muslim.uz
Ўлганларга атаб Қуръон қироат қилишнинг ҳукми
Албатта, Қуръон тиловати энг афзал ибодатлардан бўлиб, у билан мусулмон банда Роббига яқин бўлади. Қуръон қироати инсонга манфаатли бўлиб, хоҳ вафотидан кейин бўлсин, хоҳ манзилида ёки уйида бўлсин, хоҳ жанозадан кейин ёки олдин бўлсин ёки қабр олдида бўлсин, бу нарса шаръий ҳукмда жоиз ҳисобланади ва Аллоҳнинг фазли билан маййитнинг қабрида азобдан енгиллашишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар бериб, ўликларга вафотидан кейин Қуръон қироат қилишга ундаганлар. Ул зот: «Бирор маййитга «Йаасийн» сураси ўқилса, енгиллик бўлади», деб айтганлар. Албатта, ушбу қироатда тиловат одобларига амал қилиб, ҳарфларни ўз махражидан чиқариш керак.
Ҳанафий мазҳабидагилар маййитга ҳам, тирикларга ҳам Қуръон қироатининг савоби етиб бориши жоизлигини айтишган. «Ҳидоя», «Бадоиъ», «Баҳр» ва бошқа китобларда бу ҳақда айтилган.
Шунингдек, Шофеъий мазҳаби уламолари ҳам қироатнинг савоби, агар ўқувчи Аллоҳдан сўраса, маййитга етиб боришини айтишган.
Ибн Абу Зайд «Рисола» китобида Ибн Фарҳундан ривоят қилиб айтишларича, Моликий мазҳаби имомлари ҳам маййитга қироат савоби етишини нақл қилишган.
Ҳанбалий фақиҳларидан Ибн Қудома «Муғний» китобида: «Маййит барча қурбат бўлувчи нарсалардан манфаат олганидек, Қуръон қироатидан ҳам манфаат олади. Демак, инсон қандай қурбат қилса ҳам, савобини маййитга бағишласа, Аллоҳнинг изни билан манфаат олади», деган.
Ибн Қудома Маъқал ибн Ясордан қилган ривоятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга «йаасийн» сурасини ўқинглар», деб айтганлар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон тиловати маййитга, хоҳ у маййит қабрда бўлсин ёки ундан узоқда бўлсин, жоиздир. Аллоҳнинг изни билан савоби маййитга етиб боради. Хусусан, қори қироати савобини маййитга бағишласа».
Аммо бунинг ягона шарти бор: қори (қироат қилувчи) холисан-лиллоҳ тиловат қилиши ва ҳар қандай тамаъдан холий бўлиши керак. Ҳақ ёки бошқа бир манфаатлар эвазига хатми Қуръон буюришнинг ва буюртма асосида тиловат қилишнинг на ўликка, на тирикка савоби бор.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг
"Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар" номли китобидан олинди
Ислом тараққиёт банки Тошкентда анжуман ўтказади
Жорий йилнинг 31 августидан 4 сентябргача Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Ислом тараққиёт банки (ИТБ) гуруҳи Бошқарувчилар кенгашининг навбатдаги йиллик анжуманини ўтказилади. Унда аъзо мамлакатларга оид ривожланиш масалалари ва институционал муаммолар муҳокама қилинади.
Анжуманда ИТБга аъзо мамлакатларнинг 57 нафар ҳукумат вакиллари, молия, иқтисодиёт, режалаштириш ва халқаро ҳамкорлик вазирлари, марказий банклар раҳбарлари ва бошқа расмийлар, шунингдек, турли кўп томонлама ривожланиш банклари (MDB) ва халқаро ривожланиш ташкилотлари, бизнес сектори, фуқаролик жамияти, илмий доиралар, ОАВ ва бошқа манфаатдор томонлар вакиллари қатнашади. Жами 2000 дан ортиқ иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.
Бу йилги йиллик анжуман жаҳон иқтисодиётнинг пасайишига сабаб бўлган COVID-19 пандемияси фонида бўлиб ўтмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда тадбир доирасида аъзо мамлакатларда ва жаҳон миқёсида вакциналарнинг оммабоплигини таъминлаш, пандемия туфайли юзага келган иқтисодий муаммоларни ҳал этиш ҳамда иқтисодиётларнинг комплекс тикланишини рағбатлантириш механизмлари муҳокама қилинади.
Ислом тараққиёт банки тўрт қитъа бўйлаб 57 аъзо мамлакатларни бирлаштиради, унинг миссияси одамлар ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун инфратузилмани яратиб, уларга ўз иқтисодий ва ижтимоий тараққиётини юқори даражага олиб чиқиш имконини беришдир. Бош қароргоҳи Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Жидда шаҳрида жойлашган ИТБ 11 аъзо мамлакатларидаги минтақавий марказларга ва илғор тажриба марказларига эга.
azon.uz
Ҳамдардлик билдирамиз
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар диний-маърифий соҳада хизмат қилиб келаётган Жиззах шаҳар бош отинойиси Анорхол ҳожи она Мамаюнусованинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло ҳожи онанинг барча солиҳ амалларини ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Абдулбоситхон қори Мамадалиевнинг оила аъзолари, фарзандлари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза намози Жиззах шаҳар Улуғбек маҳалласида 2021 йил 18 август куни соат 12:00 да ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хаворижлар – жаҳолат қурбонлари
Муфтий ҳазратлари кўп савоб ишларни холис қилардилар!
Маҳалламизга ўрнатилган кўприк қурилишида айнан ҳазратнинг саъй-ҳаракати ётибди!
Бир куни ўғлим:
– Ая, эшонбувага айтсангиз, маҳалламизга кўприк қуришга ёрдам берсалар?!, деди.
Олдиларига бордим. Эшик олдида Туркиядан келган вакиллар, ректорлар ва Қозоғистондан келган одамлар турган экан.
Ҳазратнинг қабулига киришдан умидимни узиб қайтаётсам, ёрдамчилари:
– Журналист опа кирсин деяптилар!, дея ортимдан чақирди.
Ҳайрон қолдим. Менинг келганимни қаердан билдилар?
Кейин билсам камерадан кўрган эканлар.
Ичкарига минг хижолат билан кирдим. Саломлашгач:
– Эшонбува, қабулингизда шунча одам бор экан, мен кейин ҳам келаверар эдим!, дедим,
– Улар эркак киши, биринчи аёлнинг дарди эшитилади!, дедилар ва нима гаплигини сўрадилар.
Мен кўприк масаласини айтдим.
– Ҳм, кўприк қурилиши жуда қиммат, аммо бир иложи чиқиб қолар?, дедилар.
Шундан сўнг тез орада маҳалламизда кўприк қурилди.
Кеча ўғлим:
– Ая, мана шу кўприк қуришида эшонбуванинг хизмати катта, аммо буни кўпчилик билмайди, у киши савобни ҳеч кимга билдирмай қиларканлар, мана ҳозир қанчасини айтяпсиз, билмаганимиз қанча?!, деди.
Аллоҳ таоло раҳматига олиб, ҳазратнинг яхши амалларига ажрни кўпайтириб, жойлари Фирдавс жаннатларидан бўлсин. Омийн!
Дилдора Ҳасанова