muslim.uz
Ҳасан домла Қодиров: Ҳаётимизни сарҳисоб қилайлик
Фарзанд тарбияси
Фарзанд инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилинган улуғ неъматларнинг биридир. Ҳар бир неъматнинг шукронаси бўлганидек, фарзанд неъматининг шукронаси эса ҳар бир ота-она фарзандларига чиройли таълим-тарбия ва одоб-ахлоқ беришлигидир.
Аслида ота-она учун фарзанднинг камолини кўришдан кўра каттароқ қувонч ва бахт йўқ. Шундай экан, фарзандларини камолот сари элтувчи йўлга йўллаш уларнинг вазифасидир.
Аллоҳ таоло сиз билан бизга фарзанд неъматини берганда катта хурсандчилик билан кутиб олдик. Энди фарзандларимизни шундай тарбия қилайликки, ҳаётлигимизда ва ҳаётдан кўз юмганимиздан кейин ҳам бизга раҳмат олиб берадиган бўлсин.
Чунки фарзанд отанинг сиридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Биз одам болаларини,(инсонни) азизу мукаррам қилдик” – деб марҳамат қилади. (Исро, 70). Ҳақиқатдан ҳам, гўдак ёруғ дунёга келаётгандаёқ, Аллоҳ таоло унга жуда бебаҳо неъматлар ато этган бўлади. Кейин уни тарбия қилиб, асраб авайлаб, вояга етказиш ота-онанинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Инсон ирқи, миллатидан қатъий назар, мийсоқ кунида Аллоҳ таолога келтирган азалий иймон билан туғилади. Барчамизга маълумки, Ал-мийсоқда Одам алайҳиссаломдан то қиёмат кунигача дунёга келадиган инсонларнинг руҳлари саф тортиб турганларида, “Мен сизларнинг Роббингиз эмасманми?” − деб сўраган. Шунда ҳаммамиз бир овоздан: “Имон келтирдик, тасдид этдик”, дея жавоб қилганмиз (Аъроф, 172).
Масалан асаларини олайлик, унинг руҳига: “Қанотингни очиб, уча бошлаганингдан то умрингни охиригача бандалар учун шифобахш неъмат асал тўплайсан”, деб илоҳий тарбият берилган. Асалари шу вазифани мукаммал адо этади, уяга кираверишда икки қоровул ҳар бир ишчи арини ҳидлаб кўраётганини кузатамиз. Мабодо бирортаси ҳаром нарсадан истеъмол қилган бўлса, ўнг тарафдаги ари уни аниқлагач, чап тарафдагисига ишора қилади. У ҳам тасдиқласа, бўйнини тишлаб узиб ерга ташлаб юборишади. Парвардигор, бандаларим ҳаром еб қўймасинлар, акс ҳолда, иймонлари заифлашади, бола чақаларнинг тарбиясига путур етади, деб сизу бизга шундай ибрат мактабини яратиб қўйган. Ёки эндигина тухумдан чиққан икки жўжага эътибор қилинг, бири товуқ, иккинчиси ўрдак жўжаси. Маълум муддатдан сўнг ўрдак сувга интилади, товуқ жўжаси эса қуруқликда қолади. Ажабо, жўжаларга тухумдан чиқибоқ бу тахлит ҳаракатни ким ўргатди экан? Албатта, бу бутун борлиқни яратган Аллоҳни иши.
Инсон боласининг тарбияси туғилгандан то сўнгги нафасигача давом этаверади. Болани Расулуллоҳ с.а.в. ва у зотнинг аҳли байтларининг муҳаббатига, Қуръон тиловатига одатлантириш ҳам имоний тарбиянинг бир қисмидир. Ёш болаларга имоний тарбия бериш давомида ақллари етадиган сўзларни айтиш лозимдир. Бир сўз билан айтганда Тарбияда танаффус бўлмайди. Чунки инсон унутувчи, унинг душмани шайтон эса унуттирувчидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда қиёмат куни ҳар бир неъмат хусусида сўралишимизни марҳамат қилган. Фарзанд тарбияси борасида ҳам худди шундай. Ота-она ўз фарзандининг инсонлар билан хушмуомалада бўлиши, ростгўй, омонатдор, катталарга ҳурмат ва кичикларга шафқатли бўлиши учун масъулдирлар. Фарзандининг ёмон хулқ ва сўзлардан, қабиҳ иш ва ёмон одатлардан пок бўлиши учун ҳам ота-она жавобгардир. Авлодларимизни соғлом, ақлли, одобли қилиб тарбиялашимиз ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Бу ўринда шуни таъкидлаш жоизки, агар киши ўзи тарбияланган бўлмаса, фарзандига ўзи ўрнак бўлолмаса, айтган гапларига ўзи амал қилмаса, у ҳеч қандай натижага эриша олмайди.
Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ, маънавий тарбияга алоҳида эътибор берилмоқда. Фарзандларимизни ёшликда жисмоний меҳнатга кўниктириш, танини соғлом қилиб вояга етказиш, одоб аҳлоқли, маърифатли қилиб тарбиялаш, озодалик, покизалик, шахсий тозалик, ота-она ҳурмати, Ватанга ҳурмат, эътиқодининг мустаҳкамлиги, айниқса турли бузғунчи диний оқимларга аралашиб, натижада нотўғри ақида билан онгининг заҳарланиб қолмаслигига алоҳида эътибор қаратмоқ лозим. Юқорида инсон азизу мукаррам қилиб яратилгани айтиб ўтилди. Инсон нимаси билан шарофатли, азиз бўлди? Инсон илм сабабидан шарофатли ҳисобланади. Бугунги кунда фарзандларимизни дунёвий илмлар соҳиби ва ҳунарли бўлишига тарғиб қилар эканмиз, Ҳазрати Али (каррама Аллоҳу важҳаҳу.)нинг: “Болаларингизга келажак давр илмини ўргатингиз, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келишади” деган кўрсатмаларини эслаш муҳим. Шу ўринда Ҳазрати Навоий бобомизнинг бир сўзларини келтиришни лозим топдим:
Уруғ ерга тушиб, чечак бўлди,
қурт жондан кечиб, ипак бўлди.
Лола тухумича ғайратинг йўқми,
Ипак қуртича ҳимматинг йўқми?
Бизлар ҳам фарзанд тарбиялашда, Ватанга садоқатли бўлиб, элга беминнат хизмат қилишда ғайрат қилайлик ва ҳиммат кўрсатайлик.
Маъруфхон Алоходжаев
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори”
жоме масжиди имом-хатиби
Дунёдаги энг катта жонзот ҳақида биласизми?
Кўк кит сут эмизувчиларидан бўлиб, ер юзидаги энг катта жонивор ҳисобланади. Унинг узунлиги 33 метр, оғирлиги 150-170 тонна келади.
Юрагининг оғирлиги 600 килограмм атрофида бўлади.
Тилининг оғирлиги 2 тоннага яқин. Яъни ўртача катталикдаги автомобилга тенг келади.
Томирлари шу қадар каттаки, ичидан инсон юриб ўтиши мумкин.
Кўк кит шунчалик катта бўлишига қарамай, у узунлиги 5 см келадиган крил номли денгиз планктонлари (қисқичбақа кўринишидаги майда жонзотлар) билан озиқланади. Кит бир кунда 40 миллионта крил истеъмол қилади. Бу ўртача 3 ярим тоннадан ортиқ озуқа дегани.
Кўк кит 50 йилдан ортиқроқ умр кўради. Одатда улар табиий сабаблар, йиртқич балиқлар (касаткалар ва акулалар) жамоасининг ҳужумлари, кемаларнинг бориб урилиши, уммон сувининг ифлосланиши ва уларни овланиши натижасида ўлади. Олдинлари овчилар уни ёғи, гўшти ва бошқа маҳсулотлар олиш учун овлашган. Ҳозирги кунда бу жониворни овлаш қонун билан таъқиқланган.
Кўк кит уммонда соатига 30 километр тезликда суза олади.
У овқат излаб 500 метргача сув остига тушиши мумкин.
Урғочи кўк кит ҳар уч йилда бир марта бола туғади. Унинг ҳомиладорлик даври 11-12 ойни ташкил этади. Урғочи кўк кит одатда фақит битта жуфти билан яшайди.
Кўк китнинг юраги 10 тонна қонни ўтказади.
Кит ёшига қараб турлича нафас олади. У тинч ҳолатда бир дақиқада 1-4 марта нафас олади. Узунлиги 18 метрли кит икки дақиқада 5-10 марта нафас олса, 22 ярим метрли кит 12,5 дақиқада 7-11 марта нафас олади. Вояга етган кўк кит бир дақиқада 3-6 марта нафас чиқаради (ҳавони фонтан кўринишида отади).
Ҳозирги кунда дунё уммонларида тахминан 5000 тадан 12000 тагача кўк кит қолган.
Тасаввур қилинг, агар инсоният узунлиги 30 метр, оғирлиги 150 тонна бўлган қурилма ясайдиган бўлса, унга қанча олимлар, муҳандислар, техника, арифметика, тортишиш, босим ва ҳоказоларни яхши биладиган малакали мутахассислар, мазкур қурилмани керакли режа, жадвал ва дастурлар билан жиҳозлайдиган моҳир дастурчилар ва механиклар керак бўлади. Қурилма тайёр бўлгач, уни кўтариш, жойидан жилдириш, керакли жойга олиб бориш учун кўтарма кран, кўплаб юк машиналари ва техникалар оввора бўлади.
Аммо Аллоҳ таоло яратган, оғирлиги 150 тоннадан, узунлиги 30 метрдан ошиқроқ бўлган ушбу жонзот денгизда бемалол ов қилади, енгил ҳаракатланади, катта тезликда, эркин сузади. У ёқдан бу ёққа осон ағдарилади, уммондан ташқарига сакраб чиқиб, яна сувга шўнғийди. Хуллас кичкина балиқ амалга оширадиган ишларни, ҳаракатларни улкан кўк кит ҳам бемалол амалга ошира олади.
Энди мана бу оятга диққат билан эътибор берайлик:
“Сен: “Осмонлару ернинг Робби ким?” деб айт. “Аллоҳ”, дегин. “Ўзингизга Ундан ўзга, ўзларига фойда ёки зарарга эга бўлмаган валийларни тутдингизми?” дегин. “Кўзи кўр билан кўрувчи баробар бўлурми ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?” дегин. Ёки улар Аллоҳга У яратган махлуқотларга ўхшаш махуқотларни яратганларни шерик қилиб олдилару уларга яратилган махлуқотларга ўхшаш кўринмоқдами? “Барча нарсанинг яратувчиси Аллоҳдир. Ва У бирдир, Қаҳҳордир”, дегин” (Раъд сураси, 16-оят).
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Аллоҳ билан шартнома тузган киши
Одамзот мақтовга, олқишга, ўзгаларни ажаблантиришга ўч. Шу сабабли инсон қўлидаги бир мулки ёки қилган амали билан фахрланишни, мақтанишни яхши кўради. Кимдир амалини, кимдир мол-дунёсини, яна кимдир эса қилган яхши ва хайрли ишларини гапирганча ҳузур қилади. Одамларнинг ҳавас ва ҳасад ила унинг оғзига термулишидан роҳатланади. Албатта бу яхши одат эмас.
Бироқ, ичимизда шундай одамлар ҳам борки, улар на амали билан, на мол дунёси билан ва на хайр – эҳсон ёки яхшилиги билан мақтанади. Лекин, улар оғзини тўлдирганча, қилган ГУНОҲИ! билан мақтанади. Ажабланманг, ҳа, айнан гуноҳи билан, Аллоҳга бўлган маъсияти билан, илмсизлик ила қилган хатоси билан мақтанади. Оғзидан бол томганча, ҳузур қилганча, гўё ҳеч ким уддалай олмаган ишни бажариб қўйгандай, айнан қилган гуноҳини ошкор қилиб оғзига қаратади. Улар ўзларига “Худодан беркитмаган бандасидан беркитасанми?” деган гапни шиор қилиб олишган. Бу эса, нафақат яхши одат эмас, балки, динимиз қаттиқ қоралаган ёмон ва хатарли одатдир.
Аллоҳ таоло бандаларига ниҳоятда меҳрибон Зотдир. Инсонларнинг гуноҳларини кечаю кундуз яшириб, ҳар дақиқада кечириб, уларга имкониятлар, муҳлатлар бериб туради. Бироқ, ўз айбини ошкор қилиб, ўз гуноҳи ила мақтанганлар Аллоҳ таолонинг бу марҳаматларидан фойдаланмасдан, илмсизлик ила гуноҳ устига гуноҳ орттирадилар. Чунки, гуноҳ қилишнинг ўзи бир гуноҳ бўлса, уни ошкор этиш, у билан мақтаниш, гуноҳни эслаб ҳузурланиш иккинчи бир гуноҳдир.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Умматимдан ҳар бири афв қилингандир. Фақат мужоҳирлар бундай эмас. Мужоҳир шундай бир кишики, у тунда бир амални қилади-да, сўнг тонг оттиради. Аллоҳ эса унинг гуноҳини беркитган эди. Бас, у: “Эй фалончи, ундай ва бундай қилдим”, дейди. Ваҳоланки, Роббиси уни беркитган эди. У эса Аллоҳнинг ёпиб қўйган пардасини очиб юборади”. (Муттафақун алайҳ)
Аслида банданинг гуноҳи ошкор бўлмаганлиги, инсонлар оғзига тушиб гап-сўз бўлмаганлиги кишининг ўз ишини зўр уддалаганидан, инсонларнинг халойиқнинг кўзига чўп суқиб уддабуронлик қилганидан эмас, балки, Аллоҳ таоло Ўзининг Саттор сифати ила банданинг гуноҳини беркитиб, у гуноҳ билан халойиқнинг ўртасига кўринмас парда тортиб қўйганлигидандир. Бу ҳам катта неъматдир. Чунки, Аллоҳ таоло кимнинг гуноҳини бу дунёда яширса, Қиёмат кунида ҳам беркитиши ҳақида ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ишончли ҳадислар келган. Шундай экан, Аллоҳ беркитган гуноҳни ўз тили билан ошкор қилган киши гуноҳнинг кечирилмаслиги учун сабабчи бўлиб қолади.
Асарларда келтириладики: “Агар банда Аллоҳга қайтса, бир нидо қилувчи осмон ва ер аҳлига шундай нидо қилади: “Фалончини муборакбод этинглар. Батаҳқиқ, у Роббиси билан келишиб олди, Аллоҳга қайтди”. Яна келтириладики: “Агар банда насух тавба қилса, Аллоҳ таоло шу бандани устидаги икки фариштага ва ернинг аҳолисига унинг қилган гуноҳларини унуттириб юборади”.
Демак, инсон билиб-билмай гуноҳга қўл урганда уни одамларга ошкор қилмаслиги, балки, гуноҳига тавба қилиши лозим бўлади. Қолаверса, қачондир у гуноҳни эслаганда ҳузурланиши ёки мақтаниши эмас, балки, қалбида пушаймонлик ҳисси ила кечирилишидан умидворлик туйғуси бўлиши керак.
НУКТА: Ўз гуноҳини ошкор қилмасликка, ўз хатосини яширишга буюрган динимиз ҳаргиз ўзгалар гуноҳини, айбини ва хатосини оммага жар солишга ҳаргиз рухсат бермайди. Балки гуноҳидан хабаринг бордир, бироқ, қилган тавба ва истиғфорини билмассан. Балки, у Роббиси билан келишиб олгандир. Сен эса Аллоҳ ва банданинг ўртасида ёмонотлиқ бўлиб қолмагин.
ОЛМАЗОР ТУМАНИДАГИ “МЕВАЗОР” МАСЖИДИ ИМОМ НОИБИ: ИСЛОМОВ ЁРБЕК
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг гўзал таъриф” танловида ғолиб бўлган таърифлардан намуналар
У зот фақат Арабистон яриморолига ёки Осиё қитъасига эмас, балки бутун оламларга раҳмат эдилар!
У зот алайҳиссаломнинг раҳматликлари ҳатто мунофиқларгача етарди.
Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг яхши эр, энг яхши ота, энг яхши амакивачча, энг яхши ўғил, энг яхши дўст, энг яхши биродар ва энг яхши Набий ва Расул эдилар!
Икки олам сарвари соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига энг кўп қайғурган Пайғамбар эдилар!
Амр ибн Осс розияллоҳу анҳунинг гаплари: «Мусулмон бўлганимдан кейин у зотнинг кўзларига, юзларига тикилиб қарай олмаганман».
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг гаплари: «Ҳаётлигингизда қандай ёқимли, гўзал бўлган бўлсангиз, вафотингиздан кейин ҳам шундай ёқимли, гўзалсиз».
Илк қабр унинг устидан очиладиган, шафоат изни бериладиган ва жаннат эшиги ҳалқасини илк қимирлатадиган зот.
Қуръонда мақталган барча сифатлар ила зийнатланган, Қуръонда ёмонланган барча иллатлардан энг узоқ турган зот.
У зот алайҳиссаломнинг раҳматликларини ифода этган мана бу воқеани келтирсам. Мунофиқларнинг раиси Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ўлганда, у зот унинг жанозасига бормоқчи бўлганлар. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу келиб, «Мунофиқларнинг раисига жаноза ўқийсизми, эй Расулуллоҳ?» деб, йўлларини тўсганларида, севикли Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга (мунофиқлар ҳақига истиғфор айтиш-айтмаслик борасида) ихтиёр берилди. Мен истиғфор айтишни танладим. Агар улар учун етмиш мартадан кўпроқ истиғфор айтсам-у, Аллоҳ уларни кечиришини билганимда, кўпроқ айтган бўлардим. Шунинг учун йўлимни бўшатиб қўй, эй Умар!» деганлар.
Нозимжон Иминжонов