muslim.uz
Ота-онасини бир ҳафта елкасидан қўймаган шарафли фарзанд
Мьянмалик Муҳаммад Айюб мамлакатдаги парокандалик сабабли бир ҳафта давомида ота-онасини елкасида кўтариб юрди.
Муҳаммад Айюб бундай ҳикоя қилади: “Бирма ҳарбийлари уйларга ўт қўйдилар, бегуноҳ инсонларни қатл этдилар. Бундай вазиятда ўз юртимиздан қочиб кетиш ягона чора эди. Шу сабабли бошпанамизни ташлаб кетишга мажбур бўлдик”.
Муҳаммад Айюбнинг онасининг исми Осиё. У 2008 йилдан бери ногирон. “Фарзандимни Аллоҳ таоло дунёю охират яхшиликларига муваффақ этсин. Боламдан бошқа ғамхўримиз йўқ”, деди Осиё она.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Масжид имоми кутубхона қурди
Бугунги кунда илму зиё тарқатиш, халқимизни, хусусан, беғубор ёшларимизни китоб ўқишга қизиқтириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Узоқ қишлоқдаги ёшларнинг ҳам мутолаага бўлган муҳаббатини зиёда қилиш, уларга бунинг учун шароит яратиш мақсадида бутун бошли кутубхона барпо этиш эса нақадар гўзал амал. Шундай масканлардан бири куни кеча Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги Варганза қишлоғида ташкил этилди.
Китоб туманидаги “Ваҳдат” масжиди имоми Неъматуллоҳ Мухторов ва унинг акаси Раҳматуллоҳ Мухторовлар ўзлари истиқомат қиладиган қишлоқ аҳолиси учун кутубхона совға қилдилар.
Ушбу кутубхона замонавий ахборот воситалари ва интернет тармоғига улангани унинг имкониятларини янада кенгайтиради. Бу сингари эзгу ишлар ёшларнинг илмини ошириши, бўш вақтидан унумли фойдаланишига қулай шароит яратади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Фатво ҳайъатига келган саволлар (1-қисм)
Muslim.uz портали ижодкорлари бугундан эътиборан сиз азизлардан келган саволларга берилган жавоблардан айримларини эълон қилиб боради. Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.
Савол: Ассалому алайкум. Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин. Саволим шундан иборат Қуръони карим китобини ўқиш давомида сажда қилиниши керак дейилган. Саждани қачон ва қандай қилиниши ҳақида тўлиқ маълумот берсангиз илтимос. Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Жавоб: Ва алайкум ассалом! Қуръони каримда ўн тўртта сажда ояти бўлиб, булар қуйидагилар: Аъроф сураси, 206, Раъд сураси, 15, Наҳл сураси, 49, Бани Исроил сураси, 109, Марям сураси, 58, Ҳаж сураси, 18, Фурқон сураси, 60, Намл сураси, 26, Сажда сураси, 15, Сод сураси, 24, Фуссилат сураси, 37, Нажм сураси, 62, Иншиқоқ сураси, 21, Алақ сураси, 19-оятлари. Мазкур оятларни ўқиган ёки ўқиётган кишидан эшитган шахс таҳоратли ҳолда битта сажда қилади. Бу сажда учун қўл кўтарилмайди. Ташаҳҳуд ва салом ҳам йўқ. Саждада сажда тасбеҳи айтилади. Валлоҳу аълам. Бу масала ҳақидаги батафсил маълумотларни фиқҳ китобларидан ўқиб оласиз.
Савол: Ассалому алайкум! Жума намози ўқиб бўлингач, пешин намозининг суннатини ўқишга ният қилдим деб ният қилинадими? Мазкур суннат намозининг 3-,4-ракатларида зам сура ўқилмайдими? Жавобингиз учун олдиндан миннатдорман, устоз.
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Жума намозининг суннати деб ният қилинади ва унинг учинчи ва тўртинчи ракатларида зам сура ўқилади.
Савол: Ассалому алайкум, устозлар, “Риёзус солиҳийн”да бир ҳадис ўқидим. У шундай эди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сувни ўтириб ичинглар, кимда ким уни ўтириб ичишни унутса қайт қилиб ташласин”, дебдилар (Муттафақун алайҳ). Бошқа ҳадисда сувни тик турган ҳолда ичиш жоиз дейилган (Имом Бухорий). Шунга ойдинлик киритиб берсангиз. Олдиндан раҳмат.
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Зарурат ҳолатларда сувни тик туриб ичиш жоиз. Умумий ҳолатларда сувни тик туриб ичишдан қайтарилган.
Савол: Ассалому алайкум устозлар саволим қуйидагича бизда мулла дейди шунингдек эшон боболар тумор қилиб беради уни ўзимиз билан ҳам олиб юришимиз мумкин ёки ҳазрат Довудга деб беради машинага осиб қўямиз шу тўғрими умуман тумор нима керакми ўзи у?
Жавоб: Ва алайкум ассалом! Сизларнинг мазкур “мулла”ларингиз нотўғри иш қилишар экан. Чунки “ҳазрат Довудга” машинага осиб қўядиган махсус дуо йўқ. Тумор ҳақида фақат қуйидаги гапни айта оламиз: Агар туморга маъноси номаълум нарса ёзилган бўлса, ёки тумор қилиб осилган нарса мунчоқ, суяк ёки иплар каби нарсалар бўлса, жумҳур фуқаҳолар бундан сақланиш лозимлигига иттифоқ қилишган. Чунки бунда сеҳр, куфр ёки ширк нарсалар ёзилган бўлиши ёки бу нарсалар ширкка олиб бориши эҳтимолдан холи эмасдир. Агар туморга Аллоҳ таолонинг каломи ёки гўзал исмлари ёки маъсур дуолар ёки маъноси билинадиган сўзлар ёзилган бўлса ва уни тақиб олувчи айнан туморнинг ўзи сақловчидир деб эътиқод қилмаса, тақишлик жоиздир. Лекин шундай бўлса-да, тумор тақмасликни тавсия қиламиз.
Савол: Ассалому алайкум азиз устозлар. Саволим шуки: Ҳижома қилиб шу орқали пул топса бўладими яъни шу орқали топган пули ҳалолми? Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Жавоб: Ва алайкум ассалом! Ҳа, ҳижома қилгани учун ҳақ олиш жоиз бўлиб, ўша ҳақ ҳалолдир.
Барча жавобларга ўтиш тугмаси.
Умматни йиғлатган жаннатий жуфтлик (Аудиоҳикоя)
Ёш ватандошлар “Ҳазрати Имом”да
Хабарингиз бор, шу кунларда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамкорлигида Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида “Ёш ватандошлар фестивали” бўлиб ўтмоқда.
Фестиваль хорижда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик йигит-қизларни ўзига хос муҳитда бирлаштириб, уларни Ватан равнақи йўлида янги ижодий изланишлар сари руҳлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, уларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлардан кенг хабардор қилиш, онги ва қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Фестивал доирасида ёшлар форуми, тадбиркорлик, фан, таълим, ахборот технологиялари, санъат йўналишлари бўйича учрашувлар, маҳорат дарслари, халқ сайиллари, театрлаштирилган саҳна кўринишлари, миллий либослар кўргазмаси, миллий ҳунармандчилик аукциони, миллий таомлар фестиваллари ташкил этилади.
Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини намойиш этувчи китоблар тақдимоти ва муборак масканларга зиёратлар ҳам уюштирилади. Фестивал доирасидаги ана шундай хайрли тадбирлардан бири, бугун ёшларнинг “Ҳазрати Имом” мажмуасига келиши бўлди.
Дастлаб, хорижда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик йигит-қизларга Биринчи Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган “Ҳазрати Имом” жоме масжидининг қурилиш тарихи ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, мажмуа таркибидаги “Мўйи Муборак” ва “Бароқхон” мадрасаларининг тарихи ҳамда мустақиллик йилларида ушбу масканда амалга оширилган беқиёс бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида сўзлаб берилди. Улар ушбу мажмуада амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларига юксак баҳо беришди.
Хулоса қилиб айтганда, Шарқ меъморчилигининг ноёб анъаналарини ўзида мужассам этган “Ҳазрати Имом” мажмуаси хорижда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик йигит-қизларимизга катта таассурот қолдирди.
ЎМИ Матбуот хизмати