muslim.uz
Қримда исломий онлайн-радио иш бошлади
Қримда Россия мусулмонлари идораси кўмагида "Ирфон" номли биринчи исломий интернет-радио ўз фаолиятини бошлади.
"Islam-today" нашрининг маълум қилишича, исломий интернет радиони ташкил қилиш ғояси анча олдин пайдо бўлган ва уни яратиш, ишга тушуриш учун бироз муддат вақт талаб этилган.
Радио дастурини ишлаб чиқиш, техник ишларни бажариш учун бир йил керак бўлган. Маълумотларга кўра, радио эфирларида Ислом дини ва мусулмонлар ҳаёт тарзи ҳақида эшиттиришлар олиб борилади. Радио фаолияти рус ва қримтатар тилларида олиб борилиши қайд қилинган.
Истиқболда жума намозлари ва турли диний маросимлардан тўғридан тўғри трансляция қилиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, тингловчилар учун қримтатар, инглиз ва араб тили дарслари ҳамда фойдали маслаҳатлар рукнларида радиоэшиттиришлар тайёрланиши айтилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳам интернет радио фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Яқин орада, иншаллоҳ, радио фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган.
ЎМИ Матбуот хизмаи
Иброҳим қорининг Эрон Қуръон мусобақасида қачон иштирок этиши маълум бўлди
Аввал хабар берганимиздек, 19 апрель куни юртимиз қори ва қориялари 35-Халқаро Қуръони карим мусобақасида иштирок этиш учун Теҳрон шаҳрига жўнаб кетган эдилар.
20-26 апрель кунлари Эрон Ислом Республикасининг Вақф ва хайрия ишлари ташкилоти томонидан ташкил этилган мусобақада институтимиз 4-курс талабаси Туйғун Иброҳим қори эртага ўз иштирокини бошлайди. Маълумотларга кўра, мусобақа ижтимоий тамоқлар орқали онлайн узатилмаяпти. Тадбир ўтказилаётган Намозгоҳ биносига ўрнатилган кўчма студия маҳаллий теле ва радио каналларда мусобақа жараёнларини узатиб бормоқда.
Хабарингиз бор, айни шу кунларда Тошкентда «Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018» республика босқичи бўлиб ўтмоқда. Финал босқичининг 3-куни бугун 23 апрелда Тошкент ислом институти талабалари Йўлдошбой Нуриддинов, Муҳаммадҳожимирзо Сайдалиев, Ҳамидуллоҳ Нажмиддинов ва Муҳаммадюсуф Абдураҳмонов чиқиш қиладилар.
Эслатиб ўтамиз, ушбу мусобақада «Олий мукофот» ўрни жорий қилинган бўлиб, ғолибга Президент совғаси тақдим этилади.
Манба: http://islaminstitut.uz
«Арвоҳ капалак» борми?
Қорининг баланд мартабасининг белги-аломати
Дунёнинг ишлари қизиқ. Не маънодаки, тасвир объектининг нақадар қойилмақомлиги ёки аҳамиятли эканини таъсирчан усулда ифодалаш учун қиёслаш ёки қарама-қарши қўйиш усулидан фойдаланамиз.
Хуллас, бундан ўн беш йил чамаси муқаддам катта даврадаги суҳбатлардан бирида бир ёш йигит ҳақида гап очилиб қолди. Шунда даврадагилардан бири уни мақтаб: “Интернетдан тижорат қилиб отасига “ласетти” олиб берди, зўр бола у”, деди.
Бу гапни эшитганлар боланинг эпчиллигига қойил бўлдик. Нега қойил бўлмайлик. ўша вақтларда кўпчилик интернетдан оддий хабарни кўришни ҳам билмас эди. У эса унда тижорат ишини очиб олибди. Энг муҳими, топган пулини бошқа ишларга, айниқса, ўзининг кўнгилхўшлигига сарфламасдан отасига ўша вақтдаги энг ҳашаматли машиналардан бири саналган “ласетти” олиб берибди. Аллоҳ зиёда қилсин!
Бугун эса Қуръон мусобақаси ғолибини муҳтарам Президентимиз “ласетти” машинаси билан тақдирлайди. Ўша йигитимиз интернет тижорати қилган эди. Бугунги қоримизни эса Аллоҳ таоло Фотир сурасида “сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар”, деб таърифламоқда.
Ушбу ояти каримада қориларимизнинг Қиёматда даражаси қанчалик баланд бўлишига ишорат этиляпти. Қуръон мусобақасида эса ана шу ояти каримада таърифланган баланд мартабага ишора-аломат бор – Президент “ласетти” совға қилмоқда.
Албатта, тижорат ёки бошқа касблар Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақбул амаллардан ва улар юртнинг фаровонлигига, элнинг маъмурлигига катта ҳисса қўшадилар. Лекин қорилик бўлакча-да, барибир. Шунинг учун ҳам Қуръон мусобақасини кўраётган кишиларнинг барчаси фарзандларининг мураттаб қорилардан бўлиб улғайишини орзу-ҳавас қилмоқдаки, уларнинг барчасини эзгу ниятларига етказсин!
ЎМИ Матбуот хизмати
Мусобақани онлайн узатаётганлар ажру савоб олмоқдалар
Қуръони карим мусобақасининг нафақат республикамиз аҳолиси, балки бутун дунё бўйлаб кузатиб боришга шароит қилган ташкилотчилар жуда катта савоблар олмоқда. Чунки бугунги томошабинлар уч гуруҳдан иборат бўлмоқда: бевосита мусобақа залининг ўзида ўтириб тинглаётганлар, онлайн орқали вилоятларда кузатаётганлар ва онлайн воситасида хорижда туриб кузатаётганлар.
Бевосита мусобақада ҳозир бўлганларнинг севинчи ичига қанчалик сиғмаётгани уларнинг ўзларига аён. Негаки, бундай савобли мусобақалар бугунги моддий дунёда унчалик кўп бўлавермайди ва уларда қатнашиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
Вилоятларимиздаги онлайн томошабинлар ҳам бениҳоя мамнундирлар. Чунки йўл узоқлик қилиб ва бошқа сабаблар билан пойтахтга етиб кела олмаганлар уйларида ўтирган ҳолда роҳатланиб томоша қилиб, қориларимизнинг гўзал тиловатларидан баҳра олиб ўтирибди.
Хорижлик томошабинларнинг ўзи ҳам уч гуруҳга бўлинади: тамоман хорижлик томошабинлар, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлиб тақдир тақозоси ила ота-боболари хорижда яшаб қолиб, ўша маконларда туғилиб ўсган томошабинлар ва айни кунларда хорижда таълим олаётган, даволанаётган, хизмат сафарида юрган ва меҳнат қилаётган томошабинлардир.
Тамоман хорижлик томошабинларни Ўзбекистонда Қуръон мусобақасининг республика бўйлаб ўтказилаётгани, Ўзбекистонда ҳам минглаб мураттаб ва мужаввид қорилар ва қориялар бор экани, ўзбек халқининг бу танловларга дарёдек оқиб келаётгани ва қориларнинг бу қадар кўплиги ҳамда тиловати ҳар жиҳатдан гўзаллиги бу мўътабар масканда катта илмий база мавжуд эканидан дарак беради дея баҳолашмоқда. Яқиндагина юртимизга келиб кетган ҳиндистонлик талаба, мураттаб қори Маҳбуб Афзал: “Қориларингиз зўр, барибир”, деб ёзибди телеграмда.
Илдизи ўзбекистонлик бўлган томошабинларнинг, биласизки, ота-боболари даҳрий шўролар даврида қувғинга учраб кетган. Улар бу мусобақанинг ҳар сониясини кўзда ёш билан, қалбда севинч билан кузатмоқдалар. Атрофидаги одамларга мана менинг она юртимда бўляпти бу мусобақа дея мақтанмоқда.
Вақтинчалик сафарда юртдошларимиз мусобақани кузатар экан, минбарда ўтирган улуғларимизни, зални тўлдириб ўтирган одамларимизни кўриб, соғинчи-ю севинчи янада зиёда бўлмоқда. Насиб этса кейинги йилларда танловларда бизга ҳам шу муобақада қатнашиш насиб этсин дея дуоларга қўл очмоқда. Кеча Чехия давлатида меҳнат қилаётган косонсойлик усталар “Қуръони каримдан баҳра оляпмиз, ватанни қумсаб”, деб ёзишибди. Қирғизистонлик Алишер Асқаров деган Қуръон мухлиси эса “Ўғлимни ўша ерларда ўқитсам бўладими”, деб ҳавас қилибди.
Яна энг муҳими, мусобақанинг юртимиз ва дунё бўйлаб онлайн узатилиши унинг ошкора ва шаффофлигини ҳам таъмин этади. Зеро, бунда ҳар бир томошабиннинг ўзи ҳам билганича қориларимизни баҳолаб бориш имконига эгадирлар.
ЎМИ Матбуот хизмати