muslim.uz
Бароат кечаси (Аудио)
Бароат кеча Шаъбон ойининг 15 кечаси, Милодий йил ҳисоби бўйича бу йилга (2019 йил) 19 апрелдан 20 апрелга ўтар кечасига тўғри келади иншааллоҳ. Ғафлатда қолманг!
ЎМИ Матбуот хизмати
Истиғфор айтинг!
“Истиғфор” банданинг Аллоҳ таолодан мағфират (гуноҳларини кечиришини) сўрашидир. Бунинг лафзлари: Астағфируллоҳ, Астағфируллоҳал-ъазийм каби лафзлардир.
Истиғфорнинг фойдалари ниҳоятда кўпдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар бир торликдан чиқишни, ҳар бир ғамдан кушойиш насиб қилади. Ҳамда уни ўзи билмаган жойдан ризқлантиради”, дедилар”.
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.
Инсон бу дунёда турли синовларга дуч келади. Бошига ташвиш тушади, муаммолардан чиқадиган йўлни тополмай қолади, топиш-тутиши кам бўлиб, етишмовчилиги ортади ва ҳоказо. Буларнинг барчасини муолажа қиладиган энг муҳим нарсалардан бири – истиғфордир! Демак,
Фақирлик, етишмовчиликдандан қийналяпсизми? Истиғфор айтинг!
Азобу машаққатлардан қутулмоқчимисиз? Истиғфор айтинг!
Ёмғир ёғмай, ўсимликлар, ҳайвонлар ташналикдан нобуд бўляптими? Истиғфор айтинг!
Ғамлар эзиб юбордими? Истиғфор айтинг!
Қарзга ботиб, уни тўлашга қийналяпсизми? Истиғфор айтинг!
Ризқда барака йўқми? Истиғфор айтинг!
Фарзанд талабидамисиз? Истиғфор айтинг!
Деҳқончилик яхши бўлмаяптими? Истиғфор айтинг!
Қувватингиз зиёда бўлишини хоҳлайсизми? Истиғфор айтинг!
Гуноҳларингиз кечирилишини истайсизми? Истиғфор айтинг!
Мунофиқликдан омонда бўлишни истайсизми? Истиғфор айтинг!
Бир кунда 100 марта истиғфор айтадиган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлишни истайсизми? Истиғфор айтинг!
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Шайхул ислом, муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний юртимизга ташриф буюрди
Кеча 2019 йилнинг 14 апрель куни Ислом дунёсининг машҳур олими Шайхул ислом, муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ юртимизга ташриф буюрдилар. Шайхул ислом Москва ташрифидан сўнг, тўғридан-тўғри Бухорои шариф йўл олдилар.
Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ Бухоро аэропортида ҳурмат ва эҳтиром ила кутиб олинди. Шундан сўнг азиз меҳмон тунги Бухорои шарифнинг диққатга сазовор жойларини, хусусан, Эски шаҳар, қадим мадрасалар ва масжидларни, тунги чироқлар ёғдусида дилларга ҳузур бахш этиб турган Мир араб мадрасасини ҳам томоша қилдилар.
Хуфтон намози Масжиди Калонда Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ иштирокида адо этилди. Шу аснода азиз меҳмоннинг биринчи кунги зиёратлари ўз ниҳоясига етди.
Шу ўринда Шайхул ислом Муҳаммад Тақий Усмонийнинг таржимаи ҳолларига қисқача тўхталиб ўтсак:
Муҳаммад Тақий Усмоний ибн Шайх, муфтий Муҳаммад Шафеъ ибн Шайх Ёсин ибн Халифа Таҳсин Али ибн Миёнжий ҳофиз Каримуллоҳ ибн Миёнжий Хайруллоҳ ибн Миёнжий Шукруллоҳ ҳазратлари 1362-ҳижрий, 1943-мелодий санада Ҳиндистоннинг Саҳорнафур вилоятига қарашли Девбанд қишлоғида таваллуд топдилар. Ҳинд тилида Миёнжий деган сўз муаллим, деганини билдиради. У кишининг силсилалари Усмон ибн Аффонга бориб тақалади.
Муҳаммад Тақий Усмоний Дубай, Баҳрайн, Британия, Америка ва Австралия каби бир неча давлатларда илмий сафарда бўлганлар.
Холид Муҳаммад Бушофеъ айтадилар: «Мен бирор кишини Тақий Усмонийдек янги масалаларда, хусусан банк масалаларида аввалги уламолар китоблари билан ҳозиргилар китобини жамлаганини кўрмадим. У зот бирор муаммони ечиш асносида кучли тақво соҳиби эканлари яққол намоён бўлар эди. Мен Ҳинд қитъасида бу кишидек муаммони ечишда мазҳаблар орасини жамлашдек қобилиятли кишини ҳам кўрмадим».
Ташрифга доир маълумотлар интернет ижтимоий тармоқларидаги расмий саҳифаларимизда ёритиб борилади. Бизни кузатиб боринг.
Манба: https://islom.uz
Инсонлардан "қурилган" масжидни кўрдингизми?
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда покистонлик мусулмонлар томонидан Янги Зеландияда содир этилган террорчилик актидан жабр кўрганларга ҳамдардлик мақсадида акция ўтказилгани ва бунда юзлаб мусулмонлар ҳамкорликда асжид шаклини қурганларининг фотосурати тарқалди. Кун.уз нашрида ҳам "Покистонда минглаб кишилар тизилишиб улкан масжид тасвири ва «Ислом — бу тинчлик» ёзувини ҳосил қилишди" номли хабар эълон қилинди.
Покистоннинг Панжоб вилоятидаги Жанг шаҳрида минглаб маҳаллий кишилар тизилишиб улкан масжид тасвири ва «Ислом — бу тинчлик» ёзувини ҳосил қилишди. Улар буни яшил майдонда оппоқ яктак ва дўппиларда амалга оширишди. Мазкур акция тасвирланган фотосуратни AFP агентлиги тақдим этди.
«Бу жуда ажойиб бўлди, биз кун бўйи шундай туришга тайёр эдик», — деди акция иштирокчиларидан бири.
Масжид тасвири юқорисига Янги Зеландия ва Покистоннинг улкан байроқлари жойлаштирилди.
Хабарда айтилишича, акция Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳрида содир этилган теракт қурбонлари хотирасига бағишлаб ўтказилди. Мазкур фожиада 50 киши ҳалок бўлганди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Истанбулда масжид қурилиш жиҳозлари кўргазмаси очилди
Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган Истанбул кўргазмалар марказида 6-масжид қурилиши жиҳозлари кўргазмаси ташкил этилди. Бу ҳақда «Анадолу» агентлигига таяниб Азон интернет нашри хабар берди.
Ушбу кўргазма 14 апрелга қадар давом этиши маълум қилинган. Кўргазмада меҳроб, минбар, ёғоч эшиклар ва овоз кучайтириш тизимлари каби масжид қурилишида фойдаланиладиган буюмлар намойиш этилган.
Кўргазмада иштирок этаётган «Проактиф» ширкатининг бошқарув кенгаши раиси Ҳусайн Шоҳиннинг сўзларига кўра, кўргазмада 103 та ширкат иштирок этмоқда ва уларнинг 5 таси Туркия ташқарисидан келган ширкатлардир.
Шоҳин кўргазмада иштирок этиш учун Туркия ва дунёнинг бошқа мусулмон давлатларидан зиёратчилар келиши кутилаётганини айтган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати