muslim.uz
Ҳунарли киши хор бўлмас
Аллоҳ таоло инсоннинг ризқини ҳам бошқа жонзотларники каби азалдан белгилаб қўйган. Фақат инсон ақлли махлуқ бўлгани учун касби-кор, ҳалол меҳнат қилиб, ризқини ҳалолдан топиб умр ўтказишга буюрилган. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 29-оятида шундай буюрган: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро, розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно”. Яна Аллоҳ таоло Набаъ сураси, 11-оятида: “Кундузни эса, тирикчилик вақти қилдик” деб кундузни меҳнат ва касб-ҳунар, тирикчилик вақти қилганини эслатмоқда.
Инсон меҳнат, касб-ҳунар билан обрў ва шараф орттиргани каби оила аъзоларининг эҳтиёжларини таъминлайди. Уламоларнинг сўзларига кўра: “Ўзини ва оиласини таъмин этадиган миқдорда меҳнат қилиш вожиб, ундан зиёдаси учун меҳнат қилиш мубоҳдир”. Бандалар Аллоҳ таолонинг буйруқларини беками-кўст адо қилиши учун либос ва нафсининг озуқасига муҳтож. Банда бунга фақат меҳнат қилиш билангина этишади. Зеро, Аллоҳ таоло Жума сурасининг 10-оятида шундай марҳамат қилган: “Энди қачон намоз адо қилингач, ерга тарқалиб, Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар”. Демак, ризқ талабида саъй-ҳаракат қилишлик, меҳнат қилишлик динимизда буюрилган иш экан.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларга мурувват қилиш мақсадида ҳалол меҳнат орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, Қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи тўлин ойдек ёруғ бўлган ҳолда йўлиқади”, деган бўлсалар, бошқа бир ҳадиси шарифда: “Албатта Аллоҳ таоло ҳунарманд мўъминни севади” деганлар. Бундан ташқари, ҳалол касб қилиш ҳам ибодат ва солиҳ амаллардан ҳисобланиб, у инсоннинг содир этган баъзи гуноҳларига каффорат ҳам бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган меҳнат, касбгина каффорат бўлади”, деганлар.
Собит Баноний розияллоҳу анҳу деган улуғ зот айтадилар: “Менга айтишларича, ибодатлар ўн бўлакдир: тўққиз бўлаги тирикчилик талабидаги меҳнатда ва биттаси ибодатдадир”.
Ҳаким Абул Қосим айтадилар: “Ҳалол меҳнат қилиш иффатли камбағални гўзаллаштиради, заифнинг муҳтожлигини бекитади, пасткаш ғийбатчининг тилини кесади”.
Касбу ҳунарли, меҳнаткаш бўлиш Пайғамбарларнинг одатидир. Ривоят қилинишича Аллоҳ таолонинг Пайғамбари Довуд алайҳиссалом одамлар танимайдиган суратда чиқиб, мамлакат аҳлидан, ўзлари ҳақида сўрар эдилар. Бир куни у кишига Жаброил фаришта алайҳиссалом одам қиёфасида кўринди. Довуд алайҳиссалом айтдилар: “Эй йигит, Довуд ҳақида нима дейсан?”. “У яхши одам, лекин бир ёмон хислати бор мусулмонлар хазинасидан фойдаланади. Бандаларнинг ичида Аллоҳ таолога севимлироғи ўз меҳнати билан ризқ топиб ейдиганидир”, деди Жаброил. Шундан сўнг Довуд алайҳиссалом ўз ўринларига қайтиб, йиғлаб-йиғлаб айтдилар: “Эй Раббим, менга бир ҳунар ўргатгин, мўминларнинг молидан фойдаланмай”. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга темирчилик касбини ўргатди. Темирлар у кишининг қўлида худди хамирдек юмшоқ бўлиб қоларди. Довуд алайҳиссалом ишдан бўш вақтларида совут ясардилар сўнгра уни сотиб ўзи ва оиласининг эҳтиёжларига сарфлар эдилар.
Довуд алайҳиссаломнинг вафотидан кейин у кишининг ўрнига Пайғамбар бўлган ўғли Сулаймон алайҳиссалом инсонлар ва жинларнинг подшоҳи эди. У кишига шамоллар бўйсундирилган, барча ҳайвонотнинг тилини билар эди. Сулаймон алайҳиссалом одамларга минбарда хутба қилаётганида, қўлида палма дарахтининг новдалари бўлар эди, ундан сават ёки шунга ўхшаган бирор нарса тўқиб ўтирар эди. Тўқиб бўлганидан сўнг бир кишига бериб: “Бозорга олиб бориб сот”, дердилар.
Бу икки зотдан ташқари Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом дуродгорлик, Идрис алайҳиссалом хаттотлик, Иброҳим алайҳиссалом газлама савдоси, Закариё алайҳиссалом дурадгорлик билан шуғулланганлар. Бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам савдогарлик касби билан шуғулланганлар. Энг улуғ зотлар бўлмиш Пайғамбарлар ҳам ўз ризқларини ҳалол меҳнат, пешона тери билан топганлари инсоният учун буюк ибрат бўлмоғи лозим.
Ўтган улуғларимиз, авлиёлар ҳам бирор касб билан шуғулланганлар. Ҳунарли кишининг бировга эҳтиёжи бўлмайди, тамаъдан узоқ бўлади. Зеро, халқимизда ҳам “Ҳунарли киши хор бўлмас”, деган ҳикмат бор. Ҳунар туганмас бойликдирки, у қанча сарф қилинмасин камайиб қолмайди. Ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал эгаллаш зарур. Шунинг учун ёшларимиз вақтидан унумли фойдаланиб, бирор касб ўрганишга ҳаракат қилмоғи, илм ўрганмоғи ва ҳалол меҳнат қилмоғи даркор. Чунки ёшликда ўрганган илму ҳунар тошга ўйилган нақш кабидир. Улуғларимиз ҳар бир нарсанинг зеб-зийнати бор, йигитликнинг безаги ва зийнати ҳалол меҳнат ва касб орқасидан дейишган. Фарзандларини илму ҳунарли бўлишларига ота-оналар жиддий эътибор қаратишлари лозим.
Инсон Аллоҳ таоло берган қобилияти ва ақл идроки туфайли орттирган касбидан фақат хайрли мақсадларда фойдаланиши, ўзидан сўнг шогирдлар етиштирмоғи ҳам зарурдир. Аллоҳ таоло ризқларимизни ҳалол меҳнат ва касбу-корларимиздан ато қилсин!
М. ҚОРАЕВ,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳаром маҳсулотнинг яна бир зарарли жиҳати аниқланди
Тамаки маҳсулотлари нафақат ўпка саратони ва юрак-қон тизими билан боғлиқ муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади, балки эшитиш қобилиятининг йўқолиш хавфини ҳам орттиради. Бу ҳақда Nicotine and Tobacco Research журналида чоп этилган мақолада айтилади. Тадқиқотлар натижасида тамаки истеъмол қилувчилар чекмайдиганларга нисбатан 1,6 баробар кўпроқ эшитиш қобилиятини йўқотиши аниқланди. Мутахассислар Япониянинг 20-64 ёш оралиғидаги 50 мингдан зиёд аҳолисининг маълумотларини таҳлил қилишди. Тадқиқот бошланганда, уларнинг ҳеч бирида эшитиш билан боғлиқ муаммолар бўлмаган. Охирги 8 йил мобайнида мутахассислар вақти-вақти билан тадқиқот иштирокчиларининг чекиш-чекмасликларини, агар чексалар қанча миқдорда чекишларини аниқлаб бордилар. Бундан ташқари, уларнинг эшитиш қобилияти ҳам текшириб борилди. Натижалар кашандаларнинг эшитиш қобилияти кўпроқ азият чекканини кўрсатди. Тадқиқот мобайнида мутахассислар жинс, ёш, вазн каби кўрсаткичларга ҳам эътибор қаратдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Найман ота ким бўлган?
Жунайд ал-Бағдодий ҳазратлари, халқимиз тили билан айтганда, Найман ота аслида Бағдодда дафн этилган бўлса-да, туманимизда, яъни Эски Нишондан бир неча чақирим узоқликда, Отқудуқ қишлоғи яқинида у зотнинг рамзий қабри бор. Улуғ аллома шарофатидан бизнинг диёримизга ва халқимизга ҳам Аллоҳ таоло файзу барака ҳамда тинчликни ато этиб келаётир.
Ҳазрат Жунайд ал-Бағдодийнинг рамзий қабри жойлашган Эски Нишоннинг Отқудуқ қишлоғи яқинидаги чўл ҳудудлари ҳақида узоқ йиллардан буён халқ орасида турли ривоятлар мавжуд. Бу масканда илгари отхоналар сифатида фойдаланилган, деб тахмин қилинадиган қадимий иморатлар харобалари мавжуд. Айрим кексаларнинг хотирлашларича, бу харобалар ўтмишда Соҳибқирон Амир Темур аскарларининг отхоналари бўлган, ушбу ҳудудлар машқ майдонлари бўлиб, аскарлар жанг олдидан ана шу майдонларда ҳарбий машғулотлар ўтказган, деган ривоятлар аждодлардан авлодларга ўтиб келган. Маҳаллий аҳолининг кўпчилиги ҳамда бир қанча ихлосманд кишилар бу ерлардаги мўъжизавий, деб ҳисобланадиган айрим воқеа-ҳодисаларни Жунайд ал-Бағдодий ҳазратларининг рамзий қабри билан боғлайдилар. Хусусан, мақбарадан икки юз метрлар чамаси чеккадаги сойликда бир қудуқ қазилиб, ундан чучук сув чиққан. Ваҳоланки, бундай чўли биёбонда қудуқ қазиб сув чиқарилиши анча машаққат бўлгани сабабли қудуқдаги мўл-кўл чучук сув ҳаммани ҳайратга солган. Мазкур қудуқдаги сув туфайли элликка яқин оила қудуқ атрофида доимий яшаб қолган. Бу Жунайд ал-Бағдодий ҳазратларининг кароматларидан бўлса, не ажаб.
Нишонлик кексаларнинг ота-боболаридан эшитишига қараганда, ҳазрат Жунайд ал-Бағдодийнинг хоки поклари келтирилиши Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳарбий юришларига боғлиқдир. Албатта, Соҳибқирон Амир Темур қайси жойларга юриш қилган бўлса, ўша масканлардаги олимлар, уламолар, фозилу фузалоларнинг ҳурматларини жойига қўйганлар. Саркарда бобомиз томонидан Қарши шаҳрига “Абу Убайда бин ал-Жарроҳ”, Муборак тумани ҳудудига “ал-Марвазий”, Самарқанд шаҳрига «Дониёл пайғамбар» ҳазратларининг хоки поклари келтириб, юртимизда ул зоти шарифларнинг рамзий қабрлари ҳамда зиёратгоҳ масканлари барпо этилгани бунга мисол бўлади. Улар қаторида ҳазрат Жунайд ал-Бағдодийнинг ҳам хоки поклари Соҳибқирон Амир Темур томонидан олиб келингани ҳар жиҳатдан ҳақиқат бўлиши аниқ.
Абул Қосим ал-Жунайд ибн Муҳаммад ал-Қаворирий ал-Ҳаззоз ал-Бағдодий аҳли сунна ва жамоанинг буюк уламоларидан ва ҳижрийнинг III асридаги сунний тасаввуф шайхларидан бўлган буюк аллома эди. Бир қатор тарихий, диний, шунингдек, баъзи замонавий илмий манбаларда қайд этилишича, ҳазрат Жунайд ал-Бағдодий тасаввуфдаги 2 та асосий оқимдан бири – Жунайдия асосчиси. Асли унинг ота-онаси Ҳамадон яқинидаги Нахованд шаҳридан бўлган. Жунайд ҳазратлари Бағдодда (айрим манбаларда Нахованд шаҳрида дейилган) таваллуд топган ва бутун умри шу ерда ўтган. Алломанинг туғилган йили ҳақида аниқ маълумот сақланиб қолмаган. Айрим манбаларда ҳижрий 220 йилда (милодий 831 йилда туғилган деган тахминлар мавжуд. У гўдаклигида отадан етим қолиб тоғаси, сўфий Сари ас-Сақатий (867 й. в.э.) қўлида тарбияланган ва унинг муриди бўлган. Шофиъий ҳуқуқи ва ҳадисларни машҳур фақиҳ Абу Савра Иброҳим бин Ҳамид ал-Кабалий ал-Бағдодийдан ўрганган. Тасаввуфда аллома Жунайд ал-Бағдодийнинг устозлари Сари ас-Сақатий ва ал-Ҳорис ал-Муҳасибий (тахм. 781-857) бўлган.
Тасаввуф уламоларидан бири Абу Абдураҳмон Салмо у зот ҳақида “У қавмнинг имомларидан ва улуғларидан эди. Барчанинг тилида мақбул эди”, деб таърифланган. Яна бир аллома Абу Одил Шибилий Жунайд ал-Бағдодийнинг ташқи сувратини шундай тасвирлайди. “У оқ рангли, кўзи кўк, бурни узун, қошлари тўғри, узун қоматли ажам эди. Унинг соқоли киндикка тушарди. У киши саксон ёшга кирган эди. Отаси Муҳаммад бин ан-Наховандий эди. Онаси Шоҳ бинти Яздажир эди. У форс подшоҳи Кисронинг сулоласидан, ўша вақтда муслима бўлган.
Жунайд ал-Бағдодий ибодатга қаттиқ киришади, кўп ибодат қилгани сабабли Аллоҳ унинг қалбини очади. У жуда кўп илмларга эга бўлади. Сўфийлик тариқати ҳақида гапиради. Унинг ҳар куни 300 ракат нафл намоз ўқиш вазифаси эди. 30 мингта тасбеҳ айтар эди. Кўп шайхлардан таълим олганди, кўп таснифлар қилди. Охирги пайтда душманлари унга зиндиқ (худосиз) деган туҳматлар ва саодатли бошига қасд қилдилар, аммо қўлларидан ҳеч нарса келмади, улар кўр бўлдилар.
Ҳазрат Жунайд ал-Бағдодий денгиз соҳилида кезар экан, бир мажусий кўпгина ем ва озуқа олиб денгизга, балиқларга ташларди. Буни кўрган Жунайд ҳазратлари: “Нима қилганинг бу?” деб сўрадилар. У “Савоб умидида ем ташлаяпман”, деб жавоб қайтарди. “Сен мусулмон эмассан-ку, қанақа савоб ҳақида гапираяпсан, савобдан умид қилиш учун аввало Аллоҳга иймон келтиришинг керак”, деди Жунайд ҳазратлари. Мажусий сўради: “Хўп, майли, унда айт-чи, сен айтаётганинг Аллоҳ менинг балиқларга ем ташлаётганимни кўрмаяптими?” Унинг бу саволига Жунайд ҳазратлари “Албатта унинг кўрмайдиган, билмайдиган нарсаси йўқдир”, деб жавоб қайтарди. “Шу менга етади”, деди мажусий ва ўз йўлига кетди. Орадан 4-5 йил ўтди. Жунайд ҳазратлари ҳаж ибодати учун Маккага бордилар. Каъбани тавоф қилиб турар эканлар, рўпараларида балиқларга ем ташлаган мажусий ҳам Каъбатуллоҳни тавоф қиларди. Ҳазрат Жунайд ундан “Бу ерда нима ишинг бор?” деб сўради. У жавоб қайтарди: “Сен кетганингдан кейин ичимда бир ёруғ нур порлади. Қарасам, ҳамма балиқлар оғзини очиб, шаҳодат калимасини айтди. “Яхшилик қил, денгизга от – балиқ билар, балиқ билмаса, холиқ билар” ҳикматининг маъносини англадим. Шунда сенинг Раббинг мени кўрди, у кўргани учун мен шу ердаман, деди маъжусий.
Ҳа, азизлар сиз билан бизга Найман ота номи билан маълум бўлган Бағдодий ана шундай азиз авлиё бўлган.
Ражабхон ҚИЁМОВ,
Нишон туман бош имом-хатиби
ЎМИ Матбут хизмати
Остонада XIV Жаҳон ислом иқтисодий форуми ўтказилади
“Остона” халқаро молия маркази ва Жаҳон ислом иқтисодий форуми (ЖИИФ) XIV Жаҳон ислом иқтисодий форумини 2018 йилнинг 4 июль куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказиш бўйича келишув имзоладилар.
“Жаҳон ислом иқтисодий форуми 2006 йилда Малайзия ҳукумати кўмагида ташкил этилган эди. ЖИИФ асосан Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ва Европа мамлакатлари вакиллари ўртасида ўзаро иш бирлиги масалалари, шунингдек, ислом молиялаштириш тизимини қўллаган ҳолда тадбиркорлик ва инвестициялаш фаолияти учун қўшимча имкониятларни яратиш бўйича мулоқот майдони ҳисобланади”, дейилади ЖИИФ матбуот маркази берган хабарда.
Айтилишича, ислом молиялаштириш халқаро бозори 2 триллион АҚШ долларини ташкил этади. XIV ЖИИФнинг Остонада ўтказилиши МДҲ, Ғарбий ва Марказий Осиё давлатлари учун манфаатли бўлиши кутилмоқда. Тадбирда мингдан зиёд юқори мартабали меҳмонлар ташриф этиши кутилмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
Online: Қуръон мусобақаси (Тошкент шаҳри)
Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг Тошкент шаҳри босқичи бугун пойтахтимиздаги “Наврўз” шодиёналар кошонасида бўлиб ўтмоқда. Анжуманга 4000 дан ортиқ аёл-қизлар ташриф буюрди. Бу Ислом динига, Қуръон илмига қаратилган юксак эътибор самарасидир.
Кошона ичкарисига сиғмай қолган меҳмонлар учун алоҳида шароитлар яратилиб, гиламлар солинди. Уларнинг ушбу гўзал мусобақадан чиройли таассуротлар билан кетишлари мақсадида имкон қадар қулайликлар яратиб берилди.
Мусобақа иштирокчилари жами 15 аёл-қиздан:
ҳифз йўналишида 18 дан 25 ёшгача бўлган аёл-қизлардан – 2;
ҳифз йўналишида 26 дан 40 ёшгача бўлган аёл-қизлардан – 2;
тиловат йўналишида 18 дан 25 ёшгача беллашувда – 6;
тиловат йўналишида 26 дан 40 ёшгача бўлган беллашувда 5 иштирокчи куч синашмоқда.
Muslim.uz сайти ушбу мусобақа жараёнидан хабарлар, лавҳалар бериб боради.
Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ
ЎМИ Матбуот хизмати