muslim.uz

muslim.uz

Мирзамақсуд домла АЛИМОВ

Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!

Муҳтарам отахон ва онахонлар!

Юртимиз келажаги бўлган ёшлар!

Ҳурматли меҳмонлар!

Бундан роппа-роса ўттиз икки йил муқаддам Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилди. Ўтган даврда биз қанча синовларни бошимиздан ўтказдик, кўплаб қийинчилик ва машаққатларни биргаликда енгдик.

Ўттиз икки йил аввал туғилган гўдак бугун ўзининг мустақил фикри, дунёқараши, орзу-истаклари ва мақсадларига эга шахс сифатида вояга етди. Худди шу сингари, бугунги Ўзбекистон ҳам, ўтган даврда турли синовларда тобланиб, тажриба орттириб, ўзининг аниқ мақсади ва йўли, позициясига эга бўлган катта давлат сифатида шаклланди.

Бу – бутун халқимизнинг тарихий ютуғи. Унда ҳар бирингизнинг муносиб ҳиссангиз бор!

Сиз, азизларнинг Ватанга меҳр ва садоқат билан қилаётган ҳар кунлик меҳнатингиз Ўзбекистон мустақиллигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шу маънода, Истиқлол байрами – барчамизнинг байрамимиз, мустақил Ўзбекистон – барчамизнинг фахримиз, ифтихоримиз, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Мана шу шукуҳли дамларда ҳар қандай шароитда ҳам ўз касбига содиқ қолиб, ёш авлодимизга илм-фан асосларини ўргатиб келаётган ҳурматли муаллим ва мураббийларни, халқ саломатлиги йўлида ўзини аямасдан хизмат қилаётган жонкуяр шифокорларни, эл-юрт дастурхонини янада тўкин қилиш учун далаларимизда фидокорона меҳнат қилаётган миришкор деҳқон ва фермерларимизни, она юртимиз қалқонлари бўлган жасур ҳарбийларимизни, иқтисодиётимиз ривожи, халқимиз фаровонлигини ошириш йўлида жонбозлик кўрсатаётган тадбиркорларимизни, ўзининг дастлабки ютуқлари билан барчамизни хурсанд қилаётган азму шижоатли ёшларимизни, қалб тўла меҳри, улуғ фазилатлари билан хонадонларимиз устуни бўлиб келаётган ҳурматли опа-сингилларимизни, ҳар бир ишда дуогўй бўлиб, бизга Яратгандан куч ва мадад тилаб турган муҳтарам отахон ва онахонларимизни, дунёнинг қайси ўлкасида бўлса ҳам, Ўзбекистон соғинчи билан яшаётган азиз ватандошларимизни, бир сўз билан айтганда, 36 миллионлик бутун халқимизни бугунги улуғ байрам билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Истиқлол айёми барчамизга муборак бўлсин!

Қадрли дўстлар!

Албатта, Ўзбекистон ўз суверенитети, давлат мустақиллигига осонлик билан эришгани йўқ. Бу йўлда аждодларимизнинг сиёсий ва маърифий интилишлари сўнгги бир ярим аср давомида деярли тўхтамади. Ҳуррият учун курашган кўплаб Ватан фидойилари қатағон этилди, истиқлолга интилган миллат қаҳрамонлари зулм ва зўравонлик қурбони бўлди.

Биз юрт озодлиги йўлида курашган, ноҳақ айбланиб, бу дунёдан армон билан кетган ватандошларимизнинг пок номларини тиклашни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эдик. Сўнгги уч йилда уларнинг 856 нафари Олий суд томонидан оқланди. Биз бундай эзгу ишларни албатта давом эттирамиз. Зеро, бу масалада адолат қарор топиши шарт.

Ўтмишга назар ташлар эканмиз, аччиқ бир ҳақиқатни тан олишга мажбурмиз: “ўзбек” деганда, фақат эртаю кеч пахта даласида меҳнат қиладиган заҳматкаш инсонлар тасаввур қилинар эди. Афсуски, шу даражага тушиб қолган эдик.

Пахта ҳукмронлиги ўзбекнинг пешонасига ёзилган бало бўлди. Пахта сиёсати Оролни қуритди, экологиямизни инқирозга олиб келди, иқтисодиётимизни, таълим тизимини издан чиқарди. Оқибатда бир неча авлод чаласавод бўлиб вояга етди. Биз бунинг асоратлари билан ҳалигача курашяпмиз.

Бугун пахтачиликда бозор иқтисодиёти тамойиллари жорий этилиб, соҳа ўз эгасини топди. Натижада ўқитувчи мактабга, шифокор шифохонага қайтди, тадбиркорлар пахта “ўлпони”дан озод бўлди, мажбурий ва болалар меҳнатига чек қўйилди. Ўзбекистон халқаро “қора рўйхатлар”дан чиқарилди.

Барчамизнинг фидокорона меҳнатимиз, ғайрату шижоатимиз билан Янги Ўзбекистон орзуси реал ҳақиқатга айланмоқда. Халқаро майдонда Ватанимизга нисбатан ҳурмат ва эътибор тобора ортиб бормоқда.

Президент сифатида дастлабки ишларимдан бири қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатларни ўрнатиш бўлди. Йиллар давомида ечимини кутаётган муаммолар ҳал этилди. Бунинг натижасида Марказий Осиё давлатлари билан барча соҳалардаги алоқаларимиз янги босқичга чиқди.

Қадрли юртдошлар!

Сиёсий мустақиллик замирида энг аввало иқтисодий мустақиллик ётиши ҳеч кимга сир эмас. Охирги йилларда амалга оширган ишларимиз, эришган натижаларимиз бу йўлда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Сўнгги 6 йилда юртимизда ялпи ички маҳсулот ҳажми 1,5 мартадан зиёд, тадбиркорлик субъектлари сони 2 карра кўпайгани, саноатдаги ўсиш 40 фоиздан ошгани буни яққол тасдиқлайди. Қисқа муддатда камбағалликни 2 баробардан зиёд қисқартиришга эришдик.

Лекин биз бугун билан кечаги кунни эмас, бугун билан эртанги кунни таққослашимиз, ишимизни шу асосда ташкил этишимиз керак. Чунки, келажак бугун биз ташлаётган қадамлардан бошланади.

Азиз дўстлар!

Биз мутафаккир зотларнинг: “Давлатнинг вазифаси инсонларни бахтли-саодатли қилишдир. Бу мақсадга эса илм ва яхши ахлоқ ёрдамида эришилади”, деган ҳикматли сўзларини ўзимиз учун дастур деб биламиз.

Маълумки, биз бир йил аввал тараққиётимизнинг 5 та асосий йўналишини белгилаб олган эдик. Унда таълим соҳасини ривожлантириш биринчи галдаги устувор вазифа сифатида қайд этилган.

Мен доимо таълим, таълим, муаллим, муаллим, деб таъкидлашим бежиз эмас. Чунки таълимни ривожлантирмасдан туриб юксак тараққиётга эриша олмаймиз. Ҳар қандай муаммонинг ечими ҳам, эртанги кунимизни ҳал қилувчи омил ҳам, шубҳасиз, таълимдир.

2022 йили мамлакатимизда 72 та янги мактаб қурилди, 279 таси капитал таъмирдан чиқарилди, 514 та мактаб эса реконструкция қилинди. Мактаблар учун 30 мингдан ортиқ компьютер харид қилинди. Янги ўқув йилидан республикамиз мактабларида хориждан махсус таклиф этилган 500 нафар инглиз тили мутахассислари болаларимизга дарс беради. Бошланғич синф ўқувчилари илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган янги дастур ва дарсликлар бўйича ўқий бошлайдилар.

Худди шу каби, соғлиқни сақлаш, бизнесни ривожлантириш, суд тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ва ёқилғи-энергетика муаммоларини ҳал этиш юзасидан катта лойиҳалар бошланган. Яна бир бор таъкидлайман: ушбу белгиланган устувор йўналишлар бизнинг доимий эътиборимиз марказида бўлади.

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Агар 3 минг йиллик тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак, ота-боболаримиз асрлар мобайнида дунё тамаддунига нафақат жисмоний, балки интеллектуал меҳнати билан улкан ҳисса қўшганига гувоҳ бўламиз.

Биз жаҳонга фақат хомашё эмас, аввало илм-маърифат, маънавий бойлик етказиб берган не-не улуғ зотларнинг авлодимиз. Ҳеч шубҳасиз, уларга хос бўлган буюк фазилатлар, улар яратган шонли анъаналар бугун ҳам бизнинг қалбимизда, онгимизда, ҳаётимизда яшамоқда.

Мен ишонаман, биз бу тарихий йўлни муносиб давом эттиришга ҳар томонлама қодирмиз. Бугунги кунда дунё харитасида тутган ўрнимиз, ўз олдимизга қўяётган жуда улкан мақсад ва марраларимиз ҳам айнан шуни тақозо этмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, биз транспорт-логистика тизими билан бирга, бугун замоннинг ўзи талаб қилаётган илм-фан, инновация, IT ва ақлий меҳнатга асосланган бошқа соҳаларни жадал ривожлантиришга устувор аҳамият қаратяпмиз. Айнан шу йўналишлар Ўзбекистон иқтисодиётининг яқин келажакдаги асосий локомотивларига айланади.

Муҳтарам дўстлар!

Бугун бизнинг олдимизда турган яна бир муҳим масала – экологик муаммолар ва сув танқислигидир. Тарозининг бир палласида ўсиб бораётган қурилишлар, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги турган бўлса, иккинчи палласида ҳар биримиз учун энг зарур бўлган сувни тежаш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи турибди.

Бизнинг вазифамиз – ҳар икки йўналишда ҳам мувозанатни сақлашдан иборат. Ҳеч қачон унутмаслигимиз лозимки, табиий ресурслар – бу келажак авлодларимизга ҳам тегишли бўлган бойликдир. Шу боис, улардан нафақат бугунги, балки эртанги кунимизни ҳам ўйлаб, оқилона фойдаланишимиз зарур.

Бу борада сувни, энергия ва бошқа табиий ресурсларни тежайдиган иқтисодиётга тезроқ ўтиш муҳим аҳамиятга эга. Биз учун “яшил” ва рақамли технологиялар, инновацион ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш вазифаси ҳам долзарб бўлиб турибди.

Қадрли юртдошлар!

Янгиланган Конституциямизда Ўзбекистоннинг дунёвий давлат ва турли маданиятларни бирлаштирган макон экани аниқ белгилаб қўйилди. Бизнинг куч-қудратимиз – мана шунда, биз бу бойликни кўз қорачиғидек асрашимиз керак. Тарихга қарайдиган бўлсак, асрлар давомида юртимизда турли хил эътиқод ва қарашлар, динлар, маданиятлар бағрикенглик билан қабул қилинганини кўрамиз.

Биз – низоларни уруш билан эмас, тинчлик билан ҳал этиш йўлини танлайдиган халқмиз. Биз барча халқлар билан ҳамиша муросаи мадора, дўстлик ва ҳамкорликда яшаб келганмиз. Бугунги тараққиёт йўлимизда ҳам айнан шу тамойилларга таянамиз.

Бизга, биринчи навбатда, кучли фуқаролик жамияти зарур, чунки ҳар қандай ислоҳот ҳар биримизнинг юрагимиздан, онгимиздан бошланиши лозим. Адолатли қонунлар бўйича виждонан яшашга тайёр бўлишимиз, мамлакат келажаги учун бир ёқадан бош чиқариб, олға қадам босмоғимиз керак.

Бугун ривожланган фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳақида гап борар экан, буни сўз ва матбуот эркинлигисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бутун дунёда журналистлар ўзлари ва жамиятни ўйлантираётган, хавотирга солаётган мавзулар ҳақида гапириш ва ёзиш ҳуқуқи учун, ҳақиқат учун курашганлар ва бундан кейин ҳам курашадилар.

Аммо, ишонч билан айта оламанки, мен эркин фикрли журналистлар тарафида бўлганман ва доимо шу позицияда бўламан. Айни вақтда ахборот маконида ҳаққонийлик ва холислик бош мезон бўлиши керак.

Ҳурматли байрам қатнашчилари!

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат таъбири билан айтганда, “хотин-қизлар – бу миллат оналаридир”. Улар миллатнинг янги насли – фарзандларини тарбиялаш учун ўзлари ҳам юксак билимли бўлишлари зарур.

Шундай экан, олдимизда турган яна бир муҳим вазифа – жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёллар учун тенг имкониятлар яратишдир. Ҳурматли хотин-қизларимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, касб соҳаси бўйича ўсишини таъминлаш борасида ўтган даврда кўп ишларни амалга оширдик. Шу билан бирга, бу йўналишда қиладиган ишларимиз ҳам оз эмас.

Маълумки, муҳтарама аёлларимиз зиммасида хизмат соҳасидаги вазифасидан ташқари, фарзандлар тарбияси, оилада соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ахлоқий-маънавий анъаналарни давом эттиришдек мураккаб вазифалар ҳам бор. Шундай экан, меҳрибон опа-сингилларимизни ҳар қанча қўллаб-қувватласак, арзийди.

Мана, бу йил оиладаги зўравонликка қарши қонунни қабул қилдик. Бундан кўзланган асосий мақсад – оилалар мустаҳкамлигини, аёлларимизнинг бахти ва ҳимоясини таъминлашдир. Биз бу йўналишдаги ишларимизни бундан кейин ҳам изчил давом эттирамиз.

Азиз юртдошлар!

Ўзбекистоннинг ҳар бир фарзанди халқимизнинг бирдамлиги, мамлакат яхлитлиги учун курашиб яшашни ўз ҳаётининг маъноси деб билмоғи керак!

Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!

Ҳурматли юртдошлар!

Инсоният охирги беш-олти йил мобайнида сўнгги юз йил давомида ўз бошидан ўтказиши мумкин бўлган барча синовлар билан юзма-юз келгани сизларга маълум.

Бу пандемия бўладими, табиий офатлар, зилзилалар бўладими, қуролли тўқнашувлар, глобал исиш ҳамда қурғоқчилик бўладими – барчаси башариятни қаттиқ синовдан ўтказди ва ўтказмоқда. Мазкур мураккаб вазиятни, таъбир жоиз бўлса, кучли ва қаттиқ тўфонга қиёслаш мумкин.

Бундай офатлар оқибатида “манаман” деган дарахтларнинг ҳам барглари узилиши, шохлари синиши, куртаклари тўкилиши, ҳатто мевалари нобуд бўлиши мумкин. Лекин илдизи мустаҳкам ва чуқур бўлган дарахтлар йиқилмайди. Аксинча, ерга ўша томирлари билан янада маҳкам боғланади. Қайта куртак ёзади, мевалар тугаверади. Бу – ҳаёт қонуни.

Бизнинг қадимий ва мустаҳкам илдизларимиз бор. Бу – бизнинг тарихимиз, қадрият ва анъаналаримиз, урф-одатларимиз, миллий ўзлигимиздир. Мен ана шу теран илдизларимизда юртни, миллатни бирлаштирадиган буюк бир ғояни кўраман.

Биз Ватанимиз мустақиллиги, халқимиз тинчлигини таъминлашнинг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучларимиз салоҳиятини оширишга, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун янада муносиб шароит яратишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Дунёнинг олис ва яқин мамлакатлари, айниқса, қўшни давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқамиз. Бу борада мамлакатимиз ва хорижий давлатлар дипломатларининг хизматларини алоҳида таъкидлаш лозим.

Мана шу имкониятдан фойдаланиб, бугунги тантанали маросимда хорижий давлатларнинг ҳурматли элчилари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этаётганидан мамнун эканимни билдириб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига тинчлик ва равнақ тилайман.

Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

Барчангиз бир ҳақиқатни билишингизни истардим. Бизнинг жамики саъй-ҳаракатларимиз мамлакатимиз равнақи учун, ўз Ватанига садоқатли халқимиз учун, сизлар учун, азиз юртдошлар!

Бугун олдимизда турган вазифалар қанчалик улкан ва мураккаб бўлмасин, уларни биргаликда ҳал этишга кучимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етади.

Биз энди кечаги одамлар эмасмиз. Халқимиз ҳам кечаги халқ эмас.

Тарихдан маълум: вақтни – имкониятга, имкониятни – ютуққа, ютуқни тараққиёт пойдеворига айлантира олган халқ – буюк халқдир. Бугун меҳнаткаш, мард ва олижаноб, меҳр-оқибатли элимиз айни шундай халқ бўлиб майдонга чиқмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда фидокорона меҳнат қилиб келаётган барча юртдошларимизга, она халқимга чин қалбимдан миннатдорлик билдираман.

Сиз, азизларни, каттаю кичик барча ватандошларимни бугунги улуғ айём – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга бахту саодат, файзу барака тилайман.

Барча ютуқ ва ғалабаларимизнинг ижодкори ва бунёдкори бўлган халқимиз ҳамиша омон бўлсин! Гўзал юртимизда тинчлик ва осойишталик бардавом бўлсин!

Жонажон Ватанимизга кўз тегмасин!

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Бугун, 2023 йил 29 август куни навбатдаги сайёр йиғилиш Нарпай туманида ташкил қилинди. Тумандаги мавжуд 18 та масжид имом-хатиблари ҳамроҳлигида вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман бош имом хатиблари ҳамда иқтидорли имом-хатиблар тумандаги 18 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган ва нотинч оилаларга ташриф буюрди. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Нарпай туманидаги 18 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Тинчлик-энг олий неьмат”, “Қўшничилик ҳақлари”, “Неъматларга шукроналик”, “Фарзандлар тарбиясига эътиборли бўлайлик”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” ва шу каби бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар. Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди.

Ушбу тадбир давомида умумий ўрганилган хонадонлар ва ўтказилган учрашувлар сони қуйидагини ташкил қилди:

  • Имом-хатиблар ташриф буюрган маҳаллалар сони: 18 та. Шундан 12 тасида муаммолар борлиги аниқланди ва барчаси ижрога йўналтирилди;
  • Кам таъминланган оилаларга ташриф: 48 та. Барчасига моддий ёрдам кўрсатилди ҳамда бошқа йўналишдаги муаммолари ҳамкор ташкилот масьуллари билан биргаликда ижрога йўналтирилди.  
  • Ногиронлиги бор ва касалманд 4 нафар фуқаролар ҳолидан хабар олинди. Шундан барчасига моддий ёрдам кўрсатилди.
  • Нотинч оилаларга ташриф: 1 та. Уларнинг оиласидаги келишмовчиликлар ислоҳ қилинди. Улар ўтказилган тушунтиришлардан ўзларига тегишли хулосалар чиқарди;
  • Ичкиликка ружу қўйган 1 нафар фуқаро билан суҳбат ўтказилди. Тушунтириш ишлари давомида ушбу фуқаро қилаётган ишларининг оқибатларини тўғри тушуниб етганлигини айтиб ўтди;
  • Уюшмаган ёшлар билан 10 та МФЙда йиғилиш ўтказилди. Унда 100 нафарга яқин уюшмаган ёшларнинг иштироки таъминланди.
  • Тумандаги 18 та масжидда Пешин намози ўқилиб, йиғилган намозхонларга долзарб мавзуларда маъруза қилинди. Унда 1 000 нафардан ортиқ намозхонлар иштирок этишди.
  • Юқорида айтиб ўтилган хонадонларга кўрсатилган жами моддий ёрдам миқдори: 13 500 000 млн сўмни ташкил қилди.
  • Вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров Нарпай туманидаги “Нақшбандий” жоме масжидида туманда расмий фаолият олиб бораётган маҳалла муллолари ва отинойилари билан фаолиятларини янада жадаллаштириш, маҳалла муллоларининг никоҳларни ўқимаслиги, маҳалла муллолари учун хафтанинг ҳар душанба куни, отинойилар учун эса хафтанинг ҳар шанба кунини МФЙ раислари ҳамда фаоллари билан ҳамкорликда аҳоли билан ишлаш куни этиб белгилаш, уларнинг аҳоли билан “Сабр тоқат”, “Иймон эътиқод”, “Ибо ҳаё”, “Аёллар ўртасида ичкиликнинг олдини олиш”, “Таълим тарбия”, “Бидъат-хурофот”, “Ажримларнинг олдини олиш”, “Ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик” ва “Жиноятчиликнинг олдини олиш” каби кўпроқ маърифий суҳбатлар ташкил қилиш ҳамда соҳа ходимларининг аввало ўзлари халққа намуна бўла олишлари борасида давра суҳбати ўтказди. Шундан сўнг, Хайрулло домла мазкур масжидда жамоат билан Пешин намозини адо қилдилар ва намоздан сўнг жамоатга “Инсон эътиқоди амалларида акс этади” мавзусида мазмунли маъруза қилиб бердилар.
  • Мазкур тадбирлардан сўнг, ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Нарпай туманидаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, туманда диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар ва намозхонлар томонидан қилинаётган шикоятлар муҳокама қилинди. Мазкур йиғилишга вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг Нарпай туманидаги мутахассиси Равшан Валиулин бевосита бош бўлдилар. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунингдек, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳолининг муаммоларини янада чуқурроқ ўрганиб, уларни бартараф этиш, улар билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги Матбуот хизмати

Хозирги кунда юртимиздаги ҳар бир соҳага қарамайлик ўзгаришлар, янгиланишлар, ривожланишларни кўришимиз мумкин.

   Шу жумладан диний соҳада ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси бошчилигида ўзгаришлар, ривожланишлар кузатилаётганлиги тахсинга лойиқ.

   Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳар йилиги имомларнинг касбий маҳорат ва илмий савиясини доимий равишда ошириб боришига хизмат қилаётган, имомлар ўртасида “Йил имоми” кўрик танлови ўтказилиб келинади. 

   Бу эса ўз-ўзидан имом-хатибларнинг ўз устида кўпроқ ишлашлари, билимларини доимий равишда бойитиб боришлари, халққа маърифий Исломни етказишда астойдил хизмат қилишларига ўзига яраша рағбат бўлмоқда.

   Ўз-ўзидан эса, имомлик бу – шарафли ва масъулиятли, шу билан бирга, Пайғамбаримиз с.а.в.нинг муборак касбларидир. Шу боис имом ҳар доим маърифатли, ўз устида тинимсиз ишлаши, соҳага доир янгиликлардан доимо хабардор бўлиши керак. 

    “Йил имоми-2023” кўрик танловининг Андижон вилоятининг шаҳар-туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар имом-хатиблар мазкур кўрик танловнинг вилоят босқичида қатнашди.

    Тадбир Қуръони Карим тиловати ила бошланиб, Вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов бошчилигида тадбирни файзли ва сермазмун ўтишлигини Аллоҳ таолодан сўраб, дуои-хайрлар қилинди.

   Иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Якуний натижаларга кўра қуйидагилар «Йил имом–2023» танловининг Андижон вилояти босқичи ғолиби деб қуйдагилар топилди:

I ўрин: Улуғнор тумани “Мингбулоқ” жоме масжиди имом-хатиби;

II ўрин: Андижон тумани “Усмон Зиннурайн” жоме масжиди имом-хатиби;

III ўрин: Булоқбоши тумани “Найман” жоме масжиди имом-хатиби;

   Тадбир сўнгида ғолиблар ва иштирокчилар ЎМИ Андижон вилояти вакиллиги томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

    “Йил имоми–2023” кўрик-танлови Андижон вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаган Хайитали домла Тўйчиев танловнинг Республика босқичида қатнашишлик йўлланмасига эга бўлди.
                       
ЎМИ Андижон вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Афв этилган шахсларнинг 109 нафари асосий жазодан озод этилди; 116 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди; 25 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди; 36 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат мустақиллиги эълон қилинганининг ўттиз икки йиллигини нишонлаш арафасида «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 286 нафар шахслар афв этилди.

 

Афв этилган шахсларнинг 109 нафари асосий жазодан озод этилди, 116 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 25 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 36 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 39 нафарини аёллар, 22 нафарини 60 ёшдан ошган эркак, 30 нафарини чет давлат фуқаролари, 3 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчиларини ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилган.

Top