muslim.uz
26.04.2019 й. Амалларда ихлоснинг аҳамияти
بسم الله الرحمن الرحيم
АМАЛЛАРДА ИХЛОСНИНГ АҲАМИЯТИ
اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي نَجَّى عِبَادَهُ الْمُخْلِصِينَ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ الَّذِي كَانَ نَمُوذَجًا لِلْمُخْلِصِينَ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ وَ مَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ اَمَّا بَعْدُ
Ҳурматли жамоат! Динимиздаги муҳим асослардан бири ҳар бир амални Аллоҳ таоло учун холис қилиш ва ихлосни йўққа чиқарадиган риё, сумъа, ужб, кибр ва ғурур каби амаллардан узоқ бўлишдир. Шунинг учун ихлоснинг моҳиятини ўрганиш ва у ҳақида мулоҳаза қилиш ҳар бир мусулмон учун зарур ҳисобланади.
“Ихлос” сўзи “тозалаш” ва “поклаш” маъноларини билдиради. Яъни, амалларни ғаразли мақсадлардан тозалаш, соф ва холис бир кўринишга келтиришдир. Ихлоснинг зидди риё ва сумъа, яъни одамлар кўриши ва эшитиши учун амал қилишдир.
Ихлоснинг истилоҳий маъноси ҳақида уламоларимиз бир қанча таърифлар келтирганлар. Аллома Изз ибн Абдуссалом шундай дейдилар: “Ихлос – мукаллаф киши ибодатни фақат Аллоҳ таоло учун қилиши, одамлардан ҳурмат-эътибор кутмаслиги, бирор диний фойда кўриш ёки дунёвий зарардан қутилишни қасд қилмаслиги керак”. Саҳл ибн Абдуллоҳ ихлос ҳақида: “Ихлос – банданинг ҳаракати ҳам, сукунати ҳам фақат Аллоҳ таоло учун бўлишидир”, – деган. Абу Али Даққоқ: “Ихлос – амални одамларнинг мулоҳазасидан (яъни, бу ишимни одамлар мақтайдими ёки ёмонлайдими, деб ўйлашдан) поклашдир”, – дейди. Ихлос – киши ёмонликларини яширгани каби савоб ишларини ҳам беркитишидир. Ихлоссиз қилинган амал кўринишда ҳар қанча улуғ, ҳар қанча катта бўлмасин, у саробдир. Охиратда эгасига фойда келтирмайди.
Амални фақат Аллоҳнинг розилигини кўзлаб қилиш бандага нажот келтиради. Фақат риё учун амал қилиш эса, инсонни ҳалокатга дучор қилади. Бу икки ҳолатнинг ўртасида яна бир ҳолат бор. Масалан, бир киши касални зиёрат қилади, бу билан савоб олиш ва ўзи касал бўлса, бошқалар ҳам уни зиёрат қилишини қасд қилади ёки одамлар унинг жанозасига қатнашиши учун жанозага боради. Умуман айтганда бирор амални қилишнинг сабаби Аллоҳ таолога яқин бўлиш бўлади, лекин унга бошқа бир ғараз қўшилади ва бу ғараз амални бандага осон қилади. Мана шу ҳолат амални ихлос чегарасидан чиқариб қўяди. Энди у холис Аллоҳ учун бўлмасдан, риё аралаша бошлайди. Кўпинча инсон ғафлатда қолиб холис амалига, бошқа ғаразлар аралашиб, гоҳида амалнинг савоби камаяди, гоҳида бутунлай савоби йўққа чиқади. Шунинг учун охират саодатини умид қилган ҳар бир мўмин-мусулмон амалларини текшириб, ниятини янгилаб туриши керак.
Тустарий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Нафсга энг оғир нарса нима?”. Айтдиларки: “Ихлос – нафсга энг оғир нарса. Чунки ихлосда нафс учун насиба бўлмайди”.
Қуръони каримнинг бир қанча оятларида ихлос ҳақида зикр қилинади. Жумладан, ихлос билан дуо қилиш ҳақида шундай дейилади:
وَادْعُوهُ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ كَمَا بَدَأَكُمْ تَعُودُونَ
яъни: “Унга (Аллоҳга) динни холис қилган ҳолларингизда дуо қилингиз. Сизларни (аввал бошда ярата) бошлаганидек, (қиёматда мангу ҳаётга) қайтурсизлар» (Аъроф сураси, 29-оят).
Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиш орқали бизга динини ширк, риё ва сумъадан холис қилиб, ибодат қилишимизни буюради:
إِنَّا أَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ فَاعْبُدِ اللَّهَ مُخْلِصًا لَهُ الدِّينَ
яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Албатта, Биз Сизга бу Китобни ҳақиқатан нозил қилдик, бас, Сиз Аллоҳга – динни Унга (ширкдан) холис қилган ҳолда ибодат қилинг!” (Зумар сураси, 2-оят).
Мўмин-мусулмонлар динга ихлос билан амал қилиши нафақат бизнинг умматга, балки биздан аввалги умматларга ҳам фарз бўлганини қуйидаги ояти каримадан ҳам билиб олсак бўлади:
وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ
яъни: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир” (Баййина сураси, 5-оят).
Қуръони каримнинг тафсири сифатида ҳадиси шарифларда ҳам ихлос мавзусига тўхталиб ўтилган. Аксарият ҳадис китоблари ниятни холис қилиш ҳақидаги Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзлари билан бошланади:
"إنّمَا الأَعْمَالُ بالنِّيّاتِ، وَإِنَّمَا لِكُلِّ امرِىءٍ مَا نَوَى، فَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ، فَهِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ، وَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ لِدُنْيَا يُصيبُهَا، أَوْ امْرَأَةٍ يَنْكَحُهَا، فَهِجْرَتُهُ إِلى مَا هَاجَرَ إِلَيْهِ" )مُتَّفَقٌ عَلَيه(
“Албатта, амаллар(нинг савоби) ниятларга боғлиқдир. Ҳар ким нима ният қилган бўлса, унга шу нарса бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлган бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учундир. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлган бўлса, дунёга етади. Аёл учун ҳижрат қилса, уни никоҳига олади. Ҳижрати нима учун бўлган бўлса, унга ўша нарса бўлади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ихлос билан калимаи тоййибани айтишнинг фазилати тўғрисида шундай дейдилар:
مَا قَالَ عَبْدٌ لَا إِلَهَ إِلَّا اللّهُ قَطُّ مُخْلِصًا، إِلَّا فُتِحَتْ لَهُ أَبْوَابُ السَّمَاءِ حَتَّى تُفْضِي إِلَى الْعَرْشِ مَا اجْتُنِبَ الْكَبَائِرُ
رواه الترمذى وحسنه
яъни: “Қайси банда “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини ихлос билан айтса, бу калимага осмон эшиклари очилади. Модомики, банда катта гуноҳлардан сақланар экан, у калима Аршгача етиб боради” (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ихлос билан қилинган амал инсонни нажотга бошлаши ҳақида шундай дейдилар: “Аввал ўтган умматлардан уч киши сафарга чиқиб, бошпана сифатида бир ғорга кирдилар. Ғорнинг эшиги тоғдан тушган катта тош билан беркилиб қолди. Шунда улар: “Бу тошдан бизни Аллоҳ таолога холис қилган амалларимиз билан дуо қилиш қутқаради” – дейишди. Улардан бири: “Эй, Аллоҳ! Менинг қари ота-онам бор эди. Уларни доимо бола-чақаю чорполаримдан аввал таомлантирардим. Бир марта ниманидир излаб узоққа кетиб қолдим. Қайтганимда ота-онам ухлаб қолишган экан. Сут соғдим, бола-чақа, чорполарни улардан аввал таомлантиришни хуш кўрмадим. Тонггача уларнинг бошида, идишни қўлимда ушлаб турдим. Ниҳоят улар туриб сутни ичишди. Эй, Аллоҳ! Мана шу ишни ихлос билан сен учун қилган бўлсам, нажот бер”, – деб дуо қилди. Тош бироз силжиди, лекин чиқа олмадилар. Иккинчиси: “Амакимнинг бир қизи бор эди. Уни жуда яхши кўрардим. У билан бирга бўлишни хоҳлаганимда, қиз рад қилди. Очарчилик йилида ўша қиз ёнимга муҳтож бўлиб келди. Қизга 120 динор бердим (тахминан 510 грамм тилланинг қийматига тенг бўлади). Фақат бунинг эвазига қиз билан бирга бўлиш (зино)ни хоҳладим. У рози бўлди. Муродимга етай деганда қиз: “Мен сенга ҳалол эмасман, муҳрни ҳаққи билан очгин”, – деди. Дарҳол ўрнимдан туриб кетдим, ваҳолангки, у менга энг севимли аёл эди. Берган динорларимни ҳам қайтариб олмадим. Эй, Аллоҳ! Мана шу ишни ихлос билан сен учун қилган бўлсам, нажот бер”, – деб дуо қилди. Тош бироз силжиди, лекин чиқа олмадилар. Учинчиси гап бошлади: “Бир қанча мардикорларни ишлатдим. Ҳаммасининг иш ҳаққисини бердим. Лекин биттаси ҳаққини олмай кетди. Унинг иш ҳаққисини кўпайтирдим, бир қанча мол мулк бўлди. Кунлардан бир кун ўша мардикор келиб, ҳаққини сўради. Кўриб турганинг, мана шу туялар, сигирлар, қўйлар ва қулларнинг ҳаммаси сеники, олиб кетавер, дедим. У: “Эй, Аллоҳнинг бандаси! Мени масхара қилма, мен иш ҳаққимни сўраяпман”, – деди. Сенинг устингдан кулаётганим йўқ, олиб кетавер, дедим. У ҳеч нарса қолдирмай олиб кетди. Эй, Аллоҳ! Мана шу ишни ихлос билан сен учун қилган бўлсам, нажот бер”, – деб дуо қилди. Тош сурилди, ғордан чиқиб кетдилар”. (Имом Бухорий ривояти).
Ҳасанул Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Ўтганларимиз бир жойда йиғилиб қолишса, ихлос билан қилинган энг яхши ишларини ўртага чиқаришни хуш кўришмасди (яъни, уни яширишарди)”, – деган.
Ҳамдун ибн Аҳмаддан сўрашди:
- Нега ўтган улуғларнинг гаплари бизникидан фойдали бўлган?
- Чунки улар Исломни азиз қилиш, нафслар нажот топиши ва Раҳмоннинг розилиги учун гапирганлар. Бизлар эса нафслар азизлиги, дунё талаби ва одамларни рози қилиш учун гапирамиз.
Имом Шофеъий машҳурликдан қочиб шундай дер эди: “Одамлар мана шу илмни (яъни, у зотнинг китобларини) ўрганиб, ундан бирор нарсани менга нисбат бермаслигини хоҳлардим”.
Табаа тобеъинлардан бўлган Ибн Уяйна Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан гапирса, дарс ҳалқасида турган ҳолида йиғлаб юборар эди. Лекин одамлар сезмасин, деб салласини кўзига тушириб олар ва: “Бу йўтал бунча қаттиқ бўлмаса”, – деб қўярди.
Ихлоснинг аломати шуки, амал қилувчига унинг амалидан одамлар хабардор бўлдими ёки йўқми фарқи бўлмайди.
Ихлосли кишилар амал қилиб туриб ҳам мақтовни хуш кўрмайдилар. Ваҳоланки, одамлар амал қилмаган ишларига ҳам мақталишни хуш кўрадилар. Мухлис кишилар амални ихлос билан қилиш, унинг савоб ва суннатга мослиги ҳамда оз бўлса ҳам давомийлигига эътибор қаратади. Мухлис бўлмаганлар эса гарчи амалини риё, хурофот ва бидъатлар фосид қилса ҳам, амалнинг кўплигига қизиқадилар.
Бугунги кунда ҳам ибодат, муомала, тўй-маърака маросимлари ва бошқа амалларимизда ихлосга жуда муҳтожмиз. Яхшилаб ўрганиб кўрсак, анча мунча ишлар риё ва хўжакўрсинга чиқиб кетади. Ном чиқариш учун қанча ҳаракат, қанча харажат қиламиз. Лекин натижада ҳеч қандай савобсиз қоламиз. Шунинг учун ҳар бир ишимизда ниятни тўғрилаш, ғаразларсиз холис амал қилиш асосий мақсадимиз бўлиши керак. Оз бўлсада ихлос билан қилинган амаллар, охиратда банданинг саодат топишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни ихлос-эътиқодли мухлис бандаларидан қилиб, ўзи тавфиқ берсин. Омин.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг давомида муборак Рамазон ойи келаётгани муносабат билан рўзанинг баъзи фойдалари ҳақида суҳбатлашамиз. Аллоҳ биз мўминларга фарз қилган Рамазон рўзасининг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп. Жумладан:
- Рўза тутган кишининг тақвоси ошади. Аллоҳ таоло: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”, деб марҳамат қилади. “...тақволи бўлсангиз”, ибораси рўза тутиш ҳикматини баён қилиш учун келтирилган жумла ҳисобланади. Чунки инсон Аллоҳ таолонинг розилигига эришишдан умид қилиб, рўза тутса азобга қолишдан қўрқиб кундуз кунлари ҳалол бўлган амаллардан ҳам тийилади. Ҳалолдан тийилган кишининг ҳаромдан сақланиши эса турган гап. Демак, рўза Аллоҳ таоло ҳаром қилган амаллардан сақланишга сабаб бўлади.
- Рўзадор шайтонга қаҳр кўрсатади. Маълумки, шайтон инсон боласини яхшиликдан қайтариб, ёмонликка бошлаб туради. Инсон боласи ёмонликка юрса шайтон хурсанд бўлади. Инсон боласи яхшиликка юрса, Аллоҳнинг амрини бажо келтирса, хафа бўлади, ўзини қаҳрга қолган ҳисоблайди. Сафийя разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ривоятларида: “Шайтон инсоннинг қон томирида юради. Очлик билан унинг йўлларини торайтиринглар”, дейилган.
- Рўза инсон табиатини бўйсундиради ва шаҳватини синдиради. Инсоннинг қорни тўқ бўлганида турли хил гуноҳларни хоҳлайди. Қорни оч бўлганда эса нафсу ҳавоси хоҳлаган нарсалардан тийилади. Ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй йигитлар жамоаси, сизлардан ким уйланишга қодир бўлса уйлансин. Зеро у кўзни тўсувчироқ ва фаржни сақловчироқ. Ким унга қодир бўлмаса рўза тутсин. Чунки рўза унинг учун бичилишдир”, дедилар.
- Рўзадорнинг қалби покланади. Рўза тутган инсон кун давомида Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ҳам, ўзи ёлғиз қолганда ҳам рўзасини очишга журъат қилолмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш киши қалбини мусаффо қилади.
- Рўза тутган кишиларнинг гуноҳлари мағфират қилинади. Бу маълум ва машҳур ҳақиқатдир. Бу борада кўплаб ҳадиси шарифларда очиқ-ойдин таъкидлаб ўтилган. Мана шундай ҳадислардан бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким имон билан, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар. (муттафақун алайҳ).
- Рўза тутган киши фаришталар сифати ила сифатланади. Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатлардир.
- Рўзадорнинг сабр-бардоши ортади. Бу эса ҳар бир инсон учун жуда ҳам зарур сифатдир. Ўз ихтиёри ила ўттиз кун кўнгил хоҳлаган нарсалардан ўзини тийган киши керагича сабр-бардошга эга бўлади.
- Рўза раҳм-шафқат сифатини шакллантиради ва мустаҳкамлайди. Рўза туттан киши ўз ихтёри ила оч қолиб, чанқаб, турли кўнгил хоҳишларидан, лаззатли нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиш билан бирга, ноиложликдан оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бева-бечора, камбағал фуқароларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлади.
- Рўзанинг энг машҳур фойдаларидан бири соғликдир. Рўза ихтиёрий оч қолишнинг энг яхши намунасидир. Рўза нафақат соғликни сақлаш учун, балки беморликларни даволаш учун ҳам ўта зарурлиги илмий исботини топган. Ҳозирги кунда кенг тарқалган беморликларнинг кўпларини мусулмон бўлмаган юртларнинг тиббиёт мутахассислари ихтиёрий очлик йўли билан даволамоқдалар. Мазкур илмий тадқиқотлар натижасида рўза ҳозирги энг кўп тарқалган дардларга даво экани, киши доим соғ юрай деса, ҳар йили 28-30 кун ихтиёрий оч қолиши зарурлиги таъкидланган. Рўзага оид ушбу ҳақиқатлар бундан 14 аср аввал Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Рўза тутинглар, саломат бўласизлар” (Имом Табароний ривояти), деб айтган ҳадиси шарифларининг илмий тасдиғидир.
Нишонга урилган гаплар: “Агар бирор халқни эгалламоқчи бўлсанг, уларни жоҳиллик ботқоғига ғарқ этишинг керак”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Аллоҳ таолодан бошқа бирор киши камол сифатига эга эмас. Шунинг учун бошқаларнинг айбларини кавлашдан тийилинглар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳаётдаги энг хатарли кимса – каззобдир!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Муаммони келтириб чиқаришинг учун кучли бўлишинг шарт эмас, аҳмоқ бўлишинг етарлидир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Миянгдан фойдалан! Чунки у текиндир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бошқаларга тақлид қилишинг улар қўлга киритган нарсани сен ҳам қўлга киритишингни англатмайди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Маданиятли бўлишдан олдин ҳурматли бўлгин. Чунки эҳтиром маданиятнинг ярмидир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ақлнинг куч-қуввати ҳақиқатни кўтаришга, унга бардош беришга қодирлиги билан ўлчанади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Агар бирор халқни эгалламоқчи бўлсанг, уларни жоҳиллик ботқоғига ғарқ этишинг керак.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Оилаларимиз тинч ва мустаҳкам бўлсин!
Ҳозирги кунда ақд никоҳ қилиб, янги қурилган оилада эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, уларга амал қилиш, оилани ташкил қилиш ва уни бошқариш, қолаверса, бахтли қилиш энг долзарб масалалардан бири бўлиб турибди. Оила мустаҳкам, бақувват ва бахтли бўлса, жамият ҳам мустаҳкам, бақувват ва бахтли бўлиши ўз-ўзидан аёндир.
Ёш оилаларни яхши тинч-тотув яшаб кетишларида қайнона-қайноталарнинг вазифалари беқиёсдир. Қиз болага оила қуриб, ўзи билмаган, кўрмаган бошқа бир янги оилага келиб қўшилиб, уларни ҳар бир аъзосини ўрганиб керагича муомала қилиш вазифаси анча масъулиятлидир. Ўз уйида ота-онасига эркаланиб юрган қиз янги оилага келганидан сўнг унинг паст-баланд жойларини билишида қайноналар бор меҳрларини бериб улардан айб-нуқсон қидирмасдан, билмаган ишларини ўргатишлари керак. “Болам, бу иш унча ўхшамабди, бунақа қилишингиз керак эди, кейинги сафар мана бундай қилинг, десалар, келинлар ҳам бундай муомаладан кейин ўзларини худди ўз уйларида юргандек тасаввур қиладилар. Аммо аксинча, улардан айб қидириб: “Овқатингиз шўр бўлибди, кирни яхши дазмол қилмапсиз, деб бўлар-бўлмас айблар ахтаришлари яхши эмас. Айниқса, ўғли келганда келинни унга ёмонлаб, арзир-арзимас камчиликларини айтиб, куёвни келиндан секин-аста кўнгли қолишига ўзлари сабабчи эканликларини билмаяптилар. Охир-оқибат оилага дарз кетиб, ажрашишлар кўпайиб борадиган ҳолга келиб қолаяпди. Баъзида илмсиз қайноналар томонидан келинига: “Ўғлим қўймаса, мен қўйдим, уйингга кетавер!” деб ҳам айтадиганлари топилади. Бу эса шариатга мутлақо зиддир. Унинг ўрнига оилани ислоҳ қилиш, унинг тинч-тотув яшаб кетишига кўмаклашишни ўз бурчлари деб билсалар нур устига аъло нур бўлар эди.
Баъзи қайноналарнинг қиз танлашда келинларни бойроқ жойдан олишга, қизнинг отаси яхшироқ жойда ишласа, мебелларни хорижникидан қилса деган умидда ҳам келин қиладиганлари топилади. Дунё матоҳи ҳеч қачон оилаларни мустаҳкам бўлишида муҳим аҳамият касб этмайди.
Яна бир муҳим масала устида тўхталсак, қайноналар келинлари ҳомиладор бўлганларида уларни ўз қизлари каби кўриб, уларга руҳан ва жисмонан ёрдам берсалар, қилган ҳар бир заррача яхшиликлари эвазига Яратгандан кўпдан кўп ажру савоблар олишларини бир ўйлаб мулоҳаза қилиб кўрсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. Аксинча улар: “Ҳа, бизлар ҳам бундай даврни бошимиздан ўтказганмиз, нима қилибди, дейдилар. Бундай қилиш ўрнига келинларнинг ҳомиладорлик сабабли ишлари қолиб кетаётгани ҳақида қайғурадилар. Бундай вақтларда ўз келинларига кўмакчи бўлсалар, туғилажак набиралари ҳам соғлом бўлиб туғилишида ўзларининг ёрдамларини аямасалар кўп яхшиликларга сабабчи бўладилар. Ҳозирги келинлар яшаб турган вақт билан қайноналар яшаган давр тенг эмас. Ҳар бир замоннинг, ҳар бир вақтнинг ўз ўлчов тарозуси бор.
Энди келинларга ҳам тавсияларимиз бор, эрига яхшилик қилиш сирасига унинг ота-онасига ва бошқа қариндошларига яхшилик қилиш ҳам киради. Зотан, аёлнинг уларга яхшилик қилиши шариатнинг талаби. Ота-онага яхшилик қилиш ва қариндошларга силаи раҳм қилиш қанчалик улуғ аҳамиятга эга эканини ҳар бир мусулмон яхши билади. Келин учун эрининг отаси ота ўрнида, онаси она ўрнида бўлганидек, куёв учун ҳам аёлининг отаси ота ўрнида, онаси она ўрнида бўлади. Шунингдек, бошқа қариндошлари ҳам шулар жумласидандир. Қарс икки қўлдан чиқади, дейилади. Қайноналарга айтадиганларимиз: Келинларни ўз фарзандингиз каби кўринг, яхши кунларида дўст, оғир кунларида ҳамдард бўлишга ҳаракат қилинг. Келинларга айтадиганларимиз: куёвнинг онасини ўз онангиз, отасини ўз отангиз каби, қариндошларини ҳам ўз қариндошларингиздек кўришга ҳаракат қилинг. Бу қилаётган яхши амалларингиз қиёматда катта ажру савобларга эга бўлишингизда сабаб бўлишини яхши ўйлаб, мулоҳаза қилиб кўринг. Куёвлар эса оналарининг ҳурматларини ўз ўрнига қўйган ҳолда, ўз аёлини бўлғуси фарзандларининг онаси эканлигини эсдан чиқармасалар, деймиз. Фарзандлари соғлом, хонадонлари тинч оилалар – жамият таянчидир.
Зарифа Маҳкам қизи
Фарзандингизни “ўлдириб” қўйманг...
Ҳаммамизга таниш манзара: кўча-куйда, поезд ёки автобусда кетаётган бошқа миллат вакиллари эндигина тили чиққан боласининг ҳар бир саволига худди катта одамга тушунтираётгандек, мукаммал жавоб беради. Биз учун бу икки карра ҳайратомуз: биринчиси – ота-онанинг гўдак фарзандига “эринмасдан, майдалаб” тушунтириши бўлса, иккинчиси – шугина “тирмизак”нинг худди катталардек фикрлаши ва гапларининг бурролиги! Агар ўша гўдакка микрофон тутсангиз ҳам, у ҳеч тортинмасдан, фикрини бошқаларнинг “қолипи”га солмай жавоб берадики, ҳайратланмай иложингиз йўқ!
Буниси ҳам – ҳаммамизга таниш ўзбекона манзара: серсавол боласининг саволларига она (ота), аввалига болаларча содда жавоб беради (масалан, “бўжи” опкетди, ташла, “қих” бўлади ва ҳ.к.) Савол кетидан савол ёғилавергач, “чарчаган” ота (балки, саволга жўялироқ жавоб топа олмаганидан) энг ишончли “усул”ни қўллайди: “Бор, ойингдан сўра”. Онаси, табиийки, отадан ҳам “бандроқ” бўлади. Боласини койиб беради: “Бирпас жим
тур, чарчадим. Тавба! “Худонинг уйи қаерда” эмиш! Мен қаердан биламан? Бола бўлсанг – боладай бўл-да!”
Кўпинча, серсавол ва сермулоҳаза ўқувчи мактабда ҳам олқишланмайди. Ўз фикрига эга болалар, ўзлари билмаган ҳолда ўқитувчи ва мутасаддиларга “ноқулайлик” туғдириши мумкин. Ундайлар ҳақида: “кўп гапиради, “ақлли”лик қилади”, дейдилар. Баъзан, салбий маънода қўлланиладиган “ақлли” деган таъриф ёш мутахассисга “айб тамғаси” бўлиб босилиши ҳеч гап эмас! “Ўзбекчилик”да: “Бизга ҳақиқат эмас, тўғри сўз керак”, деган тагдор ибора бор.
Кўпинча, “ҳақиқат машъали”, уни баланд тутган одамнинг ўз қўлини куйдиради. Шунинг учун, ўз фикрини эркин ва очиқ билдирувчи одамларни баъзан хушламайдилар.
Чиндан ҳам, бундайлар “ўзбекчилик”нинг “ёзилмаган қонунлари” ва нозик жиҳатларини унчалик ҳис этмайдилар. “Ўз ўрни ва вақтида айтилмаган ҳақиқат – ёлғондан ҳам ёмон”, “Биламан дедим – тутилдим, билмайман дедим – қутилдим” деган каби мулоҳазаларни маҳкам тутганмиз. Бунинг ижобий ва шу билан бирга, салбий жиҳатлари ҳам йўқ эмас.
Аслида очиқ ва тўғри сўзни, ҳақиқат ва Ҳақни инсонга болалик чоғларида ота-она ва оила сингдириши лозим. Боланинг улғайиши яхши бўлса, ёшлигиданоқ унга дунё ва охират ҳақида тўғри маълумотлар берилса, балоғатга етган вақтда бу сўзлар унга таъсир қилувчи, фойдали, қалбида гўё тошга нақш ўрнашгандай мустаҳкам жой олади. Агар боланинг улғайиши бунинг акси бўлиб, ўзи истаган саволларга жавоб топа олмаса бора-бора у ўйин, ёмонлик, беҳаёлик, таом ва либос очкўзлиги, зийнат, мақтанчоқликка ўрганиб, қалби ҳақиқатни қабул қилмайдиган бўлиб тошдай қотиб қолади. Ишларнинг энг муҳими тарбияга эътибор беришдир, чунки бола фитратан яхшилик ва ёмонликларни баравар қабул қилувчи этиб яратилгандир. Албатта ота-оналари уни икки тарафнинг бирига мойил қилишади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳар бир гўдак фитратда туғилади. Ота-онаси уни ё яҳудий, ё насоро, ё мажусий қилиб қўйишади» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий айтадилар: «Уч ёшлигимда кечаси турар эдим ва тоғам Муҳаммад ибн Сиворнинг намозларига қараб турардим. Бир куни менга «Сени яратган Аллоҳни эслайсанми?» дедилар. Мен: «Уни қандай эслайман?» дедим. Шунда у киши: «Кўрпангга ётаётган вақтингда тилингни қимирлатмасдан уч марта қалбинг билан «Аллоҳ мен билан бирга, Аллоҳ менга қараб турувчи, Аллоҳ мени кўриб турувчи», дегин», дедилар. Ана шуни бир неча кун айтдим, сўнгра у кишига буни изҳор қилдим. Менга «Яна ҳар кеча етти мартадан айт», дедилар. Яна бир неча кун айтдим. Сўнгра у кишига билдирдим. Менга «Яна ҳар кеча ўн бир мартадан айт», дедилар. Айтдим, ана шунда қалбимга унинг ҳаловати тушди. Шундан бир йил ўтгандан кейин тоғам яна менга «Сенга ўргатган нарсамни ёдингда тут ва то қабрга киргунингча доим уни айтиб юр, чунки у сенга дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда беради», дедилар. Шуни бир неча йил давомида айтиб юрдим. Ботинимда ҳам унинг ҳаловатини топдим. Сўнг тоғам менга бир куни «Эй Саҳл, қайси бир инсон билан Аллоҳ бирга бўлса, унга қараб турувчи ва уни кўриб турувчи бўлса, у киши Аллоҳга осийлик қила оладими? Сен ҳам Аллоҳга осий бўлишдан сақлан», дедилар. Мен ёлғиз юрар эдим, мени мактабга юборишди. Мен: «Мақсадларим (яъни, Аллоҳга яқинлашишга интилиш) тарқалиб кетишидан қўрқаман», деб айтдим. Лекин улар муаллим билан мен бир соатга бориб, таълим олгач, қайтиб келишимга шартлашиб олишди. Мактабга бордим ва Қуръонни таълим ола бошладим. Уни олти ё етти ёшимда ёдлаб бўлдим. Ҳар куни рўза тутардим. Таомим эса ўн икки йил ичида арпа нони бўлди. Ўн уч ёшлигимда бир масала чиқиб қолди. Оиламдан Басрага ана шу масалани сўраш учун юборишларини сўрадим. Басрага бордим ва уламолардан сўрадим, бирон киши саволимга жавоб бера олмади. Басрадан Ибодонга бир кишининг олдига бордим. У кишини Абу Ҳубайб Ҳамза ибн Абий Абдуллоҳ ал-Ибодоний, дейишарди. У кишидан масалани сўрадим, менга жавоб бердилар. Мен олдиларида бир муддат қолиб, илмларидан фойдаландим ва одобларини ўргандим. Сўнгра Тустарга қайтиб келдим. Овқатим учун бир дирҳамга арпанинг ўзини сотиб олиш билан кифояландим. Шуни янчиб нон қилиб беришарди. Бир увқиясини ҳар кеча саҳарлик пайтида тузсиз ва нонхурушсиз ердим. Бир дирҳам бир йилга етарди. Сўнгра уч кеча кетма-кет оч юриб, кейин едим. Сўнгра беш кеча, сўнгра етти кеча, сўнгра йигирма беш кеча оч юрдим. Мана шу ҳолда йигирма йил ўтди. Сўнг ер юзига бир неча йилга саёҳатга чиқдим. Кейин Тустарга қайтиб келдим. Кечанинг ҳаммасида Аллоҳ хоҳлаганича қойим бўлар эдим». Аҳмад айтдилар: «Аллоҳга йўлиққунларича у кишининг туз еганларини кўрмадим».
Яна бир ҳикояда айтилишича, Миср подшоҳи Рум султони билан адоват биносини бузиб, дўстлик риштасини боғлади ва ўз ўғлига унинг қизини никоҳлаб берди. Бу икки давлат соҳиби бир-бири билан дўстлашганидан иккала мамлакат ҳам обод ва фаровон бўлди.
Бир куни Миср подшоҳи Рум шаҳаншоҳига нома юбориб, унда: «Фарзандларимиз ҳаётимизнинг асоси ва тириклигимизнинг нишонасидирлар, бизлар вафот этганимиздан кейин ному нишонимиз ҳаётда улар орқали яшаб қолади. Мен ўғлим учун ажойиб, нафис матолар ва ҳисобсиз яхши от, туя ва бошқа ҳайвонлар, қуллар, кўшк ва иморатлар захира қилиб қўйдим. Сиз фарзандингизнинг келажаги учун қандай тадбир кўрдингиз?», деб сўради.
Рум подшоҳи мактубни ўқиб, табассум қилди ва дедики: «Мол бевафо, ёру дилдор бебақодир, унинг ҳисобини қилмоқ не керак. Бу беш кунлик ўтар дунёда ўткинчи матоларга алданиш керак эмас. Мен фарзандимни адаб ва тарбия сарпоси билан ораста қилдим, яхши сифат ва одобларни унинг учун захира қилдим. Молга завол етади, аммо яхши хулқ, тарбия ўзгармайди ва йўқ бўлмайди». Миср подшоҳи бу сўзлар ростлигини тасдиқлабди.
Хулоса ўрнида. Фарзандингиз туғилганда қандай қувонган бўлсангиз, у савол беришни бошлаганда ҳам шундай қувонч билан жавоб беринг. Болажонингиз билмоқчи бўлган нарсаларни айтинг, дунё ва охират ҳақида, Аллоҳ таоло ва унинг неъматлари хусусида гўдагингизга тўғри маълумотлар бериб боринг. Жажжи мурғак қалб эгаларини ҳеч қачон алдаманг, уларга ғазаб қилиб нафратланишни ўргатманг. Энг аввало ўзингизни тафтиш қилиб, яхшилар қаторига киришга ҳаракат қилинг. Зеро, фарзандингиз албатта сиздан ўрнак олади...
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Улуғлар пандлари
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَلَقَدْ يَسَّرْنَا الْقُرْآنَ لِلذِّكْرِ فَهَلْ مِن مُّدَّكِرٍ
“Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?!” (Қамар сураси, 17-оят)
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ бу оят ҳақида шундай деганлар:
“Зикр учун осон қилиб қўйилган деган жумла осонлаштиришнинг бир неча турларини ўз ичига олади:
Биринчиси: лафзлари ёдлаш учун осон қилиб қўйилганини;
Иккинчиси: маънолари тушуниш учун осон қилиб қўйилганини;
Учинчиси: буйруқлари ва қайтариқлари бўйсуниш, эргашиш учун осон қилиб қўйилганини”.
*****
Ким дили кенгайишини, гуноҳи мағфират қилинишини, ташвишлари аришини ва ғамлари кетишини истаса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишни кўпайтирсин!
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ
*****
Агар солиҳлар билан уларнинг амалларида мусобақа қилолмасанг, унда гуноҳкорлар билан уларнинг истиғфорларида мусобақа қил!
Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ
*****
Муроса – мўминларнинг ахлоқидир. Бу – одамларга нисбатан камтар, юмшоқ сўзли бўлиш, уларга қўпол гап айтмасликдир. Булар эса улфат бўлишнинг энг кучли сабабларидандир.
Ибн Баттол раҳимаҳуллоҳ
*****
Муҳаммад ибн Восеъ раҳимаҳуллоҳга “Қандай тонг оттирдингиз, эй Абу Абдуллоҳ?” дейилди. У киши: “Ажалим яқинлашган, орзуларим узоқлашган ва амалим ёмон бўлган ҳолда” дедилар.
“Ҳиля”
*****
Мунофиқнинг учта аломати бўлади:
- Ёлғиз бўлса, (ибодатга) дангасалик қилади.
- Ёнида бирор киши бўлса, (ибодатга) фаол бўлади.
- Барча ишни қилганда, мақтов эшитишга ҳарис бўлади.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳ
*****
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Ўта тўқлик — баданни оғирлаштиради, қалбни қотиради, зеҳнни пасайтиради, уйқуни чақиради ва соҳибини ибодатга ярамайдиган қилиб қўяди».
Розийнинг «Одобуш Шофеий» китобидан
*****
“Қуръон мўъжизалари” саҳифасидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси