muslim.uz

muslim.uz

2018 йил 9 март жума куни Тошкент шаҳридаги “Кўҳ ота” жоме масжидининг янги биноси қурилиши учун биринчи ғишт қўйилди.
Ушбу хайрли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари бошчилигида таниқли уламолар, нуроний отахонлар ва масжид қавми қатнашишди. Юзларидан нур балқиб турган табаррук отахонлар масжиднинг биринчи ғиштини қўйиб бердилар. Ихлос ва эътиқодли халқимиз жоменинг қурилиш ишларида фаол иштирок этишга бел боғладилар. Аллоҳ ихлосларига яраша ажрларини кўпайтириб берсин. Масжид биноси қурилиши muslim.uz порталининг Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали онлайн узатилди. Қуйидаги линк орқали томоша қилишингиз мумкин: https://www.facebook.com/muslimuzportal/videos/

Маълумот учун, ҳозирда Тошкент шаҳрида “Сузук ота” жоме масжиди қурилиш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда. Шунингдек, азим пойтахтимиздаги “Имом Термизий” жоме масжидининг қурилиш ишлари ҳам якунига етиб бормоқда.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур” (Юсуф сураси, 87-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи вассаллам айтдилар: “Аллоҳнинг юзта раҳмати бўлиб, ундан битта раҳматини жинлар, инсонлар, ҳайвонлар ва ҳашоратлар орасига туширди. Ана ўша битта раҳмат билан улар бир-бирига раҳм-шафқат кўрсатади, ҳатто ваҳший ҳайвонлар ўз боласига меҳрибон бўлади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматини олиб қолдики, улар билан қиёмат кунида бандаларга раҳм қилади” (Мутафақун ривояти). 

Албатта, Аллоҳ Ўзига (бирон нарсани) шерик қилишни кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандаларни учун кечирур (Нисо сура, 48-оят).

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи вассаллам айтдилар: “Яхши гумон ибодатнинг гўзаллигидандир” (Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ барчамизни Ўзини раҳматига насиб қилсин.

Ойбек САМАРҚАНДИЙ,

 “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Унда расмий делегациялар аъзолари, икки мамлакат вазирликлари ва йирик компаниялари раҳбарлари, чегараолди вилоятлари ҳокимлари иштирок этди.

Ўзбекистон қўшни давлатлар билан дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашни ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаган. Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли қисқа муддатда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Тожикистон билан муносабатлардаги долзарб масалалар ҳал этилди.

Музокарада савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йили 240 миллион долларни ташкил этгани қайд қилинди.

Фото: «President.uz»

Президент Шавкат Мирзиёев товар айирбошлашни кўпайтириш ва унинг ҳажмини яқин йилларда 500 миллион долларга етказиш учун ҳали ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини таъкидлади.

Икки мамлакат бозорида харидоргир маҳсулотларни етказиб беришни кўпайтириш, савдо-логистика тармоғини кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистон икки мамлакат ҳудудлари ва етакчи корхоналари ўртасидаги кооперацияни кенгайтиришдан манфаатдор бўлиб, музокараларда қишлоқ хўжалиги техникасини йиғиш, замонавий қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик, электротехника ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар таклиф этилди.

Транспорт ва транзит ташувлари соҳаси ҳам ҳамкорликнинг стратегик йўналишидир. Ўзбекистон Президенти бу борадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда темир йўл орқали юк ташиш ҳажмини ошириш учун биргаликда зарур шароитлар яратишга тайёрлигини билдирди.

Минтақа сув ресурсларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш, шунингдек, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳоқама этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Президент Имомали Раҳмонни ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга давлат ташриф билан келишни таклиф этди.

Манба: https://www.xabar.uz

Пятница, 09 Март 2018 00:00

Жабр кўрганларга ёрдамлашамиз

Одам савдоси жинояти бугунги кунда дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётир. Ушбу жиноят муайян ҳудуд ёки қитъадагина эмас, аста-секин дунёнинг турли нуқталарига кириб бораётгани учун ҳам хавфлидир. Унга қарши курашиш, олдини олиш бўйича жиддий чоралар кўрилмоқда. Бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар жаҳон ҳамжамиятининг ҳақли эътирофига сазовор бўлмоқда.

Хусусан, 2008 йили мамлакатимиз парламенти “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилди. Шунингдек, Президентимизнинг “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича республика реабилитация Маркази ташкил этилди.

Одам савдоси жабрдийдаларини қулай яшаш ва шахсий гигиена шарт-шароитлари, шунингдек, озиқ-овқат, доривор воситалар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, уларга кечиктириб бўлмайдиган тиббий, руҳий, ижтимоий, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатишдан ташқари, хавфсизлигини таъминлаш, қариндошлари билан мулоқот ўрнатишига кўмаклашиш ушбу марказнинг асосий вазифаларидир.

Бугунгача марказ хизматидан фойдаланган мингга яқин жабрдийдаларнинг 28 фоизини аёллар ва 2,9 фоизини вояга етмаган болалар ташкил этади. Уларга тиббий, руҳий ёрдамдан ташқари, иш топишларига ҳам кўмаклашилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг жойлардаги бўлимлари билан биргаликда уларни иш билан таъминлаш масаласи ижобий ҳал қилиб берилмоқда.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозим, одам савдоси жиноятидан жабрланганларни тўғри тушуниб, тикланиб олишларига беғараз ёрдам кўрсатишда мамлакатимизнинг турли идоралари масъул ходимларидан тортиб, оддий фуқароларигача ўзларининг юксак инсонийлик хислатларини намоён этмоқдалар. Хусусан, Марказга мурожаат қилаётганларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиб, маданий ҳордиқ чиқаришларида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Миллий академик драма театри ҳамда бошқа маданият муассасалари ходимларининг хизмати алоҳида таъкидга лойиқ. Шунингдек, жабрдийдаларнинг доимий яшаш жойларига етиб олишларига ҳам қатор ташкилотлар ҳомийлик ёрдами кўрсатишяпти. Фурсатдан фойдаланиб, бу борада катта ёрдам бераётган ҳомий ташкилотлар қатори Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг жойлардаги бошқармалари, Бандлик марказлари, прокуратура ҳамда ички ишлар тизими ходимларига миннатдорлик билдирамиз.

Зиёда ФАРҲОДОВА,

Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш

ва уларни ҳимоя қилиш республика

реабилитация маркази ходимаси

Пятница, 09 Март 2018 00:00

Дунёни ўртаётган муаммо

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам  қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нар­салардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).

Маълумотларга кўра, дунёда ҳар йили 2 млн. 700 минг нафарга яқин киши одам савдоси қурбонига айланмоқда. Аллоҳ таоло яратган  махлуқотлар ичида мукаррами ва улуғи бўлган инсонни айрим шайтон қулига айланган кимсалар тап тортмай буюм сингари сотмоқда, аёвсиз ишлатмоқда, хорламоқда. Баъзан ёвузларча ўлдириб юборишяпти. Алдов йўли билан катта ваъдаларни бериб чет давлатларга олиб кетилган аёллар қисмати... Норасида болалар ва ёшлар тақдири... Бундай аянчли ҳолатлар қалбимизни яралаши табиий.

Одам савдосига қарши курашиш бўйича юртимизда адлия ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари доим ҳуқуқий тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Одам савдоси нафақат бир мамлакат, балки дунё миқёсида ҳал қилинадиган долзарб муаммо. Уни бартараф этиш учун ҳамжиҳат бўлайлик. Акамиз ёки укамиз, қариндошимиз ёки қўшнимиз, опамиз ёки синглимиз  алдовлар, қуруқ  ваъдалар қурбонига айланмасин. Ҳар вақт огоҳ бўлайлик.

Шарофиддин МУСАБОЕВ,

Андижон шаҳридаги

«Абу Ҳурайра» жомеи имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Top