muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 30 Март 2021 00:00

Nafsing xohishlari qulogʼingni kar qilib qoʼymasin!

7. Dur qulogʼingda momuqdin
bir chigitdur, el soʼzin
Bu momuq birla chigitdin
aylamassen istimoʼ.

Istimoʼ – eshitish, tinglash, quloq solish. Аylamassen istimoʼ – eshitmaysan, quloq solmaysan.

“Dur – qulogʼingda momiqdan yasalgan bir chigitdir, yaʼni chigitsiz paxtadan chigit yasab, qulogʼingga tiqib olgansan, shuning uchun bu paxtadan yasalgan chigit sababli xalqning, odamlarning soʼzini eshitmaysan, ularning taʼna malomatiga ham, nasihatlariga ham qulogʼingni kar qilib olgansan”.

Bu oʼrinda boylik nishonasi boʼlgan dur, inju va marvarid momiqdan qilingan chigitga oʼxshatilmoqda. Odatda, odamlar biror gapni eshitmaydigan yoki gapga quloq solmaydigan kimsaga: “Qulogʼingga paxta tiqib olganmisan!” – deydi.
Hazrat Navoiy ana shu hayotiy voqeaga ishorat qilib: “Nafsing xohishlari va razolati qulogʼingni kar qilib qoʼyibdi, xalqning soʼziga loqayd boʼlib qolibsan”, degan maʼnoni ifoda etmoqdalar.

Mirzo Kenjabek,
“Navoiy muhabbati”
kitobidan.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан муборак Рамазон ойини муносиб тарзда кутиб олиш, уни юқори савияда ўтказиш ва Таровеҳ намозларида мўмин-мусулмонларга қулай шарт-шароитлар ҳозирлаш мақсадида масжидларда тайёргарлик ишлари бошланди.

Жумладан, масжидларда Таровеҳ намозларига қулай шарт-шароитларни ҳозирлаш мақсадида, жорий йилнинг  10 апрель, шанба куни “Озодалик куни” ўтказилади.

Коронавирус касаллиги билан боғлиқ мураккаб вазият давом этаётганини инобатга олган ҳолда таровеҳ намозларида санитария-эпидемиологик назорат кучайтирилади. Хусусан, намозхонлар тиббий ниқобда бўлиш, оралиқ масофани сақлаш, ташриф буюрувчилар тана ҳароратини ўлчаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби карантин тартиб-қоидаларига риоя қилинади.

Масжидларда электр, газ ва ёнғин хавфсизлиги ҳамда намоз ўқиладиган жойлар муҳофазасига катта эътибор қаратилади, техник жиҳозларнинг созлиги кўрикдан ўтказилади.

Имом-хатиблар тамонидан ОАВ ва Интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этган чиқишлари қилинади. Шунингдек масжидлардаги Таровеҳ намозларининг шукуҳи, мўмин-мусулмонларнинг хушкайфияти ҳам кенг ёритилади.

Аллоҳ таоло юртимиз ва дунё мусулмонларини Рамазон ойига эсон-омон етказиб, Ўзи рози бўладиган тарзда ўтказишимизни насиб айласин. Ушбу улуғ ойда бўладиган тоат-ибодатлар ва дуо илтижоларимиз сабабидан бутун дунёдан вабо ва офатларни кўтарсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Баъзан кимлигимизни унутамиз ва ўзгаларга озор берамиз, баъзида эса кимлигимизни унутишади ва бизга озор беради... Аммо, бизни ҳар доим, ҳар вақт унутмайдиган Зот бор! Унинг ҳукм одил ва ўта шиддатлидир.

Сайфуллоҳ Умар

***

Билим, тафаккур ва тўғри тушунча бўлмаган ибодатда хайр бўлмайди.

Устозлар ўгитидан

***

Мен, севикли пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини муҳаббат билан айтаман ва мени шу исм билан чақиришларидан хурсандман. Одамлар бу исмни топташларига асло йўл қўймайман.

Муҳаммад Али.

***

Ақлли аёл хизмат қилади ва буйруқ беради - ким бошқариш учун туғилган бўлса, у парда остида ҳукмронлик қилади.

Тарих муҳрлаган сўзлар

***

Муаммолар қалбингизни ташвишга солишига йўл қўйманг. Энг қоронғи кечаларда юлдузлар янада ёрқинроқ порлайди.

Абу Али ибн Сино

***

Инсоннинг қандай эканлиги интилаётган, рози бўлган ва рад этганларига қараб ойдинлашади.

Саййид Аброр Умар

***

Феълинг хайвонникига ўхшаса ҳам амалинг инсонникидай бўлсин!

Жалолиддин Румий

***

Хаёлингга келган гапни айтиш, кўнглинг тусаган ишни қилиш бу демократия эмас. Демократия инсонлар орасида инсон бўлиб қолишингдир.

Б.Франклин

***

Мен икки сабабга кўра мусулмонлар ҳақида ҳазил гап гапирмайман. Биринчидан, улар ҳақида билмайман... Иккинчидан, сиз ҳам билмайсиз...

Қизиқчи Дара О'Бриэн

***

Манбалар асосида Саййид Аброр Умаров тайёрлади

Бурса шаҳри (Туркия) да муфтият очган хайрия бозори кам таъминланган оилалар таъминотини зиммасига олди

Islam.ru маълумотларига кўра, бозорда, Османгази туманида эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва ювиш воситалари берилмоқда.

Маҳаллий диний Бурса раҳбари Меҳмет Узуннинг айтишича, лойиҳа ёрдамида нон ва асосий озиқ-овқат маҳсулотларига муҳтож кишиларнинг эҳтиёжлари қондирилган.

Меҳмет Узуннинг айтишича,"маҳсулотимизни энг паст нархларда етказиб берадиган улгуржи савдо қилувчиларга ва бизнинг ёрдам чақириғимизга жавоб бераётганларга раҳмат айтаман".

Узуннинг айтишича, Қорабалчиққа яқин қишлоқ ҳудудига бориб, маҳаллий аҳоли хайрия бозорини ўргангач, эртасига муҳтожларга катта миқдорда зайтун, зайтун ёғи, гуруч ва булғори етказиб берган.

Усмонғози муфтиятининг бўлинма директори Чабан Чаглар, хайрия бозорига келган болалар учун китоб ўқиш кампаниясини уюштиришаётганини айтди: "Ота-оналари бу ерда молиявий эҳтиёжларини қондирар экан, болалар бу ерда қалблари учун озуқа олишини истаймиз".

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Аллоҳ таоло бутун махлуқотларининг ичида инсонни мукаррам ва мукаммал қилиб яратди. Яхшидан ёмонни фарқлай олиши учун ақл берди, қалбидаги ва ақлидаги туйғуларини ифодалаши учун илоҳий лутф бўлган тил ато қилди.

Аллоҳ таоло бизга ҳар хусусда чиройли ва хайрли амаллар қилишимизни, хунук ва ёмон амалларнинг барчасидан узоқда бўлишимизга буюрди.

Аллоҳ бизларни қайтарган, дунё ва охиратимизга зарар келтирадиган ёмон амаллардан бири бу ғийбатдир. У Зот ғийбатнинг ўта жирканч иш эканини баён қилиб шундай деган: «... Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирортангиз ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар!...» (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Ғийбат – биродаримизнинг орқасидан унга хуш келмайдиган, эшитса ранжийдиган гапни гапиришимиздир.

Ғийбат – биродаримизнинг орқасидан гапириб, унинг обрўсини тўкиб қул ҳаққини ейиш ҳисобланади.

Ғийбат – ишонч ва аҳилликга, хузур ва муҳаббатга, бирлик ва баробарликка, биродарлик илдизига уриладиган бир болтадир. Инсонийликка хос бўлмаган, мўминга ярашмаган, хар ҳил фитналарга сабаб бўладиган ҳунук бир ҳислатдир. Зеро биз бир-биримизга иймон риштаси билан боғланган мўмин биродарлармиз. Бу биродарлик, бинодаги бирининг устига бири қўйилиб мустаҳкам барпо қилинган ғиштлар кабидир.

Биродаримизни ҳатто имо ишора билан ҳам қалбини оғритмаслигимиз бу биродарликнинг шартларидандир. Бу ҳақида имом Бухорий ва имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган одам ҳақиқий мусулмондир», деганлар.

Ғийбат динимизда ҳаром қилингани ва Ислом ахлоқига зид бўлгани учун ғийбатдан узоқ бўлишимиз ва ундан қочишимиз керак бўлади. Ҳозирги кунимизда ижтимоий тармоқлар орқали ҳам ғийбатлар, туҳматлар ўқиймиз ва кўрамиз. Ижтимоий тармоқларда мўмин биродарларимизнинг шахсияти, обрўси ва номуси ноҳақ поймол қилинади ва бошқаларга ҳам тарқатилади.

Абу Довуд Абу Барза Асламий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Эй тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаганлар жамоаси! Мусулмонларни ғийбат қилманглар, уларнинг айбини ахтарманглар! Ким уларнинг айбини ахтарса, Аллоҳ азза ва жалла унинг ўзининг айбини ахтаради. Аллоҳ кимнинг айбини ахтарса, уни уйининг ичидаёқ шарманда қилиб қўяди».

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда эса: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин!», деганлар.

Тилимиздан фитна-фасод учун эмас ҳурмат ва иззат учун, ғийбат ва туҳмат учун эмас, муҳаббат ва садоқат учун фойдаланишимиз керак. Сўзларимиз нафрат, шубҳа-адоват учун эмас, аҳиллик, дўстлик, биродарлик учун васила бўлиши керак. У Кунда Аллоҳ таоло розилигига ва абадий неъматларга ақлига, қалбига, тилига ва бошқа аъзоларига эга бўлиб, мўминларга хос тарзда ҳаёт кечирадиганлар эришади. Аллоҳ таоло барчамизнинг қалбимизни ёмон хислатлардан покласин.

«Аллоҳим! Албатта, мен Сендан қулоғимнинг шарридан, кўзимнинг шарридан, тилим шарридан, қалбим шарридан ва манийимнинг шарридан паноҳ сўрайман» («Сунан» эгалари ривоят қилганлар).

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф

Top