muslim.uz
Уккоша ким эди?
Уккоша ибн Миҳсан улуғ саҳобалардан бўлиб, Бани Абдушшамс ибн Абдуманофнинг иттифоқдоши эдилар. У киши Исломга аввал кирган пешқадамлардан бўлиб, Мадинага ҳижрат қилганлар. Уккоша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча жангларда қатнашдилар.
Бадр кунида жанг қилаётганларида қиличлари синиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига йўғон таёқ бериб: «Мана бу билан жанг қил, эй Уккоша!» – дедилар. Таёқни олиб силкитган эдилар, қўлларида узун ялтироқ қиличга айланди. Уккоша розияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло мусулмонларга ғалабани ато қилгунича ўша қилич билан жанг қилдилар. Бу қилич “Ал-авн” (ёрдам) деб номланарди. Ўша қиличлари доим унинг ёнида бўларди. У Ридда жангида ҳалок бўлганида ҳам қиличи ёнида эди. Ўшанда уни Тулайҳа ибн Хувайлид ал-Асадий ўлдирган эди. Бу воқеани Ибн Асир “Усдул ғоба” китобида келтирганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимдан етмиш минг киши ҳисоб қилинмасдан жаннатга кирадилар” дедилар. Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени ўшалардан қилсин” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим! Уни ўшалардан қилгин!» – дедилар. Кейин яна бир киши ўрнидан туриб: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени ҳам ўшалардан қилсин” деди. Шунда у зот соллалоҳу алайҳи васаллам: “Уккоша бу борада сендан ўзиб кетди” деб марҳамат қилдилар. Имом Муслим ривоятлари.
Ушбу ҳадисдан мана буларни оламиз:
- Яхшиликка шошилиш, мусобақа қилиш, кеч қолмаслик зарурлиги. Яхшилик борасида секинлашиш эса фойдадан маҳрум бўлишга, орзуга етолмасликка, мақсадга етишиш кечикишига, фурсат қўлдан бой берилишига сабаб бўлади.
- Яхшиликка уринган, шошилган кишини мукофотлаш.
- Солиҳ амалларга шошилувчиларни алоҳида зикр қилиш.
- Мукофот амалдан кейин бўлади. Уккоша розияллоҳу анҳу унгача кўп амал қилган, барча жангларда қатнашган эдилар. Аллоҳ таоло Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларига мазкур ҳадисни Уккоша розияллоҳу анҳу борликларида жорий қилди, Уккошага эса тезкорлик билан фурсатни ғанимат билишни насиб этиб, сўнггида мукофотни ато этди.
- Жавоб беришдаги лутф, мулойимлик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи сўраган кишига “Сен лойиқ эмассан”, “Сен муносиб эмассан” демадилар. Балки унинг кўнглига ботмайдиган қилиб, “Уккоша бу борада сендан ўзиб кетди” дедилар ва бу билан қайта сўраш эшигини беркитдилар.
- “Ўзиб кетди” деган сўз билан яхшилик масаласида мусобақалашиш кераклигини баён этдилар.
- Мусобақада ютган кишининг исмини эслатиб, бошқаларга намуна қилиш. Уккоша деб эълон қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Умматимдан етмиш минг киши ҳисоб қилинмасдан жаннатга кириши берилдим. Уларнинг юзлари бадр (ой тўлган) кечадаги ойдек ва қалблари бир одамнинг қалбидек бўлади. Мен Раббим азза ва жалладан яна қўшишини сўрадим. У менга ҳар бирлари билан етмиш мингта қўшиб берди”.
Бу ҳадиси шарифни имом Аҳмад “Муснад”ларида ривоят қилганлар. Устозларимиздан Мубашшир Аҳмад ҳафизаҳуллоҳ ушбу ҳадисни таржима қилиб, остига қуйидагича изоҳ ёзганлар: “Мен ҳисоблагични олиб етмиш мингни етмиш мингга кўпайтирдим. 4900000000 (тўрт миллиард тўққиз юз миллион) чиқди. Эй карами кенг Зот, Расулинг соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир сўровларига етмиш минг баробар қўшиб бердинг. Биз ҳам ўзимизнинг ҳолимиздан келиб чиқиб ўтинамиз, бизни ўша тўрт миллард тўққиз юз миллиондан биттаси қилгин! Ё Робб, бизни ҳисоб беришга мажолимиз йўқ.
Аллоҳ таоло бизни ҳам ана шу ҳисобсиз жаннатга кирувчилар сафида қилсин!
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Тунда бажариладиган 4 амал
- Кечаси у ён-бу ёнга ўгирилганда Аллоҳни зикр қилиш.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда у ён-бу ёнга ўгирилсалар бундай дер эдилар:
لاَ إله إِلا الله الْوَاحِدُ الْقَهَّارُ رَبُّ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ وَمَا بَيْنَهُمَا الْعَزِيزُ الْغَفَّارُ.
“Лаа илаҳа иллаллоҳу Ал-Вааҳидул Қаҳҳаару Роббус самавати вал арзи ва маа байнаҳума Ал-Азийз Ал-Ғаффор”
“Ягона ва Қаҳҳор бўлган Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У осмонлару ер ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг Робби Азиз ва Ғаффордир”.
- Тунда уйғонганда дуо қилиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Кимки кечқурун уйғонса:
لا إلَهَ إلاَّ الله وحْدَهُ لا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ المُلْكُ ولَهُ الحَمْدُ، وهُوَ على كلِّ شيءٍ قَدير، الحَمْدُ لله وسُبْحانَ الله ولا إله إلا الله والله أكبر، ولا حَولَ ولا قُوةَ إلا بالله.
“Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайин қодийр. Алҳамдулиллаҳ, Субҳаналлоҳ ва Лаа илаҳа иллаллоҳу Аллоҳу акбар ва Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”
“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У ёлғиздир. Унинг шериги йўқдир. Моликлик Унга хос. Барча ҳамду сано Унга хос. У ҳар бир нарсага қодирдир. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Аллоҳни поклаб ёд этаман. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳ буюкдир. Ҳеч қандай ўзгартириш ва куч-қудрат йўқдир, магар Аллоҳ(нинг ёрдами) ила бўлур”, деб айтса, сўнг "Аллоҳим, мени кечиргин" деса, (ёки дуо қилса, дедилар) албатта, ижобат қилинади. Агар таҳорат қилиб, намоз ўқиса, намози қабул қилинади» (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ривояти).
- Қўрқиб уйғонганда ушбу дуони ўқиш:
عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ قَالَ: إِذَا فَزِعَ أَحَدُكُمْ فِي النَّوْمِ، فَلْيَقُلْ: أَعُوذُ بِكَلِمَاتِ اللَّهِ التَّامَّاتِ مِنْ غَضَبِهِ وَعِقَابِهِ، وَشَرِّ عِبَادِهِ، وَمِنْ هَمَزَاتِ الشَّيَاطِينِ، وَأَنْ يَحْضُرُونِ. فَإِنَّهَا لَنْ تَضُرَّهُ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бирортангиз уйқуда қўрқса: “Аъузу бикалиматиллаҳит таммати мин ғазабиҳи ва иқобиҳи ва шарри ибадиҳи ва мин ҳамазатиш шайатийн ва ай яҳзурун”
“Аллоҳнинг мукаммал калималари ила Унинг ғазаби ва жазоси, бандаларининг ёмонликлари, шайтонларнинг васвасалари ва уларни менинг олдимга келишларидан паноҳ тилайман”, десин (Имом Термизий ривояти).
- Ёмон туш кўрганда Аллоҳдан паноҳ сўраш:
وعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ ، أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِيَّ يَقُولُ: إِذَا رَأَى أَحَدُكُمْ رُؤْيَا يُحِبُّهَا فَإِنَّمَا هِيَ مِنَ اللَّهِ، فَلْيَحْمَدِ اللَّهَ عَلَيْهَا وَلْيُحَدِّثْ بِهَا، وَإِذَا رَأَى غَيْرَ ذَلِكَ مِمَّا يَكْرَهُ، فَإِنَّمَا هِيَ مِنَ الشَّيْطَانِ، فَلْيَسْتَعِذْ مِنْ شَرِّهَا وَلاَ يَذْكُرْهَا ِلأَحَدٍ، فَإِنَّهَا لاَ تَضُرُّهُ. صحيح البخاري،
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз ўзига ёқадиган туш кўрса, уни Аллоҳ таоло сизга марҳамат қилган бўлиб, бунинг учун дарҳол Раббингизга ҳамду сано айтсин ва кўрган тушини (солиҳларга) айтсин. Агар кўнгли хушламайдиган тушни кўрса, демак, у шайтон тарафидан бўлиб, унинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ тиласин: “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” ва уни ҳеч кимга айтмасин. Шунда кўрган ёмон туши унга зарар келтира олмайди!” дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривояти қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз ўзи ёқтирмайдиган туш кўрса, чап тарафига уч марта туфласин ва шайтондан Аллоҳ таолодан паноҳ тиласин ҳамда бошқа тарафга ўгирилиб олсин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Ҳаё – илоҳий ҳислатдир
Мусулмон киши хулқланиши лозим бўлган гўзал хулқлардан бири ҳаё бўлиб, бу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизга буюрган таълимотларидан биридир. Аслида ҳаё одам фарзандининг барчаси учун Аллоҳ таоло тарафидан берилган насиба бўлиб, одам боласининг яратилиш табиатида бордир. Бу ҳақда Қуръони каримдаги Одам алайҳиссалом қиссасидан биламиз. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳавво онамизни жаннатдаги бир дарахтга яқинлашишдан қайтарган пайтда, шайтон уларни васваса қилиб, Роббиларининг қайтариғини бузишга эришди. “Бас, уларни алдов ила паст(ҳолат)га туширди. Икковлари дарахтдан татиб кўришганида, авратлари ўзларига кўриниб қолди ва ўзларига жаннат баргларидан тўсиқ тўқий бошладилар.....” (Аъроф сураси, 22-оят). Оятга эътибор беринг: Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамизнинг авратлари фақатгина ўзларига кўринди холос. Шу ҳолатда ҳам дархол ўзлари уялиб, ҳаё қилиб, барглар билан авратларини тўсишга киришдилар. Уларга ҳали бирор инсон аврат ҳақида, уялиш ва ҳаё ҳақида гапирмаган эди. Лекин, яратилиш табиатидаги ҳаё аталмиш сифат уларни беихтиёр ушбу ишни қилишга ундади. Демак, ҳаё инсон учун илоҳий бир ҳислатдир.
Умматлари учун ҳар бир ишда намуна бўлган зот Муҳаммад алайҳиссалом ҳаё бобида ҳам пешқадам эдилар. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ва бошқалар Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёлари чимилдиқдаги келинникидан ҳам кучлироқ эди. Бир нарсани ёқтирмасалар, юзларидан билар эдик. У зотнинг терилари латиф ва зоҳирлари юмшоқ эди, ҳаё қилганликлари ва олийжанобликлари туфайли ҳеч кимга ёқмайдиган муомала қилмас эдилар”.
Бу ҳадисда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёларини таърифлашда гўзал ўхшатишни танланган. Маълумки, ҳаёнинг энг юқори чўққиси гўшангага кирган янги келинчакда кузатилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёлари эса, ушбу даражадан ҳам юқори эди.
Инсон учун энг катта бойлик бу шубҳасиз иймон неъматидир. Иймон эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бир қанча бўлаклардан иборат. Шулар қаторида: “.... Ҳаё ҳам ўша иймон бўлакларидан биридир” (Муттафақун алайҳ) Демак, иймонни мукаммал бўлишига сабаб бўлувчи ҳислат бўлишнинг ўзи ҳам, ҳаёнинг қадри қанчалар баланд эканлигини англатади.
Ҳаё қилиш нафақат Исломда, балки барча илоҳий динларда ҳам тарғиб қилинган ҳислатдир. Бунга хужжат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларидир: “Инсонларга аввалги пайғамбарлардан етиб келган бир гап бор: “Уялмасанг билганингни қил” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳадисдан маълум бўладики, аввал ўтган барча пайғамбарлар ўз умматларини гуноҳ ва маъсият қилишда Аллоҳдан ҳаё қилишга чақирар эдилар. Агар шунда ҳам тўхтамасалар, “Уялмасанг билганингни қил”, деган энг оғир гапни айтар эдилар. Чунки Аллоҳдан уялмаган, унга осий бўлишдан ҳаё қилмаган киши учун бошқа бирор мавъиза таъсир қилмайди.
Демак, ҳаёдан кўзланган асосий мақсад – гуноҳлардан тийилишдир. Уламоларимиз ҳаёга таъриф бериб: “Ҳаё бир хулқдирки, кишини ёмон иш қилгани қўймайди. Ҳамда ҳақдорнинг ҳақини адо қилишда пайдо бўладиган сустликдан маън қилади”, дейишган.
Абулқосим Жунайд раҳимаҳуллоҳ: “Ҳаё – Аллоҳнинг неъматларини ва ўзининг шукридаги камчиликни ҳис этишдир. Буларнинг ўртасидаги бир ҳолат юзага келадики, у ҳаё, деб номланади”, деганлар.
Хулоса шуки, ҳаё иймонни мукаммаллигидандир. Чунки ҳаёли киши ёмон амалларни қилишдан ўзини тўхтатади. Ҳаё итоатга ундайди. Ҳаё бу инсон фитратида бор бўлган ҳислат бўлиб, хулқланиш, уни касб қилиш ва шариат одобларига амал қилиш орқали кучайтирилади.
Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳдан сақланишимизга ва солиҳ кишилар сафига қўшилишимизга сабаб бўладиган ҳақиқий ҳаё билан сийласин!
Ёрбек ИСЛОМОВ
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби
Ниятингиз амалга ошишини истайсизми?
Бу дунё шундай тузилганки, одам нимани истаса, вақти-соати келиб шунга албатта эришади. “Йўғ-е, наҳотки”, дейишга шошилманг.
Инсон аввало ўз ҳаётининг ягона соҳиби, ўз-ўзининг доно посбони, доно табиби, доно боғбони эканлигини чуқур англамоғи лозим. Жалолиддин Румий ҳазратлари:
Нарса йўқким, хорижи олам эрур,
Ҳар не истарсен, ўзингда жам эрур, - деб бежизга ёзмаганлар.
Хуллас, инсон ўзининг улуғ мақомини доимо ёдда тутиб, шунга мос саъй-ҳаракат қилса, унинг ҳаёти ўзи истаганидек завқли, фаровон, бахтли кечади. Маълумки, ҳаётда ҳамманинг ўз орзу-умидлари, армонлари бўлади. Улар фақат орзу-армонлигича қолиб кетиши керакми?! Улар рўёбга чиқмоғи лозим! Асосийси, орзу-ниятлар эзгу бўлиши шарт.
Оқил инсон алоҳида вақт ажратиб, ўзи ҳаётдан нималар олиши кераклигини аниқ-равшан белгилаб олади. Ҳаётий режалар ниҳоятда пухта тузилади, ҳар бир майда-чуйда ҳолатлар ҳам эътибордан четда қолмаслиги жуда муҳим. Ҳатто, ўз истакларингиз рўйхатини ёзиб чиқишингиз мумкин. Орзу-ниятларнинг пировард натижаларини олдиндан тўлиқ тасаввур этиш, уларга ҳозироқ эришгандек ҳузурланиш ҳам мумкин! Режалар муайян вақтдан сўнг худди Сиз ўйлагандек амалга ошишига заррача шубҳа қилмаслик керак. Турган гапки, орзулар рўёбга чиқишини “осмонга қараб” кутиб ўтирилмайди. Жидду-жаҳд ва қатъият ҳамма ҳавас қиладиган сифатингиз эканлигини унутманг. Асосийси – саъй-ҳаракатлар зерикарли ва машаққатли эмас, қизиқарли ва ҳузурбахш бўлиши шарт. Доимий шиор: “Бўлмоқ, Бажармоқ, Эришмоқ”.
Одам ўз ҳаётининг ягона соҳиби, яъни РАҲБАРИдир, дедик. Шундай бўлгач, оқил раҳбар ўз ихтиёридаги асосий “заҳира” ва имкониятларини доимий назоратда тутади. Уларни ўз фойдаси йўлида ишлата билса – олам гулистон. Бу “ходим”лар раҳбар фойдасига тинимсиз ишламоғи лозим. Мана, ўша “ходим”ларнинг исмлари:
- Вақт
- Диққат-эътибор
- Ғайрат-шижоат (Энергия)
- Маблағ
Вақт
“Сиздан (эй Муҳаммад!) ҳилоллар (янги ойлар) ҳақида сўрайдилар. “Улар одамларга (йил ҳисоби) ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир”, – деб айтинг” (Бақара сураси, 189)
Фалсафада Вақтга: “Вақт, худди фазо каби, материя мавжудлигининг формаларидан бири”, дея таъриф берилган. Донишмандларнинг таърифи бўйича вақт - ўтмишни келажак билан туташтирувчи... “ҳозир”дир. “Ҳозир” эса, чегарага эга бўлмаган, ўтмиш ва келажак қоришмасидан иборат бўлган кўламсиз, мавҳум воқеликдир. Ўтмишни ортга қайтариб бўлмайди. Келажак ҳали олдинда. Бинобарин, агар айнан “ҳозир”дан унумли фойдаланмасак, келажакдан яхши натижа кутиш қийин. Энди қаранг-чи, Сизнинг “Вақт” аталмиш “ходим”ингиз яхши ишлаяптими? Бекорчиликдан эснаб ўтирмаяптими? Ундан Сизнинг умидингиз қандай?
Диққат-эътибор
“Албатта, бунда фаросатли кишилар учун оят(белги)лар бордир”
(Ҳижр сураси, 75)
Иккинчи содиқ хизматчи – “ДИҚҚАТ-ЭЪТИБОР”дир. Бу иккисининг жамланмаси фаросат дейилади. Эътибор беринг: хотирингиз жамми? Диққатингиз энг асосий мақсадга қаратилганми? Ёки вақти-вақти билан чалғиб турадими? Ёки диққат-эътибор, ўрнини лоқайдликка бериб, ўзи қотиб ухлаяптими? Режани батафсил тузгач, уни “диққат-эътибор” билан муҳокама қилмоқ лозим. Чунки, мақсадга етишишда диққат-эътибор асосий ўринда туради. Алишер Навоий бобомиз:
Шоҳсен, агар огоҳсен сен-сен.
Агар огоҳсен – шоҳ сен-сен, деб айтганлар. Огоҳ одам – диққат-эътиборли одам дегани-да.
Дунё – фоний, вақт – ғанимат, умр – югурик. Бинобарин, диққат-эътиборнинг бир зум ҳам мудрашига йўл қўйиб бўлмайди. У Сизга ҳафтасига 7 кун, суткасига 24 соат ишлаб бериши лозим. Хавотир олманг, чарчаб қолмайсиз. Олдинда ҳар биримизни шундоқ ҳам, узундан-узоқ “уйқу” кутиб турибди...
Бу дунё, ўзи чекли-чегарали бўлса-да, – чексиз Имкониятлар дунёсидир.
Ғайрат-шижоат (Энергия)
Шижоатингиз ҳар доим Сизнинг мақсадингизга мос йўлда сарфланяптими? Шижоат, қаерда ва қачон “майдон”га тушишини яхши билиши лозим. Шунингдек, “Ғайрат-шижоат”, “Диққат-эътибор” билан доимо бирга ҳаракат қилишни севади. Масалан, елканли кема, штурвал (бошқарув рули, яъни - диққат-эътибор) ва шамол (шижоат)сиз манзилга етиши мушкул.
Буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари шундай ўгит берадилар:
Шижоатли кишиларни дўст тут, чунки Тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайди.
Шижоат ва жасурлик хислатлари билан ҳаётда нималарга эришиш мумкинлигини Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг шонли ҳаёт йўллари яққол кўрсатиб турибди.
Агар мусулмон банда ғайратсиз, шижоатсиз ва камчиликка йўл қўйиб юрадиган кишилардан бўлса, шайтон уни хорлашни кучайтиради, зиммасидаги мажбуриятларни бажармасликни унга енгил бир иш қилиб, ҳаром амалларга қўл уришни чиройли қилиб кўрсатади. Натижада мусулмон ана шу ишлари билан Аллоҳ ва Расулининг итоатидан йироқлашиб кетаверади.
Маблағ
“У кунда на молу давлат ва на бола-чақа фойда бермас. Аллоқ хузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)”
(Шуаро сураси, 88-89).
Тўртинчи “ходим” – маблағ яъни пулни ҳам доимий назоратда ушлаш зарур. Пулни топиш ва кўпайтириш, сарфлаш ва тақсимлаш масаласига жиддий эътибор билан ёндошмоқ лозим. Чунки ҳалол аниқ ва ҳаром ҳам аниқ. Банда топаётган маблағининг ҳалол-ҳаромлигига эътибор бермаса икки дунё азобига дучор бўлади.
Оқил Раҳбар, юқоридаги “ходим”лари ишини назорат қилавериб, чарчамайди, ҳаётнинг роҳат-фароғатидан бебаҳра қолмайди. Иймон – пок, қалб – тоза, фикр – тиниқ, мақсад – эзгу бўлгач, ҳаётда ҳамма нарса ўз ўрни-ю вақти билан амалга ошаверади.
Унда, ғам-қайғу, ҳасрат-надоматлар, иллат ва оғриқлар қайда қолади, дейсизми? Эҳ! Умр – ғанимат-ку ахир!
Юқоридаги сифатлар соҳиби – пок иймон эгаси учун ўткинчи дунёнинг ғамларига вақт йўқ! Бундайлар ҳатто, касал бўлгани учун, боши ғалвага қолгани учун ҳам Яратганга шукрона айтадилар.
Ёдда тутмоқ лозимки, фикр – моддийлашиш хусусиятига эга. Бинобарин, муайян фикр чин ихлос билан мияга жо қилинса, вақти-соати келиб у албатта моддийлашади. Яъни, орзу-ният амалга ошади.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўшанга бўлади”, деганлар.
Мақсадни барбод қилувчи тўсиқлар:
- “ВАҚТ ЙЎҚ!”,
- “ПУЛ ЙЎҚ!”,
- “ЁРДАМ БЕРМАЙДИ, БАРИБИР ФОЙДАСИ ЙЎҚ!” деган қайсар ва ўта хавфли баҳоналардир.
Аслида, ҳаммаси бор (ёки топса бўлади), фақатгина чинакам ХОЛИС НИЯТ ЙЎҚ...
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг ҳаётлари
Хўжагон тасаввуфий тариқатининг муршиди, кейинчалик нақшбандия тариқати ва таълимотининг ҳақиқий асосчиси, улуғ инсонпарвар сўфий Абдухолиқ Ғиждувоний ҳисобланади. Улуғ мутасаввуф олим, шайх Абдухолиқ Ғиждувоний Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг тўртинчи халфалари (муридлари) бўлиб, 1103 йилда Ғиждувон шаҳрида таваллуд топганлар. Тасаввуф ва суфийлик маданиятига бағишлаб кўплаб асарлар ёзиб қолдирган.
Улардан қуйидагилар: «Рисолаи соҳибия», «Мақомати шайхул-шуйух Юсуф Ҳамадоний», «Насиҳатнома», «Васиятнома», «Рубоийёт» ва бошқалар.
Илк устози тафсир илмининг султони Имом Садриддин ҳисобланиб, йигирма икки ёшда Юсуф Ҳамадоний билан учрашади ва унинг муридига айланади. Хожа Юсуф Ҳамадоний Абдухолиқ Ғиждувоний қалбида Аллоҳга бўлган чексиз муҳаббат борлигини билгач, суфийлар жамоасига олиб киради. Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний устози билан боғлиқ тарихни ўрганувчи барча мусулмон ва европалик олимлар "Рашахот айнул ҳаёт" асарига ишончли манба сифатида мурожаат этадилар.
Фахруддин Али Сафий ибн Ҳусайн Воиз Кошифийнинг "Рашахот айн ул ҳаёт" асарида Хўжаи Жаҳон Абдухолиқ Ғиждувонийнинг хўжагон нақшбандия таълимотининг асосчиси эканлиги, бу таълимотнинг моҳияти, ўзига хос томонлари, бу таълимотнинг барча табақалар учун маъқул эканлиги ҳақида ёзилган. Бу манба Хўжагон тариқатининг моҳиятини ўрганишда кенг китобхонлар оммасига ёрдам беради.
XV асрнинг мўътабар адиби ва мутафаккири Абдураҳмон Жомий тасаввуфнинг йирик намояндалари ҳақида қомусий маълумотларни қолдирган. Бу улуғ зотнинг ҳозирча - 2 та асарида: "Нафахотул унс" ва "Баҳористон"да Абдухолиқ Ғиждувоний ҳақида ёзиб қолдирган маълумотлар бор. "Нафахотул унс" (Қувончли туҳфалар") Абдураҳмон Жомийнинг тасаввуф аҳли таржимаи ҳоли ва ижодини ўз ичига олган тазкираси 1475-1476 йилларда ёзилган. Асарда турли даврларда яшаган тасаввуф тариқатининг 600 дан зиёд вакили ҳақида маълумот берилади. Асарнинг 242-243 бетларида Ҳазрат Хўжа Абдухолиқ Ғиждувонийга оид тавсиф баён этилган. Алишер Навоий бу асарлардан илҳомланиб, "Насойимул муҳаббат" номли асар яратган. Алишер Навоийнинг "Насойимул муҳаббат мин шамойимул футувват" тарихий-фалсафий асарида улуғ зот ҳақида маълумот бериб, Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний ҳақида тавсифлар ифодаланган.
"Абдулланома" тарихий асарининг муаллифи Ҳофиз Таниш Бухорий (XVII аср) "Хожайи Жаҳон Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний" деб ҳурмат билан ул зотнинг номларини тилга олади. Бундан маълум бўладики, у кишини Хўжаи Жаҳон деганлар, шу манбада туғилган йили 1111, вафоти 1179 йил деб кўрсатилган. Қабрлари ўз она юртлари Ғиждувонда деб кўрсатилган.
Бухоро вилояти Ғиждувон шаҳридаги “Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний” жомеъ масжиди соҳибикаромат Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари номлари билан аталади. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний “Хўжаи жаҳон”, “Зикр қалб султони”, “Икки олам Хўжаси”, “Қутби замон”, “Офоқи замон” каби жуда кўп сифатлар берилган. Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний “бўз тўқиш” касби билан шуғулланганлар. Хўжагон тариқати асоси Қуръон ва ҳадисга таяниб, бидъату хурофот, сохта пиру-муридликка қарши қаттиқ курашиб, тама ва миннатдан инсониятни қайтариб халол меҳнат орқасидан кун кечиришга Аллоҳ берган ризқни кўпчилик билан баҳам кўришга ундаб келганлар.
Буюк аждодларимиздан соҳибқирон Амир Темур Хитой урушидан қайтгандан сўнг Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг шарафларига атаб мадраса ва мақбара қуришни ният қилади, аммо ниятини амалга оширолмайди. Ёш бўлишига қарамасдан бобосининг ёнида юриган невараси Мирзо Улуғбек бу эзгу ниятни амалга ошириб, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний шарафларига атаб 1433 йилда болаларни Қуръон ва ҳадис, фиқх ва тафсир илмлари ўрганишлари учун мўжаз бир мадраса, Ғиждувон шаҳрида кутубхона ва тошҳаммом қурдириб беради. Бухоро амири Амр Абдуллохон томонидан Абдулхолиқ Ғиждувоний шарафларига атаб масжид, минора ва ҳовуз барпо этади.
Тошкент ислом институти
Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси
ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев