний таъзир беришга мажбур бўлинади. Аммо уриш деганда, табиийки, қаттиқ калтаклаш, аъзоларини майиб қилиш ёки бошқа жароҳатлар етказиш тушунилмайди. Уламоларимиз ушбу оятдаги «уриш»ни «мисвок ёки бирон бармоқ ила туртиш» деб тушунтирганлар.

Муовия ибн Ҳайра Қушайрий розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг расули, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?» деб сўраган эканлар. Шунда Набий алайҳиссалом: «Еганингдан едирасан, кийганингдан кийдирасан, юзига урмайсан, ёмон сўз билан сўкмайсан, уйдан ташқарида ҳижрон қилмайсан», деган эканлар.

Кўриниб турибдики, ояти каримадаги «уриш»га берилган изн фақат пўписа учун, ўзини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш учундир. Аввало, бу оятдаги «уриш» фарз ҳам эмас, вожиб ҳам, суннат ҳам, мустаҳаб ҳам эмас. Бу «уриш» дўқ-пўписа, норозиликни билдириш, холос. Амалда эса деярли қўлланилмайди. Кўпчилик уламолар: «Берилган ушбу изндан фойдалангандан кўра фойдаланмаган яхшироқ», деганлар. Бунинг устига, кўплаб ҳадисларда эрларга аёлларни урмаслик таъкид билан тайинланган.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ زَمْعَةَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: لاَ يَجْلِدُ أَحَدُكُمُ امْرَأَتَهُ جَلْدَ الْعَبْدِ ثُمَّ يُجَامِعُهَا فِي آخِرِ الْيَوْمِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ

Абдуллоҳ ибн Замъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз ўз аёлини қулни калтаклагандек калтакламасин. Кейин, куннинг охирида яқинлик қилгиси келиб қолиши ҳам бор», дедилар» (Имом Бухорий, Имом Термизий ривоят қилганлар).

Ушбу ҳадиси шариф юқорида ўрганган оятимиздаги «уриш» сўзида қаттиқ уриш назарда тутилмаганига яққол далилдир. Агар оятда қаттиқ уриш қасд қилинганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай демаган бўлардилар. Хотин қул эмаски, уни хоҳлаган вақтда калтаклаб, хоҳлаган вақтда яна фойдаланаверилса. Аслида қулни ҳам калтаклаш яхши эмас. Хотинга қўл кўтаришдан олдин кейин уни бағрига олиб ётишни ҳам, кўзи кўзига тушишини ҳам бир ўйлаб қўйиш лозим. Уламоларимиз «хотинни қаттиқ калтаклаш ҳаромдир» деган ҳукмни мана шу ҳадисдан олганлар.

Аёл киши табиатан таъсирчан, ҳиссиётга берилувчан, шошқалоқ ва тез аччиқланувчи бўлади. Сал нарсага эрига нисбатан итоатсизлик қилиб қўйиши мумкин. Аммо кейин ўзига келиб, итоатга қайтса, унга қарши чора кўришга зарурат қолмайди. Шунинг учун ояти каримада:

«Аммо сизга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтарманг», дейилмоқда.

Бу танбеҳ оилани мустаҳкамлаш учун ниҳоятда зарурдир. Чунки бир-бирига нисбатан кечиримли бўлиш доимо яхшилик келтиради.

Кези келганда айтиб ўтиш жоизки, динимизга, Қуръони каримга ўзича таъна тоши отишга уриниб, ўзи шарманда бўлган баъзи ғаразли кимсалар муқаддас китобимизни тадқиқот қилиб кўриб, ундаги сураларни тартибсиз жойлаштирилган, уларнинг кетма-кетлигида мантиқий изчиллик йўқ деган «айблар» топишган. Ҳар бир нарсани ўзининг заиф ақли, тор қараши билан, ноқис мезони билан ўлчашга уринган бу кимсалар нафақат суралар, ҳатто ояти карималарнинг кетма-кетлигида ҳам инсон ақли бовар қилмайдиган илоҳий ҳикмат борлигини қаердан билишсин!

Мазкур оятни ва унинг тафсирида айтиб ўтилган фикрларни қисқача такрорлаб кўрайлик. Аввало оилада эркакларнинг раҳбар этиб тайинлангани ва бунинг сабаблари айтилди.  Сўнг солиҳа аёлларнинг хуш ахлоқлари васф қилинди. Кейин эса, бунинг акси бўлган итоатсиз хотинларга кўриладиган чоралар айтиб ўтилиб, бу чоралар самара берса, аёлларга қарши бошқа чоралар кўрмаслик кераклиги таъкидланди. Шу икки қатор оятда қисқагина сўзлар билан оламшумул маънолар ифодаланди, оила низоми белгиланди, эр-хотин муносабатларининг ижобий ва салбий ҳолатлари муолажа қилинди. Айни пайтда, итоатли аёлларга нисбатан ҳаддан ошиш тақиқланиб, аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари илоҳий қонун ҳимоясига олиниб, бу кимдир томонидан ўйлаб топилган, кимнингдир манфаати кўзлаб ёзилган тартиб-қоида эмас, балки барча нарсадан олий, улуғ Зотнинг – Аллоҳ таолонинг қонуни экани эслатилмоқда. Бугунги кунда дунёнинг етакчилари ҳисобланган Ғарб давлатларида оила институтининг аҳволи нақадар ҳалокатли жар ёқасига келиб қолгани барчамизга маълум. Аммо афсуски, ўзини мусулмон санаб юрганлар орасида ҳам оилага оид, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига, бурч ва мажбуриятларига оид қонун-қоидаларни билмайдиганлар, билса ҳам уларни писанд қилмайдиганлар пайдо бўлиб, жамиятимизда оилавий муаммолар, қўйди-чиқдилар кўпайиб қолди. Агар бунда кимсалар мазкур кўрсатмаларнинг шариатнинг ҳукми, Аллоҳ таолонинг амри эканини ҳис қилсалар эди, бугунги кунда ечимини кутиб ётган қатор муаммолар мутлақо вужудга келмаган бўлар эди. Биргина оятдаги ҳукмлар бузилмаса ёки уларга риоя қилинса, бутун инсониятнинг тақдирига, ўсиб келаётган авлоднинг келажагига хавф соладиган вазият юзага келиб қолмаган бўлар эди. Шунинг учун ҳам оятнинг сўнггида Раббимиз «Албатта, Аллоҳ  олий, улуғ Зотдир» деб огоҳлантириб қўймоқда. Эр бўлсин, хотин бўлсин, ушбу кўрсатмаларга риоя қилмаган одам олий ва улуғ Зотнинг амрига осийлик қилган, У Зотнинг ҳукмига қарши чиққан бўлади.

Яна ояти каримада муҳокама қилинаётган оилавий муаммолар масаласига қайтамиз. Баъзида юқорида айтиб ўтилган чораларни қўллаш ҳам наф бермаслиги мумкин. «Қарс икки қўлдан» деганларидек, оиладаги келишмовчилик ҳам эр, ҳам хотин томонидан юз берса, бу зиддият кучайиб, эр-хотин уни биргаликда ҳал қила олмай қолишса, энди масалани оила сирини ташқарига чиқармасдан ҳал этишнинг иложи қолмаган бўлади. Бундай ҳолатда бошқалар аралашиб бўлса ҳам, оилани сақлаб қолишга уриниб кўриш зарурдир.

«Агар (эр-хотиннинг) оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборинг».

Албатта, бундай ҳакамлар уларнинг ўзларидан, яъни эр-хотин рози бўладиган қариндошлардан ёки бегоналардан тайинланади. «Рози бўладиган» деб шарт қўйилаётгани ҳакамлар чиқарган ҳукм ҳар икки томонга мақбул бўлиши учундир. Шу боис ҳакамлар ақлли, тажрибали, турмушнинг паст-баландини биладиган, кўпни кўрган, Аллоҳдан қўрқадиган, адолатли ҳукм чиқаришга ҳаракат қиладиган кишилар бўлиши керак. Уларнинг асосий вазифаси эр-хотиннинг орасини ўнглашдан иборат. Шунинг учун ҳам ояти каримада «Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай» деб, ҳакамларга яраштирувчилик нисбати берилмоқда.

Баъзи уламолар худди шу тушунчадан келиб чиқиб, «Уларга фақат яраштириш, ислоҳ қилиш ҳуқуқи берилган», дейдилар. Бошқалари эса: «Ҳолатни ўргангач, ислоҳнинг иложи бўлмаса, эр-хотинни ажратиб қўйишга ҳақлари бор, шунингдек, тегишли жазо чораларини, мол-мулкка доир масалаларни ҳам ҳал этишлари мумкин», дейишади.

Ҳазрат Усмон зун-нурайн розияллоҳу анҳу халифалик йилларида худди шу ояти каримага амал қилиб иш юритгани тафсир китобларимизда нақл қилинган.

Яратганга шукрлар бўлсинки, юртимиз истиқлолга эришгач, динимизни ўрганиш ва унга амал қилиш, миллий қадриятларимизни тиклаш борасида кенг кўламли хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятимизнинг бугуни ва эртаси бўлмиш оила, эр-хотин муносабатлари, фарзанд тарбияси масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш болажон халқимизнинг асрий орзулари, минг йиллик диний ва миллий анъаналаримизга кўра энг муҳим долзарб вазифага айланди.

Узоқ муддат давом этган мустабид тузумнинг зарарли таъсирини йўқотиш, миллатимизга ёт тушунчалар, урф-одатларнинг ёшларимиз онгига сингдирилишига, соғлом инсоний фитратга зид бўлган турмуш тарзини сунъий равишда оммалаштиришга қарши курашишнинг энг муҳим омили – оилада, маҳаллада таълим-тарбияни кучайтиришдир.

Бугунги кунда айниқса, ёш оилаларда жуда кўп учраётган келишмовчиликлар, зиддиятларнинг бош сабаби – ёшларни оилавий турмушга тайёрлашда йўл қўйилаётган хатолардир.

Ўғил болаларга «Сен келгусида оила бошлиғи бўласан, раҳбар бўласан, шунинг учун илм олгин, ҳунар ўргангин, ҳалол ризқ топиб, турмуш ўртоғингни, бола-чақангни боқишга тайёрлангин» деб тарбия бера оляпмизми? «Сенинг бир оғиз сўзинг билан номаҳрам қиз сенга ҳалол бўлади. Лекин яна бир оғиз сўзинг билан у сенга бегона бўлиб қолади. Тилингга эҳтиёт бўл, ҳаёт синовларига сабрли бўл, етти ўлчаб бир кес, турмуш ўртоғингни бойлиги, насаби, ҳуснига эмас, диёнатига қараб танла» деб панд-насиҳат қиляпмизми?

Ундай бўлса, нима учун уйланадиган йигитлар келин томондан келадиган мебель, идиш-товоқ, бош-оёқ сарполар учун хоналарини бўшатиб, қўл қовуштириб ўтиришибди? Нима учун сал нарсага жанжал кўтариб, ўдағайлаб, бировнинг боласини уриб, шартта жавобини бериб юборишяпти?

Қизларимизга «Сен келгусида уй бекаси бўласан, она бўласан, фарзанд тарбиялайсан, шунинг учун иффатли бўлгин, яхши ўқигин, рўзғор илмини ўргангин, хушмуомала бўлгин, итоатли бўлгин, бир умр янги оилада яшашга тайёрлангин» деб тарбия бера оляпмизми? «Бир оғиз ширин сўзинг билан бузилай деб турган оила сақланиб қолади, бир оғиз ўйламай айтган гапинг билан қариндош-уруғнинг орасига совуқчилик тушиб қолади» деб огоҳлантиряпмизми?

Шундай бўлса, нима учун қизларимиз очиқ-сочиқ кийиняпти, бўлажак куёвнинг бойлиги, насл-насаби ёки лавозимини суриштириб, ахлоқи, дунёқараши, дину диёнатига лоқайд бўлишяпти, ота-онаси не заҳматда қилган сарпо-суруқни миннат қилиб, арзимаган сабаблар билан жанжал чиқариб, гап ташиб, ёш умрини хазон қилишяпти?

Демак, фарзанд тарбиясида, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида ҳали камчиликларимиз анчагина экан. Бу камчиликларни бартараф этишнинг энг самарали усули юқорида айтиб ўтилган илоҳий ҳикматларни ёшлигидан қулоғига қуйиб, қандай буюк зотларнинг авлоди эканини ўргатиш, уларга миллий ғурур, ҳаё, ибо, ғайрат-шижоат туйғуларини сингдиришдир.

Инсоният тамаддунига улкан ҳисса қўшган, буюк алломаларни  дунёга келтирган ўзбек халқи бугунги кунда яна ўзлигини англаб, жаҳонга юз тутмоқда. Ота-боболаримизнинг асрий орзу-армони бўлмиш ҳуррият байроғи остида туғилган ёш авлодни Бухорий, Термизий, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек каби буюк бобокалонларимизга муносиб авлод қилиб тарбиялаш сизу бизнинг зиммамиздаги улкан масъулиятдир. Бу оғир вазифани шараф билан адо этиш учун оилаларимиз мустаҳкам, фарзандларимиз соғлом ва баркамол бўлиши лозим. Оилани мустаҳкамлаш учун эса муқаддас динимизнинг юқорида айтиб ўтилган кўрсатмаларига оғишмай амал қилишимиз зарур. Оилада имон-эътиқодли, салоҳиятли фарзандлар етишиб чиқиши учун оиланинг низоми, пойдевори мустаҳкам бўлиши керак, ота-онанинг ўзи тарбияли, сабр-матонатли бўлиши, турмушнинг баланд-пастини, ҳаётнинг аччиқ-чучугини биргаликда тотиши керак. Ана шундагина жамиятимиздаги ҳар бир оила чинакам бахт саройига, роҳат-фароғат, ҳузур-ҳаловат масканига айланади.

Аллоҳ таоло оилаларимизни чинакам бахтиёр оилалардан қилсин, келин-куёвларимизнинг қалбига ўзаро меҳр-муҳаббат ато айласин, ҳар бир оилани мустаҳкам ришталар билан боғлаб, икки дунё саодатига эриштирсин.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

 

 

2016 йил 5 ноябрь куни Бухоро шаҳар “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида “Фиқҳ – киши нима фойдали ва нима зарарли  эканини билмоғи ва ўрганмоғидир” мавзусида билим юрти фиқҳ фани мударрисаси Ҳуснугул Ҳалимова бошчилигида ҳамда I ва IV курс талабалари томонидан ташкиллаштирган давра суҳбати бўлиб ўтди. 

  1. Фиқҳнинг инсон ҳаётидаги ўрни
  2. Фиқҳий масалалар
  3. Ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш
  4. Турли фиқҳий масалалар, каби фиқҳий масалалар давра суҳбати кун

     Тартибидан  ўрин олди.

1-масала: Фиқҳнинг инсон ҳаётидаги ўрни бўйича билим юрти 4-курс талабалари бир қанча оят ва ҳадислардан далиллар орқали моҳиятни ёритиб беришди. 

2-масала: Фиқҳий масалалар баёнини эса билим юрти 1-курс талабалари саҳна кўриниши тарзида ифода этишди.

3-масала: Ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш масаласини ҳам саҳналаштирган ҳолатда 3 мазҳаб Шофеий, Моликий ва Ханафий йўналишидаги ихтилофий масалаларни билим юрти 4-курс талабалари изоҳлаб беришди.

4-масала: Турли фиқҳий масалалар юзасидан муаммоли вазият ташкил қилиниб, бир қанча ихтилофий саволлар билан барча давра суҳбатида иштирок этган талабаларга мурожаат қилинди. Айнан шу жараён даврани янада жонлантирди ҳамда ҳамма билим юрти талабалари ва ташриф буюрган меҳмонлар фаол иштирок этишди.

Давра суҳбатига таклиф қилинган меҳмон “Маънавият сарчашмаси” газетаси муҳаррири Дилором Ҳалимова маънавий озуқа олганлигини, билим юрти талабаларининг изланувчан ва зукколигини айтиб ўз ҳайратини яшира олмади. Илм олиш учун яратилган шарт шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда доимо шукроналик кайфиятида фаолият олиб боришликни тилади.

Давра суҳбатига фаол иштирок этган талабалар билим юрти маъмурияти томонидан фахрий ёрлиғ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Ҳуснугул Ҳалимова, Билим юрти мутахассис фанлар услубий

бирлашма раисаси, ҳамда фиқҳ фани мударрисаси

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

     

 

 

 

 

БУГУНГИ кунда telegram мессенджери интернет фойдаланувчиларини ўзига тобора жалб қилиб бораётган ахборот дастури ҳисобланади.

Мазкур дастур турли хил форматдаги матнли хабарлар ва медиафайлларни ўзаро алмашиш имкониятини беради. У дастлаб 2013 йил августда ишга туширилган. Маълумотларга кўра, ҳозирда мессенджернинг 100 миллиондан ортиқ фойдаланувчиси бор. Телеграм орқали миллиардга яқин хабарлар, медиафайллар жўнатилади.

2015 йилнинг сентябрь ойида мессенджерда чекланмаган сондаги обуначилар учун хабарлар, медиафайллар жўнатиш имко­ния­тини берувчи каналлар — чатлар очила бошланди. Канални интернетдаги янгилик лентаси ва б­логга ўхшаб кетадиган ахборот тарқатиш воситаси дейиш мумкин. Каналда тескари алоқа қилиш иложсиз, фақат жўнатилган хабарни қанча киши томоша қилганини билса бўлади.

Мессенджернинг фуқароларимиз, айниқса, ёшларимиз маънавиятига, алалхусус, барқарорлигимизга таҳдиди эҳтимолини ўрганиш мақсадида айрим каналларда тарқатилаётган маълумотлар ўрганилди.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистонда мессенджер фойдаланувчилари ўртасида канал юритиш оммалашиб бормоқда.

Мессенджернинг шахсларни ўзига кўпроқ жалб қилиш омиллари сифатида у орқали нафақат ўқиладиган, балки эшитиладиган, томоша қилинадиган маълумотларни тезкор суръатларда жўнатилишини кўрсатиш мумкин.

Мессенджерда республикамизнинг бир қатор юридик ва жисмоний шахслари, жумладан, оммавий ахборот воситалари, тижорат ташкилотлари, хонанда, актёрлар, машҳур шахслар ўз каналларини очган. Улар қаторида айрим нотаниш бўлган шахслар ҳам канал очиб, турли маълумотларни жойлаштирмоқда.

Айрим каналларнинг обуначилари сони 50-100 минг атрофида. Мисол учун 2016 йил 12 октябрь ҳолатига кўра, “DUBSMASH UZ” каналининг обуначилари сони 100 000 мингдан, “FAXRIM” каналининг обуначилари сони 85 000 дан, “UzNewVideo” каналининг обуначилари 70 000 дан, “EngQiziqarli TV” каналининг обуначилари 66 000 дан, “MyTubeUz”, “Video.uz”, “Millioner_Uz”, “Uz_Music Bass” каналларининг обуначилари сони 50 000 дан кўп.

Ахборот тарқатиш имконияти, тезлиги, обуначилари сони жиҳатидан мессенджер каналлари республикамиздаги аксарият журнал ва газеталарга нисбатан солиштириб бўлмайдиган даражада устунликка эга. Мессенджер канали орқали маълумотлар 24 соат давомида келиб тушади. Телефон доимо ёнимизда бўлганлиги сабабли маълумот билан танишишнинг қулайлиги унинг ўзига хослигини белгилайди.

Санаб ўтилган ҳолатлар амалда мессенджер каналлари расман ОАВ ҳисобланмаса-да, ОАВдан кўра катта таъсирга эга эканига шубҳа йўқ. Бироқ қонунчиликда ОАВ фаолияти ҳуқуқий тартибга солинган, мессенджер учун эса бундай деб бўлмайди.

“Ҳуррият” газетасининг 2016 йил 39-сонида келтирилган қуйидаги фикрларга эътиборингизни қаратмоқчиман: “Ҳеч ким таш­қи кучлар томонидан ижтимоий тармоқлар, мессенджерлардан ўз мақсади йўлида фойдаланмайди, деб кафолат бера олмайди. Шундай гуруҳлар, каналлар борки, унда асосан фаҳш фоторасмлар, видео лавҳалар жойлаштирилмоқда. Бу маънавияти, маданиятида қуср бўлган шахсларни ўзига жалб қилиш учундир. Айнан шундай тоифа кишилар ўзларига жавоб бера олмайди. Ке­йинчалик бундай каналларда сиёсий мавзуга тааллуқли маълумотлар тарқатилиши ва гуруҳ аъзоларининг фикрини ўзгартиришга, маълум бир йўналишга солишга ҳаракат қилиниши мумкин”.

Мессенджерда тарқатилаётган айрим маълумотлар Ўзбекистон Республикаси “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонунида назарда тутилган шахснинг, жамиятнинг, давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлиги талабларига мутлақо зиддир.

Ўтказилган кузатишлар шуни кўрсатадики, айрим каналларда қонунчилигимиз, маънавиятимиз, ахлоқимизга қарши материаллар, жумладан, порнографик материаллар жойлаштирилмоқда.

Мессенджер шу пайтга қадар кенг оммага тарқатиш мумкин бўлмаган барча турдаги ижтимоий нормаларга зид бўлган “ҳикоя­лар”ни тарқатиш учун ҳам “ахборот майдони” сифатида шакл­ланиб улгурди.

Мисол учун, “EngQiziqarli TV” каналида (12.10.2016 й.) жойлаштирилган ҳикоялардан бири “Hammaga salom Man ismim Diyora...” деб номланиб, унда ёш аёлнинг курсдоши билан бўлган ҳаёсизлик ҳолатлари ҳикоя қилинган.

 “KamYob Fotolar TV” каналида жойлаштирилган “Akamni xotini kenayim bilan”, ёки “Ammam bilan...”, ёки яна бир каналдаги “Boshlig”im bilan ishxonada” номли ҳикояда шаҳвоний муносабатлар баён қилинган.

Мазкур мазмундаги бошқа материаллар нафақат канал обуначилари сонини кўпайтиришга, балки ижтимоий онгга, маънавия­тимизга қарши қаратилган. Келтирилган ҳикоялар тагзамирида биз учун муқаддас ҳисобланган қадриятлар, фазилатларни, одоб-ахлоқ, қариндошлик алоқаларида, оила муҳитида ўзини тутиш меъёрларини нафақат бузиш, балки шундай ҳолатлар мумкин экан ва бу унчалик шармандали ҳолат эмас, деган тасаввурни одамлар онгига сингдиришга қаратилган маънавий қўпорувчилик турибди. Бундай турдаги “ҳикоялар”ни тарқатиш орқали шаклланган юриш-туриш тарзини (стереотипини) ўзгартириш, ўта жирканч ҳолатлар деб қабул қилинадиган ҳодисаларни оддий ҳолатга айлантиришга қаратилган тарғибот ётибди.

Кузатувлар шуни кўрсатадики, аксарият ахлоққа зид бўлган ҳикоялар, расмлар, бошқа медиа­файллар бир қанча каналларда жойлаштирилган, бир каналда такрор-такрор келтирилган ҳолатлар жуда кўп. Умуман материалларнинг, жумладан, реклама хабарларининг каналларда жойлаштирилиши ва кўплаб такрорланишидан бу каналларнинг, хусусан, уларни бошқараётган шахс­ларнинг ўзаро алоқадорлиги тўғрисида таҳмин қилиш мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 189-моддасида порнографик маҳсулотни тар­қатиш, реклама қилиш, намо­йиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунинг­дек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун, 1891-моддасида зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланган. Бундай қилмишлар маъмурий жазо қўлланганидан сўнг содир этилган тақдирда Жиноят кодексининг 130 ва 1301-моддаларида жиноий жавобгарлик ҳам назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасига кўра, ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ёшларни ахлоқий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, терроризм ва диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилишдир.

Мессенджердан террорчи ташкилотлар алоқа, тарғибот воситаси сифатида фойдаланилганлик ҳолатлари маълум. Интернетда келтирилган маълумотларга кўра, Бельгия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари вакиллари террорчилар томонидан ёшларга асосан мессенджердан фойдаланиб таъсир этаётганлигини кўрсатишган.

The Wall Street Journal нашрининг жорий йил 20 октябрдаги сонида чоп этилган Стейси Мейхтри ва Сэм Шехнернинг мақоласида террорчилар Францияда содир этилган ва режалаштирилган террорчилик ҳаракатларида ҳам ушбу воситадан фойдалангани баён қилинган.

Мессенджер дастури асосчиси Павел Дуров ўз твиттерида террорчиларнинг 660 дан ортиқ каналлари ёпилганини ва маълумотлар келиб тушганда кунига 5-10 та каналлар ёпилаётганини таъкидлаган.

Бугун ҳеч кимга сир эмас айрим хорижий махсус кучлар томонидан ўзга мамлакатларда амалга оширилган давлат тўнтаришларида (“араб баҳори”, “ранг­ли инқилоблар” ва бошқалар) замонавий ахборот технологияларидан, жумладан, интернет, турли ижтимоий тармоқлар (фейс­бук, твиттер), мобил алоқадан самарали фойдаланилган. Мамлакатимизга нисбатан салбий таъсир кўрсатиш ниятида бўлган кучлар ўз ғараз мақсадлари йўлида мессенджер имкониятларини ҳисобга олиши мумкин. Мисол учун, обуначилари кўп бўлган муайян бир каналда сиёсий масалаларга оид материаллар тарқатила бориб, кейинчалик уларни маълум бир жойга йиғишга чорлаш мумкин.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, республикамиздаги айрим давлат органлари хизматчилари томонидан иш фаолиятида мессенджердан фойдаланмоқда. Албатта, бундан мақсад иш суръатларини ошириш. Бироқ айрим турдаги маълумотларни мессенджер орқали жўнатиш хавотирлидир. Баъзи хорижий мамлакатлар махсус кучлари томонидан фуқароларнинг мессенджердаги аккаунтига махфий тарзда кира олганлик ҳолатлари мавжудлиги бу йўналишда маълум қоидалар ишлаб чиқилишини тақозо қилади.

Юқоридагиларни умумлаштирган ҳолда қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин:

биринчидан, мессенджердан, жумладан, очилган айрим каналлардан ғайриқонуний, ахлоққа зид мақсадларда фойдаланилмоқда. Айрим мавзуларда тарқатилаётган материаллар жамият маънавий-мафкуравий асосларини емиришга қаратилган;

иккинчидан, мессенджернинг республикамиз ҳудудида ахборот воситаси сифатида мавқеи куча­йиб бормоқда;

учинчидан, террорчилар томонидан республикамизга нисбатан душманлик ҳаракатини амалга оширишда, жумладан, тарғибот қилиш, одам ёллашда мессенджердан фойдаланиши эҳтимоли истисно этилмайди;

тўртинчидан, мессенджердан хорижий кучлар томонидан сиёсий мақсадларда, жумладан, ижтимоий онгга салбий таъсир қилиш, ҳатто сайловларга таъсир қилишда ишлатиш эҳтимоли йўқ эмас;

бешинчидан, мессенджер ва унга ўхшаш ахборот воситаларини назорат қилиш стратегик вазифа сифатида қаралиши ва бунинг учун тегишли ҳуқуқий асослар, инфратузилма шакллантирилиши ва доимий тарзда такомиллаштирилиши зарур.

Мессенджер ва бошқа шунга ўхшаш ахборот дастурларидан ғайриқонуний, ахлоққа зид мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида давлат органлари томонидан комплекс чоралар кўрилиши лозим. Бу дас­турда, жумладан, қуйидагиларни кўзда тутиш мақсадга мувофиқ:

  1. Масалага оид қонунчилик базасини хатловдан ўтказиш, таҳлил қилиш ва такомиллаштириш бўйича таклиф киритиш. Хусусан, барча турдаги мессенджерларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаш қоидалари ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши масаласини кўриб чиқиш.
  2. Мессенджер орқали порнографик ва бошқа қонунга зид материаллар тарқатган, жумладан, канал очиб тарқатган шахсларни қатъий жавобгарликка тортиш масаласида барча чораларни кўриш.
  3. Мессенджердан ғайриқонуний, ахлоққа зид мақсадларда фойдаланишнинг олдини олишга йўналтирилган кенг кўламли тарғибот ишларини амалга ошириш. Жумладан:

мессенджердан ғайриқонуний мақсадларда фойдаланганлик учун жавобгарликка тортилган шахслар ва бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган махсус ҳужжатли фильм, видеороликлар ишлаб чиқиш ва уларни барча марказий телеканалларда бериш;

олий ўқув юртлари, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари, мактабларда махсус йиғилишлар ўтказиш, мессенджердан салбий мақсадларда фойдаланишга мойил бўлган талабалар, ўқувчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш.

  1. Давлат хизматчилари томонидан мессенджердан хизмат фаолиятида фойдаланиш бўйича маълум талабларни ўрнатиш.
  2. Мессенджердан ғайриқонуний, ахлоққа зид мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш борасида хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва уни республикамизга фаол жорий этиш зарурдир.

 

Худоёр МЕЛИЕВ,

Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи

 

 

Футбол ўйинига бежиз миллионлар ўйини деб таъриф берилмаган. Чунки ушбу спорт тури кутилмаган вазиятларга бойлиги билан бошқа спорт турларидан ажралиб туради. Мана бир неча йилдирки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасида ҳам футбол турнирлари ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон республикаси конститутцияси қабул қилинганининг 24 йиллик байрами муносабати билан ўтказилаётган футбол мусобақаси борган сари қизғин тус олмоқда. Ушбу турнинг 3 тур учрашувида жамоалар орасида энг кўп тўп киритган футболчи “Минор” жамоаси ҳужумчиси Парпиев Фазлиддин бўлди. Келинг энди ушбу тур натижалари билан танишсак:

Дўстлик (ТВИ) 3 - 5 Мовароуннаҳр
 
Ҳазрати Имом (ЎМИ) 5 - 2 Бухорий авлодлари (ТИИ)

Минор (ТШИ) 6 - 4 Кўкалдош

Эслатиб ўтамиз, навбатдаги тур ўйинлари 11 ноябрь (жума) кунига белгиланган бўлиб, унда қуйидаги жамоалар ўзаро беллашади.

Кўкалдош - Дўстлик (ТВИ)

Ҳазрати Имом (ЎМИ) -  Мовароуннаҳр

Минор (ТШИ) - Бухорий авлодлари (ТИИ)

 

Жамоа

Ўйин

Ғалаба

Дуранг

Мағлубият

Т-Н

Очко

1

Ҳазрати Имом (ЎМИ)

3

2

1

0

16-12

7

2

Минор (ТШИ)

3

2

1

0

18-14

7

3

Бухорий авлодлари (ТИИ)

3

2

0

1

9-10

6

4

Мовароуннаҳр

3

1

1

1

17-13

4

5

Кўкалдош

3

0

1

2

13-14

1

6

Дўстлик (ТВИ)

3

0

0

3

9-13

0

 ЎМИ ахборот хизмати

Глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик, динлараро тотувлик, ўзаро ҳамкорлик масаласи ривожланган ва ривожланиб бораётган мамлакатларнинг тинчлиги ва тараққиёти учун энг муҳим тамойиллардан бири бўлиб ҳизмат қилувчидир. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, қадим-қадимдан Юртимизда турли маданият, тил, урф-одатлар, ўз турмуш тарзига эга бўлган турли динларга эътиқод қилувчи ва бир-бирига ўхшаш бўлмаган турли халқлар, миллатлар яшаб келаётган заминдир. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов: “Бизнинг миллий хусусиятларимиз умуминсоний қадриятлар билан боғланиб кетган. Асрлар давомида халқимиз умумбашарий, умуминсоний қадриятлар такомилига улкан ҳисса қўшган. Турли миллат вакилларига ҳурмат, улар билан баҳамжиҳат яшаш, диний бағрикенглик, дунёвий билимларга интилиш, ўзга халқларнинг илғор тажрибалари ва маданиятини ўрганиш каби хусусиятлар ҳам халқимизда азалдан мужассам” – деб айтган эди.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган фуқаролар қайси динга мансуб бўлишидан қатъий назар биргаликда, тинч ва осойишта шароитда, Юртимиз равнақи учун фаолият юритиб, бутун жаҳонга намуна бўлаётганлиги инсонни завқлантиради. Республикамизнинг бош қомусида Юртимизда яшаётган барча миллат вакиллари миллати, тили, эътиқоди, ижтимоий холатидан қатъий назар Ўзбекистон ҳалқини ташкил қилиши ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, шунингдек эътиқод эркинлиги таъминланганлиги қайд этилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар” деб қайд қилинган. Бу хусусида Юртимизда виждон эркинлигига доир қонун асослари янада такомиллаштирилган, бугунги кунда Ватанимизда турли дин вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз динларига эътиқод қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Юртимиздаги диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик тарихий илдиз ва мустаҳкам қонуний асосларга эга бўлиб, дунёвий давлат ва динлар орасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. Буни жаҳон тан олмоқда ва эътироф этмоқда.

Истиқлол йилларида эришган энг катта бойлигимиз-халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётидир. Жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олийжаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун яшаш тамойили тобора мустаҳкамланиб бораётгани юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Ватанимиз ўз истиқлолини қўлга киритгач: “Бугун ана шу дин орқали вужудимизга мусаффолик, дилимизга, иншоаллоҳ, поклик кириб келмоқда. Ахлоқ-одоб, маърифат яна хонадонимиз файзига, одамлар хислатига айланишида исломнинг ўрни бениҳоя бўлмоқда” деб айтган сўзлари, диний бағрикенгликнинг динлар тарихини ўрганишда нечоғлик муҳим эканлигидан дарак беради.

Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб, Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида меҳнат қилиб келишмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олишлари, қизиқиш ва лаёқатлари бўйича касб-ҳунар эгаллашлари, маданиятлари, анъана ҳамда қадриятларини сақлаш, ривожлантиришлари учун барча зарурий шарт-шароитлар яратиб берилган. Бундай эътибор натижасида кўп миллатли халқимизнинг бой тарихий-маданий мероси қайта тикланди, қадр топди.

Инсоният тарихида кишилар орасидаги тенг ҳуқуқликнинг бузилишига, ўзаро зиддиятларга, кучли тўқнашувларга ва шунга оид инсонни ранжитадиган ҳолатларга сабаб бўлган омиллардан бири бир – бу турли дин вакилларининг бошқа динга эътиқод ва амал қилувчиларга диний айирмачилик асосида қараши, ўз динига бўлган тарафкашлик туйғуси, мутаассиблиги, ўзга диндаги кишиларга бошқача назар билан қарашлари оқибатида бугун дунёда турли хил инсон дилини хуфтон қилувчи воқеалар, ҳодисалар бўлмоқда. Айнан мана шу ҳодисалар ва разолатларни олдини олиш учун ҳам диний бағрикенглик долзарб масалалардан ҳисобланади.

Инсоният тарихига назар ташласак, ислом дини – биринчилардан бўлиб турли динларга эътиқод қилувчиларни бир жамиятда диний бағрикенглик, динлараро ўзаро ҳамкорлик тамойиллари асосида, тинч-тотув ва эмин-эркин, тенг ҳуқуқли тарзда  ҳаёт кечиришлари мумкинлиги ғоясини илгари сурди ва уни ҳаётга тадбиқ этиб, инсонларни унга тарғиб этди.

Муқаддас динимизнинг мўтабар манбаси бўлган Қуръони Каримда барча самовий динлар бир ўзакдан экани 15 аср олдин эълон қилган. Жумладан, “Сизлар учун диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани шариат қилиб: “Динни барпо қилингиз ва унда тафриқага тушманглар!”, – дедик.  Мазкур ояти каримага назар ташлайдиган бўлсак, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Исо (а.с.)ларга дин юборгани каби Пайғамбарлар саййиди, кўзимизни нури, қалбимизни сурури бўлган зот Муҳаммад (с.а.в.)га ҳам ҳақ дин юборган. Юборган барча пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг элчилари, танлаб олган бандалари эканлигига ишора бўлмоқда. Муфассир олимлар Аллоҳ таоло пайғамбарларга бир хил фармон қилганини айтиб ўтганлар, яъни “Динни барпо қилинглар, унда тафриқага тушманглар”.   

Мана шу маънодаги оятлар дунё динлари тарихини мукаммал ўрганиш, ўзаро ҳамкорлик қилиш, бағрикенглик тамойилларига асосланиб фаолият олиб боришга замин яратди. Мусулмонларда бошқа дин вакилларига нисбатан тоқатсизлик ва ғараз, адоват, нафрат эмас, ҳурмат ва бағрикенглик, ўзаро ҳамкорлик, иноқлик ва бошқа эзгу амаллар қарор топди.

Мантиқан олиб қараганда, турли дин вакилларининг бир жамият, бир ҳудуд, бир муассаса, ҳатто бир оила аъзолари бўлиб жамланишлари табиий ҳолдир. Агар илоҳий кўрсатмаларни инобатга олмасдан ҳамда диннинг моҳиятини тўғри тушунмасдан бу борада турли тафриқачиликка йўл қўйилса, жамият фуқаролари орасида, шунингдек, бир оилада яшаётган қондош-қариндошлар ўртасида ҳам парокандалик юзага келиши эҳтимолдан холи эмас.

Яна бошқа бир ояти каримада: “Айтингиз (эй, мўминлар!): “Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарса (Китоб)га, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодларига нозил қилинган нарсаларга, Мусога, Исога ва (барча) пайғамбарларга Парвардигорларидан берилган нарсаларга имон келтирдик (ишондик). Биз улар ўртасидан бирортасини (пайғамбар эмас деб) ажратиб қўймаймиз ва биз Унга (Аллоҳга) бўйин сунувчилармиз”, дейилади.

Муқаддас динимизнинг мўътабар манбаси Қуръони Каримда келган диний бағрикенглик ҳукмларига амал қилишнинг ёрқин ифодасини Муҳаммад (с.а.в.) ҳаётларида кўришимиз мумкин.

Пайғамбар (с.а.в.) Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг  у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаатлари учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшаганлар. Муҳаммад (с.а.в.) бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилардилар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан берилган ҳадяларни олардилар. У зотнинг бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари бир неча ҳадисларда зикр этилади. Бу эса диний бағрикенгликка ёрқин мисол бўлади.

Пайғамбар (с.а.в.)нинг бағрикенглик тамойилига амал қилганликларига яна бир мисол у зот Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига тушириб: “Улар бизнинг соҳибларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен уларни ўзим икром қилишни хуш кўраман”, – деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлари ислом тарихини ёритувчи асл манбаларда зикр қилинган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг бу борадаги бир нечта ҳадисларида инсоннинг қайси динга мансублигидан қатъий назар, аввало, унинг инсонлиги учун инсонийлик нуқтаи назаридан ҳурмат  қилиш лозимлиги таъкидланади. Жумладан: Абдураҳмон Абу Лайло ривоят қиладилар: “Саҳл ибн Наниф ва Қайс ибн Саъд Қодисияда ўтиришган эди, ёнларидан бир маййитнинг тобутини кўтариб ўтдилар. Шунда икковлари ўринларидан туришди. Буни кўрганлар улардан: “Бу маййит зиммийлардан-ку?!”–дейишди. Шунда улар бундай деб жавоб қилдилар: “Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ёнларидан бир маййитнинг тобутини кўтариб ўтиб қолдилар. Шунда у зот ўринларидан турдилар. Кейин унинг яҳудий эканини айтишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “У руҳ эмасми?!” – дедилар”.

Ҳақиқатан ҳам Ислом дини биринчилардан бўлиб бағрикенгликни жорий қилган, ҳаётга тадбиқ қилган десак айни сўзни айтган бўламиз.

Ҳаётдаги барча шаръий масалаларда ҳам турли дин вакиллари билан яхши муомалада бўлиш, уларнинг зиёфат ва маросимларида қатнашиш, сўйган жонлиқларини ейиш, хатто аёлларига уйланиш шаръан рухсат берилган амаллардан ҳисобланади. Бу борада фиқҳий китобларимизда кераклигича маълумотлар келтирилган.

Пайғамбар Муҳаммад (а.с.в.) вафотларидан кейин ҳам, у Зот бошлаб берган  (диний бағрикенглик, динлараро ҳамкорлик, ўзаро мулоқот) бошқа дин вакиллари билан яхши муомалада бўлиш анъанаси узвий ва изчил тарзда давом эттирилди. Масалан, Ҳазрати Умар (р.а.)нинг даврларида фатҳ қилинган ўлкадаги Илиё аҳли насронийларига ўзлари сўраганидан ҳам кўпроқ имкониятлар берганлар. Шунда насоролар патриархи ҳазрати Умар (р.а.)га ўша ернинг бош канисасида аср намозини ўқиб олиши мумкинлигини билдирганида: “Мен бу ерда намоз ўқисам, кейин бошқа мусумонлар ҳам Умар намоз ўқиган жойда биз ҳам намоз ўқиймиз, дея сизларни безовта қиладилар”, – деб у ерда намоз ўқимаганлар. Мана бу ҳам бағрикенгликнинг ҳаётдаги ва турли динлар ўртасидаги тотувлик тамойили эканлигини исботловчи омилдир.

Ғарблик диншунос (тарихчилар)дан Марк Сайс Ҳорун ар-Рашид давридаги бағрикенгликни шундай изоҳлаган: “Масиҳийлар, бутпарастлар, яҳудийлар ва мусулмонлар баб-баробар ҳукумат ишларида ишлар эдилар”.

Тарихга назар ташласак, Халифа Маъмун ўз “Академияси”га турли дин ва мазҳаб соҳибларидан бўлган олимларни тўплаган, “Илмдан нимани хоҳласангиз, баҳс қилаверинглар, фақат тоифачилик мушкулоти келиб чиқмаслиги учун ҳар ким ўз диний китобидан далил келтирмаса, бўлди”, – дегани ҳам динлар ўртасидаги яхши муносабатни шаклланишига асос бўлиб хизмат қилади.

Бу каби асл мисолларни ислом тарихидан ҳам бошқа динлар тарихидан ҳам жуда кўплаб келтириш мумкин.

Исломнинг бош манбаларида таъкидланган ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) томонидан қандай амал қилиниши ифода этилган кўрсатмалар бугунги кунимизга қадар давом этиб келмоқда. Жамиятимизда турли конфессия вакилларининг тинч-тотув ҳаёт кечириши, динлар орасида ҳамжиҳатлик тамойилларини қўллаб-қувватловчи дўстона мулоқотлар қилиниши қадимий анъаналаримизнинг доимий барқарорлигига далолат қилади.

Ушбу мақолада бугунги кунда инсоният эътиқод қилиб келаётган динларнинг тарихини ўрганишда бағрикенглик, динлараро тотувлик тамойилларининг ҳаётимиздаги аҳамияти унинг тутган ўрнини атрофлича ўраниб чиқдик. Бу билан инсонлар турли динлар тарихини бағрикенглик тамойили асосида билиш орқали олдин яшаб ўтган халқлар, қавмлар ва элатлар ҳақида энг тўғри тасаввурга эга бўладилар.

Турли динлар борасида энг тўғри маълумотларни ўрганиш, улардаги бағрикенгликни моҳиятини теран англаш глобаллашув даврида кишилар учун иноқлик, тотувлик, тинчли-ҳотиржамлик учун асосий мезон бўлиб хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, инсоннинг дини, тили, миллати, ирқидан қатъий назар, аввало, уни инсонлиги учун ҳурмат ва эҳтиром қилиш башариятнинг кўп минг йиллик тарихидан мерос бўлиб келаётган олижаноб фазилатлардан биридир. Шундай экан, бағрикенглик, ўзаро тотувлик, динлараро ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида ҳаёт кечириш давримизнинг ҳам динимизнинг ҳам талаби ҳисобланади.

Исомиддин АХРОРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент шаҳар вакиллиги ходим,

“Оқилон” жоме масжиди имом-хатиби.

 

 

 

 

 

Top