muslim.uz

muslim.uz

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Агар машаққатинг борган сари оғирлашиб бораётганини кўрсанг, билгинки, Аллоҳнинг нусрати яқиндир.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Онаси билан бирга кўп яшамади. Отанинг меҳрини ҳис қилмади. Унинг суянчиқ ака-укаси йўқ эди. Опа-сингилнинг меҳрини туймади. Шундай бўлса-да, у оламларга раҳмат эди. Аллоҳим, у зотга чексиз саловот ва саломларингни юборгин!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Саодатга “Сен қачон келасан?” дейилди. Шунда у: “Ҳар бир нафс Аллоҳ таоло унга ёзганидан бошқаси келмаслигини билганда келаман” деб жавоб берди.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Юксаклик – айтмоқчи бўлган кўп гапларинг бўласа-да, аҳмоқлар олдида сукут қилган ҳолда туришингдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ваҳм – касалликнинг ярмидир.

Хотиржамлик – ярим доридир.

Сабр – шифонинг бошланишидир.

Абу Али ибн Сино

*****

Кўпчиликнинг орасидан фақат сени танлаган киши билан ўз йўлида сендан бошқа кишини топа олмай, сени танлаган кишининг орасида фарқ бор.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Йиқилганингда сенга узатилган қўл йўлиқиб қолганда сен билан сўрашган қўлдан минг марта ишончлироқдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Одамларнинг ўзига кўп зулм қилувчироғи – шу одамнинг ҳаққини билмайдиган, риоясини қилмайдиган кишининг меҳрини қозонишга уринган кишидир.

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ

*****

Мағрурлик ва қайсарлик инсоннинг ўз айбларини кўришдан ва яхши томонга ўзгаришдан энг кўп тўсадиган нарсалардандир.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Баъзи жонзотлар ўз думини кўра олмайди. Улар фақат ўзларига ўхшаган бошқа жонзотларнинг думларини кўради. Айрим одамлар ҳам шундай. Насиҳат қиладилар, ёмонлайдилар, ҳукм чиқарадилар, аммо ўзларини тузатишга эътибор бермайдилар.

“Ховатир роқия журнали”

*****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Германиянинг Дюссельдорф шаҳридаги кўргазмалар залида "Ўзбекистон кунлари" маърифий тадбири очилди.

ЎзАнинг хабар беришича, тадбир доирасида бадиий кўргазма ҳам ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари Санжар Жабборов, Нуриддин Расулов, Диёр Розиқов, Нигора Шарифхўжаева асарлари намойиш этилмоқда. Бу ўзбек мусаввирлари 2018 йилнинг ёз ойларида Германиянинг Дуйсбург шаҳрида бўлиб ўтган йирик кўргазмада ҳам иштирок этган эди.

Тасвирий санъат соҳасида икки мамлакат ижодкорларининг ҳамкорлиги тобора фаоллашмоқда. Дюссельдорфдаги Ўзбекистон кунлари доирасида ташкил этилган кўргазмада 2018 йилнинг декабрь ойида Тошкентда ўтказилган кўргазмада иштирок этган немис ижодкорларининг ишлари ҳам тақдим этилди.

Бу ерда ташриф буюрган иштирокчилар, шу жумладан, германияликлар юртимиз санъати билан яқиндан танишмоқда. Кўргазма 18 январга қадар давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ғазо секторида яшайдиган Али Иваз саккиз ёшида Жабалия шаҳридаги Ал Амри масжидида Қуръонни ёдлашди бошлаган эди. Бу ҳақда International Quran News Agency хабар берди.

Саккиз ой аввал Қуръони каримни ёд олишни бошлаган Али бошида Қуръондан ҳар куни бир бетни эшитиб ёд олган. У аста-секинлик билан ёд олинадиган саҳифалар сонини ошириб борган ҳамда бир кунда 16 бет ёд олишга муваффақ бўлган.

У ҳар куни Қуръони каримнинг 45 бетини ёддан такрорлаб боради. У Ғазо секторидаги энг ёш ҳофизи Қуръонлардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Вторник, 15 Январь 2019 00:00

Бизда ҳам борми?

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Батаҳқиқ, сизлар учун–Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди”. (Аҳзоб сураси 21-оят) Ҳақиқатда ахлоқлари Қуръон бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда бизнинг барча ишларимизга ечим бўладиган ибрат ва ўрнаклар бордир. Улардан бири “КАМТАРЛИК”дир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликлари барчани ажаблантирар эди. У зотнинг камтарликлари деганда: гўё руҳлари Аллоҳга ва нафслари охиратга кўчиб ўтгандай эди.

Мўминларга нисбатан камтарликлари эса, доимо ожизлари билан бирга бўлар, беморларини бориб кўрар, мискинларига хайрихоҳлик қилар эдилар. Бахтсиз, бечора ва фақирларга яхшилик қилар, заифлардан доим кўнгил сўрар эидар. Болалар ҳамда аҳллари билан ҳазиллашар ва ўйнар эдилар. Инсонлар билан бирга таомланар, кези келганда тупроқ устига ўтирар ва ерда ёки бўйро устида ётар эдилар. Доимо барчаси учун Аллоҳдан рози бўлар, шуҳрат, мартаба ва дунёвий ишлар мақсадида таъма қилмас эдилар. Инсонлар билан лутф ила суҳбат қурар, ғариблар билан эса муҳаббат ила гаплашар эдилар. Саҳобаларига табассум ила қараб: “Мен бир қулман. Қуллар егани каби ейман ва қуллар ўтиргани каби ўтираман”, дер эдилар. Агар бирор бир инсон у зотга қараганида ҳайбатларидан титроқга тушса: “Ўзингни тут. Мен ҳам Маккада қодийд (қуёш нурида қуритилган сур гўшт) еган бир аёлнинг ўғлиман”, дер эдилар. 

У зот одамларни ўзларига нисбатан улуғлашини ва мақташини яхши кўрмас эдилар. “Марям ўғли Исони насронийлар мақтаганидек мени ҳам мақтаманглар. Мен Аллоҳнинг бандаси ва Росулиман. Мени Абдуллоҳ ва Аллоҳнинг Росули денглар”, дер эдилар. 

У зотни кўриб саҳобаларни туришларини ва бошларига келиб тик туришларидан қайтарар эдилар. Одамлар жамланган жойга келсалар бўш жойга бориб ўтирар, одамлар орасида улардан бири бўлиб юрар ва одамлар уйларига таклиф қилсалар борар эдилар. “Агар куроъ (пиширилган қўй пойчаси)га чақирилсам борар эдим. Агар менга қўй ҳадия қилинса қабул қилар эдим”, дер эдилар.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо мискинларни яхши кўрар эдилар. “Аллоҳим мени мискин қилиб тирилтир ва мискин ҳолимда ўлдир ва мискинлар тўдаси билан бирга қайта тирилтир” деб, дуо қилар эдилар.

Кибр қилиш ҳаром дея ундан қайтарар ва аҳлларини кибрдан нафратлантириб, дер эдиларки: “Қиёмат кунида такаббурлар зар (арзимас нарса) суратида тирилтирилади. Уларни ҳар тарафдан хорлик ўраб олади”. Ва ушбу ҳадиси қудсийни ҳам ривоят қилар эдилар: “Кибриё менинг ридоим (кийимим)дир ва буюклик менинг изорим (кийимим)дир. Кимки уни мендан тортиб олса, мен уни дўзохга ташлайман”.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уй ишларига қарашар, оёқ кийимларини ўзлари таъмирлар, кийимларини ямар, уйларини супурар ва қўйларини соғар эдилар.

Шунингдек, таомни меҳмоннинг олдига суриб қўяр, зиёратчилар билан самимий суҳбат қуриб, улардан ҳол аҳвол сўрар эдилар. Агар шерик билан бирор жойга борсалар, маркабни минишда навбатма-навбат минишар, жундан бўлган кийим кияр ва арпадан бўлган нон ер эдилар. Кўпинча ялангоёқ юрар ва масжидда ухлар эдилар.

Бугунги кунда аксаримиз камтарлик деб номланмиш бу гўзал сифатдан қандайдир бир сабабларга кўра бироз узоқлашиб қолганмиз. Бу бизнинг нуқсонимиз албатта. Баҳоналаримиз шу қадар кўпки, баъзида баҳоналаримизни ҳақиқат деб билиб қоламиз. Шунинг учун баъзида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар ва буюк зотларни ишларини ўқиб ёки эшитиб қолсак, ажабланиб, буни қандай қилишган экан деб, ўйлаб ҳам қоламиз. Аслида инсон қилган ишни бошқа бир инсон ҳам қила олиши мумкинку. Демак, бунинг икки сабаби бор. Бири шу қадар дунёга берилиб кетганмизки, бу сифатни унитиб юборганмиз ёки ўта такаббур бўлиб кетганмиз.

Менинг фикримча Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севган ҳар бир уммат у зот қилган ишларини қилишга интилади ва қилиб бўлгач хурсанд бўлади. Келинг азиз диндошим! Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севишимизни у зот қилган ишларни қилиш билан исботлайлик ва фарзандларимизга ўрнак бўлалик.

Манбалар асосида “Шайҳ Зайниддин” жомеъ масжиди имом хатиби Абдурахманов Яҳё

Понедельник, 14 Январь 2019 00:00

Сиз бизга кераксиз!

Ўтган куни Жиззах шаҳри “Хўжа Нуриддин” жоме масжидида эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган кишилар билан диний-маърифий суҳбат бўлиб ўтди. Тадбирда имом-хатиблар, отинойилар ва имконияти чекланган кишиларнинг 120 нафари иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилояти вакили Меҳмон Жабборов ва Диний идора масъул ходими Мунира Абубакирова эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганлар борасида юртимизда олиб борилаётган кенг кщламли ислоҳотлар ва хайрия тадбирлари ҳақида сўзлаб бердилар.
Маълум бўлишича, Жиззах шаҳрида эшитиш ва кўриш қобилияти чекланган шахслар орасида миссионерлар таъсирига тушиб қолиш, ўз динларидан воз кечиш ҳолатлари кузатилган. Шунингдек, ёшлар орасида миссионерлар томонидан турли адабиёт ва рисолалар тарқатиш ҳолатларига гувоҳ бўлинган.
Дунё миқёсида ғоявий таҳдид сифатида намоён бўлаётган миссионерлик фаолият хатти-ҳаракатларини ўз ўрнида англаш, доимо огоҳ бўлиш ва мазкур ҳаракатни ўз вақтида бартараф этиш бугунги куннинг долзарб вазифаси эканини англаш лозим.
Шу сабабли, ушбу ҳудуддаги диний муҳитни соғломлаштириш мақсадида, имконияти чекланган шахслар учун диний-маърифий суҳбатлар ва сурдо таржималари олиб борилди. Сўзга чиққан нотиқлар асосий мақсад имконияти чекланган кишиларнинг динимизни ўрганишга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш, бу борадаги иштиёқларини қўллаб-қувватлаш, Ислом динининг инсонпарвар ғояларини тарғиб қилиш ва шу орқали ёт ғояларга барҳам бериш эканини таъкидладилар. Шундай тадбирлар орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни тушкунликдан асраш ва жамиятда фуқаролар тенглигини таъминлаш ҳам кўзда тутилгани алоҳида қайд этилди.
Якунда эшитиш ва кўриш қобилияти чекланган шахслар ўқилган маърузалардан Ислом дини ҳақида зарур маълумотлар олганлари ва миссионерларнинг кирдикорларини яққол тушуниб етганларини маълум қилишди. Бундай тадбирлар давомий бўлишини исташди.
Тадбир сўнгида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан меҳр-мурувват ҳадялари тарқатилди. Жиззах шаҳридаги кўр, соқов, гунг, жисмонан ногиронлиги бўлган кишиларнинг хонадонларига бориб совғалар улашилди.
Ушбу тадбирларнинг муҳим жиҳати шундаки, юзлаб кўнгли яримта, қалби ўксик кишиларимизга шодлик улашилди, хонадонларига хурсандчилик кириб борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деганлар.
Эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган бундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига хурсандчилик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш амаллардан эканига шубҳа йўқ.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мунира АБУБАКИРОВА,
ЎМИ мутахассиси

Top