Рамазон

САҲАРЛИК – БАРАКАДИР

Одатда биз Рамазонни интизор бўлиб кутганимиз, соғинганимиз ҳақида кўп гапирамиз-ку, бироқ Рамазон ойи ҳам бизни соғиниши ҳақида ўйламаган ҳам бўлсак керак. Аслида Рамазон сиз ва биз соғинганимиздан кўра кўпроқ бизни соғинади. Қандай қилиб? Рамазон бизни соғинганидан ҳар йили бизга тобора яқинлашиб ўтган йилдагидан кўра эртароқ келади-ку. Бу Рамазоннинг бизни соғиниши эмас-ми ахир?

Рамазон ойи келиши билан ҳаётимизга барака кириб келади. Бу ойда қилинган кичик амал учун улкан савобларга эришилади. Саҳарлик вақти кўплаб баракаларга тўладир. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Саҳарлик қилинглар. Албатта, саҳарликда барака бордир, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Саҳарлик қилиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларидан бўлиб,  Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга саҳарлик қилишларини бундай баён этадилар:

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан саҳарлик қилдик. Сўнгра у зот намозга турдилар.....(Имом Бухорий ривояти).

Ибн Абу Жамрот (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қачонки бирор иш бўлса уни агар умматларига енгил бўлса қилганлар. Шу сабабли, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳарлик қилишга одатланганлар. Чунки саҳарлик қилмасалар умматлари ҳам у зотга эргашиб қийналиб қолишлари мумкин эди.  

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳамиша саҳобаларга саҳарлик қилиш, унинг фазилатлари ҳақида сўзлар эдилар. Шу боис, саҳобалар саҳарликка туришни ўзларига одат қилиб олгандилар. Ирбод ибн Сария (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон ойида мени саҳарликка чақириб, барака дастурхони сари шошилгин, дедилар (Абу Довуд ва Насоий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Ҳорис (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига кирганимда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳарлик қилаётган эканлар. Шунда менга, албатта, саҳарлик баракадир, дедилар (Насоий ривояти).

Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Барака жамоат ва саҳарликдадир дедилар. (Имом Табароний ривояти)

Абу Саид Ҳудрий (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Саҳарлик вақтида таом истеъмол қилиш – баракадир, бир қултим сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинг, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Саҳарлик Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларига эргашишдан ташқари, уммати Муҳаммадни аҳли китобдан ажаратиб турувчи амаллардан бири ҳамдир. Бу ҳақда Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Бизнинг рўзамиз ила аҳли китобларнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик емагидадир, дедилар (Имом Мусли ривояти). 

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) оғиз очиш вақти келса ифторлик қилишга шошилиб, саҳарликни эса кечиктирардилар ҳамда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай қилганлар, дер эдилар.

Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Мен оилам билан биргаликда саҳарлик қилардим ва бамдод намозини Набий (алайҳиссалом) билан ўқишга кеч қолмай деб шошилиб уйимдан чиқардим (Имом Бухорий ривояти).

Саҳарликдаги баракалардан яна бири унда дуоларимиз қабул бўлувчи вақт бордир. Бу ҳақда Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Аллоҳ таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда дунё осмонига нозил бўлади ва: Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтадики, Мен уни мағфират қилсам», дейди, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Саҳарлик қилиш Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳматига сазовор бўлишга сабаб бўлади. Абу Саид Ҳудрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Саҳарлик қилувчига Аллоҳ ва унинг фаришталарининг раҳмати бўлади, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Шунингдек, саҳарлик вақтида хурмо истеъмол қилиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларидан ҳисобланади.

Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик, деганлар (Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Айтинг (эй, Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир» (Оли Имрон, 31).

Аллоҳ таоло барчамизни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳарлик қилиш бўйича суннатларига амал қилишимизни насиб этсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

76855 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Кўз рўзаси Рамазон – зикр ойи »
Top