muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ташаббуси билан Рaмaзoн ойидаги хатми Қуръон тадбирларида иштирок этадиган қориларни суҳбатдан ўтказиш анъанаси йўлга қўйилган эди.
Жорий йилнинг 16 март куни мазкур анъанага мувофиқ, 1444/2023 йил Рaмaзoн ойида хатмга ўтадиган қориларни аттестациядан ўтказиш масаласи муҳокама қилинди. Йиғилишда “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими мудири Шайх Алижон қори, Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар домла ва бир қатор устозлар иштирок этди.
Муҳокамалар давомида республикамизнинг барча масжидларида хатмга ўтадиган қориларни суҳбатдан ўтказиш, зарурий тавсия ва йўл-йўриқлар бериш каби муҳим масалалар кўриб чиқилиб, бу йилги Рамазон ойини кўтаринки руҳда ўтказиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Четверг, 16 Март 2023 00:00

Жин афсона эмас

Жин ва инсонни фақат Ўзига ибодат-қулчилик қилишлари учун яратган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, бугун ер юзининг кўп минтақаларида илм-фаннинг ҳар соҳасида тараққиёт сари жадал  илдамланмоқда ва ҳар жабҳада улкан ютуқларга эришилмоқда. Бу тараққий этаётган соҳалар қаторида “Шоли курмаксиз бўлмайди” деганларидек, афсуски, сеҳр-жодучи, фолбин-у азайимхон, иссиқ-совуқ қилувчи, деган жамият кушандаларининг сафи ҳам кенгайиб, қариб беш-ўн йил ичида “фалон полчи (фолбин) дугонамга жин киритиб қўйган экан”, “фалон парихон (фолбин) фалончига бунча пари (урғочи жин) киритиб қўйибди”, “фалон бахши (фолбин) ўртоғимдан учта ёки бешта жин чиқарибди”, “ана у жинкаш (жин чиқарувчи) бир марта дам солишига мунча пул оларкан”, “мана бу азайимхон (дуохон): “Сендаги жин боболаримга атаб битта қўй сўйсанг, ёки фолбинлик ё кинначиликни бўйнинга олсанг, кейинг тинч қўяркан, чиқиб кетаркан”, деган гап-сўзлар кўпайгандан кўпайди.

Тўғри, халққа чин дилдан холис хизмат қилиб, ҳожатини чиқариб, сеҳр-жоду ва бошқа нарсалар зараридан халос этаман, деган пок ниятли ҳожатбарор, аҳли илмлар ҳам бор, албатта. Улар “Шаръий руқя” яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар дам солганларидек, Қуръони карим оятларини ўқиб дам соладилар. Шариатга зид ҳеч қандай воситалардан фойланмайдилар. Суннатда келган дуолар билан кифояланадилар.

Таассуфки, бу ҳолдан унумли фойдаланиб, мўмай даромад топиш пайига тушган баъзи олғир жинкашлар турли ҳийла-найранглар билан одамларни пулини олиш билан оввора. Минг афсус, содда, ишонувчан халқимиз одатда ҳар қандай диний тус берилган  ишни – у тўғрими ё нотўғрими, деб сўраб-суриштириб ўтирмай – қилаверади. Бу эса фирибгарларга айни муддао. Содда мижозларни хоҳлаган куйига солиб, бир марта ўқиш билан тузаладиган беморга ҳам: “Камида уч марта ё етти марта ёки қирқ бир марта келинг. Охиргисида хўроз олиб келасиз. Ҳар бир ўқишимга фалон доллардан берасиз” деб, текинтомоғлик қилмоқдалар. Бордию ҳар қанча ўқишига қарамай “Операция” муваффақиятсиз чиқиб қолиб, бемор даво топмаса: “Мана кўрдингиз, шунча уриндим, бўлмаяпти. Энди фолбинликни бўйнингизга олмасангиз, тузалмайсиз экан. Боболаримга атаб бир қўчқор сўйсангиз, сизга “оқ фотиҳа” олиб бераман” деб, ўзига ҳамтовоқ бўлувчи малъун фолбинлар сонини орттираётганлар ҳам талайгина.

Хўп майли. Уни-буни қўяйлик-да. “Ўзи жин нима у? Бор нарсами ёки афсонами? Бор бўлса, у нима учун яратилган ўзи? Ундан ҳимояланиш мумкинми ёки чораси йўқми? Бордию бирорта одамга жин тегса, соғайиб кетадими, давоси борми ёки шу билан ўлиб кетадими?”, деган саволларга жавоб излаб кўрайлик…

Жин афсона эмас, бор нарса. У асли оловдан яратилган махлуқдир. У шайтоннинг зурриётидир. Бунинг далиллари қуйидаги ояти карималардир:

Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратиб, барча фаришталарни Одамга бироз эгилиб, таъзим саждасини қилишга буюрганида фаришталар сажда қиладилар. Иблис эса сажда қилмайди ва бундай дейди: “(Иблис айтди) Мен лойдан яратганинг башарга сажда қилмасман. Мен ундан яхшироқман, мени оловдан яратгансан ва уни (эса) лойдан яратгансан”. (Аъроф сураси 12 оят).

“Каҳф” сураси 50 оятида бундай дейилади: Эсланг, (Эй, Муҳаммад!) Фаришталарга Одамга сажда қилинг, дейишимиз билан сажда қилдилар. Фақат иблис (сажда қилмади холос). У жинлардан эди. Бас, Парвардигорининг амрига бўйсунишдан бош тортди. Энди сизлар (эй, Одам болалари,) Мени қўйиб, уни (иблисни) ва зурриётларини дўст тутасизми?! Улар сизларга душман-ку! У (иблис) золимлар учун (Аллоҳнинг ўрнига) нақадар ёмон “ўринбосардир”!”. Бу ояти каримадаги “У жинлардан эди.” дегани шайтоннинг жинлардан эканини билдиради. “…уни (иблисни) ва зурриётларини дўст тутасизми?! дегани эса у жинларнинг энг каттаси экани, жинлар унинг зурриёти эканини аниқ кўрсатиб турибди.

“Шайтон асли “Азозил” исмли фаришта бўлиб, фаришталарга дарс берар эди ва кибрланиб одамга таъзим саждасини қилишдан бош тортиб, гуноҳ қилгани сабаб шайтон бўлиб қолган”, деган гап арабий ва ўзбек тилидаги диний адабиётларда ҳам учраб туради. Барча далилларни тўлиқ ўрганган муҳаққиқ олимлар эса: “Йўқ. Бундай бўлмаган. Бу гап тўқима гап. Шайтон умуман фаришта бўлган эмас. Бошдан бош жин қилиб яратилган”, дейдилар ва бу гапларига қуйидаги далилларни келтирадилар:

  1. “Каҳф” сураси 50 оятида “…У жинлардан эди …”, дейилгани.
  2. Фаришталар нурдан яратилган. Шайтон эса оловдан. Нур билан оловнинг орасидаги фарқ ҳаммага маълум.
  3. Шайтон Роббисига гуноҳ қилди, айтганини қилмади. Агар фаришта бўлганида бундай итоатсизлик қилмаган бўлар эди. Чунки Аллоҳ таолонинг ўзи фаришталарнинг сифатларини бундай баён қилган: “…Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қилувчи фаришталар…”. (Таҳрим сураси 6 оят).  

Жин нега яратилган? деган саволга Аллоҳ таолонинг Ўзи қуйидагича жавоб бергандир:

Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдимМен улардан бирор ризқ истамасман ва улар мени таомлантиришларини ҳам истамаманЗеро, Аллоҳнинг Ўзи  (барча халойиққа) ризқ берувчи, қувват соҳиби ва қудратлидир”.

Демак, жин ҳам инсон каби Аллоҳнинг қули эканини англаб, Унга ибодат қилиб, қулчилигини адо қилмоғи даркор экан.

Нега жин ўзини ибодатини қилиб, бировга зарар етказмаслик ўрнига одамларга зиён етказмоқда? дейилса, жавоби қуйидагича:

Жин ҳам одамга ўхшаш бир махлуқ. Фарқи у оловдан, инсон лойдан яралганида холос. Иккиси ҳам бир функция, бир вазифа “ибодат қилиш” учун яратилган. Улардан бошқа бирор нарса талаб қилинмайди.

Бу “икки карра икки тўрт” дек оддий тушунча. Одамлар ҳам икки тоифага бўлинади. Қуллигини, бандалигини англовчи мўмин-мусулмон ва буни акси бўлмиш кофир-худосизга. Буларнинг биринчиси ўзини, ўзлигини, Роббисини англаб, ўз вазифасини бажаради. Қонун-қоидаларга риоя қилади. Иккинчиси ўзининг моҳиятини англамаганидан, Роббисини танимагани сабабли ўзбошимчалик билан иш қилади. Натижада ён-атрофидагилар ким бўлишидан қатъи назар зарари тегади, тўғрими?

Жинлар ҳам шундай бўлишади. Мўмин ва кофир. Ҳақиқий мўмин киши бировга зиён етказмагани каби, мўмин жин ҳам бировга зарар бермайди.

Лекин зарар бергандан қасос олиш бу ҳаммага, одамларга ҳам, жинларга ҳам бирдек тегишли қоида. Зарар кўрган зарар етказганнинг ким ёки нималигини, яхши-ёмонлигини сўраб ўтирмай қасос олади.

Тошкент ислом институти

4-курс талабаси Абдулахатов Орзубек

Аввал хабар берганимиздек, Хоразм вилоятидаги "Фахриддин ар-Розий" ўрта махсус ислом таълим муассасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Жаҳолатга қарши маърифат” интеллектуал беллашувининг Республика босқичига старт берилди.
Тадбир анъанага кўра, Қуръони карим тилавоти билан бошланиб, дуои-хайрдан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Уйғун Ғафуровнинг табрик сўзи билан бошланди.
Шунингдек, тадбирда олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари раҳбарлари, педагог-ўқитувчилари ташриф буюришган.
Иштирокчиларнинг чиқишларини адолатли баҳолаш учун Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халкаро ислом академияси ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тажрибали мутахассислари жалб қилинган.
Беллашувда ҳар бир таълим муассасасидан келган жамоалар 4 та шарт, "Таништирув шарти", "Савол-жавоб шарти", "Ижодий ёндашув шарти", "Сарҳисоб шарти" бўйича ўзаро беллашадилар.
Бизни кузатиб боринг, беллашув натижалари бўйича қўшимча маълумотларни тақдим қиламиз.



ЎМИ Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Жаҳолатга қарши – маърифат” интеллектуал беллашуви ташкил этиб келинмоқда. Мазкур беллашувнинг жорий йилги биринчи босқичи февраль ойида диний таълим муассасалари кесимида бўлиб ўтган эди.


2023 йил 14 март куни мазкур беллашувда ғолибликни қўлга киритган 3 та олий, 10 та ўрта махсус диний таълим муассасалари жамоалари Республика босқичида иштирок этиш учун Хоразм вилоятига етиб келди. Иштирокчилар мезбон таълим муассасаси масъуллари томонидан юқори даражада кутиб олинди.
Шунингдек, меҳмонларни Хоразм вилоятидаги диққатга сазовор жойлар билан яқиндан таништириш мақсадида жорий йилнинг 15 март куни Хива шаҳрида жойлашган Ўрта Осиёдаги йирик ва ноёб меъморий ёдгорликлардан бири бўлган “Ичан қалъа” мажмуасига саёҳат ташкил этилди. Талабалар саёҳат давомида Ичан қалъа меъморий шаҳарча ҳудудидаги Жума масжиди, Муҳаммад Аминхон, Оллоқулихон, Қутлиғ Мурод Иноқ, Шерғозихон мадрасалари, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси ҳамда бошқа меъморий обидалар билан яқин танишдилар.


Саёҳат давомида талабалар юртимизнинг бой маданий мероси, тарихий обидаларимизнинг ўтмиши ва бугунги куни, минтақада яшаб ўтган тарихий шахслар тўғрисида кенг қамровли маълумотлар олдилар. Талабалар ташкил қилинган саёҳатдан кайфиятлари кўтарилгани, ўзлари учун муҳим маълумотларни олганини таъкидлаб, давлатимиз томонидан ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятларга миннатдорчилик билдирдилар.
Эслатиб ўтамиз, “Жаҳолатга қарши – маърифат” интеллектуал беллашувининг Республика босқичи жорий йилнинг 16 март куни Хоразм вилоятидаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида бўлиб ўтади.



ЎМИ Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими

Top