muslim.uz

muslim.uz

Дунёдаги энг етакчи тадқиқот маркази бўлган Pew Research Center'a маълумотларига кўра, миграция бўлмаса ҳам кейинги 30 йилда Европада мусулмон аҳолиси cони 4,6% дан 7,4% гача кўтарлиши тахмин қилинмоқда.

Тадқиқот маркази мусулмонлар сонининг ошишида, бу аҳоли қатлами орасида ёшларнинг кўплиги ва туғилишнинг юқорлигини асосий сабаб эканини маълум қилган. Маълум бўлишича, 2010 ва 2017 йиллар орасида 3,7 млн. мусулмон Европага кўчиб келган. Буларнинг 2,5 млн.ни ишчи ходимлар, талабалар ва бошқа мунтазам муҳожирлар ташкил этади. Муҳожирлар тоифаси мунтазам келиб ўрнашиб бораётган мамлакат бу – Буюк Британия ҳисобланади. Натижаларга қарайдиган бўлсак, агар Европага мўътадил миграция давом этадиган бўлса, кейинги 30 йилда қитъадаги мусулмон аҳолиси 11,2 фоизга ошади. Агар 2014–2016 йилларда бўлгани каби кучлироқ миграция бўлса, 2050 йилга келиб мусулмон аҳоли бу қитъада 14 фоизга кўпаяди.

Германияда мусулмонлар бутун аҳолининг 6 фоизини ташкил этса, 2050 йилга келиб бу рақам 20 фоизга етиши кутилмоқда. Европада мусулмонлар сонининг ортиши Европа Иттифоқи учун янги синов палласини бошлаб беради. Аслида ҳам мусулмонлар Европадаги иккинчи катта дин гуруҳи ҳисобланади. Бугун Европадаги бутун аҳолининг 5 фоизини мусулмонлар ташкил этмоқда ва бу рақам ўсишда давом этяпти. Бироқ қитъадаги аҳолининг умумий ўсишида камайиш кузатилмоқда. Масалан, ҳозир Европадаги аҳолининг умумий сони 495 млн. ташкил этса, 30 йилдан кейин бу кўрсаткич 463 млн. тушиб қолиши айтилмоқда. Лекин ҳозирда 25 млн. бўлган мусулмон аҳолиси сони 30 йил ичида уч мартага ошиб 75 млн.га етиши тахмин қилинмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Четверг, 07 Февраль 2019 00:00

Илмнинг мол-дунёдан афзаллиги

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Албатта, илм пайғамбарларнинг меросидир. Мол эса, подшоҳ ва бойларнинг меросидир. 

Илм ўз соҳибини қўриқлайди, молни эса унинг эгаси қўриқлайди. 

Илм сарфлаш, бировга бериш билан кўпаяди, мол эса сарфлаш билан тугайди. 

Илм ўз соҳиби билан қабрда ҳам бирга бўлади, мол эса киши вафот этгандан кейин ажралади, фақат садақаи жориянинг савоби бориб туради. 

Илм мол устидан ҳукм қилади. Илм ҳоким, мол эса маҳкумдир. 

Мол яхшига ҳам, ёмонга ҳам, мусулмонга ҳам, кофирга ҳам насиб қилиши мумкин. Фойдали илм эса фақатгина мўмин кишига насиб этади. 

Олимга подшоҳлар ва улардан қуйи мартабадаги барча кишилар муҳтождир. Мол эгасига эса, фақат йўқсиллар, фақирлар ва камбағалларнинг иши тушади. 

Мол эгаси баъзан бир лаҳзада бор будидан айрилиши, ҳеч вақосиз қолиши мумкин. Илм эгаси эса, агар ўзи илмга бепарволик қилмаса, ҳеч қачон илмидан ажралиб қолмайди. 

Мол-давлат инсонни дунёга чорласа, илм инсонни Аллоҳга ибодат қилишга чорлайди. 

Мол-дунё гоҳида ўз эгасининг ҳалокатига сабаб бўлиши мумкин. Қанчадан қанча бойлар молу давлатлари туфайли ҳалок бўлишган. Илм эса ўз эгасининг вафотидан кейин ҳам унинг номи абадий тилга олинишига сабаб бўлади. 

Илмнинг саодати доимийдир, молники эса вақтинчаликдир. 

Олимнинг қадр-қиммати ўз зоти билан ўлчанса, бойники моли билан ўлчанади. Мол тугаса қадр ҳам тугайди. 

Бой киши ўз моли билан инсонларни дунёга чақирса, олим киши илми билан кишиларни охиратга чорлайди. 

Имом Молик айтадилар: “Ҳикмат (илм) ва амал нурдир. Аллоҳ хоҳлаган бандасини улар сабабли ҳидоят қилади, кўп масала билгани сабабли эмас. Лекин Аллоҳ ҳидоят қиладиган кишининг ўзига хос белгиси бўлади: у банда ғурур, алдов диёри бўлмиш дунёдан  узоқлашиб, абадийлик диёри бўлган охиратга юз тутади”. 

Имом Моликнинг бу гаплари Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтган нурдан бир бўлакдир. У зот: “Илм кўп ривоят қилиш эмас, балки, илм Аллоҳдан қўрқишдир”. 

Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Амал қилинган илмгина ҳақиқий илмдир. Амал қилиш эса, насия нарсага эришиш мақсадида нақд нарсани тарк этишдир”. 

Али розияллоҳу анҳу Камил ибн Зиёдга шундай дедилар: “Эй Камил, илм сен учун молдан яхшироқдир. Илм сени қўриқлайди. Молни эса сен қўриқлайсан. Илм ҳоким, мол эса маҳкумдир. Молни ишлатиш билан тугаса, илм сарф этиш билан кўпаяверади”. 

Қуйида келтириладиган ҳикоя илмнинг молдан афзаллигини яққол намоён этади. Воқеа аббосий халифалардан Ҳорун ар-Рашид замонида бўлиб ўтган. Бу Имом Аъзамнинг шогирдлари Имом Абу Юсуф ҳақларидаги ҳикоядир. Али ибн Жуъд ривоят қилади: “Менга Абу Юсуф қуйидагича хабар беради: “Отам Иброҳим ибн Ҳабиб вафот этди. Мен онамнинг қучоғида ёш болача ҳолимда қолдим. Онам мени газлама оқловчига шогирдликка берди. Мен унга бир муддат хизмат қилиб юрдим. Кейинчалик уни қўйиб, Абу Ҳанифанинг халқасига бориб, унинг суҳбатини тинглардим. Онам ортимдан халқага келиб, қўлимдан тутиб, яна мени газлама оқловчига олиб борарди. Абу Ҳанифа менинг илмга қизиқишимни, у кишининг илм мажлисига ҳадеб бораверганимни кўриб, менга ёрдам берарди. Ҳар сафар онам мени илм халқасидан олиб кетавергач, ҳунарни қўйиб, халқага боришим унга малол келди ва Абу Ҳанифага: “Бу болани сиздан бошқа ҳеч ким бузиб, йўлдан урмаяпти. Ахир у етим, ҳеч нарсаси йўқ. Мен ип йигириб топган пулим билан уни боқяпман. Орзуйим у ҳам шу касбда ишлаб, озроқ пул топса, ўзига ишлатарди”. Бу гапларни эшитган Абу Ҳанифа ҳалиги аёлга: “Хотиржам бўл, эй Раъно, мана бу илм ўрганаётган ўғлинг ҳали писта ёғига аралаштирилган қиём тановвул қилади” дедилар. Бу гапни эшитган аёл Абу Ҳанифага: “Эй Шайх, сен ақлдан озибсан. Менга беҳуда гапларни гапирма!” дея эътироз билдирди... 

Яна Абу Юсуф сўзида давом этади: “Шундай қилиб мен Абу Ҳанифанинг дарсларига доим қатнашадиган бўлдим. У киши мени мол билан таъминлаб турарди. Менда қандай эҳтиёж туғилса, барчасини у киши тўлдирар эди. Аллоҳ таоло илм туфайли менга кўп яхшиликлар ато этиб, мартабамни кўтарди. Ҳатто қозилар ҳам менга эргашар эди. Ўзим эса халифа Ҳорун ар-Рашид билан бир дастурхон атрофида ўтириб, у билан бирга овқатланардим. Баъзан халифага писта ёғига аралаштирилган қиём келтириларди. Шунда мен кулиб қўярдим. Халифа бунинг боисини сўраганда, унга ҳаётимда бўлиб ўтган юқоридаги воқеаларни бошидан охиригача гапириб берардим. У менинг гапларимдан ҳайратга тушиб: “Албатта, илм мартабани кўтаради, динга ҳам, дунёга ҳам фойдаси тегади. Аллоҳ Абу Ҳанифани раҳмат қилсин. У зот ташқи кўзи билан кўрмаган нарсасини ақл кўзи билан кўрарди” деди”. 

Убайдуллоҳ ибн Касир отасидан ривоят қилади, отаси деди: “Илмни мерос қилиб қолдириш олтин, кумушни мерос қилиб қолдиришдан яхшироқдир. Солиҳ нафс марваридлардан яхшироқдир. Жисм роҳати билан илмга эришиб бўлмайди”.  

Аллоҳ таоло барчамизга фойдали илм ато этсин. Қўлимиздан келганича билганларимизга амал қилишимизни насиб айласин, омин! 

 

Нозимжон Ҳошимжон

Манба: https://islom.uz

Ғарбий Европада жойлашган Голландиянинг Ҳаага шаҳрида жойлашган Ал-Кавсар маданият институти томонидан ташкил этилган Қуръони карим курсларида ёши катталар ва ўспиринлар учун алоҳида, болалар учун алоҳида дарслар бўлиши белгиланган.

Ёши катталар ва ўспиринлар учун «Воқеа» сурасини ёд олиш ва тафсири ўргатилса, болаларга «Набаъ», «Назиат» ва «Абаса» сураларининг тиловати ўргатилади ва ёдлатилади.

Жорий йилнинг 1 февралида бошланган ушбу курсларнинг биринчи даври 12 апрелгача давом этади. alcauther.com нашрининг хабар беришича, дарслар Ал-Кавсар маданият институтининг етук мутахассислари томонидан араб ва голланд тилларида ҳар жума куни бериб борилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳасан Басрий бир кун тунда:

"Аллоҳим менга зулм қилган кишини кечир, Аллоҳим менга зулм қилган кишини кечир", дея кўп дуо қилар эди...!

Бир киши:

"Эй Абу Саъийд! (Ҳасан басрийнинг куняси) , Кеча тунда сизга зулм қилган кишига дуо қилаётганингизни эшитиб қолдим, ҳаттоки мен ўша зулм қилган кишилар қаторида бўлиб қолишликни орзу қилдим, сизни бундай дуо қилишликга нима ундади?!"

Ҳасан басрий:
Аллоҳнинг ушбу сўзи:
"Ким авф этиб, ислоҳ қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир!
(Шуро-40 оят)

Албатта у қалбларни Қуръон ислоҳ қилиб, тарбия қилган қалблардир !

Саидаброр Умаров тайёрлади

Четверг, 07 Февраль 2019 00:00

Бойлик ва беморлик

Бир киши ҳашаматли қасрлар, бойликлар ҳақида хаёл суриб турди-да, кейин дўстига: “Бу мол-дунёлар, бойликлар тақсим қилинаётган пайтда биз қаерда эканмиз-а?” деди. Шунда дўсти уни шифохонага олиб борди ва унга: “Мана бу беморларга теккан касалликлар тақсим қилинаётган пайтда биз қаерда эканмиз-а?” деди.

Ҳа, азизлар, чиндан ҳам саломатлигимиз қадрига етмоқчи бўлсак, шифохоналарга бориб, у ердаги беморларга назар солайлик. Кимнингдир юраги оғрийди, бировнинг танаси куйган, яна бирининг оёғи синган, бошқаси кўзидан, белидан, бошидан шикоят қиляпти. Ўзи юра олмагани учун шифохонанинг аравачасига ётқизиб қўйилган беморлар ҳам бор. Қўлини, бошини, оёғини бинт ва гипс билан боғлаб олганлар бор. Оғриқдан инграётганларни эшитганимизда, уларга раҳмимиз келади, Аллоҳ таолодан улар учун соғлик-саломатлик сўраймиз.

Мана шуларни кўрганимизда, сиҳҳат-саломатликнинг нақадар улкан неъматлигини ҳис қиламиз, кўпроқ шукр қиламиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки неъмат борки, у ҳақда кишиларнинг кўпчилиги бебаҳра қолишади. Сиҳҳат-саломатлик ва бўш вақт», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Азизлар, саломатлигимизни асрайлик, унинг қадрига етайлик!

Ҳар қандай ҳолда, ҳар доим Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтайлик!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

 

 

“Ховатир роқия журнали” маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёралади

Top